Тизимга кириш


Ёки

Ro'yhatdan o'tish


yoki

Parolni tiklash

Аҳмад Муҳаммад Турсун

Аҳмад Муҳаммад Турсун Ёзувчи 02 Iyun 2023


Амр ибн Осс

img

Абу Абдуллоҳ Амр ибн Осс ибн Воил ас-Саҳмий (розияллоҳу анҳу) улуғ саҳобалардан бўлганлар. Ясрибга кўчиш воқеасидан эллик йил олдин Маккада туғилганлар, Қурайш қабиласидан. Муовия, Муғийра, Зайд каби арабларнинг тўрт буюк даҳоларидан бири эди. Амр Исломга кирмасидан олдин Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ашаддий душман бўлган. Бироқ Ҳандақ ғазотидан кейин бу кишида кескин ўзгариш содир бўлди. Макка фатҳидан ярим йил аввал Холид ибн Валид, Усмон ибн Талҳа билан Мадинага кўчиб бордилар. Расули акрам ҳузурларида шаҳодат калимасини айтиб, аввалги гуноҳлари авфини сўрадилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга бир неча вазифаларни ишониб топширдилар. Макка фатҳидан сўнг Ўрдун ҳукмдори олдигага элчи қилиб жўнатдилар. У киши Пайғамбаримиз вафотларигача ўша ерда волий (ҳоким) бўлдилар. Миср эгаллангач, унга волий этиб тайинландилар. Расули акрамдан 39 та ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 43 (милодий 664) йили Мисрда вафот этганлар, қабрлари Жабали Муқаттамда.

Амрнинг отаси Осс ибн Воил Саҳмий Қурайш қабиласи ичидаги энг обрўли Бани Саҳм уруғининг кўзга кўринган арбобларидан эди. "Фил ҳодисаси"дан тўрт йил ўтганда унинг хотини Набиға бинти Хармала ўғил туғди. Унга Амр деб исм қўйишди. Амр Қурайш зодагонларидан бири фарзанди сифатида яхши тарбия топди. Осс ибн Воил қабиласининг юқори мартабали кишиларидан бўлишига қарамай, унда жоҳилият жамиятининг турли ёмонликлари керагича бор эди.
Аллоҳ таоло Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Пайғамбар этиб юборганида Осс ибн Воилнинг барча разилликлари юзага чиқди. У Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва Исломга тиш-тирноғи билан қарши турди. Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўғил фарзандлари турмаганини рўкач қилиб, Осс ибн Воил ва унинг шериклари мусулмонлар раҳбарига туҳмат қилишди, бу билан Ислом обрўсини тўкишга уринишди. «Муҳаммаднинг орти кесик, ишини давом эттирадиган ўғил фарзанди йўқ. У вафот этганидан сўнг ҳамманинг ёдидан чиқиб кетади», дейишгача боришди. Ана шунда Аллоҳ таоло Ўз ҳабибига тасалли бериб, душманларга раддия сифатида Кавсар сурасини нозил қилди: "Албатта, Биз сизга Кавсарни ато этдик. Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг. Албатта, ғанимингиз ўзининг орти кесик".
Исломга ашаддий душманлардан бирининг ўғли сифатида Амр ҳам Исломга ғаним бўлиб ўсди. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Пайғамбар бўлганларида Амр ибн Осс ўттиз олти ёшда эди. У Макка мушриклари зулмидан қочиб, Ҳабашистонга борган мусулмонларни Ҳабашистон пошоҳига ёмонлаб, қайтариб келиш учун юборилган икки Қурайш элчисининг бири бўлди. Амр ибн Осс кейин ҳам ўз ишлари билан тез-тез Ҳабашистонга бориб турди. У ҳар борганида Нажоший билан кўришиб, суҳбат қурар эди. Охирги боришида улар суҳбати Му¬ҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бориб та¬қалди. Шунда Ҳабашистон подшоҳи Амрдан нега Аллоҳнинг ҳақ Расулига эргашмай юргани ҳақида сўради. Бунга Амр: "У шундай эргашиладиган кишими?" деган савол билан жавоб берди. Подшоҳ: "Ҳа, Амр, сен унга итоат қил, эргаш! Аллоҳга қасам, у ҳақ устидадир! Албатта, у ўзига қаршилик қилганлардан устун келади!" деди.
Бу гаплар Амрга қаттиқ таъсир қилди. У шошиб юртига жўнади. Аллоҳ таоло Амр қалбига Ислом муҳаббатини солиб қўйган эди. У тўғри Мадинаи мунавварага йўл олди. Йўлда ўзига ўхшаш яна бир араб улуғи Холид ибн Валидга дуч келди. У ҳам мусулмон бўлиш учун Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кетаётган экан. Уларга Усмон ибн Талҳа ҳам қўшилди. Учовининг Мадинага келаётганини эшитган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ниҳоятда хурсанд бўлдилар.
Имом Муслим Амр ибн Осснинг (розияллоҳу анҳу) мусулмон бўлиши ҳақида унинг ўзидан қуйидагиларни ривоят қилади: «Мендан кўра Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ёмон кўрадиган, агар қўлимга тушсалар ўлдирмай қўймайдиган одам бўлмаса керак, деб ўйлардим. Аллоҳ таоло қалбимга Исломни солиб қўйганида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олдиларига бориб: "Қўлингизни беринг, аҳд-паймон қилай", дедим. У зот қўлларини узатдилар, шунда қўлимни тортиб олдим. У зот: "Сенга нима бўлди, эй Амр?!" дедилар. "Шарт қўймоқчи бўлдим", дедим. "Нимани шарт қўясан?" дедилар. "Мағфират қилинишимни", дедим. "Ислом ўзидан олдинги нарсани ювиб юборишини, кўчиш ўзидан олдинги нарсани ювиб юборишини ва ҳаж ўзидан олдинги нарсани ювиб юборишини билмасмидинг?" дедилар. Шу соатдан бошлаб менга Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) севимлироқ одам бўлмай қолди. Мен учун у зотдан улуғроқ бирор одам йўқ эди. У зотни шунчалар улуғлаганимдан юзларига тик қарашга ботинмас, шунинг учун таҳрифларини қилиб бера олмас эдим». Амр ибн Осснинг мусулмон бўлиши саккизинчи ҳижрий санада, Ҳудайбия сулҳидан ке¬йин, яна ҳам аниқроғи, Хайбар воқеасидан сўнг бўлди.
Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу) Исломга кирганидан бошлаб доимо Пайғамбар соллалоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлишга ҳаракат қиларди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам Маккани фатҳ қилишга отланганларида Амр ибн Осс ҳам у зот билан бирга эди. Оламлар сарвари Байтуллоҳдаги машҳур бутлардан Сувоъни бузишни унга топширдилар. У буни қойиллатиб бажарди. Амр ибн Осс Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида борган сари юқори мартабага кўтарила борди. Расули акрам Уммон подшоҳини Исломга тарғиб қилиб, мактуб юбормоқчи бўлганларида бу ўта муҳим вазифани ҳам айнан Амр ибн Оссга ишониб топширдилар. Уммонга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) элчиси бўлиб келган Амр ибн Осс у зотнинг Уммон диёридаги волийлари (ҳоким) бўлиб қолди. Кейин у Ярмук жангида, румликлар мағлуб бўлган Ажнодайн воқеасида, Миср фатҳида катта жасорат ва тадбиркорлик кўрсатди.
Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу) Исломга кеч кирган ва мусулмон ҳолида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга атиги уч йилча бирга юрган бўлса ҳам, у зотнинг таҳсинларига сазовор эди. Йигирма йил давомида Исломнинг ашаддий душмани бўлиб юрган одамнинг бирданига Ислом фидокорига айланиши ва охирзамон Пайғамбаридан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мақтовлар эшитиши ҳақиқатда Ислом мўъжизаси эди. Бунга бир неча ҳадиси шарифлар далилдир: 
Уқба ибн Омирдан (розияллоҳу анҳу) Имом Термизий ривоят қилади: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Одамлар мусулмон бўлишди, Амр эса мўмин бўлди», дедилар». Чунки ўшанда кўпчилик Ислом устун келганидан сўнг қўрқиб, ноиложликдан Исломга киргани ҳолда, Амр ибн Осс бутун вужуди билан ҳақиқатни англаб етиб, чин қалбдан имон келтирган эди. Талҳа ибн Убайдуллоҳдан (розияллоҳу анҳу) Имом Термизий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: "Албатта Амр ибн Осс Қурайшнинг солиҳларидандир", деганлар. Ибн Адий келтирган ривоятда Жобир (р.а.) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Эй Аллоҳим, Амр ибн Оссни мағфират қил», дея уч марта айта туриб, "Мен уни садақа келтиришга ча¬қирсам, олиб келар эди", деганларини эшитганман", дейди. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) Амр ибн Оссни Шом фатҳига юбораётиб, унинг улови ёнида юриб бораркан, унга бундай насиҳат қилган эди: "Эй Амр, ичингда ҳам, ташингда ҳам Аллоҳдан қўрқ! У Зотдан ҳаё қил! Чунки У Зот сени ҳам, амалингни ҳам кўриб турувчидир. Мен сени сендан кўра пешқадам кишилардан ҳам, сендан кўра ҳақлироқлардан ҳам устун қўйганимни кўриб турибсан. Сен охират учун амал қилувчилардан бўл ва амалинг билан Аллоҳ розилигини истовчилардан бўл. Ўзинг билан бирга кетаётганларга худди отадек бўл. Одамларнинг ички сирини очма, уларнинг таши билан кифоялан. Ишингда жиддий бўл. Агар душман билан тўқнашсанг, собит тур, қўрқма. Ҳаддан ошадиганлардан эҳтиёт бўл ва улардан ҳимоялан. Шерикларингга ваъз қиладиган бўлсанг, қисқа қил. Агар ўзинг солиҳ бўлсанг, одамларинг ҳам солиҳ бўлишади".
Миср фатҳи чоғидаги воқеа ҳозиргача тарихчиларни ва умуман инсонларни ҳайратга солиб келади. Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу) бошлиқ лашкарлар Мисрга кириб боргач, у Миср халқига сулҳ таклиф қилиб, қуйидаги аҳдномани ёзиб берган: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Ушбу Амр ибн Осснинг Миср аҳли жонлари, моллари, миллат (дин)лари, черковлари, хочлари, қуруқликлари ва сувлари учун берган омонлигидир. Уларнинг мазкур нарсаларига бирор аралашув бўлмайди, камситилмайди ва улар билан нубийлар (Нуба водийидаги қоратанли қавм) билан бирга яшамайди”.
Миср аҳли, агар ушбу сулҳга биноан жизя (солиқ) беришга келишса, дарёлари тўла бўлиб турганида эллик минг дирҳам тўлашади. Ўғрилари қилган жиноят ҳам улар зиммасида бўлур. Агар улардан кимлардир буни қабул қилишдан бош тортадиган бўлса, жизядан ўшалар миқдорича камайтирилади. Ким бош тортса, у биздан соқит бўлади. Агар дарёлари суви озаядиган бўлса, ўшанинг миқдорича улардан (жизя) камайтирилади. Румликлардан ва нубийлардан ким ушбу сулҳга кирса, унга ҳам ушбу имтиёз ва мажбуриятлар жорий бўлур. Ким сулҳдан бош тортиб, бошқа томонга кетишни ирода қилса ёки салтанатимиздан чиқмоқчи бўлса, у хавфсиз жойга етиб олгунича бизнинг омонликдадир. Уларга (мисрликларга) вожиб бўлган нарсанинг учдан бири ўшаларга ҳам вожиб бўлур. Ушбу ёзилганларга Аллоҳ аҳди ва зиммаси, Унинг Расули зиммаси, мўминлар амири зиммаси ва мўминлар зиммаси бордир. Ёрдам беришга рози бўлган нубийликларга жанг қилмасликлари, ички ва ташқи тижоратдан ман қилинмасликлари шарти ила бир неча бош от ва чорва моллари берилади. Бунга Зубайр ва унинг икки ўғли Абдуллоҳ ва Му¬ҳаммад гувоҳ бўлишди. Вурдон ёзди".
Ушбу ҳужжатдаги жизяни ҳисоблаб чиққан уламолар унинг миқдори ҳар бир одамга йилига бир динорнинг ўндан бирича тўғри келганини таъкидлашади. Шунда мусулмонлар Амрнинг фустоти, яъни, чодири атрофига ўз фустотларини ўрната бошлашади. Шу тариқа ҳозиргача номи сақланиб келаётган Қоҳиранинг Фустот тумани пайдо бўлади. Амр ибн Осс кўп йиллар Миср волийи бўлиб турди.
Ибн Абдул Ҳакам Лайс ибн Саъддан ривоят қилади: "Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу раҳбарлиги даврида Мадинада қаттиқ очарчилик бўлди. Шунда Ҳазрати Умар Мисрдаги Амр ибн Оссга бундай мактуб ёзди: "Аллоҳ бандаси, мўминлар амири Умардан Осий ибн Осийга. Салом! Аммо баъд, умрим ила қасам, эй Амр, ўзинг ва сен билан бўлганлар тўқ юришсаю, мен ва мен билан бўлганлар ҳалокатга учраса ҳам ишинг йўқми?! Ёрдам! Ёрдам!"
Амр ибн Осс унга бундай мактуб ёзди: "Аллоҳ бандаси, мўминлар амири Умарга Амр ибн Оссдан. Аммо баъд, лаббайка! Яна лаббайка! Сизга бир карвон юбордим. Унинг боши сизнинг ҳузурингизда, охири менинг ҳузуримда. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу".
Амр катта карвон юборди. Унинг боши Ма¬динага етиб борганида охири Мисрда эди. Туялар бир-бирига уланган эди. Умар Мадинадаги ҳар бир уй аҳлига бир туяни ва устидаги таомини берди. Волий Абдурраҳмон ибн Афв, Зубайр ибн Аввом ва Саъд ибн Абу Ваққосни (розияллоҳу анҳум) карвондаги нарсаларни одамларга тақсимлаб бериш учун юборганди. Улар ҳар бир хонадонга бир туяни устидаги таоми билан беришди. Очарчиликка учраган мадиналиклар овқатни ейишди, туяларни сўйиб гўштидан фойдаланишди, ёғини эритиб олишди, терисини пойабзал қилишди, ҳатто таом тугилган матоларни ҳам рўзғорда ишлатишди. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло одамларга кенгчилик ато қилди". Шу тариқа Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу) Ислом тарихида биринчи бўлиб инсонпарварлик ёрдами уюштирган эди. У киши ташкил қилган бу мислсиз ёрдам мусулмонларни катта машаққат ва тангликдан қутқарган эди.
Амр ибн Осснинг фазилатлари кўп эди. Амр ибн Оссни машҳур қилган хислатларидан бири унинг сермаъно, ҳикматли сўзларни кўп айтганидир. Бунга мисол тарзида Муовия ибн Абу Суфённинг (розияллоҳу анҳу) балоғат, сабр, сахийлик ва шижоат ҳақидаги саволларига у киши берган жавобларни келтириш кифоя: Муовия Амр ибн Оссга: “Балоғат нимадир?” деди. “Ортиқча гапни тарк қилиб, қисқаси билан кифояланиш”, деди Амр. “Одамлар ичида сабрлиси ким?” “Ҳамиша фикран ҳавои нафсига қарши бўлгани”. “Одамларнинг сахийи ким?” “Дини фойдаси учун дунёсини сарф қилгани”. “Одамларнинг шижоатлиси ким?” “Жаҳлини ҳилми билан қайтаргани”.
Амр ибн Осс ўғли Абдуллоҳга (розияллоҳу анҳу) бундай деган экан: "Эй ўғлим, одил султон баракали ёмғирдан яхшидир. Жиловланган шер золим султондан яхшидир. Бешафқат, золим султон бардавом фитнадан яхшидир". Амр ибн Осс яхши шоир ҳам бўлган. Тарих ва сийрат китобларида у кишининг маънодор, ҳикматли шеърларидан кўплаб намуна келтирилган.
Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу) саксон ёшдан ошиб, 43 ҳижрий йили Рамазон ҳайити куни вафот қилди. Ҳайит намозига келган жамоат унинг жанозасида иштирок этди. Жанозасини ўғли Абдуллоҳ ўқиди ва Муқаттам қабристонига дафн этилди. Аллоҳ таоло Амр ибн Оссдан рози бўлсин!

Муаллиф Аҳмад Муҳаммад


  • 3316
Абдул Азим Зиёуддин

Абдул Азим Зиёуддин Мударрис, сийратшунос 25 May 2023


Расулуллоҳнинг туғилишларига хурсанд бўлишнинг мукофоти

img

Расулуллоҳнинг туғилишларига хурсанд бўлишнинг мукофоти

Урва ибн Зубайр айтади: “Сувайба Абу Лаҳабнинг чўриси эди, Абу Лаҳаб уни озод қилди. Сувайба Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни эмизган. Абу Лаҳаб ўлганидан сўнг, оила аъзоларидан бири (ота бир, она бошқа укаси Аббос розийаллоҳу анҳу) тушида Абу Лаҳабни жуда ёмон бир аҳволда кўрди ва: “(Ўлимдан сўнг) нима топдинг?” деди. Абу Лаҳаб: “Сизлардан кейин (роҳат-фароғат) топмадим, фақат Сувайбани озод қилганим учун менга мана бунда сув берилди”, деб қўлининг бош бармоғи билан кўрсатгич бармоғи орасидаги чуқурчага ишора қилди”[1]. Суҳайлий айтади: «Аббос розийаллоҳу анҳу: “Абу Лаҳаб ўлганидан бир йил ўтиб, тушимда уни ёмон аҳволда кўрдим”, деди. Абу Лаҳаб: “Сизлардан кейин роҳат топмадим, фақат ҳар душанба куни мендан азоб енгиллатиляпти-озайтириляпти, холос”, деди”. Бунинг сабаби, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам душанба куни туғилганлар ва Сувайба Абу Лаҳабга жиянли бўлгани ҳақида хушхабар келтирганида, суюнчисига уни озод қилиб юборган эди»[2].

Бу иккала ривоятда кофир кишининг яхши иши охиратда фойда беришига ишора бор. Лекин Урва ибн Зубайрнинг ривояти “мурсал” (санадидан саҳоба тушириб қолдирилган), яъни, Урва раҳматуллоҳи алайҳ тобеинлардан бўлиб, мазкур ҳадисни айтиб берган саҳобани зикр қилмасдан, тўғридан-тўғри Пайғамбаримиздан ривоят қилган. Хўп, “мавсул”[3] бўлган тақдирда ҳам ҳадисдаги хабар тушдир, қолаверса, туш кўрувчи ўша пайтда ҳали мусулмон бўлмаган бўлиш эҳтимоли ҳам бор[4].
Қолаверса, бу иккала ривоят ҳам Қуръони карим оятларининг зоҳирига тўғри келмайди. Масалан: Аллоҳ таоло айтади:
“Биз (кофирлар) қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз”[5];
“Кофир бўлган кимсалар учун жаҳаннам олови бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз”[6];
“Дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: “Парвардигорларингга дуо қилинглар, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин”, деб ёлворганларида, улар айтдилар: “Ахир сизларга пайғамбарларингиз очиқ ҳужжатлар билан келмаганмидилар?!” Улар: “Ҳа, (келган эдилар, лекин биз уларни ёлғончи қилган эдик)”, дедилар. (Шунда фаришталар уларга) айтдилар: “У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаверинглар. Кофирларнинг дуо-илтижолари фақат залолатдадир (яъни, бефойдадир)”[7].
Ушбу оятлар билан юқоридаги ривоятларни бир-бирига қандай боғлаймиз?
Мазкур оятлардаги ҳукмлар умумий бўлиб, барча кофирларга тегишлидир. Пайғамбаримизнинг амакилари Абу Толиб билан Абу Лаҳаблардан азобнинг енгиллатилиши эса, Пайғамбаримизнинг ўзларига хос бўлиб, бу имтиёз у зотнинг шафоатлари ва шарофатларидандир.
Маълумки, Пайғамбаримизнинг хос шафоатлари туфайли амакилари Абу Толиб дўзахнинг чуқур-тубидан саёз жойига олиб чиқилгани ва куфрдан бошқа гуноҳлари учун бериладиган азобнинг енгиллатилгани, ҳақидаги ривоят маълум ва машҳурдир[8].
Мана шу саҳиҳ далил Абу Лаҳаб ҳақидаги ривоятларга қиёс бўлиб, уларни қўллаб-қувватлайди.
Модомики, Абу Толиб Пайғамбаримизга ёрдам берган ва у зотни ҳимоя қилган экан, унга гуноҳлари учун бериладиган азоб Абу Лаҳабникига қараганда енгилроқ бўлиши ривоятлардан маълум![9]

[1] “Саҳиҳул Бухорий”, 3-жуз, “Никоҳ” китоби, 20-боб, 5101-ҳадис таълиқи-изоҳи.
[2] Абду Раҳмон Суҳайлий, “Ар-равзул унф фи шарҳис сийратин набавия ли Ибни Ҳишом” (5/123); Бадриддин Айний, “Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий” (29/242); Ибн Ҳажар Асқалоний, “Фатҳул Борий” (9/256).
[3] “Мавсул” – санади бошидан охиригача бир-бирига боғланган ривоят.
[4] “Фатово ва истишоротул ислом ал-явм” (13/504). Пайғамбарнинг туши бўлса ёки азон масаласи каби саҳобанинг Пайғамбаримиз тасдиқлаган туши бўлса, бошқа гап.
[5] Фурқон сураси 23-оят.
[6] Фотир сураси 36-оят.
[7] Ғофир сураси 49 – 50-оятлар.
[8] “Саҳиҳул Бухорий” (3670, 3672, 5855, 6196 ва 6203-ҳадислар); “Саҳиҳи Муслим” (357 ва 360-ҳадислар).
[9] Бадриддин Айний Ҳанафий, “Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий” (29/240-242); Ибн Ҳажар Асқалоний Шофеъий, “Фатҳул Борий шарҳу саҳиҳил Бухорий” (9/256-259); Ибн Касир, “Ал-бидоя ван ниҳоя”(2/53); Шайх Сулаймон ибн Муҳаммад Ҳанбалий, “Ийқозул афҳом фи шарҳи умдатил аҳком” (6/27).

Абдул Азим ЗИЁУДДИН


  • 3554
Абдул Азим Зиёуддин

Абдул Азим Зиёуддин Мударрис, сийратшунос 25 May 2023


Расулуллоҳнинг туғилишларига боғлиқ ажойиботлар

img

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилганларида Кисро[1] Ануширвоннинг мустаҳкам саройи зилзила ва момоқалдироқ туфайли ёрилиб ўн тўртта айвони қулаб тушган, Форс империясидаги мажусийларнинг минг йилдан бери ўчмай келаётган “муқаддас олов”лари ўчиб қолган ва Сова[2] кўлининг суви ерга сингиб кетиб, унинг атрофидаги черковлар қулаган”, деган ривоят бор. Бу ривоятнинг исноди ҳақида уламоларимиз нима дейишади?
Имом Заҳабий “Ас-сийратун набавия” китобида (1/12) бу ривоятни: “Мункар, ғариб”, деган.
Ибн Асокир: “Бу ривоят ғарибдир, ҳужжатга ярамайди”, деган.
Аллома Ибн Касир “Ал-бидоя ван ниҳоя” китобида (2/329): “Бу ривоятнинг асли-асоси йўқ”, деган.

Шайх Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда Мулла Али Қорининг “Ал-маснуъ фи маърифатил ҳадисил мавзуъ” китоби таҳқиқида (18-бет) ва доктор Абдул Муътий Қалъажий Имом Байҳақийнинг “Далоилун нубувваҳ” китоби таълиқи-изоҳида (1/129): “Бу ривоят саҳиҳ эмас”, дейишган.
Доктор Маҳдий Ризқуллоҳ “Ас-сийратун набавия фи зовъил масодирил аслия диросатан таҳлилия” китобида (112-бет): “Бу ривоят саҳиҳ йўллар билан собит бўлмаган”, дейди.
Шайх Холид Абду Раҳмон имом Мовардийнинг “Аъломун нубувваҳ” китоби изоҳида (271-бет): “Кучсиз-қониқарсиздир, ҳужжатга ярамайди”, деган.
Шайх Муҳаммад Ғаззолий: “Фиқҳус сийра” китобида: “Кучсиз-қониқарсиз”, дейиш билан мазкур маълумотни тасдиқламаган.
Шайх Сафийюр Раҳмон Муборакфурий “Ар-раҳиқул махтум” китобида (61-бет): “Бу ривоятларнинг бирорта ҳам собит исноди йўқ. Ўша халқларда тарихнавеслик кучли бўлганига қарамасдан, уларнинг тарихида бу воқеалар тилга олинмаган”, дейди.
Доктор Акрам Зиё Умарий “Ас-сийратун набавия ас-саҳиҳа” китобида: “Мазкур ривоятнинг ровийлари ичида Яъло ибн Имрон Бажаллий ва Махзум ибн Ҳониъ Махзумий каби мажҳул-номаълум шахслар бор бўлиб, уларнинг таржимаи ҳолларини топа олмадим”, деган.

Абдул Азим ЗИЁУДДИН


  • 3956
Абдул Азим Зиёуддин

Абдул Азим Зиёуддин Мударрис, сийратшунос 25 May 2023


Расулуллоҳни эмизган аёллар

img

Баъзи манбаларда Омина, Сувайба, Хавла бинти Мунзир, Умму Айман, Бану cулаймлик уч аёл, Умму Фарва, Бану cаъдлик бир аёл ва Ҳалимаи Саъдиялар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тартиб ила эмизишгани айтилган[1]. Мазкур оналарнинг қайси бири ҳақиқатан Пайғамбаримизни эмизган?
Бу борадаги аниқ жавоб фақат Омина онамиз, Сувайба, Бану cаъдлик бир аёл ва Ҳалимаи Саъдияларнинг эмизганларидир[2].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни биринчи бўлиб оналари Омина эмизган. Сути етмагач, амакилари Абу Лаҳабнинг озод қилган чўриси Сувайба бир неча кун[3] эмизади. Ўша пайтда унинг Масруҳ исмли чақалоғи бўлган. Сувайба бунгача Ҳамза ибн Абдулмутталиб билан Абу Салама ибн Абдуласад Махзумийларни ҳам эмизган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сувайбанинг хизматини қадрлар, Хадича онамиз ҳам унга эҳтиром кўрсатар, кийим-кечаклар юбориб турар эдилар. Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин ҳам хабар олиб турдилар. Макка фатҳ қилинганида Пайғамбаримиз Сувайба билан ўғли Масруҳ ҳақларида сўраганларида, она-боланинг оламдан ўтганини айтишди. Сувайба ҳижратнинг еттинчи йили, Макка фатҳидан бир йил олдин, ўғли Масруҳ эса сал олдинроқ оламдан ўтган эдилар. Кейин Сувайбанинг қариндошлари ҳақида сўрадилар, улардан ҳам биронтасини тирик топмадилар. Ҳофиз Ибн Мандаҳ[4]дан бошқа барча олимлар Сувайбанинг мусулмон бўлмаганини айтишган[5].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ҳамза розийаллоҳу анҳу Бану Саъд қабиласида бўлганларида Ҳамза розийаллоҳу анҳуни эмизаётган Бану саъдлик аёл Пайғамбаримизни ҳам бир марта эмизган[6].
Пайғамбаримизни тўлиқ икки йил эмизган аёл Ҳалимаи Саъдия экани маълум ва машҳурдир. Дарвоқе, Ҳалима она кейинчалик Пайғамбаримиз Хадича розийаллоҳу анҳога уйланганларидан сўнг Маккага келади ва у зотга қурғоқчикдан шикоят қилади. Пайғамбаримиз унинг аҳволи ҳақида Хадича онамизга сўзлаганларида, онамиз қирқта қўй бериб юборади. Ҳалима она нубувватдан кейин эри билан келиб, мусулмон бўлишади. Ҳалима она Макка фатҳидан кейин Ҳунайн ғазоти куни ҳам Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келади. Пайғамбаримиз ўринларидан туриб, ридоларини ерга тўшайдилар ва унга ўтқазадилар. Ҳалима она Пайғамбаримиздан ҳадис ривоят қилган, ундан Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ривоят қилган. Ҳижрий саккизинчи йилдан кейин вафот этган.[7]
Умму Айман эса, асли ҳабашистонлик бўлиб, Пайғамбаримизнинг оталари Абдуллоҳнинг чўриси бўлган. Абдуллоҳ оламдан ўтганидан сўнг Пайғамбаримиз катта бўлгунларига қадар энагалик қилган, аммо эмизмаган[8]. Пайғамбаримиз уни озод этганлар ва у Зайд ибн Ҳориса розийаллоҳу анҳуга турмушга чиққан. Умму Айман Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан беш ой кейин оламдан ўтган[9].
Хавла бинти Мунзир Пайғамбаримизни эмас, кенжа ўғиллари Иброҳимни эмизган эди[10].
Умму Фарва билан Бану сулаймлик учта аёлнинг Пайғамбаримизни эмизганлари ҳақидаги маълумотлар тасдиғини топган эмас.

[1] Ибн Асокир, “Тариху Димашқ” (3/97).
[2] Али ибн Бурҳониддин Ҳалабий, “Ас-сийратул ҳалабия” (1/185); Шайх Сафийюр Раҳмон Муборакфурий, “Ар-раҳийқул-махтум”; Доктор Солиҳ ибн Аввод Мағомисий, “Ал-айёмун назира вас сийратул атира ли Расулина” (1/18); Иззуддин ибн Жамоа Каттоний, “Ал-мухтасарул кабир фи сийратир Расул” (1/8); Шайх Ҳасан ибн Умар, “Ал-муқтафо мин сийратил мустафо” (1/5); Муҳаммад ибн Юсуф Шомий, “Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод” (1/6).
[3] Бухорий ривояти, “Фатҳул Борий” (9/124).
[4] У – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Яҳё ибн Мандаҳ Исфаҳоний (ҳижрий 310-395 йил).
[5] Бадриддин Айний Ҳанафий, “Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий” (29/237); Ибн Ҳажар Асқалоний, “Фатҳул Борий” (9/145); Абду Раҳмон Суҳайлий, “Ар-равзул унф фи шарҳис сийратин набавия ли Ибни Ҳишом” (2/102, 5/123); Али ибн Бурҳониддин Ҳалабий, “Ас-сийратул ҳалабия” (1/188); Иззуддин ибн Жамоа Каттоний, “Ал-мухтасарул кабир фи сийратир Расул” (1/7); Муҳаммад ибн Юсуф Шомий, “Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод” (1/375).
[6] “Фатовош шабакатил исломия” (9/7451); Муҳаммад ибн Саъд, “Ат-табақотул кубро”; Ибн Қаййим Жавзия, “Зодул маъод”.
[7] Аллома Хайриддин ибн Маҳмуд Зириклий Димашқий (ҳижрий 1310-1396, милодий 1893-1976), “Ал-аълом” (2/271).
[8] “Фатовош шабакатил исломия” (9/7689); Али ибн Бурҳониддин Ҳалабий, “Ас-сийратул ҳалабия” (1/190); Муҳаммад Тоййиб Нажжор, “Ал-қовлул мубин фи сийрати саййидил мурсалин” (1/87).
[9] Муслим ривояти (5/162).
[10] Муҳаммад Тоййиб Нажжор, “Ал-қовлул мубин фи сийрати саййидил мурсалин” (1/87).

Абдул Азим ЗИЁУДДИН


  • 9425
Абдул Азим Зиёуддин

Абдул Азим Зиёуддин Мударрис, сийратшунос 21 May 2023


Омина онамизнинг дояси

img

Пайғамбаримизга бўлган муҳаббат туфайли у зотнинг атрофларида турган ҳар бир кишини билгимиз, танигимиз келади. Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилаётганларида Омина онамизга ким доялик қилган эди?
Айрим ривоятларда Ийсо алайҳиссаломнинг оналари покдомон Марям билан золим Фиръавннинг қўлида Мусо алайҳиссаломни улғайтирган Осиёдек мукаррама зотларнинг ҳозир бўлганлари айтилган. Аммо “Марям ва Осиё оналаримизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилаётган пайтда ҳозир бўлганлари” ҳақидаги ривоятни имом Суютий “Ал-хасоисул кубро” китобида (1/47): “Жуда ҳам мункар”, деган.

Ҳақ гап эса, Омина онамизга Шифо розийаллоҳу анҳонинг доялик қилганларидир.[1] Онасининг исми Салмо, эрининг исми Авф, ўғиллари Абдураҳмон розийаллоҳу анҳу ва Асвад розийаллоҳу анҳу, қизи Отика розийаллоҳу анҳолардир .
Оламлар сарварининг ёруғ дунёга ташрифида истиқболларига чиққан, бўлажак пайғамбарни илк кутиб олиш шарафига муяссар бўлган Шифо бинти Авф розийаллоҳу анҳони Аллоҳ таоло кейинчалик ҳам кўп яхшиликлар ила сийлади. Шифо ҳақ дин келганида уни қабул этди, байъатда қатнашди, бошқа мусулмонлар қаторида ҳижрат қилди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида вафот этди ва ўғли Абдураҳмон ибн Авф розийаллоҳу анҳу жаннати эканига башорат олди.[2]

[1] Ибн Касир, “Ал-бидоя ван ниҳоя” (2/264), “Ас-сийратун набавия”(1/207); Шайх Муҳаммад Хузарий, “Нурул яқин фи сийрати саййидил мурсалин” (1/5); Шайх Али ибн Нойиф Шаҳҳуд, “Мавсуъатул хутабил минбария” (2/107); Муаррих Ҳасан ибн Умар, “Ал-муқтафо мин сийратил мустафо” (1/3); Муҳаммад ибн Юсуф Шомий, “Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод” (1/341); Саййид Маҳмуд Тарозий (Олтинхонтўра), “Нурул басар”; Ҳасан ибн Муҳаммад Машшот, “Иноратуд дужо фи мағозий хойрил варо” (2/75); Иброҳим Ибёрий, “Ал-мавсуъатул Қуръония” (1/25).
[2] Муҳаммад ибн Саъд, “ат-Табақотул-кубро” (8/248).

Абдул Азим ЗИЁУДДИН

 


  • 4416
Абдул Азим Зиёуддин

Абдул Азим Зиёуддин Мударрис, сийратшунос 21 May 2023


Исро ва Меърож ҳодисаси қачон юз берган?

img

“Исро” (الإسراء) Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни кечанинг бир бўлагида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдиришидир.
“Меърож” (المعراج) эса, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Қуддуси шарифдан юқорига, яъни, Ўзининг Ҳузурига кўтаришидир.
Маълумки, бутун оламларнинг Парвардигори Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан олий, устун ва юксакдир.

Исро ва Меърож ҳодисасининг ҳикмати

Бу мўъжизавий сафарнинг ҳикматлари кўп бўлиб, энг буюги ва лўндаси Аллоҳ таоло: (لِنُرِيَهُ مِنْ أَيَاتِنَا) “...унга (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломга) Ўз мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун...”[1] деб, айтган оятидир. Шундай ҳам бўлди: (لَقَدْ رَأَى مِنْ أَيَاتِ رَبِّهِ الْكُبْرَى) “Дарҳақиқат, у (Муҳаммад алайҳиссалом) Парвардигорининг буюк мўъжизаларини кўрди”[2].
Аллоҳнинг ҳузурида “меҳмон” бўлиш мушрикларнинг азиятлари чўққисига чиққан пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга катта тасалли бўлди, бу иш туфайли у зотнинг кўнгилларидан тушкун кайфият ариди, умид ниҳоли гуркиради.
Айни чоқда, бу воқеа мусулмону кофир учун синов-имтиҳон ҳам бўлди. Бу имтиҳондан барча саҳобалар ўтишди, кофир-мушриклар эса, яна доғда қолишди.

Тафсилоти

Жумҳур аҳли сунна ва жамоа уламолари Исро ва Меърож ҳодисасининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан кейин, Макка даврида, ҳижратдан сал олдин, ислом даъвати қувғин билан муваффақият ўртасида турган бир пайтда, уйғоқ ҳолларида, руҳ ва таналари билан, Жаброил фаришта ҳамроҳлигида, Буроқ номли мўъжизавий уловда, кечанинг бир бўлагида, бир марта юз берганига иттифоқ қилишган.
Беш вақт намоз Исро кечаси Меърожда фарз қилинганига барча уламолар якдилдирлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага ҳижратлари пайғамбарликнинг 14-йили, рабиул аввал ойининг бошида, у зот қамарий ҳисобда 53 ёшга тўлганларида (милодий 622 йил сентябр ойи ўрталарида) бўлганига ҳам барча уламолар иттифоқ қилишган.

Вақти

Исро ва Меърож ҳодисаси юз бергани ҳақида Ислом умматида мутлақо ихтилоф йўқ. Аммо қачон содир бўлгани ҳақида турлича қарашлар бор. Қуйида уларни бирма-бир кўриб чиқамиз:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин (бу ривоят шозз[3] бўлиб, Шарик ибн Абу Намир тарафидан содир этилган хато эканига барча муҳаддислар иттифоқ қилишган[4]);
– пайғамбарликнинг биринчи йили (имом Табарий ихтиёр қилган);
– пайғамбарлик келганидан бир йилу олти ой кейин (имом Заҳабийнинг ушбу қавли ҳақида Абу Умар ибн Абдул Барр: “Мен Заҳабийдан бошқа бу гапни айтган бирорта сийрат олимини билмайман”, деган[5]);
– пайғамбарлик келганидан беш йил ўтиб (қози Иёз нақли);
– пайғамбарлик келганидан етти йил кейин (Зуҳрийнинг бир қавли);
– пайғамбарликнинг ўнинчи йили (Муҳаммад Сулаймон Мансурфурий ихтиёр қилган);
– ҳижратдан уч йил олдин (Ибн Асийр нақли);
– ҳижратдан бир йилу олти ой олдин, рамазон ойида (Воқидий ривояти);
– ҳижратдан бир йилу беш ой олдин, шаввол ойида (Мовардий қавли ҳамда, Суддийдан Табарий ва Байҳақийлар ривоят қилишган);
– ҳижратдан бир йилу тўрт ой олдин, зулқаъда ойида (Суддий ва Муқотилларнинг бир қавли);
– ҳижратдан бир йилу уч ой олдин, зулҳижжа ойида (Ибн Форис нақли);
– ҳижратдан бир йилу икки ой олдин, муҳаррам ойида (Ибн Абдул Барр нақли);
– ҳижратдан бир йил олдин, рабиул аввал ойида (кўпчилик ровийлар ривояти, жумладан: Ибн Аббос, Ибн Масъуд, Ибн Умар, Анас, Жобир, Оиша, Умму Салама, Умму Ҳонилардан ривоят қилинган (Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин). Қатода, Урва ибн Зубайр, Мусо ибн Уқба, Ибн Қутайба, Байҳақий, Ибн Саъд, Ибн Асокир, Ибн Мардавайҳ, Ҳофиз Иброҳим Ҳарбийлар ривоят қилишган (Аллоҳ ҳаммаларини раҳматига олсин). Муқотил ва Зуҳрийларнинг бир қавли);
– ҳижратдан саккиз ой олдин, ражаб ойида (Абул Фараж ибн Жавзий нақли);
– ҳижратдан олти ой олдин, рамазон ойида (Ҳофиз Абу Рабиъ ибн Солим нақли).

Қайси кунда рўй бергани хусусидаги фикрлар ҳам хилма-хилдир

– 12-рабиул аввал (Жобир ва Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумлар қавли);
– 17-рабиул аввал (Ибн Умар, Оиша, Умму Салама ва Умму Ҳони розийаллоҳу анҳумлар қавли);
– 27-рабиул аввал (Ҳофиз Иброҳим Ҳарбий қавли);
– Ражаб ойининг биринчи жума кечаси[6] (ровийи номаълум);
– 10-ражаб (Қайс ибн Аббод ривояти);
– 25-ражаб (ровийи номаълум);
– 27-ражаб (Қосим ибн Муҳаммад ривояти);
– 17-рамазон (Ибн Саййидин нас нақли);
– 29-рамазон (ровийи номаълум).

Таҳқиқ (ҳақиқатини аниқлаш)

Исро ва Меърож ҳодисасининг қачон юз бергани ҳақида бирорта ҳам саҳиҳ ҳадис ёки саҳобалардан саҳиҳ асар йўқлигини, шу сабабли муҳаққиқ уламоларимиз кўп ва хўб баҳслар олиб боришганини, натижада, маълумотларни “таржиҳ”[7] қилишганини (яъни, ҳақиқатга яқинини аниқлашганини) айтиб ўтмоқчимиз.
Шайх Сафийюр Раҳмон Муборакфурий: “Саҳиҳ қавлга кўра[8] Абу Толиб пайғамбарликнинг ўнинчи йили ражаб ойида, Хадича розийаллоҳу анҳо ҳам шу йили рамазон ойида вафот этишган. Бу пайтда ҳали беш вақт намоз фарз қилинмаган эди. Ислом уммати беш вақт намоз Исро кечаси фарз қилингани хусусида ижмоъ қилган. Исро сурасининг сиёқи-оқими Исро ҳодисасининг жуда кеч (яъни, Макка даврининг охирги йилларида) юз берганига далолат қилади. Натижада, биз Исро ҳодисаси (пайғамбарликнинг 12-йили, ҳаж мавсумида бўлиб ўтган) “Биринчи ақаба байъати”дан сал олдинроқ бўлган ёки (биринчи ақаба байъати билан пайғамбарликнинг 13-йили, ҳаж мавсумида бўлган) “Иккинчи ақаба байъати” орасида бўлган, деган фикрга келдик, яна Аллоҳ билувчироқ”, деган[9].
Ҳофиз Ибн Форис Асбиҳоний Исро воқеасининг ҳижратдан бир йилу уч ой олдин, зулҳижжа ойида бўлганига жазм қилган (ишонч ҳосил қилган ва бир тўхтамга келган эди)[10].
Шайх Муҳаммад Абу Заҳра: “Исро ва Меърож ҳодисаси йигирма еттинчи ражабда бўлган, деган фикр саҳиҳ бўлмаган хабар ила келган бўлиб, бу ой-кунни баъзи одамлар ушлашганининг гувоҳи бўлдик. Биз ҳам буни аниқ ишонч ҳосил қилмаган ва бир тўхтамга келмаган ҳолда қабул қиламиз. Сабаби, ровийлар яна Исро ва Меърож ҳодисасининг ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлганига иттифоқ қилишган", дейди.[11]
Имом Нававий бу хусусда икки хил фикрни келтирган. “Равзатут толибин” китобида: “Исро ва Меърож ҳодисаси ражаб ойининг йигирма еттинчи кечаси бўлган”, деса, “Фатово” китобида[12]: “Рабиул аввал ойида бўлган”, дейди.
Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечаси бўлгани ҳақидаги ривоятни Абдул Ғаний Мақдисий ихтиёр қилган. Аммо ҳофиз Абу Исҳоқ Иброҳим Ҳарбий уни инкор этгандир[13], қолаверса, барча муҳаддис уламолар ривоятнинг саҳиҳ эмаслигини бир овоздан таъкидлашган.
Аллома Абу Шома Мақдисий[14], имом Абул Хаттоб Умар ибн Диҳя[15] каби олимлар: “Исро ва Меърож ҳодисаси ражаб ойида бўлгани ҳақидаги ривоят таъдил ва тажриҳ уламолари наздида кизбдир”, дейишган.
Ражаб ойининг биринчи жума кечаси бўлгани ҳақидаги ривоятни аллома Ибн Касир: “Асли-асоси йўқ”, деган[16].

Хулоса

Жобир билан Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳум: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рабиул аввал ойининг душанба куни ҳам туғилганлар, ҳам ваҳий у зотга рост туш орқали кела бошлаган, ҳам Меърожга чиққанлар, ҳам Мадинага ҳижрат қилганлар, ҳам вафот этганлар”, дейишган[17].
“Ибн Асийр Жазарий: “Исро воқеасининг душанба куни бўлгани менинг назаримда саҳиҳдир”, деган. Ибн Мунир ушбу гапни ихтиёр қилгандир”[18].
Абул Баракот Насафий: “Исро ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) бўлган”, дейди[19].
Шайх Алоуддин Мансур: “Исро Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилишларидан бир йил илгари воқе бўлган”, дейди[20].
Доктор Аҳмад Абу Зайд[21] билан доктор Абдул Азиз Усмон Тувайжирий[22]: “Аржаҳ (ҳақиқатга яқинроқ) сўзга кўра, беш вақт намоз ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) Исро ва Меърож кечаси фарз қилинган”, дейишади.
Мулла Али қори ибн Муҳаммад Султон Ҳанафий: «Исро ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Ибн Асийр: “Мана шу саҳиҳдир”, деган», дейди[23].
Шайх Али Нойиф Шаҳҳуд: “Исро ва Меърож ҳодисаси кўпчилик ва муҳаққиқ уламоларнинг сўзларига кўра, ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Тадқиқот ва мушоҳада қилинса ҳам, Исро ва Меърож ҳодисаси рабиул аввалда бўлганига ишонса бўлади”, дейди[24].
Қози Иёз: “Бир эмас, бир қанча олим Исро ҳодисаси ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) юз берганини айтган”, дейди[25].
Аллома Бадриддин Айний Ҳанафий: “Исро ҳодисаси ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Бу кўпчилик уламоларнинг сўзидир. Ҳатто Ибн Ҳазм бу борада муболаға қилиб, ижмоъни нақл қилган”, дейди[26].
Имом Бағавий: “Меърож ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) бўлганига илм аҳли иттифоқ қилган”, дейди[27].
Демак, Исро ва Меърож воқеаси ҳижратдан бир йил олдин, яъни, пайғамбарликнинг 13-йили рабиул аввал ойида, душанба куни бўлгани “рожиҳ” (яъни, ҳақиқатга яқин)дир. Бу вақт милодий 621 йилнинг сентябр ёки октябр ойига тўғри келади.
Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 52 ёшга тўлган эдилар.
Аллоҳ таоло Ўзининг буюк ҳикмати ила бу ҳодисанинг аниқ вақтини худди Қадр кечаси каби унуттирди!
Аллома Бадриддин Айний Ҳанафий: “Исро кечасида “рағоиб” намозини ўқиш ўйлаб топилган бўлиб, унинг асли-асоси йўқдир”, дейди[28].
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари: “Исро кечаси тўпланиб, илмий суҳбатлар ўтказиш кейинги даврларда юзага чиққан. Баъзи аҳли илмлар мазкур улуғ ҳодисани ёдга олиш билан бирга кўпчиликка унинг аҳамиятини эслатиш ва дину диёнат йўлида ваъзлар қилишни мусулмонлар учун фойдали деб бу ишни ўтказишган.
Исро кечасидаги алоҳида намозлар ва бошқа нарсалар ҳужжатсиз ишлардир”, дейдилар[29].

Абдул Азим ЗИЁУДДИН
(муаллиф варианти)


[1] Исро сураси 1-оят.
[2] Нажм сураси 18-оят.
[3] Абу Яъло Халилий “шозз” сўзига қуйидагича таъриф берган: “Шозз” ривоятнинг бор-йўғи битта исноди бўлиб, ровийи ишончли бўладими, бўлмайдими фарқи йўқ. Агар ишончсиз бўлса, ривояти “матрук” бўлиб, қабул қилинмайди. Ровийи ишончли бўлса, ўзида тўхтайди ва ривояти ҳужжатга ярамайди” (Шайх Абдул Карим ибн Абдуллоҳ Хузайр, “Шарҳун нухба” 1/56).
[4] Абу Ҳайён Андалусий, “Ал-баҳрул муҳит” (6/2); Алоуддин Бағдодий, “Тафсирул Хозин” (4/134).
[5] «Ат-тамҳид лима фил муваттои минал маъоний вал асонид” (8/48).
[6] Бу кечани “Рағоиб кечаси” дейишади.
[7] “Таржиҳ” – маълумотлар ичидан кучли, вазни оғир, эҳтимоли кўп ва ҳақиқатга яқинини аниқлаш.
[8] Олусий тафсири, (23/46).
[9] “Ар-раҳиқул махтум”.
[10] “Тафсири Олусий”, (Алақ сураси тафсири).
[11] “Хотамун набиййин” (2/94), “Зуҳратут тафосир” (1/4322).
[12] Ибн Ҳажар Асқалоний, “Фатҳул Борий”, 7-жуз; Муҳаммад Саййид Тантовий, “Ат-тафсирул васит” (1/2590); Муҳаммад ибн Юсуф Солиҳий, “Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод” (3/65).
[13] Ҳофиз ибн Ражаб, “Латоифул маъориф”, (233).
[14] “Ан-нофеъул боъис”, 116.
[15] “Адоу ма важаб мин баёни вазъил ваззоъийна фи ражаб” (53-бет).
[16] “Ал-бидоя ван ниҳоя”, 3/107.
[17] Абу Бакр ибн Абу Шайба ривояти; Ибн Касир, “Ал-бидоя ван ниҳоя” (3/107).
[18] Олусий тафсири (10/357).
[19] “Тафсирун Насафий” (Исро сураси 1-оят тафсири).
[20] “Қуръони карим – ўзбекча изоҳли таржима”, Исро сураси 1-оят изоҳи.
[21] “Ас-сийратун набавия” (1/73).
[22] “Ас-сийратун набавия” (1/56).
[23] “Шарҳун нуқоя” (1/180).
[24] “Ас-сийратун набавия дурусун ва ъибарун” (1/461).
[25] “Аш-шифо би таърифи ҳуқуқил Мустафо” (1/180).
[26] “Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий”, “Меърож” боби.
[27] “Тафсирул Бағавий” (5/64).
[28] “Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий” (6/115).
[29] “Зикр аҳлидан сўранг”, 7-сон.

Абдул Азим ЗИЁУДДИН


  • 5770
Абдул Азим Зиёуддин

Абдул Азим Зиёуддин Мударрис, сийратшунос 21 May 2023


Дуо, башорат ва туш

img

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен бобом Иброҳимнинг дуосиман, Исо ибн Марямнинг башоратиман ва онамнинг тушиман”, деганлар.[1]
Пайғамбаримизнинг “Мен бобом Иброҳимнинг дуосиман” деганларидан мурод, Иброҳим алайҳиссалом Исмоил алайҳиссалом билан биргаликда Каъбани қурар эканлар, дуо қилганлар: “Эй Раббимиз, уларга ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китоб ва ҳикмат (Қуръон ва Ҳадис)ни ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбарни юбор! Албатта, Сен Ўзинг Азиз ва Ҳакимсан”[2].
Пайғамбаримизнинг “Исо ибн Марямнинг башоратиман” деганларидан мурод – “Исо ибн Марям: “Эй Исроил авлоди, албатта, мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) Пайғамбариман. (Мен) ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келадиган Аҳмад исмли Пайғамбар ҳақида башорат берувчиман”, деган эди”[3].

Пайғамбаримизнинг “онамнинг тушиман” деганлари эса: “Онам ўзларидан нур чиққанини кўрганлар ва бу нур туфайли Шом қасрлари ёришиб кетган”.
“Омина онамиз тушларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни туғаётганларида икки оёқлари орасидан бир нур чиқади ва унинг ёруғлигидан Шом ўлкасидаги қасрлар ёришиб кетади”.
Мазкур ривоятни Имом Бухорий “Ат-тарихул кабир” ва “Ат-тарихус сағир”да, Абу Довуд, Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Бакр Баззор, Абу Яъло Мувсилий ва Ибн Роҳавайҳлар ўзларининг “Муснад”ларида, Ибн Ҳиббон “Ас-сиқот”да, Доримий “Сунан”да, Табароний “Ал-муъжамул кабир”да, Байҳақий “Шуъабул иймон”, “Далоилун нубувваҳ”да, Абу Нуайм “Ал-ҳулия”да, Бағавий “Шарҳус сунна”да, Ибн Адий “Ал-комил”да, имом Табризий “Мишкотул масобиҳ”да, Ибн Саъд “Ат-табақотул кубро”да, Ибн Исҳоқ, Ибн Ҳишом ва Ибн Асокирлар “Ас-сийратун набавия” китобларида ҳамда Абдуллоҳ ибн Муборак ва Абу Бакр ибн Мардавайҳлар ривоят қилишган.
Ҳоким “Ал-мустадрак ъалас саҳиҳайн” китобида: “Имом Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир”, деган.
Имом Заҳабий “Ат-талхис”да ва Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул Борий”да: “Саҳиҳ”, дейишган.
Шуайб Арнаут “Муснади Аҳмад” ва “Саҳиҳи ибн Ҳиббон” тахрижида: “Саҳиҳун ли ғойриҳ”, дейди.
Ҳофиз Нуриддин Ҳайсамий “Мажмаъуз завоид”да ва Аҳмад ибн Абу Бакр Бусойрий “Итҳофул хияратил маҳара” китобида: “Исноди ҳасан”, дейишган.
Ҳофиз Зайниддин ибн Абдураҳмон ибн Аҳмад ибн Ражаб Димашқий[4]: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилаётганларида бу муборак нурнинг чиқиши инсониятни тўғри йўлга бошлаган ва ширк зулматини йўқ қилган ҳидоят нурига ишорадир”, деган[5].
Аллома Ибн Касир: “Бу муборак нур чиқиб, Шом диёридаги қасрларни ёритиб юборгани ислом динининг Шом диёрига ўрнашиб, мустаҳкам бўлишига ишора. Шунинг учун ҳам, охирзамонда Шом диёри ислом дини ва мусулмонлар учун мустаҳкам қалъага айланади. Исо алайҳиссалом Шом диёрига, аниқроғи Дамашқнинг шарқий оқ минораси жойлашган ерга тушадилар”, деган.[6]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу даврида биринчи бўлиб Шом ўлкаси сулҳ ила фатҳ қилинган.

[1] Ҳоким “Ал-мустадрак ъалас саҳиҳайн”да ривоят қилган, имом Заҳабий “саҳиҳ” деган.
[2] Бақара сураси 129-оят.
[3] Сафф сураси, 6-оят.
[4] Ҳижрий 736 йил туғилиб, 795 йил вафот этган.
[5] “Латоифул маъориф”.
[6] Бақара сураси 129-оят тафсири.

Абдул Азим ЗИЁУДДИН


  • 2924
Абдул Азим Зиёуддин

Абдул Азим Зиёуддин Мударрис, сийратшунос 21 May 2023


Арабистон ярим ороли

img

Ислом динининг бешиги бўлган Арабистон ярим ороли арабларнинг илк ватанидир. “Араб” калимасининг луғавий маъноси чўллар, саҳролар, гиёҳ унмайдиган сувсиз, қурғоқ ерлар деганидир. Бу калима қадим замонлардан бери Арабистон ярим оролига нисбатан ишлатилган бўлиб, кейинчалик шу ерда яшаган ва уни ўзлари учун ватан қилиб олган халққа ҳам худди шу ном берилган. Осиё қитъасининг жануби-ғарбида жойлашган бу замин ғарбдан Қизил денгиз ва Синай ярим ороли билан, шарқдан Форс ва Уммон кўрфазлари, жанубдан Араб денгизи ва Адан кўрфази билан, шимолдан Ироқнинг катта қисми ва Шом дашти билан чегараланган.

Жўғрофия олимлари Арабистон ярим оролини табиий жойлашишига қараб, беш қисмга бўлганлар:
1) Тиҳома (التهامة): Қизил денгиз соҳилларига ёндош (параллел) ҳолда жойлашган узун пасттекислик бўлиб, шимолда Янбуъ шаҳридан то жанубда Нажронгачадир. Бу минтақада иссиқ қаттиқ бўлиб, шамол эсмагани учун “Тиҳома” деб номланган. Тиҳома “жазирама иссиқ” маъносидаги (تهم) сўзидан олинган.
2) Саро тоғ тизмаси (سلسلة جبال السراة): Қизил денгиз соҳилларига ёндош (параллел) баландликлар бўлиб, Тиҳома пасттекислигининг шарқий тарафида жойлашган. Шимолда Ақаба кўрфазидан то жанубда Ямангача чўзилган Арабистон ярим оролининг умуртқасини ташкил қилувчи бу тизма ярим оролни иккига – ғарбий ва шарқий қисмларга бўлиб туради. Тизманинг шимолий қисми Мадян тоғлари, жанубий қисми Асир тоғлари, ўртаси эса Ҳижоз деб номланади. Ҳижозда Макка, Мадина, Жидда, Тоиф, Табук каби шаҳарлар бор. Бу ҳудуд Тиҳома пасттекисликлари билан Нажд тепалиги орасини тўсиб-ажратиб тургани учун Ҳижоз (баланд девор, тўсиқ) номини олган.
3) Нажд тепалиги (هضبة نجد): Нажд ўлкаси Арабистон ярим оролининг ўртасидаги баланд ерлардир. Шунинг учун бу ерга баланд ясситоғлик маъносидаги “Нажд” номи берилган. Жанубда Ямангача, шимолда Ироққача, шарқда эса Аруз минтақасигача бўлган катта ҳудуддир.
4) Яман (اليمن): Арабистон ярим оролининг жануби-ғарбий бурчагида жойлашган тоғли минтақа. Шарқда Ҳазрамавт, Маҳра ва Уммон билан боғланади. Арабистон ярим оролидаги энг баланд тоғлар айнан Яманда жойлашган бўлиб, Санъо шаҳрининг жануби-ғарбида 3750 метрга етадиган чўққилари бор.
5) Аруз (العروض): Бу ҳудуд Ямома, Уммон ва Баҳрайн давлатларини ўз ичига олади.
Саратон доираси экваторнинг шимолий тарафида Арабистон ярим оролини 23,5 даражада кесиб ўтгани туфайли, бу ерда иссиқ қаттиқ бўлади, айниқса, ёз фаслида.
Ҳозир Арабистон ярим оролида еттита давлат мавжуд. Уларни майдонининг катта-кичиклиги эътиборига кўра қуйидаги тартибда баён қиламиз:

1) Саудия Арабистони. Майдони: 2,248,000км2.
2) Яман жумҳурияти. Майдони: 472,099км2.
3) Уммон султонлиги. Майдони: 306,000км2.
4) Бирлашган араб амирликлари. Майдони: 83,000км2.
5) Қувайт. Майдони: 17,818км2.
6) Қатар. Майдони: 11,437км2.
7) Баҳрайн. Майдони: 694км2.
Арабистон ярим оролининг умумий майдони: 3,139,048км2.

Абдул Азим ЗИЁУДДИН


  • 1346
Одинахон Муҳаммад Юсуф

Одинахон Муҳаммад Юсуф Олима 07 Fev 2023


Суннатга мувофиқ зийнатланиш

img

Ўзининг азиз китобида бандаларига: «Эй, Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатларингизни олинг», деб хитоб қилган Аллоҳ азза ва жаллага битмас туганмас ҳамду санолар бўлсин.
«Қачонки, Аллоҳ сенга молу дунё берар экан, Аллоҳнинг сенга берган неъматининг ва икромининг асари кўринсин!» деб марҳамат қилган Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловату дурудлар бўлсин.
Биз мусулмонлар ҳар бир ишда Аллоҳнинг амрига итоат қилиш учун аввало Қуръони Каримга назар соламиз, сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишга интиламиз. Зийнат бобида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мурожаат қиладиган бўлсак, бир қанча нарсаларни топамиз.

Шундан биринчиси ва энг муҳим бўлгани - покликдир. Шаръий, айниқса, фиқҳий китобларда зийнат ҳақида гап кетадиган бўлса, одатда покликдан бошланади. Бунинг ажабланадиган ери йўқ, зийнатнинг асли покликдир, поклик бўлмаса, ҳар қанча устига безанилса ҳам фойдаси йўқ. Маданият чўққисига чиққанликни даъво қилаётган ҳозирги баъзи халқларнинг ҳаёлига ювиниш келмаган, ҳаммом нималигини тасаввур қила олмаган бир даврда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига поклик бобида ҳам гўзал намуна кўрсатдилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Албатта Аллоҳ кўп тавба қилувчи ва покланувчиларни севади», дейди. Эътибор берсак, покланувчилар дейиляпти, поклар эмас. Бундан покланишга интилувчи ва ҳаракат қилиб шунга эришувчилар назарда тутилгани аён бўлади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ўн нарса фитратдандир: мўйлабни қайчилаш, соқолни ўстириш, мисвок, бурунга сув олиб тозалаш, тирноқларни қисқартиш, баданнинг букиладиган жойларини яхшилаб ювиш, қўлтиқни юлиш, қовуқни қириш, сув ила истинжо қилиш, Мисъаб: «Ўнинчисини унутдим, менимча, оғизни сув билан тозалаш бўлса керак, деди».
Диний китобларни мутолаа қилар эканмиз, қизини эрга бераётган она қизига насиҳат қилар экан, зийнатланиш воситаларининг энг афзали сув эканлигини уқтираётганини биламиз, бу билан она қизига доимо озода юриш керак эканлигини тайинлайди. Шунингдек, биз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳушбўйликни севганларини, унга доим тарғиб қилганларини, ўзлари ҳам доим уни ишлатганларини ва У зотнинг ўзлари ўта ҳушбўй бўлганларини биламиз. Бу ҳақида ривоятлар жуда кўпдир.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши хушбўй нарсани қайтармас эди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳушбўй нарсани қайтармас эдилар, деган даъвони қилар эди».
Бешовлари ривоят қилган бошқа бир ривоятда: «Кимга ҳушбўй нарса тақдим қилинса рад қилмасин, чунки унинг ҳиди ҳушбўйдир ва вазни енгилдир» дейилган. 
Термизийнинг ривоятида: «Уч нарса қайтарилмас: болишлар, ҳушбўй нарса ва сут», дейилган. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари билан танишар эканмиз, сочларини парвариш қилганлари, баъзида ҳинно билан бўяганлари, уни мойлаганларини ҳамда сочни парвариш қилишга буюрганларини билиб оламиз. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг сочи бўлса, уни икром қилсин», дейдилар, яъни парвариш қилиб яхши қарасин, деганларидир. Яна У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни сурма қўйишлари ҳам ворид бўлган. 
Ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сурмадонлари бор эди, У зот ундан ухлашдан олдин ҳар бир кўзларига уч мартадан сурма сурар эдилар».
Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга ҳам зийнат ҳақида кўп таълимотлар берганлар, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайздан покланиб ғусл қилишда, аёлларга сув ила сидр ишлатишни, мискланган пахталарни ишлатишни тавсия қилганлар. Сочларига беэътибор бўлмасдан, вақти вақти билан уларни парваришлаб, мойлашни, ҳиннолаш кераклигини ўқиттирганлар. Аёл кишини кўзида сурмасиз, қўлида ҳинносиз кўришни ёқтирмасликларини ҳам айтганлар. 
Ҳар бир мусулмон ва муслима ибодат учун зийнатланиш зарурлигини Аллоҳ азза ва жалланинг «Эй, Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатларингизни олинг» деган ҳитобига итоат этган ҳолда, эркаклар зийнатланишга кўпчилик билан жам бўлишда, жамоат ерларида ҳамманинг ўнгида ҳайъатлари гўзал бўлиб, кўпчиликка танглик келтирмаслик мақсадида урғу беришни доимо ёдда тутиши лозим, шунинг учун биз аёллар доимо эркакларга уйдан чиқишларида Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зийнатланишларида ёрдам берганларидек, эркакларимизга ёрдамлашиб, зийнатланишни унутиб қўймасликлари пайидан бўлиб туришимиз керак, лекин биз, аёлларнинг зийнати асосан эрлари учун бўлишини унутмаслигимиз лозим ва соллаллоҳу таоло ъала саййидина Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн.

Одинахон Муҳаммад Юсуф


  • 2931
Одинахон Муҳаммад Юсуф

Одинахон Муҳаммад Юсуф Олима 06 Fev 2023


Сийрат хотираларидан

img

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни инсоният учун энг гўзал ўрнак қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Башарият ичра энг буюк сийрат соҳиби бўлган Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ёдга олмаган кунимиз йўқ. Мавлид ойи эса биз уммат учун улуғ бир байрам ойидир.

Аллоҳ таолога беҳад шукрлар бўлсинким, мавлид ойида турар эканмиз, ҳар куни у зоти бобарокатга сонсиз саноқсиз салавоту саломлар юборилаётгани, ишқу муҳаббат изҳор қилинаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Айниқса, қардошларимизнинг Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини, буюк ҳаёт йўлларини ўқиб ўрганишга, қайта ёдга олишга бўлган шавқу завқлари ҳар қандай мусулмонни хурсанд қилади. Бу ҳолатни кўрар эканман, ҳаётимдаги энг ёрқин хотираларим беихтиёр ёдимга тушди. Бу хотиралар қалбимга муҳрланиб қолган сийрат дарслари эди.

Олтин давр ‒ талабалик йиллари. Милодий 1996-1997 йиллар. Ватандан йироқда, Юртдан фироқда яшаган йилларим. Либия. «Исломий даъват» куллияси биринчи курси. Дунёнинг ҳар тарафидан йиғилган талабалар, турли миллат вакиллари. Одатда ўқиш йилининг боши талабалар учун қийин кечади: янги фанлар, янги китоблар, талабалар учун ҳали таниш бўлмаган устозлар.

Биринчи курс фанлари ичида тарих ҳам бор. Тарихдан сийрат ва умавийлар давлати тарихи дарслик қилиб белгиланган. Дарслар бошланди. Тарих фанидан тайинланган устозимиз хонага кириб келдилар. Ўрта ёшдаги, оддий, жайдари бир инсон. Дарс бошланди…

Устоз овози жарангдор, соф араб тилида гапирадиган, нутқи чиройли, фасоҳатли киши эди. Дарснинг асосий қисми устознинг маърузалари билан ўтар эди. Дарс жоҳилият даври тарихидан бошланиб, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига ўтди. Бир тарафдан беназир сийрат жозибаси, иккинчи тарафдан устознинг маҳоратли нутқи барча талабаларни дарсга жалб қилар, ҳаммамиз дарсни жон қулоқ бўлиб тинглар эдик.

Барчанинг кўзу қулоғи устозда, у ёқ бу ёққа аланглаш ҳам, дарсдан ташқари бирор нимани хаёл қилиш ҳам йўқ. Ўзим араб тилини ҳали яхши ўзлаштирмаганим сабабли, дарсларни яхши тушуна олмасмикинман, деган хавфда юрар эдим. Не ажабки, барча сўз, ҳамма фикр мен учун тўла тушунарли бўлди, мутлақо қийинчилик бўлмади, субҳоналлоҳ. Гаплар нафақат тингланар, балки, баъзи иборалар бутунича сўзма сўз ёд бўлиб қолар эди.

Илгарги араблар оятларни, ҳадис ва шеърларни бир мартада ёд олишар эди, деган гапга ҳайрон бўлар эдим. Лекин инсон ўзи муштоқ бўлиб турган, диққат билан тинглаган гапларини вужудига дарҳол сингдириши мумкинлигига амин бўлдим. Устоз шундай гапирар эдики, гапларига қулоқ солар эканман, мен ўша даврда яшай бошладим. Ҳар бир воқеа кўз ўнгимда гавдаланар эди.

Суҳбатга берилиб кетганимдан бора бора «устоз ўша даврдаги одамларга ўхшаса керак», «ўша даврдаги одамлар, саҳобалар шу устоз сингари кишилар бўлган бўлса керак», деган ўй фикрлар ҳам келди. Бир куни устозимиз оёқларидаги ажабтовур ковушни кўриб, ўша даврдаги кавушлар ҳам шунақа бўлган бўлса керак, деб ўйлабман.

Хуллас, талабалар учун энг севимли дарс, сийрат дарси бўлиб қолди. Бу дарсда ҳамма қатнашар, талабалар бирорта ҳам қолмай келишар эди. Бебошроқ талабалар ҳам инсофга келиб, дарсга ошиқадиган, шўхроқ ёшлар ҳам бу дамни интизорлик билан кутадиган бўлиб қолган эди. Дарсда нафақат жисмларимиз, балки қалбу онгимиз, бутун борлиғимиз билан қатнашар эдик.

Шундай қилиб, Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларини илмий асосда ўргана бошладик. Ҳар бир воқеани, ҳар бир тарихий лавҳани ҳаёжон ила қабул қилиб олдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари, болаликлари, етим қолишлари, ўсиб, улғайишлари, рисолатнинг бошланиши, даъват машаққатлари...

Аянчли ҳолатлар зикр қилинганида, беҳосдан оҳу нола товушлари эшитилар, айримлар чидамасдан кофир ва мунофиқларни дуоибад қилиб юборар эди. Муваффақият дамлари зикр қилинганида, такбир айтиб юборилар эди. Салавотнинг кети узилмас, тингловчилар ич ичларидан «Аллоҳ, Аллоҳ» деб юборишар эди. Бир неча марта йиғи овозлари ҳам келган. Ишонаверинг, агар ўша суҳбат ўрнига Пайғамбаримиз ҳақларида бирор бир филм қўйилганида ҳам, шунчалик таъсирли бўлмас эди. Зотан ҳар кимнинг ўзига хос тасаввури, шуури бўлади, бундан ҳар бир қалбда алоҳида тасвир акс этади. 

Айниқса, Муъта жанги ҳодисаси ҳикоя қилинганида ҳеч ким ўзини тутиб тура олмади: Мусулмонларнинг амири Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан берилган байроқни баланд кўтарган ҳолида душманга қарши баҳодирона жанг қилдилар. Жанг давомида у киши шаҳид бўлдилар. Кейин байроқни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилганларидек, Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу олдилар.

Жаъфар розияллоҳу анҳунинг отлари йиқилиб тушган эди, отни сўйиб юбориб, пиёда юриб жанг қилдилар. Ўнг қўллари кесилди. Байроқни чап қўллари билан кўтардилар. Чап қўлларини ҳам кесиб ташлашди, шунда у киши байроқни икки кесилган қўлнинг қолган қисми билан кўтардилар. Охири шаҳид бўлдилар. Ўшанда Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўттиз уч ёшда эдилар.

Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тайинлаганларидек, байроқни Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу олиб, олға ташланди. Сўнгра Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу ҳам шаҳидлар сафига қўшилдилар. Ниҳоят, Холид ибн Валид байроқдорлигида Аллоҳ мусулмонларга нусратни ато этди.

Дарсдан ҳамма ҳис-туйғуга берилган, вужудлар гўё эриган ҳолда чиқар эди. Сийрат мавзусидаги суҳбатлар дарсдан кейин ҳам давом этар эди. Биз учун энг оғир дарс Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари ҳақидаги дарс бўлди.

Масалан, бир манзара: Жумла олам сарвари, охирги илоҳий Китобни Роббул оламиндан қабул қилиб, умматга омонат билан етказган, ўша мўъжиз Китобни ўз ҳаётларида тадбиқ қилиб кўрсатган зот омонатни адо этиб, рисолатни етказиб бўлган эканлар, вазифалари тамомига етиб, охират сафари вақти келди.

Вужудларини беморлик эгаллаган, кичик бир ҳужрада сокин ётар эдилар. У зоти бобаракотнинг муборак юзларини кўрган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу чидаб тура олмай, йиғлаб юбордилар. Энгашиб, пешоналаридан, юзларидан бўса олдилар. «Отам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули!» дедилар. 

Бошқа имтиҳонларда қўрқув ва ҳаяжонга тўладиган қалблар сийрат имтиҳонига келганда муҳаббатга тўлган эди. Имтиҳон топширар эканмиз, эҳтирослар жумбушга келиб, қаламлар жавлон урарди.

Мен учун ўз Расулимни ҳақиқий таниш айнан ўша дарсларда бўлган эди. Бундан аввал Саудия Арабистонида яшаганимда ҳам бу илмга, у зотни ҳақиқий танишга мушарраф бўлмаган эканман. 

2000 йил ўқишни битириб, шаҳодат олган бўлсам, Аллоҳнинг марҳамати ила 2001 йил падарибузукворим билан ҳаж ибодатини амалга ошириш насиб этди. Биз ўша йили ҳаж мавсумида Робитатул аламил исламиянинг меҳмонлари бўлдик. Меҳмонлар оддий одамлар эмасди, улар турли юртлардан келган йирик уламолар эди. Бу сафар мен ушбу муборак диёрга қадам қўяр эканман, унга умуман бошқа назар ила қарадим. 

Гарчи илгарироқ бу ерларда бир йилдан ортиқ истиқомат қилган бўлсам ҳам, ёшлигим ва илмсизлигим туфайли ушбу азиз диёрнинг қадрини тушунмаган эканман. Мени таҳсилни тугатишим билан бу ерларга йўллаб, Ўзининг энг улуғ ибодатига муяссар қилиб қўйиши Аллоҳнинг менга чексиз лутфи карами бўлган эди. Яна кимлар ҳамроҳлигида? Дунёнинг ҳар четидан келган улуғ уламолар ҳамроҳлигида. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Маккада юрар эканман, Расулуллоҳни эслашим билан, сийрат дарсларимиз, сийрат устози ёдга тушар эди. Мана, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилиб ўсган диёр, кўчаларида даъват қилиб кезган юртлари, ҳижрат қилганларидан кейин, қалблари муштоқ бўлиб соғинган ватанлари. Мана, дастлаб Қуръон оятлари инган жойлар. Бу юрт Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламнинг зафар қучиб, фатҳ қилган юртлари. Қулоқларим тагида устозимизнинг овозлари жаранглай бошлади: «Ким Абу Суфённинг ҳовлисига кирса, у омонликдадир...»

Катта бир автоуловда Мадинага қараб борар эканмиз, уламолар тинмай оят, ҳадислар айтишар, сийратдан гапиришар эди. Хурмозорлар кўринди. «Тушимда Маккадан хурмоли ерга ҳижрат қилганимни кўрдим. Хаёлим Ямома ёки Ҳажарга кетди. Қарасам, у Ясриб шаҳри экан»

Мадинаи Мунавварага келганимиздан кейин, зиёрат қилиб юрар эканмиз, хотирамга сийратдаги гаплар келаверди. Мана Қубо… «Албатта биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақлироқдир».

Қиблатайн... «Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратурмиз».

Уҳуд... «Дучор бўлмасингиздан олдин ўлимни орзу қилган эдингиз. Энди уни кўриб, назар солиб турибсиз».

Шаҳидларнинг саййиди Ҳамза розияллоҳу анҳунинг ҳалок бўлган ерлари. Ўз қавмининг энг бойи ва эркаси бўлган Мусъаб ибн Умайр Уҳуд жангидан кейин дафн қилинар экан, жасадини ёпишга етарли кафан топилмаган эди. 

Автоуловда ўтирар эканмиз, ёдимга келган оят, ҳадис, ва сийратдаги матнлар бехосдан тилимга келаверар эди, қиблагоҳим ёнимда: «Тўғри, тўғри», дея тасдиқлаб қўяр эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак равзалари қаршисида турар эканман, забоним сўзлаган илк нидо «Ё Расулуллоҳ, нақадар поксиз!» бўлди. «Ё Аллоҳ, мендек фақир бандангни кечир! Ё Расулуллоҳ, мендек ҳақир умматингизни кечиринг!»

Аллоҳ менга битган мусофирлик нима эканини тушунмаган эканман. Сиздан суннат бўлиб қолган сафар менга ҳам насиб қилганини билмаган эканман.

Аллоҳим, не бахтки, мени мусулмонлардан қилдинг! Не саодатки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан этдинг! Башарият Саййидининг ҳаётини ўрганишга муваффақ қилганинг учун Сенга беҳад беҳад ҳамдлар бўлсин! У зот қадам босган диёрларни зиёрат қилишни насиб қилганинг учун ҳисобсиз шукрлар бўлсин! 

Аллоҳим! Сендан яна бир ўтинчим шуки, шариат илмларини олишимга, хоссатан, Пайғамбарим соллаллоҳу алайҳи васалламни танишимга, у кишининг суннатлари, ҳаётларини ўрганишимда, у зотга қилиниши лозим бўлган иқтидо, итоат ва муҳаббатнинг чин маъносини англаб етишимда сабабчи бўлган, бугунга келиб мусийбатга учраб турган азиз диёрни ҳам омон қилгин. 

Биз учун қадрли ва қадрдон бўлган бу юртни, уч йилдан буён пораканда қилинаётган диёрни Ўз қудратинг ва марҳаматинг билан тинчликка, кенгчиликка қайтаргин. Сенинг йўлингда саъй ҳаракат қилган, йиллар давомида Шайх Ҳазратлари каби қанчадан қанча аҳли илмларга таълим берган азизларимиз ва устозларимиздан ўтиб кетганларини ўз раҳматингга олгин! Ҳаётда қолганларини ўзинг саломат сақла! Мусибатларини аритгин, мушкулларига кушойиш бергин.

Ё Роббим, Ўзинг ҳар ишга Қодир Зотсан!

8 Рабиул аввал, 1435/10 январ, 2014

Одинахон Муҳаммад Юсуф


  • 2835
Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов

Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов Имом, воиз 23 Iyun 2022


Расулуллоҳнинг бизга ибрат сифатлари

img

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рабиул аввал ойининг ўн иккинчиси, душанба куни таваллуд топдилар. Оталарининг исми Абдуллоҳ, оналарининг исми Омина бўлиб, улар Расулуллоҳнинг ёшлик вақтларида вафот этишган, боболари Абдулмутталлиб, кейинчалик амакилари Абу Толиб тарбиясида камолга етдилар.

Расулуллоҳ туғилган вақтларида бир қанча ғайри-оддий ишлар рўй берган. Каъбадаги бутсанамлар йиқилган, Эрон шоҳи Хусравнинг саройи тебраниб, бутлар йиқилиб ерга тушиб синган. Оташпарастларнинг минг йилдан бери ёниб турган ўтлари ўчди, Сова кўли тошиб, ўша мамлакатда сув тошқини бўлган. Бу аломатлар ислом динининг келишидан ер юзидаги гумроҳ халқларни огоҳ қилмоқ учун Ҳақ таоло юборган мўъжизалар эди аслида.
Тангри таолонинг амри билан, барча буюк  пайғамбарларнинг энг олий сифатлари, яъни – Одам Атонинг яхши хулқ-атвори, Шиснинг илму дониши, Нуҳнинг жасорати, Иброҳимнинг шафқати, Исмоилнинг фасоҳати, Исҳоқнинг камтарлиги, Мутнинг фаросати, Яъқубнинг топ- қирлиги ва эпчиллиги, Юсуфнинг ҳусн-жамоли, Мусонинг салобати ва сабот-матонати, Юнуснинг ҳалимлиги, Ишаъйё- нинг устуворлиги, Довуднинг хайрихоҳлиги, Дониёлнинг меҳри ва қалби, Илёснинг олижаноблиги, Яҳёнинг  мусаффолиги, Ийсонинг тақводорлиги бу буюк зотда мужассам бўлган.
Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ҳеч кимга бермаган бу дунё ва охиратнинг камолотларини ато этган. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлик пайтларидан гўзал одоб-ахлоқда вояга етдилар. У зотнинг энг чиройли илоҳий одоб-ахлоқда тарбия топганлари ҳақида Аллоҳ таолонинг Ўзи хабар бериб бундай дейди: 
“Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз”!
Дарҳақиқат, олий ва гўзал хулқда бўлиш барча пайғамбарларга ва шу жумладан, охирги замон пайғамбари Ҳазрати Расули акрамга берилган илоҳий неъматлардан бўлиб ҳисобланади.
Ҳадиси шарифда ҳам қуйидагича ворид бўлган:
“Мени Парвардигорим тарбия қилди ва тарбиямни мукаммал этиб гўзал қилди”.
Дарҳақиқат, буюк зот бўлган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у зотни чин дилдан севиш, таълимотларига амал қилиб, дунё ва охират саодатини топиш йўлида ҳаракат қилишимиз, қиёмат кунида шафоатларидан умидвор бўлишимиз лозимлигини қуйидаги ояти карима таъкидлайди: 
“Айтинг (эй,  Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. Айтинг: Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этингиз! Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас”.
Демак, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни чин дилдан севиш, у зотга ҳақиқий уммат бўлишга ҳаракат қилиш Аллоҳ таоло муҳаббатига, гуноҳларни мағфират қилишига олиб келар экан. Чунки, у зоти шариф барчага баробар охирги замон пайғамбари қилиб юборилгандирлар. Зеро, Ҳақ таборака ва таоло Ўзининг иродаси ва қудрати билан Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги элчиси этиб бутун инсониятга, барча оламларга раҳмат Пайғамбари қилиб юборганини баён қилиб, бундай дейди:
“(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”
Имом Насоий, Аҳмад, Байҳақийлар Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда: “ Саҳобайи киромлар Расулуллоҳдан душанба кунида  рўза тутиш ҳақида сўраганларида Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар:
“Шу кунда мен таваллуд топдим, шу кунда менга пайғамбарлик юборилди ёки шу кунда менга ваҳий нозил бўлди”. 
Инсондаги улуғлик ва камолот фазилатлари икки турлидир: биринчиси, дунёвий хислати, зарурия бўлиб, у инсон табиати ва яшаш эҳтиёжидан келиб чиқади, иккинчиси, диний хислати қасбия бўлиб, бу сифатга эришганлар мақтовга сазовор ва Аллоҳга яқинлашганлар жумласига киради. Дунёвий хислати зарурия касбий бўлмайди, у инсоннинг ихтиёрига боғлиқ ҳам эмас. Масалан: пайғамбар алайҳиссаломнинг яратилишларидаги табиий камолотлари, ҳусндаги гўзалликлари, ақлий заковатлари, идрокларининг юксаклиги, тилларининг фасоҳатлилиги, ҳис-туйғу ва баданларининг кучлилиги, ҳаракатларининг мўътадиллиги, насабларининг тозалиги, қавмлари ва юртларининг мўътабарлиги каби хислатлар бўлиб, яшаш зарурати тақозо этадиган овқат, уйқу, кийим-кечак, турар-жой, мол-мулк ва обрў-эътибор кабилар шу жумлага мансубдир; дин, илм, мулойимлик, сабр, шукр, адолат, ҳаққонийлик, таъмадан йироқлик, камтарлик, кечиримлилик, иффат, сахийлик, шижоат, ҳаё, одамгарчилик, камгаплик, тамкинлик, оғир-босиқлик, меҳр-шафқат, ҳуснихулқ, яхши муомала каби юксак ахлоқ-одобнинг барчаси охиратга мансуб хислати касбия саналиб, булар гўзал ахлоқ деб аталади. Инсонда мавжуд табиий йўсиндаги ғайрикасбий камолот хусусиятларининг барчаси пайғамбар алайҳиссаломнинг вужудларида мавжуд эди.
Мустақил ва азиз юртимиз тараққиёти ва ободлиги, халқимизнинг тинч ва осойишталиги йўлида баракали меҳнат қилишимизда, барча оилалар мустаҳкам ва фаровон бўлишида, севимли фарзандларимиз ҳар томонлама баркамол тарбия топишларида Жаноби Пайғамбаримизнинг йўл-йўриқлари, гўзал одоб-ахлоқлари  ва сийрати шарифалари ҳамиша илҳом бериши ва руҳлантириб туриши керак. 
Пайғамбар алайҳиссаломнинг ранг рўйлари бениҳоя чиройли, гавда тузилиши ва аъзоларининг мутаносиблиги ривоятларда бундай тасвирланади: Пайғамбар алайҳиссаломнинг юзлари оппоқ, нуроний, кўзлари катта, қорачиғлари тимқора, оқи қизғишга мойил, киприклари қуюқ, қошлари узун, ингичка, қирра бурунларининг учи хиёл эгилган, тишлари гуруч донасидек оппоқ, ораси очиқроқ, пешоналари кенг, юзлари думалоқ, соқоллари қуюқ, кўкраклари кенг, гавдали, билаклари узун, кафтлари, оёқларининг товони кенг, ўрта бўй, миқтидан келган, жундор одам эдилар; кўкракларида пастга қараб ўсган майин ёллари бор эди, кулганларида тишлари худди марварид доналаридек ярқираб кетарди, гапирганларида шулаланиб, оғизларидан нур таралаётгандек бўларди, бўйинлари ҳам гавдаларига ғоят мос эди. 
Баро ибн Озиб: "Умримда қора сочлари қулоқларини босиб тушган, қизил тўнли пайғамбар алайҳиссаломдан келишганроқ одамни кўрган эмасман", дейди. 
Абу Ҳурайра: "Мен расулуллоҳдан кўра чиройли одамни кўрмаганман. Қуёш худди у кишининг юзидан балқигандек туюларди, кулганида юзидан нур ёғилиб, шуласи деворларга тушарди", деб эслайди. Ибн Абу Ҳоланинг ҳадисида: "Пайғамбар алайҳиссаломнинг юзи худди ўн тўрт кунлик ойдек нурланиб турарди", дейилган. Ҳазрати Али расулуллоҳ ҳақида гапириб: "Пайғамбар алайҳиссаломдастлаб кўрган одамга важоҳатли туюларди, яқиндан билгандан кейин эса энг суюкли кишисига айланиб қоларди. Мен расулуллоҳдек одамни аввал ҳам, кейин ҳам кўрмадим", дейди.
Пайғамбар алайҳиссалом тозаликда, хушбўйликда, ифлослик ва нажосатдан йироқликда алоҳида хусусиятларга эга эдиларки, бундай фазилатлар у зоти муборакдан бошқа кишида топилмасди. Аллоҳ таоло расулуллоҳни шариатининг покизалиги билан янада юксак камолотга эриштирди. 
Пайғамбар алайҳиссалом: "Ислом дини покизалик асосига қурилган", дея марҳамат қилганлар. Анас: "Пайғамбар алаиҳиссаломдаги хушбўй ҳид мен ҳидлаб кўрган анбарларнинг, ифорнинг ва бошқа мушку анбарларнинг атридан ёқимлироқ эди", деган. Жобир эса "Пайғамбар алайҳиссаломюзимни силаб қўйган эди, у кишининг қўлидан худди аттор (атр сотувчи)нинг қутисидан таралгандек димоғимга гуп этиб хушбўй ис урилди", дейди. Кўпларнинг таъкидлашича, сарвари олам хушбўй нарсаларни истеъмол қилсалар ҳам, қилмасалар ҳам у киши билан кўришган одамнинг қўлидан кечгача ёқимли ҳид келиб тураркан. Агар расулуллоҳ, бирон боланинг бошини силаб қўйсалар, кечгача ўртоқлари унинг ёнидан кетолмай қолишаркан. 
Имом Бухорий катта тарихида Жобирдан ривоят қилишича, мушк-анбар уфуриб турган кўчадан юрган одам бу ердан шубҳасиз расулуллоҳ ўтганларини билар экан.
Пайғамбар алайҳиссалом ақлда комилликлари, зеҳнлари ўткирлиги, ҳиссиётларининг кучлилиги, тилларининг бийронлиги, ҳаракатларининг чаққонлиги, аҳлоқларининг гўзаллигига қараганда у зоти муборакни ҳеч шубҳасиз энг ақлли ва энг ҳушёр инсон деб эътироф этиш керак. Сарвари олам илгари ўқиб, хат-савод чиқармаган, махсус сабоқ олмаган, дунёвий ва диний китобларни кўрмаган, бўлишларига қарамай одамларга жуда кўп илмларни ўргатдилар, шариатни барпо этдилар, одамларнинг шахсий ва жамоат ишларини бошқаришлари, халққа қўллаган сиёсатлари, бетакрор хулқ-атворлари ва ажойиб турмуш тарзлари у киши ақл-заковатда комил, идроклари теран зот эканликларини исботлаб турибди. Пайғамбар алайҳиссаломнамоз ўқиётганларида орқадаги нарсаларни ҳам худди олдиларидагидек аниқ-тиниқ кўрардилар. 
Пайғамбар алайҳиссаломнинг тили бениҳоя фасоҳатли ва чуқур маъноли эди. Гаплари сунъийликдан холи, равон, жумлалари лўнда, қисқа, тушунарли, фикри аниқ, мазмунли, такаллуфсиз ва чуқур маъноли эди. У киши араб тилининг лаҳжаларини, ҳикматли сўзларини кўп билардилар..
Ҳақ таоло барчамизни икки олам сарвари Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чин уммат бўлишга муяссар этиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин!

 Муаллиф Раҳматуллоҳ қори


  • 5158
Абдул Азим Зиёуддин

Абдул Азим Зиёуддин Мударрис, сийратшунос 23 Iyun 2022


Ал фақру фахрий

img

Савол: “Халқ орасида тарқалган “Ал фақру фахрий” яъни, фақирлик менинг фахримдир, деган гап ҳадисми ёки йўқми?
Жавоб: Мазкур ривоятнинг тўлиқ матни “Ал фақру фахрий ва биҳи афтахиру”дир. Яъни, фақирлик (камбағаллик, қашшоқлик) менинг фахримдир ва мен у билан фахрланаман”. 
Муҳаққиқ олим Мулла Али Қори Ҳанафий ўзларининг “Мирқотул мафотийҳ шарҳу Мишкотил масобийҳ” номли машҳур асарларида (14-жуз, 356-бет) шундай деганлар: “Ал фақру фахрий ва биҳи афтахиру” ривояти Пайғамбаримиз номларидан айтилган. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний ва бошқа олимлар айтганларидек, бу ривоятнинг исноди “мавзуъ” (сохта, тўқима) ва “ботил”дир”. Мазкур китобнинг 15-жузи, 150-бетида: “Ҳофиз Асқалоний ва бошқа ҳофизлик даражасига етган олимлар очиқ-ойдин (равшан, аниқ) баён қилганларидек, бу ривоятнинг асли-асоси йўқ, ботилдир”, дейилган.

Муҳаққиқ муфассир Олусий “Руҳул маъоний” тафсирида (7-жуз, 267-бет): “Ал фақру фахрий” хабари асли-асоси йўқ, кизб (ёлғон)дир”, деган. Мазкур тафсирнинг 20-жузи, 422-бетида: “Халқ орасида тарқалган бу ривоятнинг асли-асоси йўқ”, дейилган. Мазкур тафсирнинг яна 23-жузи, 13-бетида: “Халқ орасида тарқалган “Ал фақру фахрий” ривояти Ибн Ҳажар Асқалоний айтганидек, исноди “мавзуъ” (сохта, тўқима), “ботил”дир”, дейилган.
Шайх Бакр Абу Зайд “Мўъжамул маноҳил лафзийя” китобида (21-жуз, 21-бет): “Халқ орасида тарқалаётган “Ал фақру фахрий ва биҳи афтахиру” лафзини Ҳофиз Ироқий  ва Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийлар: “Исноди “мавзуъ” (сохта, тўқима), “ботил”дир”, дейишган”, дейди.
“Ат талхийсул ҳабийр фий тахрийжи аҳодийсир Рофеъиййил-кабийр” китобида (4-жуз, 156-бет): “Имом Санъоний мазкур ҳадиснинг “мавзуъ” (сохта, тўқима) эканига жазм қилган яъни, аниқ ишонч ҳосил қилган”, дейилади.
“Тафсири Нисобурий” муаллифи (7-жуз, 151-бет): “Агар бу ривоят саҳиҳ бўлганида эди, бу “фақирлик” бошқа маънодадир, масалан: “Аллоҳ таолога бўлган муҳтожлик” деб, таъвил қилган бўлар эдик”, деганлар.
Мазкур ривоятнинг исноди “мавзуъ” бўлиши билан бир қаторда яна “ботил” дейилишининг сабаби, бу ривоят мазмун жиҳатидан қуйидаги саҳиҳ ҳадисга зиддир. Абу Бакра (ра) айтадилар: “Пайғамбаримиз ҳар намоздан сўнг: “Эй Аллоҳ, мен куфр, фақирлик ва қабр азобидан паноҳ беришингни сўраб илтижо қилурман”, деб дуо қилардилар” (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Ҳокимлар ривояти).
Муҳаққиқ уламолар айтадилар: “Ал фақру фахрий ва биҳи афтахиру” ривояти “кизб” (ёлғон), “мавзуъ” (сохта, тўқима), асли йўқ бўлиб, ҳадис билимдонларининг бирортаси Пайғамбаримиздан ривоят қилмаган. Қолаверса, маъноси ҳам ботил. Зеро, Пайғамбаримиз ўзларига Аллоҳ таоло томонидан берилган фазилатлар билан асло фахрланмаганлар. Балки, кўп ҳадисларида: “Мен қиёмат куни Одам болаларининг саййидиман, аммо бундан фахрланмайман. Қиёмат куни биринчи бўлиб менинг қабрим очилади, аммо бундан фахрланмайман. Биринчи шафоат қилувчи ҳам, биринчи шафоат қилингувчи ҳам мен бўламан, аммо бундан фахрланмайман. Қиёмат кунида менга "Ливоул ҳамд" (мақтов байроғи) берилади, аммо бундан фахрланмайман. Жаннатга ҳам биринчи бўлиб кираман, аммо бундан фахрланмайман...”, деганлар” (Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).

Абдул Азим ЗИЁУДДИН


  • 3417