Расулуллоҳнинг бизга ибрат сифатлари
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рабиул аввал ойининг ўн иккинчиси, душанба куни таваллуд топдилар. Оталарининг исми Абдуллоҳ, оналарининг исми Омина бўлиб, улар Расулуллоҳнинг ёшлик вақтларида вафот этишган, боболари Абдулмутталлиб, кейинчалик амакилари Абу Толиб тарбиясида камолга етдилар.
Расулуллоҳ туғилган вақтларида бир қанча ғайри-оддий ишлар рўй берган. Каъбадаги бутсанамлар йиқилган, Эрон шоҳи Хусравнинг саройи тебраниб, бутлар йиқилиб ерга тушиб синган. Оташпарастларнинг минг йилдан бери ёниб турган ўтлари ўчди, Сова кўли тошиб, ўша мамлакатда сув тошқини бўлган. Бу аломатлар ислом динининг келишидан ер юзидаги гумроҳ халқларни огоҳ қилмоқ учун Ҳақ таоло юборган мўъжизалар эди аслида.
Тангри таолонинг амри билан, барча буюк пайғамбарларнинг энг олий сифатлари, яъни – Одам Атонинг яхши хулқ-атвори, Шиснинг илму дониши, Нуҳнинг жасорати, Иброҳимнинг шафқати, Исмоилнинг фасоҳати, Исҳоқнинг камтарлиги, Мутнинг фаросати, Яъқубнинг топ- қирлиги ва эпчиллиги, Юсуфнинг ҳусн-жамоли, Мусонинг салобати ва сабот-матонати, Юнуснинг ҳалимлиги, Ишаъйё- нинг устуворлиги, Довуднинг хайрихоҳлиги, Дониёлнинг меҳри ва қалби, Илёснинг олижаноблиги, Яҳёнинг мусаффолиги, Ийсонинг тақводорлиги бу буюк зотда мужассам бўлган.
Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ҳеч кимга бермаган бу дунё ва охиратнинг камолотларини ато этган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлик пайтларидан гўзал одоб-ахлоқда вояга етдилар. У зотнинг энг чиройли илоҳий одоб-ахлоқда тарбия топганлари ҳақида Аллоҳ таолонинг Ўзи хабар бериб бундай дейди:
“Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз”!
Дарҳақиқат, олий ва гўзал хулқда бўлиш барча пайғамбарларга ва шу жумладан, охирги замон пайғамбари Ҳазрати Расули акрамга берилган илоҳий неъматлардан бўлиб ҳисобланади.
Ҳадиси шарифда ҳам қуйидагича ворид бўлган:
“Мени Парвардигорим тарбия қилди ва тарбиямни мукаммал этиб гўзал қилди”.
Дарҳақиқат, буюк зот бўлган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у зотни чин дилдан севиш, таълимотларига амал қилиб, дунё ва охират саодатини топиш йўлида ҳаракат қилишимиз, қиёмат кунида шафоатларидан умидвор бўлишимиз лозимлигини қуйидаги ояти карима таъкидлайди:
“Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. Айтинг: Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этингиз! Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас”.
Демак, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни чин дилдан севиш, у зотга ҳақиқий уммат бўлишга ҳаракат қилиш Аллоҳ таоло муҳаббатига, гуноҳларни мағфират қилишига олиб келар экан. Чунки, у зоти шариф барчага баробар охирги замон пайғамбари қилиб юборилгандирлар. Зеро, Ҳақ таборака ва таоло Ўзининг иродаси ва қудрати билан Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги элчиси этиб бутун инсониятга, барча оламларга раҳмат Пайғамбари қилиб юборганини баён қилиб, бундай дейди:
“(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”
Имом Насоий, Аҳмад, Байҳақийлар Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда: “ Саҳобайи киромлар Расулуллоҳдан душанба кунида рўза тутиш ҳақида сўраганларида Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар:
“Шу кунда мен таваллуд топдим, шу кунда менга пайғамбарлик юборилди ёки шу кунда менга ваҳий нозил бўлди”.
Инсондаги улуғлик ва камолот фазилатлари икки турлидир: биринчиси, дунёвий хислати, зарурия бўлиб, у инсон табиати ва яшаш эҳтиёжидан келиб чиқади, иккинчиси, диний хислати қасбия бўлиб, бу сифатга эришганлар мақтовга сазовор ва Аллоҳга яқинлашганлар жумласига киради. Дунёвий хислати зарурия касбий бўлмайди, у инсоннинг ихтиёрига боғлиқ ҳам эмас. Масалан: пайғамбар алайҳиссаломнинг яратилишларидаги табиий камолотлари, ҳусндаги гўзалликлари, ақлий заковатлари, идрокларининг юксаклиги, тилларининг фасоҳатлилиги, ҳис-туйғу ва баданларининг кучлилиги, ҳаракатларининг мўътадиллиги, насабларининг тозалиги, қавмлари ва юртларининг мўътабарлиги каби хислатлар бўлиб, яшаш зарурати тақозо этадиган овқат, уйқу, кийим-кечак, турар-жой, мол-мулк ва обрў-эътибор кабилар шу жумлага мансубдир; дин, илм, мулойимлик, сабр, шукр, адолат, ҳаққонийлик, таъмадан йироқлик, камтарлик, кечиримлилик, иффат, сахийлик, шижоат, ҳаё, одамгарчилик, камгаплик, тамкинлик, оғир-босиқлик, меҳр-шафқат, ҳуснихулқ, яхши муомала каби юксак ахлоқ-одобнинг барчаси охиратга мансуб хислати касбия саналиб, булар гўзал ахлоқ деб аталади. Инсонда мавжуд табиий йўсиндаги ғайрикасбий камолот хусусиятларининг барчаси пайғамбар алайҳиссаломнинг вужудларида мавжуд эди.
Мустақил ва азиз юртимиз тараққиёти ва ободлиги, халқимизнинг тинч ва осойишталиги йўлида баракали меҳнат қилишимизда, барча оилалар мустаҳкам ва фаровон бўлишида, севимли фарзандларимиз ҳар томонлама баркамол тарбия топишларида Жаноби Пайғамбаримизнинг йўл-йўриқлари, гўзал одоб-ахлоқлари ва сийрати шарифалари ҳамиша илҳом бериши ва руҳлантириб туриши керак.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг ранг рўйлари бениҳоя чиройли, гавда тузилиши ва аъзоларининг мутаносиблиги ривоятларда бундай тасвирланади: Пайғамбар алайҳиссаломнинг юзлари оппоқ, нуроний, кўзлари катта, қорачиғлари тимқора, оқи қизғишга мойил, киприклари қуюқ, қошлари узун, ингичка, қирра бурунларининг учи хиёл эгилган, тишлари гуруч донасидек оппоқ, ораси очиқроқ, пешоналари кенг, юзлари думалоқ, соқоллари қуюқ, кўкраклари кенг, гавдали, билаклари узун, кафтлари, оёқларининг товони кенг, ўрта бўй, миқтидан келган, жундор одам эдилар; кўкракларида пастга қараб ўсган майин ёллари бор эди, кулганларида тишлари худди марварид доналаридек ярқираб кетарди, гапирганларида шулаланиб, оғизларидан нур таралаётгандек бўларди, бўйинлари ҳам гавдаларига ғоят мос эди.
Баро ибн Озиб: "Умримда қора сочлари қулоқларини босиб тушган, қизил тўнли пайғамбар алайҳиссаломдан келишганроқ одамни кўрган эмасман", дейди.
Абу Ҳурайра: "Мен расулуллоҳдан кўра чиройли одамни кўрмаганман. Қуёш худди у кишининг юзидан балқигандек туюларди, кулганида юзидан нур ёғилиб, шуласи деворларга тушарди", деб эслайди. Ибн Абу Ҳоланинг ҳадисида: "Пайғамбар алайҳиссаломнинг юзи худди ўн тўрт кунлик ойдек нурланиб турарди", дейилган. Ҳазрати Али расулуллоҳ ҳақида гапириб: "Пайғамбар алайҳиссаломдастлаб кўрган одамга важоҳатли туюларди, яқиндан билгандан кейин эса энг суюкли кишисига айланиб қоларди. Мен расулуллоҳдек одамни аввал ҳам, кейин ҳам кўрмадим", дейди.
Пайғамбар алайҳиссалом тозаликда, хушбўйликда, ифлослик ва нажосатдан йироқликда алоҳида хусусиятларга эга эдиларки, бундай фазилатлар у зоти муборакдан бошқа кишида топилмасди. Аллоҳ таоло расулуллоҳни шариатининг покизалиги билан янада юксак камолотга эриштирди.
Пайғамбар алайҳиссалом: "Ислом дини покизалик асосига қурилган", дея марҳамат қилганлар. Анас: "Пайғамбар алаиҳиссаломдаги хушбўй ҳид мен ҳидлаб кўрган анбарларнинг, ифорнинг ва бошқа мушку анбарларнинг атридан ёқимлироқ эди", деган. Жобир эса "Пайғамбар алайҳиссаломюзимни силаб қўйган эди, у кишининг қўлидан худди аттор (атр сотувчи)нинг қутисидан таралгандек димоғимга гуп этиб хушбўй ис урилди", дейди. Кўпларнинг таъкидлашича, сарвари олам хушбўй нарсаларни истеъмол қилсалар ҳам, қилмасалар ҳам у киши билан кўришган одамнинг қўлидан кечгача ёқимли ҳид келиб тураркан. Агар расулуллоҳ, бирон боланинг бошини силаб қўйсалар, кечгача ўртоқлари унинг ёнидан кетолмай қолишаркан.
Имом Бухорий катта тарихида Жобирдан ривоят қилишича, мушк-анбар уфуриб турган кўчадан юрган одам бу ердан шубҳасиз расулуллоҳ ўтганларини билар экан.
Пайғамбар алайҳиссалом ақлда комилликлари, зеҳнлари ўткирлиги, ҳиссиётларининг кучлилиги, тилларининг бийронлиги, ҳаракатларининг чаққонлиги, аҳлоқларининг гўзаллигига қараганда у зоти муборакни ҳеч шубҳасиз энг ақлли ва энг ҳушёр инсон деб эътироф этиш керак. Сарвари олам илгари ўқиб, хат-савод чиқармаган, махсус сабоқ олмаган, дунёвий ва диний китобларни кўрмаган, бўлишларига қарамай одамларга жуда кўп илмларни ўргатдилар, шариатни барпо этдилар, одамларнинг шахсий ва жамоат ишларини бошқаришлари, халққа қўллаган сиёсатлари, бетакрор хулқ-атворлари ва ажойиб турмуш тарзлари у киши ақл-заковатда комил, идроклари теран зот эканликларини исботлаб турибди. Пайғамбар алайҳиссаломнамоз ўқиётганларида орқадаги нарсаларни ҳам худди олдиларидагидек аниқ-тиниқ кўрардилар.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг тили бениҳоя фасоҳатли ва чуқур маъноли эди. Гаплари сунъийликдан холи, равон, жумлалари лўнда, қисқа, тушунарли, фикри аниқ, мазмунли, такаллуфсиз ва чуқур маъноли эди. У киши араб тилининг лаҳжаларини, ҳикматли сўзларини кўп билардилар..
Ҳақ таоло барчамизни икки олам сарвари Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чин уммат бўлишга муяссар этиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин!
Муаллиф Раҳматуллоҳ қори