Одинахон Муҳаммад Юсуф Олима 23 Avg 2022
Илмга амал қилмаслик
Илмга амал қилмаслик
Талаби илмга тўсиқ бўладиган омиллардан яна бири илмга амал қилмасликдир. Илмга амал қилмаслик илмнинг баракасини ўчирувчи сабабларнинг энг асосийси, шунингдек, илм соҳибининг зиддига ҳужжат бўладиган сабаблардан биридир. Аллоҳу субҳанаҳу ва таоло Софф сурасида: «Қилмаган нарсангизни гапиришингиз Аллоҳнинг наздида қаттиқ ёмон кўрилгандир» дейди (3-оят). Шунинг учун ҳам солиҳ салафларимиз билганларига амал қилишга ўта ҳарис бўлишган. Улуғ саҳобий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Биздан бир киши ўн оятни ўрганса, унинг маъноларини билмагунича ва унга амал қилмагунича бошқаларига ўтмас эди».
Али розияллоҳу анҳу: «Илм амал ила хитоб қилади, амал жавоб берса берди, бўлмаса илм қочади», деганлар. Чунки илм ва амал жуфтдир: ё бирга бўлади, ё баробар кўтарилади. Агар илм амалсиз бўлса, соҳибининг зиддига ҳужжат бўлади.
Бишр Ҳофий: «Ҳадиснинг закотини адо этинг. Ҳар бир икки юз ҳадисдан бештасига амал қилинг», дейди.
Илмга амал қилиш илмни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бунга мисол қилиб «Фотиҳа» сурасини келтиришимиз мумкин. Ҳар кунги беш маҳал намозларимизда қайта-қайта ўқиганимиз сабабли у зеҳнларда бошқа суралардан кўра мустаҳкам жой олган. Шунингдек, эрталаб ва кечқурун ўқиладиган дуоларни олиб кўрайлик. Инсон ёдлашга ҳаракат қилган сари ёдлаши осонлашаверади. Ташлаб қўйса, ёдлаганлари ҳам унутилиб кетади. Қанча кўп такрорласа, шунча зеҳнга яхши ўрнашади. Мустаҳкамлиги унга амал қилиш қадарича бўлади.
Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ўз замоналари ҳақида: «Аммо бугунги кунда кам илмлардан ҳам фақат жуда ками қолди ва у оз кишиларда, улардан ўша озига амал қиладиганлари бунча ҳам оз! Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дейди. Бу Заҳабийнинг ҳижрий саккизинчи асрда айтган гапи бўлса, бугунги кундаги ҳолимиз ҳақида нима дейиш мумкин?!
Ҳар бир киши Роббига бўлган гумонини яхши қилган ҳолда мужоҳада қилсин. Аллоҳ латиф Зотдир, хоҳлаган бандасига буни насиб этади.
Аллоҳ бизга берган бу илмнинг закотини адо этиш ҳам лозим. Молнинг закоти ўндан биридан чорагидир. Илмнинг закоти эса унга амал қилиш ва уни ўзгаларга ўргатишдир. Машойихлар: «Ҳар бир мусулмон ва муслимага тўрт масалани билиш вожиб: биринчиси, илм, иккинчиси, унга амал қилиш, учинчиси, унга чорлаш ва тўртинчиси, унинг йўлида озорларга сабр қилиш», демишлар.
Одинахон Муҳаммад Юсуф
- 5881