Арабистон ярим ороли
Ислом динининг бешиги бўлган Арабистон ярим ороли арабларнинг илк ватанидир. “Араб” калимасининг луғавий маъноси чўллар, саҳролар, гиёҳ унмайдиган сувсиз, қурғоқ ерлар деганидир. Бу калима қадим замонлардан бери Арабистон ярим оролига нисбатан ишлатилган бўлиб, кейинчалик шу ерда яшаган ва уни ўзлари учун ватан қилиб олган халққа ҳам худди шу ном берилган. Осиё қитъасининг жануби-ғарбида жойлашган бу замин ғарбдан Қизил денгиз ва Синай ярим ороли билан, шарқдан Форс ва Уммон кўрфазлари, жанубдан Араб денгизи ва Адан кўрфази билан, шимолдан Ироқнинг катта қисми ва Шом дашти билан чегараланган.
Жўғрофия олимлари Арабистон ярим оролини табиий жойлашишига қараб, беш қисмга бўлганлар:
1) Тиҳома (التهامة): Қизил денгиз соҳилларига ёндош (параллел) ҳолда жойлашган узун пасттекислик бўлиб, шимолда Янбуъ шаҳридан то жанубда Нажронгачадир. Бу минтақада иссиқ қаттиқ бўлиб, шамол эсмагани учун “Тиҳома” деб номланган. Тиҳома “жазирама иссиқ” маъносидаги (تهم) сўзидан олинган.
2) Саро тоғ тизмаси (سلسلة جبال السراة): Қизил денгиз соҳилларига ёндош (параллел) баландликлар бўлиб, Тиҳома пасттекислигининг шарқий тарафида жойлашган. Шимолда Ақаба кўрфазидан то жанубда Ямангача чўзилган Арабистон ярим оролининг умуртқасини ташкил қилувчи бу тизма ярим оролни иккига – ғарбий ва шарқий қисмларга бўлиб туради. Тизманинг шимолий қисми Мадян тоғлари, жанубий қисми Асир тоғлари, ўртаси эса Ҳижоз деб номланади. Ҳижозда Макка, Мадина, Жидда, Тоиф, Табук каби шаҳарлар бор. Бу ҳудуд Тиҳома пасттекисликлари билан Нажд тепалиги орасини тўсиб-ажратиб тургани учун Ҳижоз (баланд девор, тўсиқ) номини олган.
3) Нажд тепалиги (هضبة نجد): Нажд ўлкаси Арабистон ярим оролининг ўртасидаги баланд ерлардир. Шунинг учун бу ерга баланд ясситоғлик маъносидаги “Нажд” номи берилган. Жанубда Ямангача, шимолда Ироққача, шарқда эса Аруз минтақасигача бўлган катта ҳудуддир.
4) Яман (اليمن): Арабистон ярим оролининг жануби-ғарбий бурчагида жойлашган тоғли минтақа. Шарқда Ҳазрамавт, Маҳра ва Уммон билан боғланади. Арабистон ярим оролидаги энг баланд тоғлар айнан Яманда жойлашган бўлиб, Санъо шаҳрининг жануби-ғарбида 3750 метрга етадиган чўққилари бор.
5) Аруз (العروض): Бу ҳудуд Ямома, Уммон ва Баҳрайн давлатларини ўз ичига олади.
Саратон доираси экваторнинг шимолий тарафида Арабистон ярим оролини 23,5 даражада кесиб ўтгани туфайли, бу ерда иссиқ қаттиқ бўлади, айниқса, ёз фаслида.
Ҳозир Арабистон ярим оролида еттита давлат мавжуд. Уларни майдонининг катта-кичиклиги эътиборига кўра қуйидаги тартибда баён қиламиз:
1) Саудия Арабистони. Майдони: 2,248,000км2.
2) Яман жумҳурияти. Майдони: 472,099км2.
3) Уммон султонлиги. Майдони: 306,000км2.
4) Бирлашган араб амирликлари. Майдони: 83,000км2.
5) Қувайт. Майдони: 17,818км2.
6) Қатар. Майдони: 11,437км2.
7) Баҳрайн. Майдони: 694км2.
Арабистон ярим оролининг умумий майдони: 3,139,048км2.
Абдул Азим ЗИЁУДДИН