Тизимга кириш


Ёки

Ro'yhatdan o'tish


yoki

Parolni tiklash

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид Хофизи қуръон 02 Iyun 2023


Очилмас кўйлак, кийилмас тўн

img

Айрим хатти-ҳаракатлар борки, улар урфга кириб кетгани боис сизу бизга бинойидек иш туюлади. Бироқ, уни ташқаридан кузатган кишигина бу ишнинг нақадар хунук эканини ҳис қила олади. Баъзи оддий, тилга олишга ярамайдигандек туюладиган ҳолатлар, урф-одатлар борки, уларнинг натижаси анчагина нохушликларга олиб келади. Ўшандай одатларнинг халқ орасида тарқалганларидан бири ҳозирда биз сўз юритмоқчи бўлган мавзудир. Мен бу мавзуда илмий баҳс қилмоқчи эмасман, балки, мантиқий бир мулоҳаза юритмоқчиман, холос. Сиз мавзу сарлавҳасини кўриб, ҳайрон бўлгандирсиз. «Очилмас кўйлак ёки кийилмас тўн бўлиши мумкинми, ахир?» деган хаёлга ҳам боргандирсиз. Ёки бу кўчма маънодаги бир рамзий ифода бўлса керак, дейишингиз мумкин. Йўқ! Бу айни воқеъликдаги бир ҳақиқатдир. «Очилмайдиган кўйлак ва кийилмайдиган тўн қаерда бўлиши мумкин?» - демоқчимисиз? Андижонда бор. «Ундай нарса кимга керак?» десангиз... издиҳомчига керак. «Ундан кимга манфаат бор?» - дейсизми? Бозорчи аёлларга манфаат бор.

Келинг, гапнинг пўст калласини айтақолай. Халқимизда турли муносабатлар билан ҳар хил издиҳомлар, йиғинлар, тўй-маъракалар бўлиб туради. Уларнинг баъзилари яхши одатлар бўлса, баъзилари бидъат-хурофотдан иборат. Кўпинча издиҳомларнинг якунида меҳмонларга омматан ёки хоссатан кўринишда ҳадялар тортилади. Ўша ҳадяларнинг деярли барчаси тўн ёки кўйлак бўлади. Биз айтмоқчи бўлган тўн ва кўйлаклар ўшалардир.
Балким сиз: «Тўн ҳадя қилса, кўйлак тортиқ қилса, ёмонми?» - дерсиз? Йўқ, ҳамма гап – ўша ҳадядан кўзланган мақсад нима эканидадир.
Бировга ҳадя беришда икки мақсаддан бири кўзланади. Биринчиси: муҳтож кишига, унинг эҳтиёжини қондириш мақсадида, иккинчиси: муҳтож бўлмаган кишига, унинг кўнглини олиш ниятида ҳадя берилади. Аввалгиси раҳм-шафқат, мурувватнинг рамзи бўлади, кейингиси эса иззат-икромнинг, шарафлашнинг рамзи ҳисобланади.
Бироқ, издиҳомлардаги биз айтмоқчи бўлган «ҳадя»лардан мақсад нима эканини тушуниб бўлмайди. Чунки уларда берилган кўйлакларни кийиш у ёқда турсин, айримларини очишнинг ҳам иложи йўқ. Чунки қутининг ичида кўйлакнинг олд томони кўрсатиб тахланган. Очиб қарасангиз, орқасида ҳеч нарса йўқ. Ёки кўйлак шаклидаги кийим бўлса ҳам, шу қадар абгорки, қўпол қилиб айтганда, кафанликка ҳам ярамайди. 
Тўнларнинг ҳолати ҳам ундан ошиб тушади. Матоси ярим аср олдин ишлаб чиқарилган. Тикилганига ҳам чорак аср бўлиб қолган. Узоқ вақт мобайнида кичрайиб кетганми ёки ўзи шунақа андозада бичилганми, ҳалиги тўн олти-етти ёшли боланинг қоматига тўғри келади. Кийдирсангиз, ечилмайди, ечсангиз, қайта кийдириб бўлмайди. «Бирорта норасида болани топиб, «кийдириб» ташлайин, алдагани бола яхши» десангиз, унга норасидалар ҳам алданмайди.
Бу сўзлар муболаға эмас, айни ҳақиқатдир. Тўғри, улардан тузукроқ тўн-кўйлаклар ҳам бор. Лекин улар ҳам бировга ҳадя қилиш тугул, ўзингиз учун кийишга ҳам арзимайди.
Тарихдан маълумки, бир киши ҳақида «фалончи пистончига тўн кийдириб юборди» дейилса, тўн кийдирувчи шахснинг тўн кийган кишига нисбатан энг юқори даражадаги ҳурмат ва иззат-икром кўрсатганини билдиради. «Пистончи фалончига ҳадя берибди» дейилса, ўша одамнинг ҳадя олувчига нисбатан ўз муҳаббати ва яқинлигини изҳор қилгани тушунилади.
Аммо юқорида айтилган васфдаги увунтўда матоларни бировга ҳадя қилишни нима деб қабул қилиш мумкин? Биринчи навдан десангиз, бу нарсалар ҳожатга ярамайди. Меҳмонлар ҳам кийимсиз қолган бечоралар эмас. Иккинчи навдан десангиз, улар эъзоз тимсоли эмас, ҳақоратлаш аломати бўлиши мумкин.
Энди ўша нарсаларни ўзингизнинг таклифингизга биноан хонадонингизга ташриф буюрган азиз меҳмонга, сизнинг хурсандчилигингизга шерик бўлиш, муборакбод этиш учун келган ёки мусибатингизда таъзия билдириш, ёнингизда далда бўлиб туриш мақсадида ташрифи қудум қилган қадрдонингиз, қўни-қўшнингизга, хусусан, илмли, ҳурматли инсонга берсангиз, буни қандай тушуниш мумкин?! 
Ахир, бу ўша инсонга нисбатан таҳқир-ку! «Сен шунга лойиқсан» дегани эмасми? Ўзингиз ўйлаб кўринг, ўша нарсани ўзингиз кийиш учун сотиб олармидингиз? Йўқ, асло. Ўзига раво кўрмаганни ўзгага раво кўриш мусулмон кишига тўғри келмайди. Суюкли Расулимиз: «Ўзинг учун ёқтирганингни биродаринг учун ҳам ёқтирмагунингча мўъмин бўлмассан», деганлар.
Ўша нарсани отангизга: «Отажон, мана бу мендан сизга ҳадя» деб тортиқ қила оласизми? Йўқ, ҳаргиз, у ҳолда дуойи бадга қоласиз. «Меҳмон – отангдан улуғ», - дейди доно халқимиз. Пайғамбаримиз: «Ким Парвардигорга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин», - деганлар.
Қанчадан-қанча ҳурматли, қадрли кишиларни тўплаб, иззат-икром кўрсатиб зиёфатлар бериб, охирида уларни таҳқирлаб кузатишнинг нима маъноси бор?
Тўғри, Пайғамбаримиз: «Эй муслима аёллар! Бирор қўшни аёл қўшни аёлга нисбатан (ҳадясини) паст санамасин, агарчи қўй туёғи бўлса ҳам», - деганлар. Лекин бу оз бўлса ҳам бир-бирларингизга ҳадя улашиб туринг, катта нарса топганда қиламан деб алоқалар узилиб кетмасин, бир киши кўнгилдан чиқариб бир нарса берса, уни таҳқирлаб ҳадя берганнинг кўнглини синдириб қўйманг, деган мақсадда айтилган. Халқимизнинг «кўп берма, кўнгил қўйма», - дегани ҳам шу маънода. Қолаверса, қўйнинг туёғи оз нарса бўлса ҳам, фойдали, яроқли нарсадир.
Аммо биз ҳикоя қилаётган матолар яроқли нарсалар эмас. Уни бераётганлар эса йўқчилик сабабли шунга мажбур бўлаётганлари йўқ. Ёзган дастурхонлари ҳам бундан дарак бериб турибди. Аслини олганда эса, ўша нарсани бериш ҳам шарт эмас. Ўшани бермаса биров хафа бўлмайди ҳам. Улар фақат кўр-кўрона урф-одат ёки тубан риёкорлик юзасидан берилиши мумкин, холос. Ундан кўра битта янги пайпоқ берса-ю, ўшани биров кийса, шу яхшироқ эмасми? 
Пайғамбаримиз: «Бир-бирларингизга ҳадя улашинг, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласиз», деганлар. Демак, ҳадя муҳаббатни уйғотадиган, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлайдиган, олган киши берган кишини яхши кўриб қолишига олиб келадиган даражада ардоқли, яроқли бўлиши керак экан. 
Бошқа бир ҳадисларида: «Ҳадя кўнгилдаги ғиллу ғашликни кетказади», деганлар. Бинобарин, ҳадя инсонни хушнуд қиладиган, ҳаттоки, бировдан етган хафачиликни дилдан аритиб ташлайдиган ҳолатда бўлиши лозим, инсонни хафа қиладиган, кўнглини туширадиган даражада эмас.
Агар Парвардигорнинг розилигини истаб ҳадя берилаётган бўлса, унда иш яна-да аҳамиятли бўлади, жиддийлашади. У зот Ўз Каломида айтади: «Эй, иймон келтирганлар! Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан нафақа қилинглар. Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам олувчимассиз, магар ундан кўз юмсангизгина. Ва билингки, албатта, Аллоҳ беҳожат ва мақтовга лойиқдир. Шайтон сизга фақирликни ваъда қиладир ва фаҳшга буюрадир. Аллоҳ сизга Ўзидан мағфират ва фазлни ваъда қиладир. Ва Аллоҳ кенг қамровли ва билимдондир.
Ҳадя бериш қўшимча бир солиҳ амал. Ҳеч бир кишига бирор нарсани ҳадя қилиш вожиб эмас. Буни, фақат, савоб истаган одам ўз хоҳиши билан, чин кўнгилдан қилиши керак. Кимдир либос беради, кимдир китоб, яна биров бошқа нарса бериши мумкин. Ҳадя беришда, имкон қадар, энг керакли, савоби кўпроқ нарсани ихтиёр қилган афзал.
Энди савол туғилади: «Йиллар мобайнида издиҳомларда берилаётган бундай матоҳларнинг оқибати нима билан тугайди?»
Жавоб қуйидагича: Уларнинг оқибати салбий маънода «бор товоғим, кел товоғим, ўртамизда син товоғим» деган маталга кўра бўлади. Яъни, уни издиҳомчи бозордаги ёймачи аёллардан сотиб олади. Меҳмонларига тарқатади. Бир неча издиҳомга борганингиздан сўнг уйингизда ўшанақа нарсалар тўпланиб қолади. Уларни кийишнинг ҳам, бировга кийдиришнинг ҳам имкони йўқ. Чунки уларни бериш учун издиҳом қилиш керак. Бошқачасига ўтмайди. Бир ғарам бўлиб тўпланган матоҳларни уйда ивирсиб турмасин деб, бозорчи аёлларга арзимас пулга бўлса-да, сотасиз. Улар ҳам ҳалиги нарсаларни олиб, устига бироз фойда қўйиб, яна янги издиҳом қилмоқчи бўлганларга сотишади. Шу тариқа ҳалигидай қийматсиз тўн-кўйлаклар халқ орасида иззат-ҳурматда «қўлма-қўл» бўлиб юраверади. Охири кимнингдир қўлида титилиб тугайди. Тўплаб ёқиб юборай десангиз, кўзингиз қиймайди, «ҳарна», дейсиз-да. Кийиб юборай десангиз, эгнингизга раҳмингиз келади.
Кўпчилик ҳолларда аёллар бировни йўқлаб бориш маъносида ҳам ўшандай тўн-кўйлакларни ишлатишади. Бу ҳам инсонни калака қилишнинг бир намунаси. 
Урф-одатга кўр-кўрона эргашишнинг бир кўринишини сизга айтиб берай. Ўзим учун ҳам қадрдон, ҳам қариндош бўлган бир киши тўйга айтди. Ўша куни бир сабаб бўлиб издиҳомга айтилган вақтда бора олмадим. Анча вақт кейин бўлса ҳам «ҳечдан кўра кеч» деб, уларнинг уйларига бордим. Тўйхонада издиҳом соҳибларидан бошқа одам қолмаган. Бир-икки соат мароқли суҳбат бўлди. Суҳбат асносида уй соҳиблари айнан ҳозирда биз кўтарган масала ҳақида сўз юритиб қолишди. Бири олиб, бири қўйиб, роса танқид қилишди. Мен ҳам, таклифларига биноан, ўзимдаги фикр-мулоҳазалардан анча-мунча сўзладим. Суҳбат якун бўлиб, хайрлашиб чиқдим. Ташқарига чиққанимда қўлимга беназир такаллуф билан бир ҳадя-тугун тутишди. Уйга келиб қарасам, «ҳадя» уларнинг суҳбатларига мавзу бўлган кўйлакдан иборат экан. Мана сизга жоҳилона тақлид инсоннинг ақлини қай даражада кўр қилиб қўйишига бир жонли мисол.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, беҳуда урфларга қарши туришга кучи етмай, оқимга қарши суза олмай юрганлар ҳам оз эмас. Шу билан бирга, урф-одатлар оқимининг тўлқинларини йўналтирувчи шамол, асосан, аёллар тарафидан эсиши ҳам доимий қоидадир. Юқоридаги мисол ҳам шундан далолат бўлса, ажаб эмас.
Лекин бу дегани ҳамма шундай қилади, дегани эмас. Фаросатли, билим ва амалли баъзи кишилар маъноли ишларни ҳам қиладилар. Бироқ, ҳанузгача биз айтган сурат аксариятни ташкил этиб келмоқда.
Шунингдек, бу урф фақат Андижонга хос эмас. Бошқа жойларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилади. Аммо Андижонда бу нарса кенг тарқалган иллатга айланган. Бу ҳодиса ташқари юртдан келган кишиларнинг олдида Андижон халқига нисбатан танқид ва дашномлар ёғилишига сабаб бўлмоқда. Кимларнингдир бу юрт халқини онгсизликда айблашига замин яратмоқда.
Мен ўзим андижонлик бўлганим боис, халқимнинг шаънидаги сўз ўзимнинг шаънимга текканини ҳис қилганимдан бу гапларни куюнчаклик билан айтмоқдаман. Агар кимнингдир кўнглига оғир ботган бўлса, мени афв этишларини сўрайман. Аммо, кимдир гапирмаса, жамиятдаги одатларни ислоҳ қилмаса, халқ ўз-ўзини ўнглаши мушкул. 
Хулоса сифатида савол туғилади: «У ҳолда нима қилиш керак? Зиёфатларда ҳадя улашишни йўқотиш керакми?» Йўқ, албатта. Балки ҳолатни ислоҳ қилиш керак. Ушбу халқнинг ҳозири ҳам, аввалда бўлганидек, ўз муқаддас динига амал қилиш билан ислоҳ бўлиши муқаррар. Бинобарин, ўша муборак таълимотга мурожаат қилиш, уни ўрганиб, унга ихлос билан амал қилиш лозим бўлади. Демак, масаланинг ечими қуйидагича:
Парвардигор Ўзининг муқаддас Каломида шундай марҳамат қилади:
«Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Нимаики нафақа қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир». 
Севимли Пайғамбаримиз айтадилар: 
«Бир-бирларингизга ҳадя улашинг, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласиз». 
«Одамларга ўзинг учун яхши кўрган нарсани яхши кўргин, мусулмон бўласан».
Бинобарин, мусулмонларнинг ўзаро бир-бирларига ҳадя беришлари издиҳомларга ёки махсус муносабатларга боғланиб қолмаслиги, балки, ҳар қандай ҳолатда, ҳар қандай вақтда давомий тарзда, такаллуфсиз, самимий бўлиши лозим.

Муаллиф Ҳусайнхон Яҳё


  • 4503
Аҳмад Муҳаммад Турсун

Аҳмад Муҳаммад Турсун Ёзувчи 02 Iyun 2023


Мақтов (мадҳ)

img

Мақтов кимсаларнинг қилган ишлари ёки феълларини тил билан бошқаларга билдиришдир. Аслида барча мақтов Аллоҳ таолога хосдир ва Унинг Пайғамбарига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муносибдир. Шунинг учун доимо Аллоҳга ҳамд-санолар айтамиз. Шу боис, саҳобалардан Аббос, Ҳассон, Каъб ва бошқалар Расулуллоҳни мақтаб шеърлар ёзишган. Мақтовга лойиқ кишиларни мақташ жамиятда фазилат ва комиллик ортишига сабаб бўлгани учун шариатимиз бундан қайтармайди. Шунинг учун муболаға ва ёлғон сўзлардан сақланган ҳолда кишида бор бўлган сифатлар билангина мақташ жоиз. Лекин мақтовга лойиқ бўлмаган кимсаларни, кишининг мансаби, бойлиги ё обрў-шуҳрати учун мақташ ҳақиқат ва ахлоққа зид бўлгани учун ёмон иш саналади.
Кишини юзига мақташнинг фойдаси ҳам, хатари ҳам бор: агар мақталаётган киши комил имонли, ишончли, риёзатли, маърифатли бўлса ва мақтовдан фитналанмаса ёки ғурурга кетмаса, мақтов ҳаром ҳам, макруҳ ҳам бўлмайди. Аксинча бўлса, кишини юзига мақташ қаттиқ макруҳ бўлади.

Абу Мусо Ашъарийдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини кўкларга кўтариб мақташаётганини эшитиб: "Уни ҳалок қилдинглар-ку!" (ёки белини синдирдинглар), деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Мақтовчи (маддоҳ) бирор мансаб ёки манфаат илинжида одамларни юзига мақтовчи, асли йўқ, ҳақиқатга зид ва ботил нарсаларни тарғиб қилувчидир. Ҳадисда келишича, бир киши Усмонни (розийаллоҳу анҳу) мақтаганида саҳоба Миқдод ибн Асвад (розийаллоҳу анҳу) унинг юзига тупроқ сочиб юборган. Усмон: "Бу нима қилганингиз?" деб сўраганида, Миқдод бундай деган: "Расули акрам "Агар маддоҳларни (мақтовчиларни) кўрсангиз, юзига тупроқ сочинглар", деганларини эшитганман" (Имом Муслим ривояти). Айрим уламолар "юзга тупроқ сочиш"ни "маддоҳнинг овозини ўчириш" деб шарҳлашган.
Суннатга кўра, агар бир кишини мақташга тўғри келиб қолса, "у шундай фазилатларга эга бўлса керак, деб ўйлайман, агар у шу сифатларга эга бўлса, "унинг кифоячиси Аллоҳдир, Аллоҳ олдида бирор киши айбсиз эмас" дейиш керак. 
Одамлар даражаларига қараб мақтовни турлича қабул қилишади. Авом кишилар мақтовдан яйраб, хурсанд бўлишади, маддоҳ айтаётган фазилатлар ўзларида мавжудлигидан фахрланиб, кибрланишади, мақтовчини ўзларига дўст тутишади. Обидлар мақтовни эшитиб, ундан иложи борича қочишади, у эгаллаб қолмаслиги учун қалбларини иҳоталаб олишади. Орифлар эса бундай ҳолларда "агар Аллоҳ айбларимни беркитмаганида одамлар фақат фазилатларимни кўриб, мени мақташмасди, демак, бу мақтовлар Аллоҳга тегишлидир" деб фикрлайди ва барча мақтовларни Парвардигорига ҳавола этади.
Абулқосим аз-Замахшарий: "Ўзи сазовор бўлмаган ҳамду сано ва мақтовларни талаб қилиш уятсиз, телба одамларнинг одатларидандир", деган. Қайюм Носирий айтибди: "Биров сени ўзингда йўқ сифатлар билан мадҳ этса, ундай одамга ишонма. Чунки у сенда йўқ ёмон сифатлар билан бошқа ерда сени ёмонлашга қодир".
Фосиқ ва бидъатчини мақташ, мадҳда ҳақиқатни айтмай риё ва ёлғон қўшиш, мақталган киши бундан кибр ё ғурурга кетиши, мақтов орқали бирор манфаатни кўзлаш динимизда қоралангандир. Агар мақтов бу хусусиятлардан холи бўлса, мақташ ҳам, мақтовга рози бўлиш ҳам мумкин. 
Мақтовнинг акси зам (ёмонлаш), яъни бир кишига нисбатан ёмон сўзлар гапириш, ҳолатини фош этишдир. Ҳар қандай инсонни ноҳақ ёмонлаш ҳаромдир.

Муаллиф Аҳмад МУҲАММАД


  • 4697
Аҳмад Муҳаммад Турсун

Аҳмад Муҳаммад Турсун Ёзувчи 02 Iyun 2023


Камбағаллик айб эмас

img

Азалдан фақирлар мақталади. Чунки инсонлар камбағалларни яхши кўришга буюрилган, Аллоҳ учун энг яхши одамлар камбағаллардир, дейилган. Барча пайғамбарлар ҳам камбағаллик билан имтиҳон қилинган. Фақир-камбағалларни севишда Набийни севиш бор. Аммо фақир одам қаноатли бўлса, халқдан бирор нарса тамаъ қилмаса, уларнинг қўлидаги нарсадан умидвор бўлмаса, қандай йўл билан бўлмасин мол-дунё орттиришга интилмаса ёки ҳарис бўлмаса, шундагина у мақталувчи фақир ҳисобланади. Хабарда айтилганидек, «Бойларнинг уйига камроқ киринглар, акс ҳолда Аллоҳнинг сизларга берган неъматларини писанд қилмаган бўласизлар». Яна фақирларни жуда катта ажр-мукофотлардан, савоблардан тўсадиган бир иллат борки, бу уларнинг кибридир. Фақирнинг кибри бойларникидан ёмон бўлади, сабаби бой мол-давлатидан фахрланиб кибр қилса, камбағал ҳеч нарсага эга бўлмасдан туриб кибр қилади. Ана шу кибр ортидан у ҳамма ишда бойга тенглашишга интилади, ўзини бой кўрсатиш учун ҳар қандай алдов ва найрангларга боради, бу билан тақдирга исён қилган ҳисобланади.

Хабарда айтилганки: «Уч кимсага қиёмат кунида Аллоҳ таоло гапирмайди ва қарамайди ҳам, уларга қаттиқ, аламли азоб бўлади: улар – зино қилувчи кекса, ёлғончи подшоҳ ва кибрли фақир кишилардир»; «Аллоҳ мутакаббирни ёмон кўради, мутакаббир фақирни ундан ҳам ёмон кўради».

Ҳақ йўлдан йироқ бўлган инсон учун фақирликнинг машъум хатарлари бор. Баъзи маънавий ожиз одамлар учун фақирлик, унинг ортидан келадиган қийинчилик-машаққатлар куфрга кетиш учун бир восита бўлиб қолиши мумкин. Чунки сабр ва қаноат каби улуғ неъматлардан бебаҳра инсонлар фақирлик имтиҳонининг қийноқларига дош беролмай, ҳар куни Яратгандан норози бўлиб, ширку исён байроғини кўтаришга одатланиб қолишади. Ўзини камситилган ҳис этишади ёки илоҳий адолат бузилганмикин, деган куфрона гумонларга боришади.
Баъзан фақирликда, камбағалликда яшаётган одамларни кузатсангиз, уларнинг гўё фақирликларига ўзлари айбдордай, ўксиниб, бошқалар олдида хижолат чекиб, ноқулай ҳолатга тушишларини кўп кўргансиз. Ёки «Нима қилайлик, пешонамиз шўр экан, Худо бизни фақир қилиб, ночор қилиб яратиб қўйган бўлса!» деб зорланишганини эшитгансиз. Айримлари ўзларининг фақирликларидан уялиб, сал ўзига тўқроқ қариндошлар билан борди-келдини ҳам йиғиштириб қўйишади. Баъзилар камбағалликдан шунчалик орланишадики, таркидунё қилган роҳиб каби одамлардан бутунлай ўзларини тортишади. Маҳалла-кўй, тўй-маросимларга аралашишдан ҳам воз кечишади. Нима, камбағаллик айримлар ўйлаганидай, шунчалик айбми, камчиликми, пешонанинг шўрими, Аллоҳнинг жазосими ёки тақдирнинг шумлигими?
Йўқ ва яна йўқ. Агар инсон фақирлик орқасидан ўзига қандай улуғ марҳамат, ажр-мукофотлар борлигини, у фақирлик билан синалаётган экан, бундан сабр, шукр орқали шараф билан ўта олса, уни боқий дунёда қандай улкан неъматлар ва мукофотлар кутаётганини тасаввур ҳам қила олмайди. Бежизга ўтмишдаги сўфийлар: «Агар ҳукмдорлар биздаги руҳий хотиржамликнинг сабабини билиб қолишса, эгнимиздаги жандаларни тортиб олган бўлишар эди», дейишмаган. Шундай экан, сиз фақирлик келганида хафа бўлиш ўрнига севининг, камбағаллигингизни қўрқмай, уялмай тан олинг, ўзингизни камбағалликка тайёрланг. Закот ейишдан уялманг, шуни билингки агар сиз каби камбағаллар бўлмаса, бойлар закотини бергани одам тополмай, Аллоҳнинг фарзини бажара олмай қолишарди-ку! 
Фақирона ҳаётнинг руҳий ва маънавий сакинати, қалб хотиржамлигини ҳеч нарсага тенглаб бўлмайди. Мол-дунёси бўлмаган одам уни тасарруф қилиш, кўпайтириш, фойда олиш, асраш, алданиш хавфи каби қанчалаб офат-хатарлардан омонда, хотиржам яшайди. Дунёнинг ташвиши ва ҳисоб-китоби миясини банд қилмагани учун ибодатларида ҳаловат, роҳатланиш бор. Боқий дунёда ҳисобга тортилмаслигининг ўзи ва бунинг ортидаги қалб ҳаловатини унча-бунча нарса билан ўлчаб бўлмайди. Камбағалнинг бойлардан беш юз йил аввал жаннатга кириши башорати ҳамма бойликлардан устун мукофот эмасми? Хабарларда айтилганидай: «Одамларнинг олдидан айланиб юрганида бир ва икки луқма ёки битта ва иккита хурмо берсанг, олиб кетадиган киши ҳақиқий мискин эмас. Ҳақиқий мискин ўзини беҳожат қиладиган нарса топа олмаса ва садақа бериш учун унинг аҳволидан бошқаларнинг хабарлари бўлмаса ҳамда ўзи ҳам тиланиб юрмайдиган кишидир»; «Ҳар бир нарсанинг калити бор, жаннатнинг калити мискин-фақирларни севишдир».
Фақир саҳобийлар ораларидан бир кишини вакил қилиб Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига юборишди. Вакил у зотга бундай деди: «Мени асҳобингизнинг фақирлари ҳузурингизга юборишди». У зот: «Сенга ва сени юборганларга марҳабо! Улар мен севган кишилардир», дедилар. Келган вакил истакларини шундай баён қилди: «Бойлар моллари бўлгани учун ҳаж қилишяпти. Жуда кўп хайрли ишларни қилишяпти. Биз эса фақирлик орқасидан буларни уддалай олмаяпмиз. Шунинг учун охиратдаги мукофотимиз, хайрли амалларимиз оз бўлиб қоладими, деб ўйлаяпмиз. Мени сизга юборган фақирлар «бизнинг ҳолимиз нима бўлади», деб сўрашди. Фахри коинот бундай дедилар: «Фақирларга мендан шуни етказгинки, охиратда эришадиган мукофотларини ўйлаб, бу дунёдаги маҳрумият ҳолларига сабр қилсинлар. Чунки фақирларнинг бойлардан афзал учта жиҳатлари бор:
1. Уларга бу дунёда чеккан машаққат-қийинчиликлари, дунё неъматларидан бебаҳраликлари эвазига жаннатда шундай кўшк-пар бериладики, бошқалар у кўшкларга дунёда энг порлоқ юлдузларга қарагандек маҳлиё бўлиб қарашади. Бу кўшклар пайғамбарлар, шаҳидлар ва фақир мусулмонлар учундир.
2. Фақирларнинг ҳисоблари осон бўлади ва улар бойлардан олдинроқ жаннатга киришади.
3. Бой киши садақа бериб эришадиган савобга фақирлар: «Субҳаналлоҳи вал ҳамдулиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар», деб эриша олишади. Фақирлар бу каби зикр ва тасбеҳларни бойлардан кўпроқ айтишса, бойларнинг пул ва моллари билан қозонган савобларига шу айтган зикрлари билан эриша олишади». 
Зуннун Мисрий дейдики: «Бир камбағал дўстим бор эди, оламдан ўтди. Бир куни тушимга кирди. Ундан: «Аллоҳ сен билан қандай йўл тутди?» деб сўрадим. У шундай жавоб қайтарди: «Аллоҳ: «Пасткаш бойваччалар узатган нонни олмаганинг учун гуноҳларингни мағфират этдим», деди». Шу зотнинг яна бундай сўзи бор: «Илм аҳлидан бўлмиш ҳар бир эр илми зиёда бўлгани сайин мол-дунёга нафрати кучайиб, уни тарк этарди. Энди-чи? Бугун илми кўпайгани сари мол-дунё муҳаббати ва талаби кучаймоқда. Илгари олим одам молини илм йўлида сарф этарди. Бугун-чи? У илми орқали мол-дунё тўплайди. Илгари илм олувчининг ботини ва зоҳири кучга тўларди. Ҳозир-чи? Унинг ботини ҳам, зоҳири ҳам фасоддир».
Бишр Хофий айтади: «Фақирлар уч тоифа бўлишади: биринчиси сўрамайди, берсанг олмайди ҳам, бу тоифа руҳонияти олий одамлардир, улар Аллоҳдан сўрашса Аллоҳ беради, Аллоҳга қасам келтиришса қабул бўлади. Иккинчи тоифа сўрамайди, берсанг олади, булар ўрта қавм, Аллоҳга таваккул қилиб яшашади, буларга жаннатда дастурхонлар ёзилади. Учинчи тоифа сабрни ўзига қалқон қилганки, бошга ҳожат келса Аллоҳга мурожаат қилади, Ўзи сингарилар ёнига чиқади, ҳақиқатгўйлиги унинг хизматкоридир». Шу зотнинг мана бундай гаплари ҳам бор: «Шундай замонлар келадики, қоплаб дунё тентаклар қўлига ўтиб кетади». Ишонмасангиз, атрофингизга бир назар солинг: беҳисоб мол-дунёга эга бўлганлар ақлли, доно, тақводор одамларми ёки аксинчами?
Абул Ҳасан Сирий бундай деганлар: «Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрама, ҳеч кимдан ҳеч нима олма, шунда бировга беришга ҳеч ниманг бўлмайди. Дунёнинг турган-битгани ортиқчадир, лекин беш нарса бундан мустасно: нон, сув, кийим, уй ва манфаатли илм».
Шақиқ Балхий фақирликни ёқлаб ўтган шайхлардан. У айтадики, «Дунёга интилиб ўлишдан сақлан, хотиржам бўлгинки, сенга ёзилган ризқ сендан ўзгага берилмайди. Банда фақирликни ихтиёр этиб, бойликдан қўрқиши қандай билинади? У бадавлат одам камбағал бўлиб қолишдан қўрққанидек бойиб қолишдан қўрқади ва фақирлик ҳолатини қўрқув билан сақлайди. Фақирликни сақлаш фақирликни Яратганнинг инъоми деб тушунишдир. Бойлардан четда юр, чунки қалбингни уларга боғласанг, улар билан ҳамтовоқ бўлсанг, улар итоатига тушиб қолиб, Раббингдан юз ўгирасан».
Муҳаммад ибн Баҳрин аш-Шажиний бундай деган эди: «Мол-мулким кўплигига қарамай, фақирликдан жуда қўрқар эдим. Кунлардан бир куни Абу Ҳафс Ҳаддод менга: «Агар пешонангга фақирлик ёзилган бўлса, ҳеч ким сени бой қила олмайди», деди. Бу гапни эшитганим заҳоти фақирлик қўрқуви қалбимни тарк этди».
Баъзи кимсаларнинг камбағалларни қўл учида кўрсатиши, уларни назарга илмаслиги, улар ҳузурида бойлиги билан керилиши ёки кибрланиши, инсоний муносабатларда камбағаллардан устунлик даъво қилиши нодонликдан, жоҳилликдан бошқа нарса эмас.
Мана шундай нохуш ҳолатларга келин олишда, қиз чиқаришда айниқса кўпроқ дуч келинади. Келин ахтарганлар бойроқ хонадондан қиз олсам, ўғлимнинг келажаги таъминланади, қайнотаси ёки қайнонаси турмушда ёш оилани қўллаб туради, деган бемаъни хаёлларга боришади. Қиз узатадиганлар бадавлат хонадонга узатсам, егани олдида, емагани кетида, ҳеч нарсадан муҳтожлик кўрмай юради, деган режалар тузишади. Билишмайдики, Аллоҳ таолонинг ризқ тақсимлашда алоҳида ҳикмати, иродаси бор, бировга кўпроқ, бировга озроқ ризқ беради.
«Нега камбағалга қиз бермайсиз, битта айби гоҳо оч қолади-да», деб сўради бир доно киши маҳалладошларидан. Уларнинг чеҳрасида тасдиқ ишорасини кўргач афсусланиб хитоб қилди: «Йўқ, аксинча бойнинг хонадонида оч қолади. Қизингиз юрган йўлида еса бой «нега туриб еяпсан», деб кўз очирмайди, ўтириб еса «нега ўтирволиб ейверасан», деб тинчлик бермайди. Ишонмасангиз, текшириб кўринг, барча бойларнинг келини ориқ… Камбағал эса фақирлигим сезилиб қолмасин, дея ҳали синашта бўлмаган келинга нуқул овқат тиқиштиради».
Аксарият бадавлат кишиларнинг қизлари тўкинчиликда, фаровонликда, эрка бўлиб улғайгани учун кўп ҳолларда оддий, камтарона яшайдиган хонадонларга муносиб келин бўлолмайди. Сабаби, одатда уларнинг қўлини совуқ сувга урдиришмайди, айтганини ҳамиша муҳайё қилишади, қилини эгри дейишмайди, хулласи ҳамма айбу нуқсонларини қилинган мўл-кўл сеплар, шоҳона тўй маросимлари ёпиб кетади, деб ўйлашади. Аксинча, камбағалроқ оиладан келин бўлиб тушган қизлар эсли-ҳушли, «оилам, эрим, рўзғорим» дейдиган, борган жойига тошдай чўкадиган, ҳамманинг хизматини қилиб кўнглини оладиган эпли бўлишади. Фақат уларнинг камхаржлигини, қўли калталигини бетига солмасангиз, арзимас майда-чуйда деб иззат-нафсини койитмасангиз, бўлди.
Шу ўринда Ҳазрати Умарнинг сутчи аёлнинг ҳалол қизини келин қилганлари ҳақидаги гўзал бир ривоятни келтириш ўринлидир: Умар ибн Хаттоб Мадина кўчаларини айланиб юрганларида бир воқеанинг гувоҳи бўладилар. Бир хонадонда сутчи аёл бугун сути одатдагидан камроқ кўрингани учун унга бироз сув қўшмоқчи бўлар, унинг қизи эса «Аллоҳдан қўрқмайсизми?» деб уни бу гуноҳ ишдан қайтарар эди. Воқедан воқиф бўлган Ҳазрати Умар эртасига эрталаб ўша хонадонга бориб, Аллоҳдан қўрқувчи, гўзал ахлоқли, яхши фазилатли ва иффатли қизни ўғлига хотинликка сўради. Бутун мусулмон оламининг амири ўғлини фақир қизга, оддий сутчининг қизига уйлантирди. Ўша покиза келиндан шундай фарзандлар дунёга келдики, улардан бири бобоси каби адолатни севувчи, Аллоҳдан қўрқадиган, тарихда «Иккинчи Умар» номини олган, халифалик қилган йиллари «энг саодатли ва адолатли давр» сифатида тарихга кирган Умар ибн Абдулазиз эди…
«Тазкират ул-авлиё»да шундай нақл қилинган: Шайх Ҳотами Асом Балх шайхларининг улуғларидан эди. Бир куни Ҳотам аёлидан:
– Мен тўрт ойлик сафарга кетяпман. Шу тўрт ойлик муддатга қанча нафақа қолдиришимни истайсан? – деб сўради. Аёли бундай жавоб қилди:
– Тирик қолишимга етгулик нафақа қолдиринг.
– Тириклигинг ва ўлиминг асло менинг қўлимда эмас, Ҳақ таолонинг қўлидадир, – деди Ҳотам.
– Ундай бўлса, менинг ризқим ҳам сизнинг қўлингизда эмас, жаноби Ҳақнинг қўлидадир, – деди хотин.
Ҳотамга бу сўз маъқул келди ва хотинини дуо қилди. Қўшни хотинлар келиб аёлга: «Ҳотамдан нечун нафақа сўрамадинг?» дейишди. Хотин бунга жавобан:
– У киши ҳам мен каби ризқ еювчидир, бергувчи эмасдир, – деди.
Ҳофиз ибн Ражаб ушбу воқеани қози Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулбоқийдан нақл қилади: «Мен Макка шаҳрида фақирона ҳаёт кечирар эдим. Бир куни кўчада ҳамён топиб олдим. Уйга келиб очиб қарасам, ичидан бир шода марварид чиқди. Бунақасини умримда кўрмаган эдим.
Қайтиб кўчага чиқдим. Бир одам: «Мен ҳамёнимни йўқотиб қўйдим, ким топиб олиб қайтариб берса, беш юз динор бераман», деб юрган экан. Шунда мен: қорним оч, ҳожатмандман, ҳамённи бериб эвазига пулни оламану ундан фойдаланаман, деб ўйладим.
Ўша одамни чақирдим. У уйимга киргач, ҳамённинг ва ундаги марвариднинг белгиларини сўрадим, аниқ айтиб берди, шунда унга ҳамёнини топширдим. У беш юз динор пулни узатди, аммо мен олмадим, тўғрироғи олишни эп кўрмадим.
Орадан анча вақт ўтиб, денгиз сафарига чиқдим. Ногаҳон кемамиз ҳалокатга учраб, ҳамма сувга ғарқ бўлди. Аллоҳ таолонинг иродаси билан ёлғиз менгина бир парча тахтага ёпишиб, жон сақлаб қолдим. Кейин бир оролга чиқиб олдим ва ўша ердаги масжиддан паноҳ топдим. Қуръонни чиройли ўқишимни эшитиб, одамлар олдимга кела бошлашди. «Ёзувни ҳам биласанми?» деб сўрашди. «Ҳа», дедим. Улар бола-чақалари билан келиб, мендан ўқиш-ёзишни ўргана бошлашди. Моддий ёрдамлари туфайли мен ҳам ўзимни тиклаб олдим. Бир етим қизлари бор экан, бир куни улар мени уйлантириб қўймоқчи бўлишди. Аввалига рози бўлмадим, қистайверишгач кўнишга мажбур бўлдим.
Тўй куни…қизнинг бўйнидаги марваридга кўзим тушиб, ҳайратда қотиб қолдим. У ўша мен топиб олган марварид эди. Одамлар менинг аҳволимга ҳайрон… Уларга бошимдан ўтган воқеани айтиб бердим. Одамлар такбир айтиб юборишди. Сўнг бу қизнинг отаси ўша ҳамёнини йўқотган киши эканини, у умрининг охиригача: «Дунёда ҳамёнимни қайтариб берган йигитга ўхшаган софдил кишини бошқа кўрмадим, эй Аллоҳ, мени яна ўша йигитга рўбарў қил, қизимни унга никоҳлаб берай», деб дуо қилганларини айтиб беришди…».

Муаллиф Аҳмад МУҲАММАД


  • 4497
Одинахон Муҳаммад Юсуф

Одинахон Муҳаммад Юсуф Олима 27 May 2023


Ташна кўнгилларга мурожаат...

img

Эй аёл, эй нозик хилқат..
Ушбу муборак кечаларни йиғлаб ўткизяпсан. Тонггача ёстиғинг хўл бўлади ҳар гал. Сабаби сен бевасан! Эринг вафот этиб кетган. Ундан сенга нима қолди? Пешонангга “бева” деб босилган тамға, етимлар ва бир дунё дарду алам!
Сенчи, кўнгли ярим? Не умидларда турмуш қурган эдинг? Энди нима бўлди? Тўлғоняпсан яна тонг саҳар? Кеча кундуз сени бебахт қилган инсонгга ҳаёлларингда аччиқ аччиқ гапирсанг ҳам хуморингдан чиқмайсан. Қайтиб келиб ўз уйингга сиғмаяпсан. Лекин сендан ҳам ҳоли хароброқлар бор, ҳув ана, кўзларига уйқу келмаётган дугонангга қара, иккинчи турмуши ҳам бўлмади.

Ҳа, дугонажон?! Бир ўзингни айблайсан, бир уни, бир ундан аввалгисини. Сени ҳозир кўпроқ одамларнинг гап сўзи хижолат қиляпти. Икки эрдан ҳам чиққан бўлиб қолдим дейсан, аввалги турмушим устимдан кулади дейсан. Дунё кўзингга қоронғу кўриняпти. Қора кигиз, оқ кигиз, ҳаммаси бир гўр. Ўзингни қўйгани жой топа олмайсан.
Сенчи? Шу кундош балоси сени ҳеч ўз ҳолингга қўймадида?! Бир эринг билан уришасан, бир кундошинг билан. Саволлар кетма кет қуйилиб келаверади. Нега нега... ҳаёлинг шундан холи эмас, камига тушларингда кўрасан. Унга айтасан дардингни, бунга айтасан, лекин дард ўлгур тугамайди, ниҳояси кўринмайди. Эртаю кеч ўша офатдан қандай қутулишни ўйлайсан.
Ҳа, гулим, сенинг мусибатинг балки бошқаларникига қараганда енгилроқдир? Ҳа, ҳали турмуш қурмадинг. Бошқа уйқусизларга қараганда сенинг қайғуинг кичикроқ. Лекин бу ўзингга билинмайди. Назарингда энг бебахт аёл сенсан. Ойнага узоқ термулиб ўзингдан шубҳа қиласан. Ўзингга ўзинг хуник кўринасан ва бахтинг очилмаганининг сабабини шундан кўрасан.
Тасаввур қилинг, шундай бедор аёллар кечаларини чироқни ёқиб ўтказишса, кечанинг ёруғи кундузникидан зиёда бўлар эди.
Дугонажонлар, мен сизлар билан бирга яшайман. Дардларингизни тинглайман. Ҳолингиздан хабарим бор. Сизлар ҳақингизда ўйлайман. Кечалари Роббимнинг раҳматидан умидвор бўлиб кўкка боққанимда, ёнган чироқларингизни кўраман.
Кечаларининг тенги йўқ, кундузларининг мисли йўқ бу муборак ойда, келинг сизларга бир насиҳат қилай, ташна бўлган кўнгилларингизга тасалли берай.
Аввалам бор азизаларим, бахт деганда нимани тушунасиз?
Ҳа, аёл киши учун эрлик бўлиш, фарзандлик бўлиш бахтдир. Лекин асосий ва ягона бахт шуми? Ҳақиқий бахт Аллоҳни таниш ва давомли итоату ибодатда бўлиб, солиҳ банда бўлиш эмасми? Тақдирга иймон келтирмаймизми? Аллоҳнинг бизга берган неъматларига шукр қилмаймизми?
Сенга бахтни эркак эмас, балки уни яратган Зот беради. Сен бахтни ундан эмас, Холиқингддан кутгин.
Оила деганда фақат эрни тушуниладими? Ота онангчи, ака укаларинг ва опа сингилларингчи? Фарзандаларингчи?
Билгинки, эркакнинг аёлга, аёлнинг эркакка талпиниши, аслида зурриёт қолдиришга бўлган турткидан ўзга нарса эмас. Бу Буюк Зотнинг ҳикматидир.
Ҳа, сен бевасан, тинмай нолийсан. Лекин беванинг Аллоҳ ҳузуридаги дарожотини биласанми? Унга яхшилик қилиш, етимга яхшилик қилиш билан баробар эканлигини биласанми? Сабр қилсанг, қанча ажрга эришишинг мумкинлигини биласанми? Бевалик аслида сен учун бир олий мақом эканлигидан хабаринг борми?
Қайғуришдан не фойда? Фарзандингни тарбияси билан шуғуллан. Биласанми, қанчадан қанча уламолар, улуғ инсонлар етим бўлишган, отасиз ўсишган, уларга оналари ҳам она ҳам ота бўлганлар. Фарзандларини улуғ инсонлар қилиб етиштирганлар.
Аммо сенчи? Ажрашдингми, майли, ундан аввал ҳам усиз яшагансан, ундан кейин ҳам яшайсан. Шояд ундан ажрашишингдан хайр ва ҳикмат бўлса? Балки ҳали бирга яшаётган бўлсанг, ҳаётинг жаҳаннамга айланиши мумкин эди. Бу нарса яхши аёлларнинг бошидан ҳам ўтган, улуғ аёлларнинг бошидан ҳам ўтган, ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари ҳам бундан саломат қолмаган.
Дугонажон, иккита турмушинг ҳам барбод бўлдими? Майли, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлма. Борига шукр қил. Ҳаёт тугади дегани эмас бу. Балки иккинчи бор турмуш қурганингда яхши ният қилмагандирсан. Балки у тўғри ният қилмагандир. Сен кўнглимга қарайди, болаларим бошини силайди дегандирсан. У эса, тайёргина, оғирлигини менга солмайди дегандир. Аллоҳ учун дейилмагандир. Аллоҳнинг розилиги учун дейилмагандир.
Адолат истаётган аёл! Кундошингни ҳам эрингни ҳам ўз ҳолларига қўй. Қиёмат куни улар учун сен жавоб бермайсан. Ҳақсизлик қилишаётган бўлса, ўзлари жавоб беришади. Сен ўзинг нима деб жавоб беришингни ўйла. Ҳали унга ҳали бунга шикоят қилишни бас қилиб, ҳамма иш Ўз қўлида бўлган Роббингга шикоят қилгин, қадарига рози бўлгин, неъматига шукр қилгин. Менга тенг қилди я деб куяверма. Фақатгина Аллоҳга тенгдош қилиб бўлмаслигини эсингда тутгин.
Ҳа, гулим?! Аллоҳ бандаларинг суратию жамолига эмас, қалблари ва амалларига назар солишидан бехабармисан? Ўзингни тузаб, бирортасига ёқармикинман, дейсану, Роббингни рози қилишга уруниб кўрасанми ҳеч? Балки сенинг шу ҳолатинг, сен ҳавас қилган кўпгина дугоналарингнинг ҳолатидан кўра афзалдир? Улар турмуш қуриб, ибодатга кўп ҳам бўша олмаётгандирлар, тақволар сусайгандир. Сенда уларга қараганда, ибодатга фурсат анча кенг!

Келинг азизаларим, Рамазонни ғанимат билайлик. Кўнгиллар ташналигини Аллоҳ бандасининг муҳаббати билан эмас, Аллоҳнинг муҳабати ила сероб қилайлик. Вужудимиздаги бўшлиқни Аллоҳнинг ишқи ва Расулининг ишқи ила тўлдирайлик. Кечалари бахтсизлигингизни ўйлаб йиғламанг, Аллоҳдан қўрқиб йиғланг. Кераксиз ўй фикр, ҳаёлларни деб бедор бўлманг, ибодат учун бедор бўлинг. Кундузи рўзадор бўлиб, ғийбатчилик, ношукрчилик қилманг, зикр қилувчи, шукр қилучи бўлинг. Рамазоннинг ҳар дақиқасидан фойдаланинг. Минг кечадан хайрли кечани қўлдан қочирманг.
Кундузлари рўзадор бўлар экансиз, тиловат қилар экансиз, кечалари қоим бўлиб ибодат қилар экансиз, сизни улуғлаган Аллоҳни улуғланг. Ўзидан умид қилинг, Ўзигагина ёлборинг, Ўзидангина сўранг.
Аёлларни эркалаган, умматларининг эркакларига уларга яхшилик қилишни васият қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар айтишдан эринманг.
Бирор аёлнинг эри вафот этса, ёки ажрашса, иддаси тугаши билан эшига олдида нафслари учун эмас, савоб умидида совчиликда навбат бўлиб турадиган саҳобаи киромларга ҳам саловоту саломлар юборинг.
Уйида эркак бўлмас, кўчага чиқариб қўйган челакларига сув тўлдириб келиб берган мард эркакларнинг ҳаққига дуо қилинг ва фарзандингизни худди шундай тарбия қилинг.
Сиз мўминлар оналаридан, саҳобиялардан ўрнак олиб, улар тутган йўлни тутинки, сизларга ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ила хулқланган, саҳобаларга ўхшаш эркаклар насиб қилсин.
Агар сиз шу айтилган нарсаларга амал қилсангиз, сизнинг ғаму андуҳларингизга шоҳид бўладиган чироқларга ҳожат қолмайди. Балки уларнинг ўрнига улардан афзал бўлган, яна ҳам ёрқин бўлган Раҳмоний нур пайдо бўлади ва сизлар томон назар солган инсу жинлар:”Бечора бахтсизлар” деб эмас, “Энг бахтли мўминалар”, дея ҳавас ила қарайди.

Муаллиф: Одинахон Муҳаммад Юсуф


  • 4727
Нозимжон Ҳошимжон

Нозимжон Ҳошимжон Воиз, Таржимон 23 Avg 2022


Бахт калитлари

img

Эр эрта тонгда уйқудан турди. Нонуштани қилиб бўлгач, кийимларини кийиб, ишга жўнашга чоғланди. Офиснинг калитини олиш учун ўзининг китоблари турадиган хонасига кирди. Қараса, столнинг ва компютер турадиган хоннинг усти қалин чанг билан қопланган экан. Оҳисталик билан у ердан чиқди ва хотинига: “Аёлим, севгилим, хонамга кириб, стол устидан калитларимни олиб чиқиб бер” деди. Аёл калитларни олиш учун ҳалиги хонага кирди. Калитларни олиб, энди чиқмоқчи эди, хон устидаги чангнинг ўртасига бармоқ билан: “Хонимим, сени севаман. Эй умримнинг йўлдоши, сени жуда ҳам севаман” деб ёзиб қўйилибди. Ортга қайрилиб, хонадан чиқмоқчи эди, компютер турадиган хоннинг устидаги чангнинг ўртасига ҳам бармоқ билан: “Хонимим, сени севаман. Эй умримнинг йўлдоши, сени жуда ҳам севаман” деб ёзиб қўйилибди. 

 Аёл хонадан чиқиб, калитларни эрига узатар экан, юзида табассум кўринарди. Гўёки, у эрининг нима демоқчилигини тушунгандек, бундан кейин уйининг тозалигига жиддий эътибор беришга қасд қилгандек эди. Ҳа, бу ҳодиса хато қилган аёлига ёмон муомала қилмасдан, балки унинг хатосини гўзал шаклда тушунтириб, ноқулай ва кўнгилсиз вазиятни ҳурсандчиликка айлантирган ақлли эрнинг уйида содир бўлган. Мана шу ҳақиқий муҳаббат, ҳақиқий бахтиёр оиладир. Зеро, оилапарвар динимиз ислом ҳам бизларни ана шундай мулойимликка, оғир вазиятларни ҳам юмшоқлик билан ҳал этишга чорлайди. Аллоҳ таоло юртимиздаги барча оилаларни бахтиёр оилалардан қилсин, омин!  

Нозимжон Ҳошимжон 


  • 4148
Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид Хофизи қуръон 23 Iyun 2022


Бобом сўзин тушунгим келар...

img

Мақоламиз қаҳрамони бир катта шаҳарда ҳоким бўлган, улкан мамлакатда бош вазир вазифасида ишлаган буюк шахс. У – ҳаётини ҳалқ манфаати учун бағишлаган фидокор. У – ўнлаб мадрасалар қурган, юзлаб масжидлар барпо қилган, эл учун анҳор-ариқлар қаздирган ихлосли мансабдор. У – кундузларини халқ хизматида, тунларини Ҳақ ибодатида ўткизган обид банда. Зотан у тўққиз ёшда Қуръони Каримни тўла ёд олган, балоғат ёшига етиб-етмасданоқ зўр мулло, комил мусулмон бўлиб етишган, олим, фозил инсон, Қуръони Карим, тафсир, фиқҳ, ҳадис, балоғат, шеърият, адабиёт, тилшунослик, фалсафа ва бошқа илмларни эгаллаган забардаст аллома. Сиз қаҳрамонимизни яхши тасаввур қилиб олдингиз-а? Энди у инсон ҳақида уни танимаган ёки таниб, ўзини танимасликка олган киши томонидан «У ароқхўр одам экан, боз устига бир қизга хуштор бўлиб қолиб, ақлидан айрилай дебди. Ёши олтмишга бориб қолганига қарамай, қирқ йилдан буён ўша маъшуқасини мақтар, унга етишолмай, бор-будини хазон қилган экан» деган гапни эшитсангиз, бунга қалбингиз ишонадими? Ақлингиз бовар қиладими?! Йўқ, албатта! 
Қаҳрамонимиз исми шарифи Алишер. Ихлосли, фазилатли мусулмон оиласида дунёга келган. Ёшлигиданоқ ўзига «Навоий» деган тахаллусни ихтиёр қилган. Келинг, энди мақсадга ўтайлик.

Навоийнинг шеърлари беш-олти ёшимдаёқ қалбимни ўзига ром этган эди. Ёшим улғайиб, ақлим тўлиб, билимим ортган сайин Навоийнинг ижоди билан кўпроқ танишишга, унинг мақсадларини тушунишга бўлган иштиёқим ва имкониятим ортиб борарди. Баъзан ўйлаб қолар эдим: 
«Наҳотки, шундай буюк шахс бир қизнинг ишқида шунча девонлар, достонлар ёзиб юборган бўлса?! Шаҳватпарастлик ҳеч қачон инсон фарзандига шараф олиб келган эмас. Навоийнинг сўзларида ўзига хос бир атамалар, мажозий меъёрлар бўлиши керак. Нафс истакларини қондиришни бирламчи ғояга айлантириб олган ҳозирги кишилар олдида ҳам бирорта шоир аёлларни ёки ичкиликни мақташ билан обрў топгани йўқ. Исломий тасаввуф гуркираб яшнаган, ахлоқий меъёрлар бош қонун бўлган даврда бутун халқ орасида, олиму фозиллар, подшоҳу вазирлар, аҳли тасаввуф ва зоҳидлар қошида қандайдир шилқимона олди-қочдилар билан беқиёс ҳурматга сазовор бўлиш мумкинми?! Йўқ! Асло мумкин эмас! Навоий бошқа нарсани назарда тутган бўлса керак. Унинг ўзига хос услуби бўлиши керак». 
Бундай фикр фақат менинг эмас, менимча, ҳар қандай оддий ақл соҳибининг хотирига келган.
Қолаверса, устозларимиздан бири айтганидек, ҳозир ҳам агар бирор вазир ўзи ҳақида «фалон вазир фалон қизга хуштор бўлиб қолибди» деган гапни эшитса, бу гап рост бўлган тақдирда ҳам, ўша гапни айтган одамни, керак бўлса, ўлимга ҳукм қилади. Аслида бир мамлакатнинг вазири бўлиб турган, тасарруфида ҳисобсиз бойлик қалашиб ётган эркак учун битта қизни ўзининг хоҳишига юргиза олмаслик ақлга ҳам, воқеъликка ҳам тўғри келмайди.
Демак, бу ерда бошқа гап бор. Хўш, нима қилиш керак? 
Навоийни тушуниш учун Навоийнинг даврига қайтиш керак, албатта. Маълумки, Алишер Навоий даврида бошқа илмлар қатори тасаввуф илми ҳам ривожланган эди. Алишер Навоий ҳам нақшбандия тариқати соликларидан эди. Бинобарин, Навоийни тушуниш учун исломий илмларни, жумладан тасаввуф илмини ҳам билиш лозим бўлади. Ҳар бир илмнинг ўзига яраша атамалари бўлганидек, тасаввуфнинг ҳам ўзига хос атамалари бўлиши табиий. Ибн Синонинг сўзларини тушуниш учун табобат атамаларини, Форобийнинг фикрларини илғаш учун фалсафий ибораларни, муҳаддисларнинг сўзларини англаш учун ҳадис илми истилоҳларини билиш лозим бўлганидек, тасаввуф аҳлининг сўз-ибораларини тўғри тушуниш учун ҳам уларнинг ўзларига яраша атамаларини тушуниш керак бўлади. 
Масалан, «саҳиҳ» деган сўз луғатда «соғлом, тўғри», фиқҳ илмида «тўғри, хато эмас», ҳадис илмида «ишончли», сарф илмида «иллат ҳарфлардан холи сўз», табибларда «соғ-саломат» деган маънода тушунилади. Бинобарин, «саҳиҳ» сўзини қайси маънода тушиниш бу сўзнинг қайси илмга оид китобда келаётганига қараб таъйин топади. Яна бир мисол учун «вазн» сўзини олайлик. Бу сўз умумий ҳолатда «оғирлик» маъносини билдиради. «Фалон нарсанинг вазни фалонча грамм», деганга ўхшаш. Аммо бу сўз шеъриятда келса, маълум ритмга эга маълум бўғинлар йиғиндиси тушунилади. Сарф, яъни морфологияда эса бу атама сўзларнинг «фа», «ъайн», «лам» муқобилидаги ҳолатини ифодалайди. «Вазн» сўзининг истилоҳий маъноларидан бехабар одамдан «Навоий» қайси вазнда?» деб сўралса, ҳеч нарсани тушунмай туриши турган гап. Сарф истилоҳидан хабардор кишигина бу саволга «Фаъолий вазнида», деб жавоб бериши мумкин. Аруз истилоҳларини билган инсон эса «фаъулун» вазнида деб жавоб қилади. Худди шунингдек, тасаввуфга доир сўз ва асарларни ҳам тасаввуф истилоҳларисиз тушуниш имконсиз.
Ҳар бир илмнинг атамаларини ўша илмнинг мутахассисларидан ўрганилганидек, тасаввуф аҳлининг истилоҳларини ҳам ўшаларнинг ўзларидан ўрганиш керак. Бу ўринда тахмин билан иш кўриш, ўзбошимча «ижодий» ёндашув, бу илмдан хабарсиз ҳолатда оғзига келганини гапириш ёки «ўтмишни ҳозирга мослаб талқин қилиш» қабилига ўтиш ярамайди. 
Камина шу мақсадда Ислом уламоларининг турли исломий атамаларни, хусусан тасаввуфий истилоҳларни ёритган асарларига мурожаат қилдим. Шундан кейингина мен учун мушкул бўлиб турган бир қанча саволларга ўзимда жавоб топгандек бўлдим.
Тасаввуф илми ҳам, бошқа исломий илмлар каби, Исломнинг илк даврларида алоҳида илм сифатида шаклланган эмас эди. Балки мусулмонлар билган Қуръон ва суннат илмларининг ичида умумий тарзда ўрганилар эди. Вақт ўтиши билан Қуръон ва Суннатдан олинган илмлар турли соҳаларга ажралиб, алоҳида-алоҳида илм сифатида шакллана борди. Ҳар бир соҳанинг ўзига яраша мутахассислари етишиб чиқа бошлади. Шу қатори Исломда инсоннинг ахлоқига, қалбига, руҳий тарбиясига оид илмлар ҳам бир тўплам бўлиб ажралиб чиқди. Бу илмга доир билимларни жамлаб, алоҳида ривожалантириш учун махсус уламолар етишиб чиқди. Улар ўзларининг саҳобаи киомлар ва тобеинлардан олган илмлари ҳамда ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан билимларни алоҳида китобларга туширишга киришишди. Кейин бу илмга «тасаввуф» деб ном берилди. Мусулмонларнинг орасида ушбу илмга алоҳида берилган, асосан қалбга доир илмлар билан шуғулланадиган, замона фитналаридан ўзини узоқроққа олиб қочадиган, тоат-ибодат, тақво ва қалб ислоҳига ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳаракат қиладиган кишилар пайдо бўлди. Ана ўша кишилар «зоҳидлар», «обидлар», кейинроқ «сўфийлар» деб ном олди.
Сўфийларнинг баъзиларида ўзларидаги руҳий ўзгаришлар, маънавий камолот босқичлари, қалбаларида ҳосил бўлаётган кечинмаларни сир тута олмай, айтиб юбориш ҳолатлари юзага келди. Бундай ботиний ҳолатларни ҳаммага ҳам айтиш раво бўлмаслигини билган баъзи кишилар ўзларига хос атамаларни ўйлаб топишди. Улар бу билан ўз кечинмаларини фақатгина ўзларига ўхшаган ҳолатдаги кишилар тушунадиган тарзда баён қилишни ирода қилишган эди. Бунинг учун сўзларни омма ишлатиб юрганидан бошқа маъноларда ишлатиш керак эди. Қолаверса, агар улар ўзларининг ички ҳолатларини намоён қилиб қўйишса, тушунмаган, уларнинг ҳолатини ҳис қила олмайдиган айрим инсонлар уларга таъна қилиши ҳам муқаррар эди. 
Улар ана шу мажоз йўли билан ҳам ўзларидаги ҳолатни изҳор қилишга ва айни пайтда махфий тутишга эришдилар. Қалб дардини тўкиш билан бирга риёдан ҳам сақлана олдилар. Ўзларига эргашганлар учун ибрат яратиш билан бир вақтда уларни инкор этувчилардан ўзларини тўса олдилар. Шу билан бирга, ўша ҳис ва кечинмаларни мажоз билан ифодалашда ўзига яраша завқ ҳамда балоғат ва фасоҳатнинг намойиши ҳам бор. Балки уларнинг руҳий оламларида рўй бераётган ҳолатларни жўн сўз билан ифода қилишнинг имкони ҳам йўқ эди. Абдурраҳмон Жомийнинг айтишича, бундай йўлни биринчи бўлиб тутган шахс, Зуннун Мисрий бўлган.
Ҳар қандай мураккаб ва кенг илмнинг ҳам бошланиш нуқтаси кичик ва содда бўлгани каби, тасаввуф атамалари ҳам илгарги ҳолатида унча кўп бўлмаган. Аммо вақт ўтиши билан бу майдон ҳам кенгайиб кетди. Тасаввуфий истилоҳлар икки қисмга: ҳақиқий ва мажозийларга бўлинди. Ҳақиқий маънодаги истилоҳларга мисол тариқасида «тавба», «риё», «узлат», «ихлос», «муҳаббат» каби сўзларни келтириш мумкин. Мажозий истилоҳларга «фано», «бақо», «ишқ», «ҳижрон», «зулм», «аҳдга вафо», «ёр», «дилдор» каби сўзларни келтириш мумкин. Аввалги қисмнинг аксари Қуръон, Суннат ва салафи солиҳларнинг сўзларидан олинган бўлса, кейинги қисм атамалар, юқорида айтиб ўтганимиздек, ўз ҳолатини оммадан яшириш мақсадида пайдо бўлган. Эҳтимол, улар ҳали келажакда жинсий майлни ҳаётнинг бош мақсади қилиб оладиган ҳозиргидек жамиятларнинг келишини тасаввур ҳам қила олмагандирлар.
«Сўфийлар истилоҳи» деганда «сўфийнинг илоҳий висолга етишиш йўлида қилган покланиш, хулқланиш ва етишишдан иборат уч босқичли руҳоний сафари асносидаги завқий тажрибаларини акс эттирувчи тушунчаларни ифодаловчи сўзлар» назарда тутилади.
Тасаввуф истилоҳларининг шаклланиши ва бойиб боришида Қуръони Карим, Суннати набавийя, салафи солиҳларнинг ҳикматлари катта ўрин эгаллаган бўлса, шу билан бирга бошқа илмларнинг, жумладан фалсафанинг ҳам таъсири катта бўлган. 
Сўфийларнинг истилоҳлари бошқа илмлардаги истилоҳлардан шуниси билан фарқ қиладики, бу истилоҳлар муайян бир маънога боғланиб қолмай, бир неча ирфоний маъноларда ишлатилиши мумкин. Уларнинг қайси маънода қўлланилганини атрофидаги бошқа сўзлардан чиқариб олинади. Масалан, «ёр» деганда Аллоҳ таолони тушуниш ҳам мумкин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёки пирни тушуниш ҳам мумкин, шунингдек, ғайбий мушоҳада назарда тутилиши ҳам мумкин. 
Тасаввуф аҳлининг намояндаларидан бўлган Алишер Навоийнинг асралари ҳам, табиийки, ўша истилоҳий маънолар асосида талқин қилиниши шарт. Акс ҳолда, шундай улуғ шахсиятга тил теккизган, унинг омонатига ҳам, тарихга ҳам, илмга ҳам хиёнат қилган бўламиз. 
Тўғри, яқин вақтлардан бери Навоийнинг айрим шеърларини тасаввуфий шарҳлаш ҳам учраб турибди. Аммо улар кўплари бирламчи ўринда ўзларининг ғайриисломий тасаввурлари билан, таъбир жоиз бўлса, ҳавойи нафсларига мувофиқ тарзда шарҳлаши кузатиляпти. Тасаввуфий шарҳ қилмоқчи бўлганлар ҳам муқаррар илмий асосга, чин тасаввуфий истилоҳга таянмаган. Балки бу шарҳларнинг аксари мавҳум талқинлар, тушунарсиз, гажакдор иборалар, ҳиссиз таъбир, тахминий тасаввурлардан бошқа нарса бўлмай қолган. Бунинг устига баъзи бир журъатли қаламкашлар ўшандай тасаввуфий ғазалларга мухаммас боғлашга ҳам қўл теккизишган. Табиийки, натижа «қовунга қовоқни пайванд қилгандек» бўлган.
«Илм ҳар қандай мураккаб нарсани соддалаштириб беради» деган қоидага мувофиқ, агар биз ўша ирфоний шеърларни муаллиф назарда тутган истилоҳлар билан тушунишни йўлга қўйсак, ўзимизни ҳам қийнамаймиз, ўзгаларни ҳам адаштирмаймиз. 
Мисол учун биргина байтни шарҳ қилиб кўрайлик:
Тун оқшом келди кулбам сори ул гулрух шитоб айлаб, 
Хироми суръатидин гул уза ҳайдин гулоб айлаб.
Насрий баён:
Оқшом тунда ўша гулюзли ёр кулбамга шитоб билан кириб келди. Юриши тезлигидан гул юзидан терлар гулоб бўлиб қуйиларди.
Маълумки, Алишер Навоий уйланмай ўтган. Агар кечқурун Навоийнинг ҳузурига ҳамма ғафлатдалик пайтда у кишининг севган қизи келган бўлса, бу сир тутилиши керак. Агар биз байтни мана шу қабилда, бошқача қилиб айтганда, «замонавий» тушунадиган бўлсак, бу билан Навоийга  фақат иснод келтиришимиз муқаррар. Навоийдек буюк инсонни қўйинг, ҳар қандай ўзини ҳурмат қилган одам ҳам, бундай иш рўй берган бўлса, уни бошқалардан яшириши турган гап. Демак, Навоий бошқа нарсани кўзда тутган. Навоийнинг мақсадини тушуниш учун у кишининг истилоҳларини тушунишга уринамиз. Келинг, бу байтда ишлатилган сўзларни тасаввуфий истилоҳлар асосида шарҳ қилиб кўрайлик. Бу борада Муҳаммад Алий Таҳонавийнинг «Кашшаф истилаҳат ал-фунун», Абдурраззоқ Кошонийнинг «Истилаҳат ас-Суфийя», Докор Рафиқ Ажамнинг «Мавсуъат мусталаҳат ат-тасаввуф ал-исламий» асарлари бизларга асос бўлади:
Кулба – соликнинг қалби; (солик тариқат йўлини танлаган шахс)
Гулрух (гулюз) – шуҳуд олами, яъни Аллоҳ таолонинг зотини мушоҳада қилиш ҳолати;
Гул уза ҳай (юздан оққан тер) – ғайбий илҳом.
Энди ушбу изоҳлар асосида байтнинг насрий баёнини кўрайлик:
«Ҳамма ёқни жаҳолат зулмати қоплаб турган бир пайтда қалбимда Аллоҳ таолонинг зотини мушоҳада қилиш ҳолати юз берди. Бу мушоҳада шу қадар тез рўй бердики, унинг тезлигидан менга ғайбий илҳомлар ҳосил бўлди».
Энди ўзингиз холис ўйлаб кўринг, Навоийга нисбатан аввалги уятли маънони ирода қилиш ақлга тўғрироқ келадими ёки мана бу ирфоний маъноларними? Қайси бири воқеъликка ва мантиққа тўғри келади? Бир тафаккурни ишлатиб кўринг,
Навоий аҳли жунун зумрасиға кирди, Илоҳий,
Чу айладинг ани мажнун, Ўзингни қил анга Лайло.

Тўрт унсур қайдидин то чиқмағайсен, нафъ эмас,
Осмоний тўрт дафтарни тутайким ёд бил.

Беша шерин гар забун қилсанг шижоатдин эмас,
Нафс итин қилсанг забун, оламда йўқ сендек шужоъ.
деган инсонга қайси маъно муносиброқ?!
Келинг, яна бир мисолни кўрайлик.  «Хазоийнул-маъоний»нинг биринчи ғазалида Навоий шундай дейди:
Ғайр нақшидин кўнгил жомида бўлса занги ғам,
Йўқтур, эй соқий, майи ваҳдат масаллик ғамзудо.
Бу байт анчагина равшан. 
Ғайр – Аллоҳдан ўзга барча нарса;
Кўнгил жоми – қалб ойинаси, унда Аллоҳ таолонинг нури тажаллий қилади.
Ғам – монеълик, тўсиқ;
Соқий – муршиди комил, инсонларга руҳий тарбия берувчи устоз.
Майи ваҳдат – тавҳид завқи.
Энди байтни мазкур истилоҳлар асосида насрий баён қилиб кўрамиз:
«Эй муршид! Қалб ойинасида унга Аллоҳ таоло томонидан етадиган нурнинг акс этишини тўсадиган занг, яъни Аллоҳдан бошқа бирор нарсанинг нақши – таъсири бўлса, тавҳид завқичалик уни аритувчи, тозаловчи нарса – «ғамзудо» топилмайди».
«Тавҳид» деганда қалб тубидан Аллоҳ таолони барча жиҳатдан ягона, мутлақ танҳо деб эътиқод қилиш, фақат Аллоҳни риоя қилиш, фақат уни ўйлаш назарда тутилади. Шунингдек, «ваҳдат майи» деганда тавҳид калимасини ҳам тушуниш мумкин.
Ҳазрат Навоий унинг айтган сўзларини мақсаддан бурадиган, нотўғри талқин қиладиган кишилар ҳам унинг асарларини ўқиб, ташвиқ қилишлари мумкинлигини сезгани учун девонининг энг биринчи ғазалидаёқ бу нуктага алоҳида танбеҳ бериб қўйган. Юқорида биз биргина байтини ўқиб ўтган «Ашрақат» деб бошланувчи ғазалида яна шундай байт бор:
Сен гумон қилгандин ўзга жому май мавжуд эрур,
Билмайин нафй этма бу майхона аҳлин, зоҳидо.
«Эй тасаввуф аҳлининг истилоҳларидан бехабар зоҳирпараст! Сен ўйлаётган маст қилувчи, ақлни кетказувчи, инсонни хор қилувчи шароб ва ўша ҳаром нарса қуйиладиган идишдан бошқа ҳам шартли равишда «жом» ва «май» бор. Бу майхонани – орифларнинг ботиний олами вакилларини (ёки муршид хонақоси аҳлини) билмасдан инкор қилиб юрма!»
Хулоса қилиб айтганда, Навоийни тушуниш учун Навоий билган ва фойдаланган билимларни, яъни Қуръон, Суннат, шариат, тариқат, тасаввуф ва бошқа илмларни билиш, ўрганиш керак бўлади. Ўрганганда ҳам асл манбалардан ўрганиш даркор. Бунинг учун, албатта, ўша давр Ислом оламида илмий муомалада бўлган тилларни яхши ўзлаштириб, манбаларни бегоналарнинг таржима ёки тавсифлари асосида эмас, асл ҳолатида ўрганиш талаб қилинади. Бинобарин, навоийшунос бўлишни истаган киши аввало ислом олими, тасаввуф билимдони бўлиши, бу илмларни билибгина қўймай, уларни ўз ҳаётида татбиқ этиб, зикр қилинган даражаларни ўзида жорий қилган бўлиши лозим. Шундагина у Навоийни тўла тушунган, у кишининг шахсиятини тўғри англаган, сўзларини яхши ҳис қилган бўлади. Менимча, бугунги навоийшуносликнинг олдида турган энг катта муаммолардан бири шу бўлса, ажаб эмас.
Улуғ бобокалонимизнинг меросларини тўла ва тўғри тушуниш ҳамда шундай талқин қилиш, бу олтин меросни ҳақиқий, соф ҳолатда кейинги авлодларга етказиш биз фарзандларнинг бурчимиздир. Бундай улкан вазифани шараф билан адо қилиш бахтини ҳозирги илм ва маърифат кишиларига, алалхусус, Алишер Навоийга ўзини авлод деб билган сизу бизларга насиб қилишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламан.

Муаллиф Ҳусайнхон Яҳё


  • 5228
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид Хофизи қуръон 20 Iyun 2022


«Ийд Азҳо» одоблари

img

Бизда «Қурбон ҳайити» ёки «Кичик ҳайит» деб номланадиган кун диний манбаъларимизда «Ийд ал-Азҳа» деб юритилади. «Ийд» сўзи араб тилида «қайта-қайта такрорланиш», «фойда-манфаат» маъноларини билдиради. Ҳайит куни ҳар йили такрор, қайта-қайта келгани ва унда Аллоҳнинг неъматлари бандаларига сероб бўлгани учун уни «ийд» деб номланган. «ал­Азҳа» эса «қурбонлик қилиш», деган маънони англатади.

Тилшунос мутахассисларнинг таъкидлашларича, «ҳайит» сўзи ҳам асли «ийд» сўзидан олинган экан. («Ўзбек тилининг изоҳли луғати», 676-бет. Москва. 1981 йил.). Ўғузлар (қадимги турклар) айрим ҳолларда сўз бошидаги унли олдига «ҳ» қўшиб талаффуз қилишган экан. («Девону луғатит турк», 135-бет. Маҳмуд Қашғарий. Тошкент. 1961 йил. Ўз.ССР Фанлар Академияси нашрёти.) Ана шундоқ қилиб, «ийд» сўзи бизда кейинчалик «ҳайит» шаклини олган экан. Қурбон ҳайити кунининг тарихи Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларига бориб тақалади. «Шарҳул Виқоя» ва бир қанча тафсир китобларда келишича, Иброҳим алайҳиссалом тушларида ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилаётганларини Зулҳижжанинг саккизинчи куни кўрадилар. Бу тушнинг ҳақиқиқий ёки ҳақиқиймаслиги ҳақида ўйлаб, тафаккур қилиб қоладилар.

Шу боис, бу кун «Тарвия куни куни» деб номланиб қолган. Эртасига ўша тушни такрор кўрадилар ва энди тушнинг ҳақиқатда Аллоҳ таоло томонидан эканини биладилар. Шунинг учун бу кун «Арфа» ‒ «билиш» деб номланади. Эртасига, яъни Зулҳижжанинг ўнинчи куни Иброҳим алайҳиссалом ўз ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни Аллоҳ учун сўйиш, қурбонлик қилиш учун олиб чиқадилар. Шу сабабдан бу кун «Наҳр куни», яъни «Сўйиш куни»  деб аталади.

Аллоҳ таоло вақти келиб, Иброҳим алайҳиссаломнинг миллатига ‒ динига эргашадиган, у зотнинг ҳақиқий издошлари бўлган мусулмонларга мазкур кунни байрам қилиб берди ва ўша кунларда Иброҳим алайҳиссалом қилган амал ‒ қурбонлик сўйишни мусумлонлардан қодир бўлганларга вожиб қилди. 
«Ийд Азҳо» байрами ҳаж ибодатларининг якуни муносабати билан ҳамда Аллоҳ таоло учун ҳар қандай қурбон беришга тайёрликни изҳор қилиш маъносида шариатга киритилган. Мусулмонлар Аллоҳ таоло йўлида жонлиқларни қурбон қилишни ана шундай буюк байрам ўлароқ нишонлайдилар. 
Исломда Қурбонлик кунини байрам қилиб белгиланиши ҳижрий иккинчи асрда жорий бўлган. Бу ҳақда муҳаддисларимиз қуйидагича ривоят қиладилар:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, у (Мадиналик)ларнинг икки куни бўлиб, улар ўша кунларида ўйин-кулги қилшар эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу икки кун қандоқ кун?», – деб сўрадилар. Улар:
«Биз жоҳилиятда шу кунларда ўйин-кулги қилар эдик», – дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхшироқ –  Азҳо куни ва Фитр кунини берди», – дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилган.
Азҳо куни – Қурбон ҳайити, Фитр куни – Рамазон ҳайити кунидир.
Демак, бу икки ҳайит кунларини сиз билан биз мўмин-мусулмонларга бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзи байрам қилиб берган экан. Уларни одамлар ўзлари ўйлаб топган ёки олимлар жорий қилган эмас, балки илоҳий ирода шуни ихтиёр қилган экан. Ана шу эътибордан, ушбу кунларни байрам қилишнинг ўзи алоҳида ибодат ҳисобланади.
Мадина аҳли Исломдан олдин йилнинг иккита кунини – баҳорда шамсий йилнинг бошланиш кунини, кузда Меҳрижон кунини байрам қилишар эди. Ўша кунларни улар турли ўйин-кулгилар билан ўтказишар эди. Аллоҳ таоло уларга ўша икки куннинг ўрнига бошқа икки кунни байрам қилиб нишоллашни Ислом шариатида жорий қилиб берди. Шундай қилиб, Ислом аркон – асосларидан ҳисобланган икки буюк ибодат – рўза ва ҳаж ибодатларининг якуни мусулмонлар учун энг улуғ байрам этиб тайинланди.
Ана шундан буён мўмин-мусулмонлар бу кунларни байрам қилиб келадилар. Уларни ўзига хос гўзал суратда, ибодат, хайру саховатлар билан, ахлоқ-одоб меъёрлари асосида нишонлайдилар. Бу кунлар доимо эзгулик, хайру барака, меҳр-оқибат рамзи ҳисобланиб келган.
Халқимиз қадимдан, Ислом дини билан мушарраф бўлган кундан бошлаб Қуррбон ҳайитини тантанали равишда байрам қилиб нишонлаб келган.  Ийд намозини ўқиш учун бутун шаҳар аҳли бир намозгоҳга йиғилган. Намоздан сўнг бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш, фақиру камбағалларга моддий ёрдам кўрсатиш, болаларга ҳайитллик совғалари улашиш халқимиз ичида анъанага айланган. 
Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни бўлади. Бинобарин, унинг қачон бўлиши ҳам, Рамазон ҳайити каби, ойни кўриш билан аниқланади. Ундан кейинги уч кун, яъни Зулҳижжанинг 11‒13 кунлари «Ташриқ кунлари» дейилади. «Ташриқ» араб тилида қуёшга қўйиш, қуёшда тоблаш деган маънони англатади. Бу кунларнинг бундай номланишига сабаб, араблар қурбонлик гўштларини шу кунларда офтобга қўйиб, қуритишар эди. Кейинроқ бу кунларни «Ташриқ ‒ қуёшга тутиш куни» деб номлайдиган бўлишди. Шу билан бирга, бу кунлар ҳаж амаллари бажариладиган кунлар ўлароқ алоҳида эҳтиром қилинади.
Диний манбаъларимизда ҳайит кунларига доир одоб ва аҳкомлар батафсил баён қилинган. Биз ҳозир фақат Қурбон ҳайитига тегишли одоб ва аҳкомлар ҳақида сўз юритамиз.

Қурбон ҳайити кунига эсон-омон етиб келган ҳар бир мусулмон киши қуйидаги амалларни бажаради: 

1. Такбир айтиш. Такбир айтиш деганда, «Аллоҳу акбар», дейиш тушунилади. Аммо бу кунларда такбирнинг тўлиқ шакли айтилиш мустаҳаб саналади. 
Ибн Абу Шайба ўз «Мусаннаф»ида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича,  у киши ташриқ кунлари қуйидаги такбирни айтар эканлар: «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илааҳа иллаллоҳ! Валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ва лиллааҳил ҳамд».
Маъноси: «Аллоҳ улуғдир! Аллоҳ улуғдир! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Ва Аллоҳ улуғдир! Аллоҳ улуғдир! Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!».
Бу кунларда такбир айтишга Қуръони Каримдан ҳам буйруқ бор.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:
«Аллоҳни саноқли кунларда эсланг», деган (203-оят). 
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оятдадаги саноқли кунларни наҳр ва ташриқ кунлари деб тафсир қилганлар. У зотнинг шогирдлари Икрима розияллоҳу анҳу эса оятдаги «эсланг» калимасини «такбир айтинг» дегани, деб тушунтирганлар.
Уламоларимиз ушбу далиллардан келиб чиқиб, бу кунларда такбирни кўп айтиш керак, дейишган. Шу боис, уйда ҳам, намозга кетишда ҳам такбирни овоз чиқариб айтиб борилади. 
Шу билан бирга, фарз намозлар сўнгидан ҳам такбир айтиш алоҳида таъкидланган. У арафа куни Бомдоддан бошлаб,учинчи ташриқ кунининг Асригача ҳар фарз намоз ортидан айтилади. Бу такбир намозни жамоат билан ўқиган кишиларга вожиб, ёлғиз ўқигувчига мустаҳаб саналади. Агар имом айтмаса ҳам, муқтадий айтаверади. Уни бевосита фарз намозидан кейин айтилади. Орага намозни бузадиган амаллар тушмаслиги лозим.
Ибн Абу Шайба имом Зуҳрийдан ривоят қилади:
«Одамлар манзилларидан чиққандан бошлаб, то номозгоҳгача, ҳатто имом чиқгунича такбир айтишар эди. Имом чиққач, жим бўлишар ва у такбир айтганда такбир айтишар эди».

2. Ийд кечасини ибодат билан ўтказиш. Ийдга ўтар кечанинг ҳам ўзига яраша фазилати бор. Уни бутунлай ёки бир қисмини, хусусан кечасининг учинчи қисмини Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан бедор ўтказиш кўплаб яхшиликларга, улкан савобларга сабаб бўлади. 
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас», – дедилар».
Ибн Можа ва Тобароний ривоят қилган.

3. Ҳайит намози учун ғусл қилиш. Ислом поклик дини. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида: «Поклик иймоннинг ярмидир», деганлар. Хусусан, мана шундай ибодатлар олдидан, кўпчилик жамоат тўпланадиган жойларга боришдан олдин ғусл қилиш динимизда алоҳида таъкидланган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни ғусл қилар эканлар.
Фокиҳ ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр, Азҳо ва Арафа кунлари ғусл қилар эдилар».
Ибн Можа ривоят қилган.

4. Тишларни мисвок ёки тиш пасталари ёрдамида тозалаб олиш. Тишни тоза тутишга Ислом диничалик эътибор берган бирорта дин ёки таълимот йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар умматимга машаққат бўлишидан қўрқмаганимда, уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрган бўлар эдим», деганлар.
Шу боис, ҳар намоз олдидан мисвок қилиш суннат амал ҳисобланади. Ҳайит намози учун эса, бу нарса янада таъкидлироқдир.

5. Ийд учун ясаниш. Мусулмон киши ҳайитга энг яхши кийимларини кийиши, иложи бўлса, янги кийим сотиб олиши мустаҳаб. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ байрам қилиб берган кунни нишонлаш, уни қадрлаш рамзи ҳисобланади. Бу иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир. 
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдда ҳибара чопон кияр эдилар».
«Ҳибара» – Яманнинг машҳур кийими.
Ўша даврда Яманда саноат ривожланган эди. Яман кийимлари энг яхши кийимлар ҳисобланарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жума ва икки ийд кунлари хутбага чиққанларида Ямандан келтирилган ҳибара деган чиройли тўнларини кийиб олардилар. Шунга биноан, ийдга энг яхши кийимларни кийиш мусулмонлар ичида кенг тарқалган. Саҳобаи киромлар ҳам ушбу суннатга доимо амал қилганлар. Халқимиз қадимдан ушбу суннатни гўзал тарзда амалга ошириб келган. Ҳайит арафаларида кийим-кечак бозорларимизда савдо-сотиқ қизғин авжига чиқиши ҳам шундан. Бу ишда Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш бор.
Аммо шуни ҳам унутмаслик лозимки, аёлларнинг зийнатланишлари шариат доирасида ва маҳрамлар даврасида бўлиши керак.

6. Ҳушбўйлик суртиш. Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан. У зот алайҳиссалом асли хушбўй эдилар. Шу билан бирга, доимо хушбўйлик суртиб юрар эдилар ва: «Менга дунёйингиздан хўшбўйлик маҳбуб кўрсатилди», деб қўяр эдилар. Жамоатчилик жойга киришда хушбўйлик суртиб олиш юксак одоб намуларидан бири бўлиб, кўплаб ноқулайликларнинг олдини олади. 
Юқорида ўтган одобларга эркагу аёл баробар амал қилиши лозим.

7. Намозни адо этиб бўлгунча бирор нарса емаслик. Қурбон ҳайитида, Рамазон ҳайитидан фарқли ўлароқ,ҳайит намозини адо этиб бўлгунча бирор нарса емаслик суннат ҳисобланади:
Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бирор нарса емай туриб чиқмас, Наҳр куни эса қайтиб келгунча ҳеч нарса емас эдилар, ўз қурбонликларидан ер эдилар».
Имом Аҳмад ривоят қилган.
Аммо бунда ҳайвоннинг жигари ё бошқа бир махсус жойидан ейиш қайд қилинмаган. Муҳими, ўз қурбонлигидан ейишдир.

8. Ҳайит намозига чиқиш. Ийд намози ҳар бир балоғатга етган, соғ-саломат ва ўз юртида муқим бўлган мўмин-мусулмон эр кишига вожибдир. У, ҳайит кунги энг асосий, муҳим амал ҳисобланади. Ҳайит кунининг асосий фазилати ҳам Ийд намозини ўқиш билан рўёбга чиқади. Ийд Азҳа намозининг вожиблигига Қуръон ва Суннатда далиллар мавжуд.
Аллоҳ таоло айтади:
«Бас, Роббинг учун намоз ўқи ва қурбонлик сўй» («Кавсар» сураси, 2-оят).
Ушбу ояти каримада намоз ўқиш билан бирга қурбонлик қилиш зикр қилинишидан, уламоларимиз унда Қурбон ҳайити намозини ўқилиш вожиблигига далил бор, деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозини тарк қилмаганлар ва ҳатто узрли аёлларни ҳам, намоз ўқимасалар-да, намозгоҳга ҳозир бўлишга, аммо намозга қатнашмай бир четда туришга амр қилганлар. У зотдан кейин рошид халифалар, саҳобаи киромлар ва салафи солиҳларнинг барчаси Ийд намозига алоҳида аҳамият берганлар. Ислом уммати бугунга қадар Ҳайит намозларини қолдирмай адо этиб келмоқда.
Ийд намозининг вақти кун чиққандан тақрибан 15-20 дақийқа ўтгандан бошлаб, то аср вақтигачадир. Унинг қазоси йўқ, омма жамоат билан ўқиш шарт. Ийд уч кун давом этади. Шу кунларда ийд намозини ўқиш мумкин. 
Ийд намози икки ракъатдир. Унга азон ва иқома айтилмайди. Ҳанафий мазҳабига кўра, ҳар икки ракъатида қўшимча учтадан такбир айтилади ва ҳар такбир айтилганда, такбири таҳримадаги каби, қўллар қулоқ баробарига олиб келинади. Бу такбирлар биринчи ракъатда санодан кейин, иккинчи ракъатда замми сурадан сўнг, рукуъга кетишдан олдин айтилади.
Ийд намозининг биринчи ракъатига «Аълаа» сурасини, иккинчи ракъатга «Ғошия» сурасини замми сура қилиш мустаҳаб саналади.
Нуъман ибн Башийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайитда ва жумъада «Саббиҳисма Роббикал аълаа» ва «Ҳал атаака ҳадиисул Ғошийа»ни ўқир эдилар».
Муслим ривоят қилган.
Ийд намози ўқилгандан сўнг имом минбарга чиқиб хутба қилади. Хутбада кишиларни ушбу кунларда такбирни кўпайтиришга тарғиб қилади ва такбир айтишга доир аҳкомларни уларга таълим беради. Ийд хутбасига ўтирган кишилар уни жим туриб тинглашлари вожиб.
Ийд намози ҳаж кунлари шарафига, ушбу кунларнинг фазилатлари шукронасига ўқилади. Ийд намози динимизнинг буюклиги ва олийжаноблигининг нишонаси, мўмин-мусулмонларнинг Аллоҳга бўлган бандаликлари изҳори, уларнинг иттифоқликлари, бирликлари рамзи ҳисобланади. Ҳайит намозига тўпланган жамоатга Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилади, Аллоҳ уларнинг гуноҳларини кечиради, дуоларини қабул қилади. 
Ийд намозини ўқишда, умуман, Ийд кунини байрам қилишда оддий урф-одат ёки қандайдир кўникма маъносида эмас, балки, Аллоҳдан савоб умидида, ваъда қилинган яхшиликларни қасд қилган ҳолда, иймону ихлос билан бўлишимиз, ана шу руҳда иш тутишимиз даркор. Ана шунда кўзлаган мақсадга ета оламиз.

9. Ийд намозига эртароқ, пиёда, виқор билан, такбир айтган ҳолда бориш. Намозга қанча эрта бориб, қанча кўп интизор бўлинса, савоби шунча кўп бўлади. Агар йўл узоқ бўлмаса, имкони бор киши пиёда боргани яхши.
Имом Термизий қилган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:
«Ийдга пиёда чиқиш суннатдир»,‒ деганлар. 

10. Ҳайит намозга бир йўл билан бориб, бошқасидан қайтиш. Бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни бир йўл ила чиқсалар, бошқаси ила қайтар эдилар».
Термизий, Абу Довуд ва Бухорийлар ривоят қилган.
Уламоларимиз ушбу суннатнинг бир қанча ҳикматлари борлигини таъкидлаганлар. Жумладан, қилинган яхши амалга Қиёмат куни гувоҳлик берадиган нарсаларни кўпайтириш, зеро, ер ўз устида қилинган яхшию ёмон амалларга гувоҳлик беради. Шунингдек, бунда ийдни олқишлаш, Исломнинг маконатини, баракасини кўрсатиш ҳам бор. Қолаверса, мусулмонларнинг кўпроқ қисмини ҳайит билан табриклаш, улардан ҳол сўраш учун ҳам борди-келди йўлни бошқа қилишнинг аҳамияти катта.

11. Қурбонлик қилиш. Қурбон ҳайитининг номидан ҳам маълумки, бу байрамда асосий амалга оширилиши лозим бўлган иш Аллоҳ йўлида жонлиқ сўйишдир. Қурбонлик қилиш ўз юртида муқим бўлган, айни вақтда закот нисобидаги мулкка эга бўлган ҳар бир мўмин­мусулмон эркагу аёлга вожиб ҳисобланади. Унинг вақти ҳайит намози ўқилгандан сўнг бошланиб, учинчи ҳайит куни қуёш ботишидан олдин тугайди.
Қурбонликкасўйиладиган ҳавон мол, қўтос, туя, қўй ва эчки бўлиши мумкин. Битта мол, қўтос ёки туяни етти киши номидан сўйса ҳам жоиз. Шарти, шерикларнинг ҳаммаси қурбонликни, садақани ният қилиши лозим. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам, бичилмагани ҳам қурбонликка ярайди. Улардан бошқа ҳайвонлар қурбонликка ўтмайди.Шу билан бирга, қурбонликка аталган ҳайвон жиддий айбли бўлмаслиги керак, қанчалик соғлом ва кўркам бўлса, шунча яхши, савоби кўп бўлади. 
Қурбонликнинг вожиблигига қуйидаги оят ва ҳадислар далил бўлади.
Аллоҳ таоло «Кавсар» сурасида шундай марҳамат этади:
«Албатта, Биз Сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббинг учун намоз ўқи ва қурбонлик сўй» (1-, 2-оятлар).
Михнаф ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эдик. Мен У зотнинг:
«Эй одамлар, ҳар бир уй аҳлига ҳар йили бир қурбонлик лозимдир», ‒ деганларини эшитдим».
«Сунан» эгалари ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити кунлари ўзлари ҳам қурбонлик қилганлар ва бунда ўз умматларига қанчалар мушфиқ эканларини яна бир бор кўрсатганлар.
Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳда «Қурбон» намозига ҳозир бўлдим. У зот хутбаларини тугатгач, минбарларидан тушдилар­да, бир қўчқор олиб келиб, уни ўз қўллари билан сўйдилар ва:
«Бисмиллаҳи ва биллаҳи (Аллоҳнинг номи билан ва Аллоҳ учун).Аллоҳим, бу мендан ва умматимнинг қурбонлик қилмаганларидан», ‒ дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Ҳузайфа ибн Усайд розияллоҳу анҳу айтадилар: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита олачупор қўчқор келтирар ва уларнинг бирини сўяр эканлар: «Аллоҳим, бу Муҳаммад ва Муҳаммаднинг оиласи номидан» дер, иккинчисини келтириб: «Аллоҳим, бу умматимдан Сенинг бирлигингга ва менинг омонатни етказганлигимига гувоҳлик берганлар номидан», дер эдилар».
Имом Ҳоким ривоят қилган.
Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолога бандалик нишонаси, фидокорлик рамзи, жуда ҳам фазилатли ва савобли амал ҳисобланади.
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳу айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага:
«Туриб бориб қурбонлигингга шоҳид бўл. Унинг биринчи томган қони билан баробар сенинг ўтган гуноҳларинг мағфират қилинур», – дедилар. 
«Эй, Аллоҳнинг Расули! Бу бизга – аҳли байтга хосми ёки бизга ва мусулмонларга умумийми?», – деди Фотима.
У зот: «Йўқ. Балки, мусулмонларга умумийдир», – дедилар».
Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўшт­ёғи, тери  ва бошқа жойларини сотиб бўлмайди, уларни бериш ёки ўзи ўз оиласи учун ишлатиш мумкин. Қўли юпқа, серфарзанд кишилар кўпроқ ўз оилаларини таъминлаганлари яхши.Ўзи қилган қурбонликнинг гўштидан ейиш мустаҳабдир.
Аллоҳ таоло айтади:
«Бас, улардан енглар, бечора ва фақирларга ҳам егизинглар. Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва «Байтулъатиқ»ни тавоф қилсинлар» («Ҳаж» сураси, 28‒29-оятлар).
Ҳазрати Жобир розияллоҳу анҳу видолашув ҳажи ҳақидаги машҳур ҳадисларида, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:
«Кейин бурилиб қурбонлик сўядиган жойга бордилар­да, олтмиш учта(қурбонлик)ни қўллари билан сўйдилар. Кейин Али топширгандилар, у қолганини сўйди. Ул зот уни қурбонликларига шерик қилдилар. Сўнгра ҳар бир туядан бир парчадан гўшт келтиришга буюрдилар. Уларни қозонга солиб пиширилди. Икковлари унинг гўштидан еб, шўрвасидан ичдилар». 
Муслим ривоят қилган.

12. Хонадон аҳлига кенгчилик, серобчиликка шароит яратиш. Ҳайит кунлари оила ичида ҳам байрам кайфиятини тиклаш керак. Уйга қилинадиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш даркор. Иложи бўлса, уларга совға ва махсус ҳадялар улашилса, янада яхши бўлади. Бунда ҳадяларни қўни-қўшни ва бошқа мусулмонларга ҳам берилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзаро ҳадя беришинглар, бир-бирингизга муҳаббатингиз бўлади», – деганлар».
Байҳақий ва бошқлар ривоят қилган.

13. Қариндош-уруғ, қўни-қўшниларни зиёрат қилиш, бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга хурсандчилик улашиш. Ҳайит муносабати билан устоз ва олим кишиларни зиёрат қилиш ҳам жуда катта савобли ишлардан ҳисобланади. Шунингдек, бемор кўриш, йўқсил, қамбағаллар ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб иш бўлади. 
Ҳайит кунлари сила раҳм қилиш, қариндош-уруғ, қуда-андаларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан ҳам кўра таъкидланган бўлиб, савоби кўпроқ бўлади. 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимни ризқини кенгайтирилиши ва ажалини ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи рақм қилсин», – дедилар».
Учовлари ривоят қилишган.
Шунингдек, узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки мусулмон биродарига гина қилган кишиларга фазийлатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак. Бундай ҳолатларда ҳайитликлар бериш ҳам орадаги кудуратни кўтарилишига сабаб бўлади. 
Ибн Абуддунё «Макааримул ахлаақ» номли китобида қуйидаги ҳадисни келтиради:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳадялар беришинг, чунки ҳадя, оз бўлсин ё кўп бўлсин, кек-адоватни кетказади ва меҳр ўйғотади», – дедилар.

14. Болажонларга ҳайитлик бериш, уларга ушбу байрамнинг шукуҳини кўрсата билиш. Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, айни мақсадга мувофиқ бўлади. Фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, унинг буюклигини ҳис қила билсин, ана шунда яхши бўлади. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадрятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бор, бу (Ийд куни) бизнинг байрамимиздир», деганлар. Демак, биз бу кунларни ана шундай кўтаринги руҳда ўтказишмиз лозим.

15. Таниш-билиш, ёру дўст ва ҳар бир кўринган мусулмон кишини ҳайит билан табриклаб, уларга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш. Ҳайит муносабати билан табриклаш жамиятда ака-укачилик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлайди, мусулмонларнинг бир-бирларига бўлган муҳаббатларини зиёда қилади, ўзаро алоқаларини мустаҳкамлайди. Хусусан, берилган ва мактуб орқали келган табрикларга жавоб қайтаришни унутмаслик лозим. Саҳобаи киромлар ҳайит куни бир-бирлари билан учрашганларида «Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам яхши амалларимизни қабул айласин», деб қўйишар экан. Бундан ташқари, «Ҳайитингиз муборак», «Ҳайитингиз қутлуғ бўлсин» каби иборалар ҳам табриклашнинг бир кўринишидир.    
Табрик ва тилакларни изҳор қилишда замонавий имкониятлардан фойдаланилиш ҳам мумкин. Масалан, телефон қилиш ёки телефонда мактуб жўнатиш, электрон почта орқали ёзишмалар қилиш каби. 

16. Ҳайит куни одоб доирасида, ҳаром ва манъ қилинган нарсаларни аралаштирмаган ҳолда айрим кўнгилхуши маъносидаги ўйин-кулгилар ҳам қилиш мумкин. Аждодларимиз бундан минг йиллар муқаддам ҳайит кунини «байрам» деб ҳам аташган экан. Бу сўзнинг асли «базрам» бўлиб, «ўйин-кулги қилинадиган, шодиёна кун» деган маънони англатар экан. Улар ҳайит кунлари ўйин-кулги қилиб, шодлик, хурсандчилик  изҳор қилиш жоизлигига далолат қилувчи шаръий маълумотлардан келиб чиқиб, ҳайит кунларини «байрам» деб аташган бўлса, ажаб эмас. Ўша маълумотлардан айримларини имом Бухорий ўз «Саҳиҳ»ларида келтирганлар:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 
«Абу Бакр кирганида олдимда ансорийларнинг қизларидан икки қизча Буос куни ансорлар айтишган нарсани қўшиқ қилиб айтаётган эдилар. Икковлари қўшиқчи эмасдилар. Шунда Абу Бакр: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида шайтоннинг нағмаси бўлаяптими?!», – деди. Бу, ийд куни бўлганди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Эй Абу Бакр, ҳар бир қавмнинг байрами бор. Бу бизнинг байрамимиздир», – дедилар».
Бошқа бир ривоятда: 
«Абу Бакр у(Оиша)нинг олдига Мино кунларида кирганида унинг ҳузурида икки қизча қўшиқ айтар ва дуфф (доира) чалар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ки¬йимларига бурканиб ётар эдилар. Абу Бакр иккови(қиз)ни жиркиб тўхтатди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини очиб: 
«Тек қўй уларни, эй Абу Бакр, бу кунлар ийд кунларидир», – дедилар», дейилган.
Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.
Буос Мадина яқинидаги бир жойнинг номи бўлиб, у ерда Авс ва Хазраж қабилалари орасида қаттиқ уруш бўлган ва ўша кун «Буос куни» деб номланиб қолган. Арабларнинг одати бўйича, ўша Буос урушида икки тараф ҳам фахр маъносида, ўзларини шижоатлантириш учун турли мазмунда байтлар айтишган. Ўша байтлар одамлар орасида тарқаб, халқ қўшиғига айланиб кетган. Ушбу ривоятда айтилаётган икки қизча ҳам ўша байтларни қўшиқ қилиб айтишган экан. Бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ижозат берган эканлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 
«Ийд куни эди. Қоралар қалқон ва найзаларни ўйнашар эди. Ёки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим, ёки у зот: 
«Томоша қилишни хоҳлайсанми?», – дедилар. Мен: 
«Ҳа», – дедим. 
У киши мени орқаларига турғиздилар. Яноқим у зотнинг яноқларига тегиб турарди. У зот бўлсалар: 
«Эй Бани Арфидалар, давом этаверинглар», – дердилар». 
Ниҳоят, мен малолланганимда: 
«Бўлдингми?», – дедилар.
«Ҳа», – дедим.
«Кетавер», – дедилар».
Бошқа бир ривоятда: 
«Ҳабашлар келиб, ийд куни масжидда сакраб рақс туша бошладилар. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени чақирдилар. Мен бошимни у зотнинг елкаларига қўйиб, уларнинг ўйинларига назар сола бошладим. Ниҳоят, ўзим уларга назар солишдан қайтдим», де¬йилган.
Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.
Демак, ҳайит кунлари зикр маъносидаги, яхшилик, шижоат, мардлик, халқсеарлик, ахлоқ-одобга тарғиб қиладиган қўшиқларни тинглаш ҳамда довюраклик, полвонлик ўйинларини томоша қилиш каби шариатда рухсат берилган ўйин-кулгилар билан машғул бўлиш ҳам жоиз экан. Бундай ишлар болаларни топқирликка, зийракликка ўргатадиган, кишиларни илм-маърифатини оширишга хизмат қиладиган турли тадбир, мусобақалар шаклида ўтказилса, янада яхши бўлади. 
Мен ўзим мусулмон малакатларидан бирида хизмат сафарида бўлган чоғимда ана шундай тадбирларда иштирок этиб, уларнинг шариат асосларида ўтказилиши билан бирга, жуда ҳам кўнгилочар, хузурбахш бўлганини кўриб, қойил қолган эдим. Ўшанда биз билан бир нечта етук олимлари ҳам бирга қатнашишган эди.
Шунингдек, ҳайит кунлари адабий, илмий анжуманлар ўтказиш, маълум мақсадларга қаратилган байрам зиёфатлари уюштириш ҳам яхши натижалар беради.

Ҳайит кунига доир одоблар тўла-тўкис бўлиши учун, ушбу кунда қилиш дуруст бўлмаган айрим нарсалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш даркор. Ийд куни қуйидаги ишлардан сақланиш лозим:


1. Рўза тутиш. Ҳайит куни байрам бўлгани, ҳамма мусулмонлар турли услуб ва амаллар билан бу кунни нишонлаши эътиборидан, бу кунда рўза тутишдан қайтарилган.  Қурбон ҳайити куни ва ундан кейинги уч кунда рўза тутиш макруҳ ҳисобланади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар.
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки куннинг – Фитр куни ва Наҳр куни рўзасидан қайтардилар».
Муслим ривоят қилган.
Саъд розияллоҳу анҳу айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Тур, ташриқ кунлари еб­ичиш кунлари экани ва уларда рўза тутилмаслигини айтиб одамлар ичида жар сол», ‒ дедилар».
Имом Насаий ривоят қилган.

2. Ийд намозидан олдин ёки кейин нафл ўқиш. Одатда Ийд намози кун ёйилиши билан ўқилгани боис, аслида ундан олдин намоз ўқиш ўзи шундоқ ҳам макруҳлиги ҳаммага маълум. Аммо Ийд намози агар кейинроқ ўқилган тақдирда ҳам ундан олдин намоз ўқиб бўлмайди. Шунингдек, Ийд намозидан сўнг ҳам намоз ўқилмайди.
Ибн аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ийд куни икки ракъат намоз ўқидилар, ундан олдин ҳам, ундан кейин ҳам намоз ўқимадилар».
Абу Довуд ривоят қилган.

3. Гуноҳ содир қилиш. Ҳайит куни қилинган яхши амалларнинг савоби кўп бўлгани каби, бу кунда қилинган гуноҳларнинг иқоби ҳам қаттиқ бўлади. Шу боис, ҳайит экан деб, бўлар-бўлмас ишларни қилиб, шундай улуғ кунда гуноҳга ўтиб кетмаслик керак. Фисқ-фужурга, ахлоқсизликка ундайдиган, шаҳвоний ҳирсни қўзғайдиаган қўшиқ ва ўйин-кулгилардан эҳтиёт бўлиш лозим. Зеро, Исломда «байрам куни нима қилса бўлаверади» деган фасафа йўқ. Балки ҳар қандай шароитда ҳам эзгулик, яхшилик, Аллоҳ таолога итоат руҳида бўлиш таъкидланган.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ таолога осийлик қилмаган ҳар бир кунимиз биз учун ҳайитдир», деган эканлар.

4. Ҳайит кунлари аёлларнинг қабристонларга бориши яхши эмас. Динимизда айнан ҳайит куни қабристонга бориш ҳақида кўрсатмалар йўқ. Хусусан, айрим жойларда эркаклар Ийд намозидан қайтадиган вақтда аёлларнинг қабристонга қатнаши натижасида жуд ҳам кўп ноқулайликлар келиб чиқаётганига гувоҳ бўлганмиз. 
Қабр зиёратига Ислом нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, аввало қабрни ибрат учун, охиратни эслаш мақсадида зиёрат қилиниши лозимлиги таъкидланади. Шу боис, динимизда қабрларни зиёрат қилиш маълум кун ё соатга белгиланган эмас. Балки тез-тез, хусусан, қалб ғафлати ортганини сезган чоғда қабристонларни зиёрат қилиш тавсия этилади.

5. Ҳайит кунларини азага айлантириб олиш. Икки ийд кунлари мўмин-мусулмонларнинг энг улуғ байрамлари ҳисобланади. Диний манбаъларимизда бу кунларни хурсандчилик, шодлик руҳида, байрам кайфиятида ўтказилиши кераклиги таъкидланган. Аммо ҳайит кунлари фотиҳахонлик қилиш ҳақида кўрсатмалар йўқ. Бугунги кунда бу одат мусийбат аҳилларига ҳам кўплаб қийнчиликлар туғдираётгани ҳеч кимга сир эмас. Баъзан бу нарса азадорларнинг ярасини янгилаш, машаққатлари устига яна машаққат туғдириш бўлаётганининг ҳам гувоҳи бўлмоқдамиз. Шунинг учун ҳам уламоларимиз уч кундан кейин таъзия билдириш узоқдаги кишилар учун, бошқаларнинг мазкур муддатдан кейин таъзия билдириши мусийбатни янгилаш бўлади, бу эса мусийбат аҳлига оғир келади, кўзланган мақсадга зид иш бўлади, деб айтганлар.
Тўғри, мусийбатга учраган айрим кўнгил яқин кишиларни ҳайит муносабати билан йўқлаш мумкин. Аммо бу ҳам аза тутиш кайфиятида қилинмайди. Эҳтимол, ана шундай кўнгиловлаш шаклида йўлга қўйилган иш кейинчалик фотиҳахонликка айланиб кетгандир. Шу боис, ҳайит кунларини азага айлантириб олиш тўғри бўлмайди.
Ушбу кўрсатмалардан ҳам маълум бўладики, мусулмонларнинг байрам нишонлаши ўзига хос тарзда бўлади. Аввало улар ушбу кунларга етказганининг шукронаси маъносида Аллоҳ таолога бандалик изҳор қилишади – жамоат бўлиб, ҳамалари бир бўлиб намоз ўқишади, Аллоҳ таолога илтижолар қилишади, берган неъматлари учун У Зотга ҳаду шукрлар айтишади. Кейин бир-бирларини ҳайит билан қутлаб, зиёратлар қилишади. Бева-бечоралар, беморлар ҳолидан хабар олишади, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар билан ўзаро борди-келдилар қилишади. Ўйин-кулгиларини ҳам ахлоқ-одоб доирасида, Аллоҳ таолога осий бўлмаган ҳолда олиб боришади. Ана шундоқ қилиб, ҳайит кунларини фақат яхшилик билан, эзгу амаллар билан ўтказишади. Шунинг учун, уларнинг байрамларида турли тартибсизликлар, ҳар хил нохушликлар юз бермайди, балки ҳолатлари янада гўзаллашади. Зотан, мўмин банданинг ҳайити – Аллоҳга боғлиқлиги гўзал бўлган кунидир. 
Динмизда ҳайит кунларини нишонлашга доир керакли таълимотлар батафсил баён қилинган. Биз уларнинг асосийлари билан бир қатор танишиб чиққан ҳам бўлдик. Мўмин-мусулмонлар ушбу кўрсатмаларга риоя қилишлари лозим. Уларнинг ҳайит кунларини қаршилашда бошқа халқларнинг байрам нишонлашдаги урф-одатларига тақлид қилишга ҳожатлари йўқ, бундай қилишлари дуруст ҳам эмас. Акс ҳолда, ахлоқ-одобга, шариъат кўрсатмаларига, Ислом ақийдаларига зид бўлган ҳолатлар юзага келиши мумкин.
Ийд кунлари Аллоҳ таоло улуғ қилган кунлардир, Исломнинг нишоналари, шиорларидандир. Бинобарин, уларни нишонлашда мана шу руҳ доимо балқиб туриши лозим.
Қурбон ҳайити байрамини мазкур одобларга риоя қилган ҳолда ўтказсак, ушбу улуғ кунни муносиб нишонлаган бўламиз, кўплаб яхшиликларга, ажру савобларга эга бўламиз, халқимиз орасида эзгулик, меҳр-оқибат бардавом бўлишига ҳисса қўшган бўламиз, энг муҳими, ушбу кунларни бизга байрам қилиб берган Роббимизнинг розилигига  мушарраф бўламиз. Сиз билан биз мусулмонларнинг бахтимиз шундаки, ҳайит кунларини байрам қилиб нишонлаш билан Аллоҳ таолога итоат қилган бўламиз, У Зотга ибодат қилган бўламиз, дунёу охират яхшилигига машарраф  бўламиз. Мана шу ҳақиқатни  утутмаслигимиз лозим.

Ҳаммаларингизга кириб келаётган Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид    
05.11.2011


  • 5313