Тизимга кириш


Ёки

Ro'yhatdan o'tish


yoki

Parolni tiklash

Абдул Азим Зиёуддин
Абдул Азим Зиёуддин Мударрис, сийратшунос - 25 May 2023

Расулуллоҳни эмизган аёллар

img

Баъзи манбаларда Омина, Сувайба, Хавла бинти Мунзир, Умму Айман, Бану cулаймлик уч аёл, Умму Фарва, Бану cаъдлик бир аёл ва Ҳалимаи Саъдиялар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тартиб ила эмизишгани айтилган[1]. Мазкур оналарнинг қайси бири ҳақиқатан Пайғамбаримизни эмизган?
Бу борадаги аниқ жавоб фақат Омина онамиз, Сувайба, Бану cаъдлик бир аёл ва Ҳалимаи Саъдияларнинг эмизганларидир[2].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни биринчи бўлиб оналари Омина эмизган. Сути етмагач, амакилари Абу Лаҳабнинг озод қилган чўриси Сувайба бир неча кун[3] эмизади. Ўша пайтда унинг Масруҳ исмли чақалоғи бўлган. Сувайба бунгача Ҳамза ибн Абдулмутталиб билан Абу Салама ибн Абдуласад Махзумийларни ҳам эмизган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сувайбанинг хизматини қадрлар, Хадича онамиз ҳам унга эҳтиром кўрсатар, кийим-кечаклар юбориб турар эдилар. Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин ҳам хабар олиб турдилар. Макка фатҳ қилинганида Пайғамбаримиз Сувайба билан ўғли Масруҳ ҳақларида сўраганларида, она-боланинг оламдан ўтганини айтишди. Сувайба ҳижратнинг еттинчи йили, Макка фатҳидан бир йил олдин, ўғли Масруҳ эса сал олдинроқ оламдан ўтган эдилар. Кейин Сувайбанинг қариндошлари ҳақида сўрадилар, улардан ҳам биронтасини тирик топмадилар. Ҳофиз Ибн Мандаҳ[4]дан бошқа барча олимлар Сувайбанинг мусулмон бўлмаганини айтишган[5].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ҳамза розийаллоҳу анҳу Бану Саъд қабиласида бўлганларида Ҳамза розийаллоҳу анҳуни эмизаётган Бану саъдлик аёл Пайғамбаримизни ҳам бир марта эмизган[6].
Пайғамбаримизни тўлиқ икки йил эмизган аёл Ҳалимаи Саъдия экани маълум ва машҳурдир. Дарвоқе, Ҳалима она кейинчалик Пайғамбаримиз Хадича розийаллоҳу анҳога уйланганларидан сўнг Маккага келади ва у зотга қурғоқчикдан шикоят қилади. Пайғамбаримиз унинг аҳволи ҳақида Хадича онамизга сўзлаганларида, онамиз қирқта қўй бериб юборади. Ҳалима она нубувватдан кейин эри билан келиб, мусулмон бўлишади. Ҳалима она Макка фатҳидан кейин Ҳунайн ғазоти куни ҳам Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келади. Пайғамбаримиз ўринларидан туриб, ридоларини ерга тўшайдилар ва унга ўтқазадилар. Ҳалима она Пайғамбаримиздан ҳадис ривоят қилган, ундан Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ривоят қилган. Ҳижрий саккизинчи йилдан кейин вафот этган.[7]
Умму Айман эса, асли ҳабашистонлик бўлиб, Пайғамбаримизнинг оталари Абдуллоҳнинг чўриси бўлган. Абдуллоҳ оламдан ўтганидан сўнг Пайғамбаримиз катта бўлгунларига қадар энагалик қилган, аммо эмизмаган[8]. Пайғамбаримиз уни озод этганлар ва у Зайд ибн Ҳориса розийаллоҳу анҳуга турмушга чиққан. Умму Айман Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан беш ой кейин оламдан ўтган[9].
Хавла бинти Мунзир Пайғамбаримизни эмас, кенжа ўғиллари Иброҳимни эмизган эди[10].
Умму Фарва билан Бану сулаймлик учта аёлнинг Пайғамбаримизни эмизганлари ҳақидаги маълумотлар тасдиғини топган эмас.

[1] Ибн Асокир, “Тариху Димашқ” (3/97).
[2] Али ибн Бурҳониддин Ҳалабий, “Ас-сийратул ҳалабия” (1/185); Шайх Сафийюр Раҳмон Муборакфурий, “Ар-раҳийқул-махтум”; Доктор Солиҳ ибн Аввод Мағомисий, “Ал-айёмун назира вас сийратул атира ли Расулина” (1/18); Иззуддин ибн Жамоа Каттоний, “Ал-мухтасарул кабир фи сийратир Расул” (1/8); Шайх Ҳасан ибн Умар, “Ал-муқтафо мин сийратил мустафо” (1/5); Муҳаммад ибн Юсуф Шомий, “Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод” (1/6).
[3] Бухорий ривояти, “Фатҳул Борий” (9/124).
[4] У – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Яҳё ибн Мандаҳ Исфаҳоний (ҳижрий 310-395 йил).
[5] Бадриддин Айний Ҳанафий, “Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий” (29/237); Ибн Ҳажар Асқалоний, “Фатҳул Борий” (9/145); Абду Раҳмон Суҳайлий, “Ар-равзул унф фи шарҳис сийратин набавия ли Ибни Ҳишом” (2/102, 5/123); Али ибн Бурҳониддин Ҳалабий, “Ас-сийратул ҳалабия” (1/188); Иззуддин ибн Жамоа Каттоний, “Ал-мухтасарул кабир фи сийратир Расул” (1/7); Муҳаммад ибн Юсуф Шомий, “Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод” (1/375).
[6] “Фатовош шабакатил исломия” (9/7451); Муҳаммад ибн Саъд, “Ат-табақотул кубро”; Ибн Қаййим Жавзия, “Зодул маъод”.
[7] Аллома Хайриддин ибн Маҳмуд Зириклий Димашқий (ҳижрий 1310-1396, милодий 1893-1976), “Ал-аълом” (2/271).
[8] “Фатовош шабакатил исломия” (9/7689); Али ибн Бурҳониддин Ҳалабий, “Ас-сийратул ҳалабия” (1/190); Муҳаммад Тоййиб Нажжор, “Ал-қовлул мубин фи сийрати саййидил мурсалин” (1/87).
[9] Муслим ривояти (5/162).
[10] Муҳаммад Тоййиб Нажжор, “Ал-қовлул мубин фи сийрати саййидил мурсалин” (1/87).

Абдул Азим ЗИЁУДДИН