Тизимга кириш


Ёки

Ro'yhatdan o'tish


yoki

Parolni tiklash

Мубашшир Аҳмад

Мубашшир Аҳмад Mudarris, olim 02 Iyun 2023


Жаннат ва дўзах йўли

img

Айтайлик, якка ўзингиз сафарга чиқдингиз ва олдингизда икки йўл пайдо бўлди. Бири қийин: тоққа кўтарилган йўл бўлса, бошқаси осон: кенгликда ястанган йўлдир. Биринчисида осиб қўйилган кўрсаткичда: “Бу йўлнинг боши ўнқир-чўнқир, тошлоқ, тикан-бутали, юриш оғир, силжиш қийин бўлса-да катта шаҳарга олиб борадиган, кўзланган мақсадга етказадиган энг тўғри йўлдир”, деб ёзиб қўйилган. Иккинчиси эса равон, мевали ва гуллаган дарахтлар соя ташлаб турган, четлари кўнгилни хушлайдиган, кўзни қувнатадиган қаҳвахона, ўйинхоналарга тўла. Лекин унинг лавҳасига: “Бу йўл хатарли ва таҳликали, охири муҳаққақ ўлим ва аниқ ҳалокатдир”, деб ёзиб қўйилган.
Шунда сиз қайси йўлдан юрасиз?

Шубҳасиз, нафс қийинига эмас – осонига, аламлисига эмас –лаззатлисига мойил бўлади. Нафс эркинликни севади, чекловни ёқтирмайди. Бу – Аллоҳ нафс устида яратган фитратдир. Агар инсон нафс-ҳавосига бўйсунган ҳолда қолдирилса, унга бўйсунса, иккинчи йўлни танлайди. Лекин бу ҳолда ақл аралашиб, ҳозирда машаққатли, ноқулай кўринса-да, орқасида боқий роҳат ва ажиб саодат бўлган йўл билан ҳозир осон ва қулай кўринса-да, ортида бениҳоя алам ва кулфат бўлган йўл ўртасини мезонга қўяди ва биринчи йўлни ортиқ билади. 
Бу – жаннат йўли ва дўзах йўлининг мисоли. 
Дўзах йўли роҳат, фароғатли. Унга нафс мойил, ҳавои нафс унга ундаган. Унда жамол гўзалликларига назар солиш, шаҳват ва унинг лаззатларига истижобат бор. Унда молни турли йўллар билан қўлга киритилади ва у марғуб, ҳам маҳбуб. Эркин ва озодлик унда, нафс эса ҳуррият ва эркинликни севади, чекловлардан қочади.
Жаннат йўлида машаққат ва қийинчиликлар бор. Чеклов ва чегаралар ҳам, нафсга қарши бориш ва ҳавои нафсни синдириш ҳам унда. Лекин бу йўлдаги муваққат машаққатнинг оқибати охиратдаги доимий роҳатдир. Дўзах йўлидаги бир зумли лаззатнинг самараси эса, жаҳаннамдаги давомли аламдир. Масалан, имтиҳон тунларидаги талаба телевизор қаршисида мукка тушган оила аъзоларини сурур ва роҳатда қолдириб, китоб ва дафтарлари билан якка ўзи қолган пайтда қаттиқ оғринади, аламланади. Бу алам ортидан эса у муваффақият лаззатини тотади. Ёки хаста инсон иситма оғриғи устига бир неча кун тотли таомлар маҳрумлигига ҳам сабр қилади. Шу сабаб бундан кейин соғлик саодатини қўлга киритади. 
Аллоҳ олдимизга шу икки йўлни қўйган. Ва бизга улар ўртасини ажарата билиш малакасини берган. Бу билан яхшиликни ёмонликдан фарқлаймиз. Хоҳ олим бўлсин, хоҳ жоҳил, хоҳ каттаю, хоҳ кичик, ҳамма агар яхши иш қилса кўнгли роҳатланади. Ёмон иш қилиб қўйса, безовталанади. Бу малака ҳатто ҳайвонда ҳам мавжуд. Масалан, мушукка бир бўлак гўшт отсангиз олдингизда уни шошмасдан, хотиржам ҳолда тановул қилади. Агар уни ўғирлаб кетса сиздан узоқда, шошилганича ейди. Таъқиб қилиб, олиб қўймаслигингиз учун икки кўзи сизда бўлади. Бунинг маъноси, биринчи луқма ҳаққи эканини, иккинчисини эса ноҳақ қўлга киритганини у идрок қилди, дегани эмасми? 
Бу ҳақ билан ботил ўртасини, ҳалол билан ҳаром ўртасини фарқлаш эмасми?
Ит агар яхши иш қилса, гўё ундан мукофот кутаётгандек эгасига ялтоқланади. Аммо бир гуноҳ иш қилиб қўйса, гўё узрини изҳор қилаётгандек ёки жазоланишини кутаётгандек думини қисиб узоққа бориб олади.
Аллоҳ таолонинг: “Ва Биз уни икки баландликка йўллаб қўйдик!” (Балад, 12) деганининг таъвили мана шудир.
Аллоҳ таоло жаннат йўли бошига унга чақирадиган, унга йўллайдиган даъватчилар, пайғамбарларни қўйган. Шунингдек, дўзах йўлига унга чорлайдиган, унга тарғиб этадиган чақирувчи шайтонларни қўйиб қўйган. Ва уламоларни пайғамбарлар меросхўри қилган. Муҳаммад қизи Фотима отасидан мол ёки уй мерос олмаган. Уламолар ҳам ундан ушбу даъватни мерос қидиб олишган. Ким уни ўз ўрнида қойим қилган бўлса, ушбу мерос шарафига ҳақли бўлади.
Албатта пайғамбарлар ва уларнинг меросхўрлари бўлган солиҳ олимлар жаннат йўлига чақирувчи кишилардир. Шайтонлар ва одамларнинг бузғунчи фосидлари дўзах йўлига чақирувчи кимсалардир. Бизда, бизнинг ичимизда уларнинг ҳам, буларнинг ҳам ёрдамчилари бордир. Ичимизда пайғамбарларга тарафкашлар ва шайтонларга тарафкаш тоифа – ёмонликка буюрувчи нафс бор.
Бу даъват иши жуда қийин. Чунки башарият нафси ҳурриятга мойил қилиб яралган. Дин эса уни кўп нарсада чеклайди. Инсон лаззат ортидан бошвоғи қўйворилишга мойил халқ қилинган. Дин эса уни тутиб қолади. Ким уни фисқ ва исёнга чақирса, табиатига мувофиқ келади. У билан бирга ариқда оққан сувдек равон юради. 
Тўғри, нафс ҳурриятга табиатан мойил. Дин эса кишандир. Бу кишан жуда керакдир. Агар нафсни ўз ҳолига қўйсак, ҳурриятга табиатан мойиллигидан келиб чиқиб фаҳш ишларни қилиб қўяди. Ва жамият улкан жиннихонага айланади. Чунки мутлақ ҳуррият жиннилар учундир. Жинни хаёлига келган ҳамма ишни қилади. Масалан, йўлда яланғоч юриб қолади. Автобусда ҳайдовчининг елкасига миниб олади. Кийиминг чиройли кўриниб устингдан ечиб олади. Қизинг маҳлиё қилиб, уни ўзига беришингни талаб этади. Жиннилик мутлақ ҳурриятли ҳурликдир. Оқилни эса ақли кишанлаб олган бўлади. 
Ақл нима?
У кишандир. У арабчадаги عقال – ъиқол деган сўздан олинган бўлиб, у туяни боғланадиган арқонга айтилади. Ҳикмати шуки, булар бир-бирига яқин маънодаги сўздир. У ҳам кишан, ҳазора ҳам кишан. У ҳам хоҳлаганингни қилишга қўймайди. Балки у сенга одамларнинг ҳуқуқини ва жамият одатларини риоя қилиш мажбуриятини юклайди. Адолат ҳам кишандир. Чунки у “бу ер қўшнинг ҳуррияти бошланган жой” дея сенинг ҳурриятингга чегара қўяди.
Кейин-чи, гуноҳлар лаззатлидир. Чунки у нафс табиатига мувофиқ келади. Сен ғийбатни эшитиш ва унда иштирок қилишда лаззат топасан. Чунки у сенга ёмонлигини зикр қилган кишидан яхши ва афзал эканингни ҳис қилдиради. Ўғирлик мазадир. Чунки унда молга машаққат ва қийинчиликсиз эга бўлиш бордир. Зино роҳатдир. Чунки унда нафсга ҳавосини бериш, шаҳвониятига етишиш мавжуддир. Имтиҳонда алдов лазиздир. Чунки у муваффақиятга осон эриштиради. Қандай бўлсин мажбуриятдан қочиш нафсга ёқимлидир. Чунки роҳат ва танбаллик ундадир. 
Лекин инсон тафаккур қилган ва ақлини ишлатган пайтда бу муваққат ҳуррият унинг ортидан келадиган жаҳаннамнинг бениҳоя тутқунлигига, ҳаром қилинган бу лаззат эса сўнгидаги азобга тенг келмаслигини англайди. 
Ким мана бунга рози бўлади: гувоҳлар олдида у ва мен келишамиз. Аҳдимизнинг муддати бир йил бўлади. Бу давр мобайнида керакли молни берамиз. Хоҳлаган қасрида, истаган мамлакатида яшаттирамиз. Хоҳлаган аёлига, иккита, учта ва тўрттагача уйлатамиз. Агар кечаси бирини қўйиб, эрталаб бошқасига уйланса ҳам унга хоҳлаган ишидан бирортасини ҳам ман қилмаймиз. Лекин йил тугаганида бўйнидан дорга осамиз ёки то ўлгунича қийнаймиз. Бу одам: “Ортида ўлим бор бундай лаззат қандай бахтсизлик, йўқ бўлсин, узоқ бўлсин”, демайдими? Дорда ўзи бир соат осилиб тургани, унга бор лаззатидан асар ҳам қолмаганини тасаввцр қилмайдими? Ваҳоланки дор қийноғи бир неча дақиқа, охират азоби эса узоқ замон бўлса-чи?!
Умрида гуноҳ қилмаган, ана шу маъсиятдан лаззат топмаган одам йўқ. Камида тўшак ҳузурини бир марта бўлса ҳам бомдод намозига туришдан олдинга қўйганмиз. Бундан ўн йил аввал ҳис қилганимиз ушбу лаззатдан ҳозир қўлимизда нима қолган? Ҳеч нима!
Ичимизда савоб иш учун ўзини қийнамаган ва ана шу тоат учун алам тортмаган киши топилмайди. Озида Рамазон ойи очлик ва чанқоғини бошидан кечирган. Энди ҳозир ўн йил олдин Рамазон ойида татиган очлик оғриғидан нафсимизда қандай из қолди? Ҳеч қандай! 
Гуноҳлар лаззати кетди ва иқоби қолди! Тоатлар алами кетди ва савоби қолди!
Ўлим онлари. Ушбу онларда бизга тотган ҳамма лаззатларимиздан ва кўтарган машаққатларимиздан нима қолди?
Албатта барча мўмин тавба қилишни, Аллоҳга қайтишни хоҳлайди. Лекин кечиктиради, кейинроқ дейди. Мен ҳам айтардим: “Агар ҳаж қилсам тавба қилиб қайтаман”. Ҳажга бордим, тавба қилмадим. Ва яна айтардим: “Агар қирққа кирсам тавба қиламан ва қайтаман”. Қирққа кирдим, тавба қилмадим. Олтмишдан ўтдим, тавба қилмадим. Қартайдим, тавба қилмадим. Бунинг маъноси, мен ҳаром амалларни қиляпман ва фаҳш ишларни амалга оширяпман, дегани эмас, Алҳамдулиллаҳ! Лекин инсон ўзига солиҳликни умид қилади, аммо уни кейинга суради. Гўё муҳлат кўп деб ўйлайди. Умрни узоқ деб ҳисоблайди. Ўлим эса тўсатдан эшик қоққанини кўради. Мен ўзим ўлимни икки марта кўрганман. Ўлганнинг шуурини ҳис қилганман. Тоатсиз ўтказган ҳар дақиқамга пушаймон бўлганман. Қасамки, ундан қутулганимда бир неча ой ўша ҳислар менда қолган. Солиҳ одамга айланиб қолганман. Сўнг ҳаёт тўлқинларига иккинчи марта шўнғидим. Унутдим... ўлимни унутдим. 
Ҳаммамиз ўлимни унутамиз. Ўлганлар олдимиздан ҳар кун ўтганини кўрамиз. Лекин биз ҳам яқинда ўлишимизни тасаввур қилмаймиз. Жаноза намозида турамизу, дунё ҳақида ўйлаймиз. Ҳар биримиз ўйлаймизки, ўлим ҳамма одамларнинг пешонасига ёзилган. Илло бундан ўзи истисно. Ваҳоланки, инсон аниқ билади; дунё ундан бурилмоқда ва у ҳам дунёдан бурилмоқда. 
Инсон қанча яшаса ҳам у барибир ўлувчидир. Олтмиш йил яшасин. Етмиш йил яшасин. Юз йил яшасин. Бу муҳлат тугамайдими? Юз йил яшаб ўлган одамни билмайсизми? Нуҳ (алайҳиссалом) қавмини тўққиз юз эллик йил давомида даъват қилди. Нуҳ ҳозир қаерда? Дунё унга вафо қилдими? Ўлимдан омонда қолдими? Нима учун ўлим тўғрисида тафаккур қилмаймиз? Ундан қочиб қутулолмас эканмиз, нега унга тайёрланмаймиз?

Мубашшир АҲМАД таржимаси


  • 5020
Аҳмад Муҳаммад Турсун

Аҳмад Муҳаммад Турсун Ёзувчи 02 Iyun 2023


Камбағаллик айб эмас

img

Азалдан фақирлар мақталади. Чунки инсонлар камбағалларни яхши кўришга буюрилган, Аллоҳ учун энг яхши одамлар камбағаллардир, дейилган. Барча пайғамбарлар ҳам камбағаллик билан имтиҳон қилинган. Фақир-камбағалларни севишда Набийни севиш бор. Аммо фақир одам қаноатли бўлса, халқдан бирор нарса тамаъ қилмаса, уларнинг қўлидаги нарсадан умидвор бўлмаса, қандай йўл билан бўлмасин мол-дунё орттиришга интилмаса ёки ҳарис бўлмаса, шундагина у мақталувчи фақир ҳисобланади. Хабарда айтилганидек, «Бойларнинг уйига камроқ киринглар, акс ҳолда Аллоҳнинг сизларга берган неъматларини писанд қилмаган бўласизлар». Яна фақирларни жуда катта ажр-мукофотлардан, савоблардан тўсадиган бир иллат борки, бу уларнинг кибридир. Фақирнинг кибри бойларникидан ёмон бўлади, сабаби бой мол-давлатидан фахрланиб кибр қилса, камбағал ҳеч нарсага эга бўлмасдан туриб кибр қилади. Ана шу кибр ортидан у ҳамма ишда бойга тенглашишга интилади, ўзини бой кўрсатиш учун ҳар қандай алдов ва найрангларга боради, бу билан тақдирга исён қилган ҳисобланади.

Хабарда айтилганки: «Уч кимсага қиёмат кунида Аллоҳ таоло гапирмайди ва қарамайди ҳам, уларга қаттиқ, аламли азоб бўлади: улар – зино қилувчи кекса, ёлғончи подшоҳ ва кибрли фақир кишилардир»; «Аллоҳ мутакаббирни ёмон кўради, мутакаббир фақирни ундан ҳам ёмон кўради».

Ҳақ йўлдан йироқ бўлган инсон учун фақирликнинг машъум хатарлари бор. Баъзи маънавий ожиз одамлар учун фақирлик, унинг ортидан келадиган қийинчилик-машаққатлар куфрга кетиш учун бир восита бўлиб қолиши мумкин. Чунки сабр ва қаноат каби улуғ неъматлардан бебаҳра инсонлар фақирлик имтиҳонининг қийноқларига дош беролмай, ҳар куни Яратгандан норози бўлиб, ширку исён байроғини кўтаришга одатланиб қолишади. Ўзини камситилган ҳис этишади ёки илоҳий адолат бузилганмикин, деган куфрона гумонларга боришади.
Баъзан фақирликда, камбағалликда яшаётган одамларни кузатсангиз, уларнинг гўё фақирликларига ўзлари айбдордай, ўксиниб, бошқалар олдида хижолат чекиб, ноқулай ҳолатга тушишларини кўп кўргансиз. Ёки «Нима қилайлик, пешонамиз шўр экан, Худо бизни фақир қилиб, ночор қилиб яратиб қўйган бўлса!» деб зорланишганини эшитгансиз. Айримлари ўзларининг фақирликларидан уялиб, сал ўзига тўқроқ қариндошлар билан борди-келдини ҳам йиғиштириб қўйишади. Баъзилар камбағалликдан шунчалик орланишадики, таркидунё қилган роҳиб каби одамлардан бутунлай ўзларини тортишади. Маҳалла-кўй, тўй-маросимларга аралашишдан ҳам воз кечишади. Нима, камбағаллик айримлар ўйлаганидай, шунчалик айбми, камчиликми, пешонанинг шўрими, Аллоҳнинг жазосими ёки тақдирнинг шумлигими?
Йўқ ва яна йўқ. Агар инсон фақирлик орқасидан ўзига қандай улуғ марҳамат, ажр-мукофотлар борлигини, у фақирлик билан синалаётган экан, бундан сабр, шукр орқали шараф билан ўта олса, уни боқий дунёда қандай улкан неъматлар ва мукофотлар кутаётганини тасаввур ҳам қила олмайди. Бежизга ўтмишдаги сўфийлар: «Агар ҳукмдорлар биздаги руҳий хотиржамликнинг сабабини билиб қолишса, эгнимиздаги жандаларни тортиб олган бўлишар эди», дейишмаган. Шундай экан, сиз фақирлик келганида хафа бўлиш ўрнига севининг, камбағаллигингизни қўрқмай, уялмай тан олинг, ўзингизни камбағалликка тайёрланг. Закот ейишдан уялманг, шуни билингки агар сиз каби камбағаллар бўлмаса, бойлар закотини бергани одам тополмай, Аллоҳнинг фарзини бажара олмай қолишарди-ку! 
Фақирона ҳаётнинг руҳий ва маънавий сакинати, қалб хотиржамлигини ҳеч нарсага тенглаб бўлмайди. Мол-дунёси бўлмаган одам уни тасарруф қилиш, кўпайтириш, фойда олиш, асраш, алданиш хавфи каби қанчалаб офат-хатарлардан омонда, хотиржам яшайди. Дунёнинг ташвиши ва ҳисоб-китоби миясини банд қилмагани учун ибодатларида ҳаловат, роҳатланиш бор. Боқий дунёда ҳисобга тортилмаслигининг ўзи ва бунинг ортидаги қалб ҳаловатини унча-бунча нарса билан ўлчаб бўлмайди. Камбағалнинг бойлардан беш юз йил аввал жаннатга кириши башорати ҳамма бойликлардан устун мукофот эмасми? Хабарларда айтилганидай: «Одамларнинг олдидан айланиб юрганида бир ва икки луқма ёки битта ва иккита хурмо берсанг, олиб кетадиган киши ҳақиқий мискин эмас. Ҳақиқий мискин ўзини беҳожат қиладиган нарса топа олмаса ва садақа бериш учун унинг аҳволидан бошқаларнинг хабарлари бўлмаса ҳамда ўзи ҳам тиланиб юрмайдиган кишидир»; «Ҳар бир нарсанинг калити бор, жаннатнинг калити мискин-фақирларни севишдир».
Фақир саҳобийлар ораларидан бир кишини вакил қилиб Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига юборишди. Вакил у зотга бундай деди: «Мени асҳобингизнинг фақирлари ҳузурингизга юборишди». У зот: «Сенга ва сени юборганларга марҳабо! Улар мен севган кишилардир», дедилар. Келган вакил истакларини шундай баён қилди: «Бойлар моллари бўлгани учун ҳаж қилишяпти. Жуда кўп хайрли ишларни қилишяпти. Биз эса фақирлик орқасидан буларни уддалай олмаяпмиз. Шунинг учун охиратдаги мукофотимиз, хайрли амалларимиз оз бўлиб қоладими, деб ўйлаяпмиз. Мени сизга юборган фақирлар «бизнинг ҳолимиз нима бўлади», деб сўрашди. Фахри коинот бундай дедилар: «Фақирларга мендан шуни етказгинки, охиратда эришадиган мукофотларини ўйлаб, бу дунёдаги маҳрумият ҳолларига сабр қилсинлар. Чунки фақирларнинг бойлардан афзал учта жиҳатлари бор:
1. Уларга бу дунёда чеккан машаққат-қийинчиликлари, дунё неъматларидан бебаҳраликлари эвазига жаннатда шундай кўшк-пар бериладики, бошқалар у кўшкларга дунёда энг порлоқ юлдузларга қарагандек маҳлиё бўлиб қарашади. Бу кўшклар пайғамбарлар, шаҳидлар ва фақир мусулмонлар учундир.
2. Фақирларнинг ҳисоблари осон бўлади ва улар бойлардан олдинроқ жаннатга киришади.
3. Бой киши садақа бериб эришадиган савобга фақирлар: «Субҳаналлоҳи вал ҳамдулиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар», деб эриша олишади. Фақирлар бу каби зикр ва тасбеҳларни бойлардан кўпроқ айтишса, бойларнинг пул ва моллари билан қозонган савобларига шу айтган зикрлари билан эриша олишади». 
Зуннун Мисрий дейдики: «Бир камбағал дўстим бор эди, оламдан ўтди. Бир куни тушимга кирди. Ундан: «Аллоҳ сен билан қандай йўл тутди?» деб сўрадим. У шундай жавоб қайтарди: «Аллоҳ: «Пасткаш бойваччалар узатган нонни олмаганинг учун гуноҳларингни мағфират этдим», деди». Шу зотнинг яна бундай сўзи бор: «Илм аҳлидан бўлмиш ҳар бир эр илми зиёда бўлгани сайин мол-дунёга нафрати кучайиб, уни тарк этарди. Энди-чи? Бугун илми кўпайгани сари мол-дунё муҳаббати ва талаби кучаймоқда. Илгари олим одам молини илм йўлида сарф этарди. Бугун-чи? У илми орқали мол-дунё тўплайди. Илгари илм олувчининг ботини ва зоҳири кучга тўларди. Ҳозир-чи? Унинг ботини ҳам, зоҳири ҳам фасоддир».
Бишр Хофий айтади: «Фақирлар уч тоифа бўлишади: биринчиси сўрамайди, берсанг олмайди ҳам, бу тоифа руҳонияти олий одамлардир, улар Аллоҳдан сўрашса Аллоҳ беради, Аллоҳга қасам келтиришса қабул бўлади. Иккинчи тоифа сўрамайди, берсанг олади, булар ўрта қавм, Аллоҳга таваккул қилиб яшашади, буларга жаннатда дастурхонлар ёзилади. Учинчи тоифа сабрни ўзига қалқон қилганки, бошга ҳожат келса Аллоҳга мурожаат қилади, Ўзи сингарилар ёнига чиқади, ҳақиқатгўйлиги унинг хизматкоридир». Шу зотнинг мана бундай гаплари ҳам бор: «Шундай замонлар келадики, қоплаб дунё тентаклар қўлига ўтиб кетади». Ишонмасангиз, атрофингизга бир назар солинг: беҳисоб мол-дунёга эга бўлганлар ақлли, доно, тақводор одамларми ёки аксинчами?
Абул Ҳасан Сирий бундай деганлар: «Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрама, ҳеч кимдан ҳеч нима олма, шунда бировга беришга ҳеч ниманг бўлмайди. Дунёнинг турган-битгани ортиқчадир, лекин беш нарса бундан мустасно: нон, сув, кийим, уй ва манфаатли илм».
Шақиқ Балхий фақирликни ёқлаб ўтган шайхлардан. У айтадики, «Дунёга интилиб ўлишдан сақлан, хотиржам бўлгинки, сенга ёзилган ризқ сендан ўзгага берилмайди. Банда фақирликни ихтиёр этиб, бойликдан қўрқиши қандай билинади? У бадавлат одам камбағал бўлиб қолишдан қўрққанидек бойиб қолишдан қўрқади ва фақирлик ҳолатини қўрқув билан сақлайди. Фақирликни сақлаш фақирликни Яратганнинг инъоми деб тушунишдир. Бойлардан четда юр, чунки қалбингни уларга боғласанг, улар билан ҳамтовоқ бўлсанг, улар итоатига тушиб қолиб, Раббингдан юз ўгирасан».
Муҳаммад ибн Баҳрин аш-Шажиний бундай деган эди: «Мол-мулким кўплигига қарамай, фақирликдан жуда қўрқар эдим. Кунлардан бир куни Абу Ҳафс Ҳаддод менга: «Агар пешонангга фақирлик ёзилган бўлса, ҳеч ким сени бой қила олмайди», деди. Бу гапни эшитганим заҳоти фақирлик қўрқуви қалбимни тарк этди».
Баъзи кимсаларнинг камбағалларни қўл учида кўрсатиши, уларни назарга илмаслиги, улар ҳузурида бойлиги билан керилиши ёки кибрланиши, инсоний муносабатларда камбағаллардан устунлик даъво қилиши нодонликдан, жоҳилликдан бошқа нарса эмас.
Мана шундай нохуш ҳолатларга келин олишда, қиз чиқаришда айниқса кўпроқ дуч келинади. Келин ахтарганлар бойроқ хонадондан қиз олсам, ўғлимнинг келажаги таъминланади, қайнотаси ёки қайнонаси турмушда ёш оилани қўллаб туради, деган бемаъни хаёлларга боришади. Қиз узатадиганлар бадавлат хонадонга узатсам, егани олдида, емагани кетида, ҳеч нарсадан муҳтожлик кўрмай юради, деган режалар тузишади. Билишмайдики, Аллоҳ таолонинг ризқ тақсимлашда алоҳида ҳикмати, иродаси бор, бировга кўпроқ, бировга озроқ ризқ беради.
«Нега камбағалга қиз бермайсиз, битта айби гоҳо оч қолади-да», деб сўради бир доно киши маҳалладошларидан. Уларнинг чеҳрасида тасдиқ ишорасини кўргач афсусланиб хитоб қилди: «Йўқ, аксинча бойнинг хонадонида оч қолади. Қизингиз юрган йўлида еса бой «нега туриб еяпсан», деб кўз очирмайди, ўтириб еса «нега ўтирволиб ейверасан», деб тинчлик бермайди. Ишонмасангиз, текшириб кўринг, барча бойларнинг келини ориқ… Камбағал эса фақирлигим сезилиб қолмасин, дея ҳали синашта бўлмаган келинга нуқул овқат тиқиштиради».
Аксарият бадавлат кишиларнинг қизлари тўкинчиликда, фаровонликда, эрка бўлиб улғайгани учун кўп ҳолларда оддий, камтарона яшайдиган хонадонларга муносиб келин бўлолмайди. Сабаби, одатда уларнинг қўлини совуқ сувга урдиришмайди, айтганини ҳамиша муҳайё қилишади, қилини эгри дейишмайди, хулласи ҳамма айбу нуқсонларини қилинган мўл-кўл сеплар, шоҳона тўй маросимлари ёпиб кетади, деб ўйлашади. Аксинча, камбағалроқ оиладан келин бўлиб тушган қизлар эсли-ҳушли, «оилам, эрим, рўзғорим» дейдиган, борган жойига тошдай чўкадиган, ҳамманинг хизматини қилиб кўнглини оладиган эпли бўлишади. Фақат уларнинг камхаржлигини, қўли калталигини бетига солмасангиз, арзимас майда-чуйда деб иззат-нафсини койитмасангиз, бўлди.
Шу ўринда Ҳазрати Умарнинг сутчи аёлнинг ҳалол қизини келин қилганлари ҳақидаги гўзал бир ривоятни келтириш ўринлидир: Умар ибн Хаттоб Мадина кўчаларини айланиб юрганларида бир воқеанинг гувоҳи бўладилар. Бир хонадонда сутчи аёл бугун сути одатдагидан камроқ кўрингани учун унга бироз сув қўшмоқчи бўлар, унинг қизи эса «Аллоҳдан қўрқмайсизми?» деб уни бу гуноҳ ишдан қайтарар эди. Воқедан воқиф бўлган Ҳазрати Умар эртасига эрталаб ўша хонадонга бориб, Аллоҳдан қўрқувчи, гўзал ахлоқли, яхши фазилатли ва иффатли қизни ўғлига хотинликка сўради. Бутун мусулмон оламининг амири ўғлини фақир қизга, оддий сутчининг қизига уйлантирди. Ўша покиза келиндан шундай фарзандлар дунёга келдики, улардан бири бобоси каби адолатни севувчи, Аллоҳдан қўрқадиган, тарихда «Иккинчи Умар» номини олган, халифалик қилган йиллари «энг саодатли ва адолатли давр» сифатида тарихга кирган Умар ибн Абдулазиз эди…
«Тазкират ул-авлиё»да шундай нақл қилинган: Шайх Ҳотами Асом Балх шайхларининг улуғларидан эди. Бир куни Ҳотам аёлидан:
– Мен тўрт ойлик сафарга кетяпман. Шу тўрт ойлик муддатга қанча нафақа қолдиришимни истайсан? – деб сўради. Аёли бундай жавоб қилди:
– Тирик қолишимга етгулик нафақа қолдиринг.
– Тириклигинг ва ўлиминг асло менинг қўлимда эмас, Ҳақ таолонинг қўлидадир, – деди Ҳотам.
– Ундай бўлса, менинг ризқим ҳам сизнинг қўлингизда эмас, жаноби Ҳақнинг қўлидадир, – деди хотин.
Ҳотамга бу сўз маъқул келди ва хотинини дуо қилди. Қўшни хотинлар келиб аёлга: «Ҳотамдан нечун нафақа сўрамадинг?» дейишди. Хотин бунга жавобан:
– У киши ҳам мен каби ризқ еювчидир, бергувчи эмасдир, – деди.
Ҳофиз ибн Ражаб ушбу воқеани қози Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулбоқийдан нақл қилади: «Мен Макка шаҳрида фақирона ҳаёт кечирар эдим. Бир куни кўчада ҳамён топиб олдим. Уйга келиб очиб қарасам, ичидан бир шода марварид чиқди. Бунақасини умримда кўрмаган эдим.
Қайтиб кўчага чиқдим. Бир одам: «Мен ҳамёнимни йўқотиб қўйдим, ким топиб олиб қайтариб берса, беш юз динор бераман», деб юрган экан. Шунда мен: қорним оч, ҳожатмандман, ҳамённи бериб эвазига пулни оламану ундан фойдаланаман, деб ўйладим.
Ўша одамни чақирдим. У уйимга киргач, ҳамённинг ва ундаги марвариднинг белгиларини сўрадим, аниқ айтиб берди, шунда унга ҳамёнини топширдим. У беш юз динор пулни узатди, аммо мен олмадим, тўғрироғи олишни эп кўрмадим.
Орадан анча вақт ўтиб, денгиз сафарига чиқдим. Ногаҳон кемамиз ҳалокатга учраб, ҳамма сувга ғарқ бўлди. Аллоҳ таолонинг иродаси билан ёлғиз менгина бир парча тахтага ёпишиб, жон сақлаб қолдим. Кейин бир оролга чиқиб олдим ва ўша ердаги масжиддан паноҳ топдим. Қуръонни чиройли ўқишимни эшитиб, одамлар олдимга кела бошлашди. «Ёзувни ҳам биласанми?» деб сўрашди. «Ҳа», дедим. Улар бола-чақалари билан келиб, мендан ўқиш-ёзишни ўргана бошлашди. Моддий ёрдамлари туфайли мен ҳам ўзимни тиклаб олдим. Бир етим қизлари бор экан, бир куни улар мени уйлантириб қўймоқчи бўлишди. Аввалига рози бўлмадим, қистайверишгач кўнишга мажбур бўлдим.
Тўй куни…қизнинг бўйнидаги марваридга кўзим тушиб, ҳайратда қотиб қолдим. У ўша мен топиб олган марварид эди. Одамлар менинг аҳволимга ҳайрон… Уларга бошимдан ўтган воқеани айтиб бердим. Одамлар такбир айтиб юборишди. Сўнг бу қизнинг отаси ўша ҳамёнини йўқотган киши эканини, у умрининг охиригача: «Дунёда ҳамёнимни қайтариб берган йигитга ўхшаган софдил кишини бошқа кўрмадим, эй Аллоҳ, мени яна ўша йигитга рўбарў қил, қизимни унга никоҳлаб берай», деб дуо қилганларини айтиб беришди…».

Муаллиф Аҳмад МУҲАММАД


  • 4703
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Аллома, муфассир, мужаддид, фақиҳ, муҳаддис, муфассир, мутафаккир, муршид 20 Iyun 2022


Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисида

img

Турли нарсаларнинг, масалан, китоб, мақола ёзиш, эшиттириш, кўрсатув тайёрлаш, ихтиролар қилиш ва шунга ўхшаш нарсаларларнинг муаллифлик ҳуқуқини-ҳаққини ҳимоя қилиш дунё бўйича кенг тарқалган. Мана шу маънога Исломда қандай қаралади?

МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ ТЎҒРИСИДА

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Бу саволга жавоб беришдан олдин шуни айтиб ўтиш керакки, муаллифлик ҳаққи, ҳақийқатан, дунё бўйича тан олинган ҳаққ. Муаллифнинг ҳаққини поймол қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, балки бу нарса барча давлатларнинг қонуни бўйича жазога тортиладиган жиноят ҳисобланади. Ислом дийнида бунга қандай назар билан қаралади? Жавобни батафсил айтишдан олдин ҳозирги кундаги аҳволимизга назар солишимиз керак. Айниқса, дийнни маҳкам тутишни даъво қилаётган, дийний адабиёт ва шунга ўхшаган нарсалар билан савдо қилаётган жамоани, ўша ишда иштирок этадиган одамларнинг ҳолатини алоҳида кўриш керак бўлади. Чунки, бу соҳада муаллифлик ҳаққи нима эканлигини умуман эътиборга олмайдиган одамлар 100 бўлмаса ҳам 95 фоизни ташкил қилади. Улар: «Муаллифнинг ҳаққи йўқ, ким қўлига нима тушса, шуни кўпайтириб сотса, дийнга хизмат қилаётган бўлади», деган даъвони қилишади. Ўзларини тақводор қилиб кўрсатишади, намоз ўқиб, рўза тутаётганлик даъвосини қилишади, Худонинг йўлида хизмат қилаётганлик даъвосини қилишади, лекин ўзларидан кўпроқ Аллоҳнинг йўлида хизмат қилаётган, китоб ёзаётган, кечалари ухламасдан кўзининг нурини тўкиб, йиллар давомида йиғиб-териб, ёзиб, китоб ҳолига келтириб, бозорга қўйган ёки сотиб ўз меҳнатининг самарасини бироз кўрмоқчи бўлган кишиларнинг ҳаққини ваҳшийларча поймол этишади. Қўлга тушган китобни иложи борича ўғрилик йўли билан, суратини олиб, кўпайтириб, сотишга ҳаракъат қилишади. Муаллиф бечора ўзи чоп қилдирган китобини сота олмай ўтираверади, улар ўғирликдан бўлганлиги ва ўзларига арзон ёки бепул тушганлиги учун, тезроқ пул қилиш мақсадида, хоҳлаган нархида сотиб, муаллифнинг ҳаққини поймол қилишади.
Шунингдек, овоз тасмалари, компютер дискетлари ва бошқалар савдосида ҳам мана шу ҳолни кўриш мумкин. Буларнинг ҳаммаси жуда ҳам ноқулай бир ҳолат, ниҳоятда оғир мусийбат ҳисобланади. Ана шу ҳолат албатта мусулмон уламоларини ҳам ташвишга солган ва Маккаи Мукаррамадаги Ислом Фиқҳи академияси мана шу масалани алоҳида кўриб чиқишга мажбур бўлган. Ҳозирги кунимизнинг кўзга кўринган катта уламолари аъзо бўлган бу фиқҳ академиясида муаллифлик ҳаққи тўлалигича, батафсил кўриб чиқилганидан сўнг, мусулмон умматига, мўмин-мусулмонларга қарата ўзларининг қарорларини чиқариб, муаллифларнинг муаллифлик ҳаққлари тўғрисидаги баёнотни берганлар. Ана шу баёнотда қуйида биз сўзма-сўз таржима қиладиган маънолар ифода қилинган:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

«Баъзи пайтларда муаллиф ўзининг бутун умрини бир фойдали китоб таълийф қилишга сарфлайди. Ва ундан фойда кўриш учун нашр қилади. Шунда бошқа бир одам келиб, ҳалиги китобдан бир нусхани олади-да, ҳозирги замонда чиққан осон воситалар орқали ё чоп қилади, ё суратга олдириб у ҳам сота бошлайди. Унинг сотиши, албатта, муаллифнинг йўлини тўсади, унга қарши бир одамга айлантиради, ана шунинг оқибатида ҳалиги одам ҳеч қандай таълийфга аралашмасдан, заҳматини чекмасдан, бировнинг меҳнати самарасини кўришга ўтади. Баъзи бировлар бу китобни бепул тарқатишлари ҳам мумкин. Лекин, ана шу бепул тарқатиши билан у ўзига шуҳрат қозонади, шуҳрат қозониш йўлида эса муаллиф бечоранинг чарчагани, ҳоригани, қилган меҳнати, ҳатти-ҳаракъатининг ҳаммасини зоега чиқаради. Мана шу фикрни ихтиро қилувчилар ҳақида ҳам айтиш мумкин. Бундай нарсалар бўлаверганидан кейин илмли, заковатли, китоб таълийф қилишга, ихтиро қилишга қудрати етадиган одамларнинг ҳимматлари пасаяди. Чунки, улар ўзларининг меҳнатлари самарасини кўрмайдилар, бошқалар унинг меҳнатини қўлидан юлиб, тортиб оладилар ва ўзларининг фойдасига ишлатадилар, тижорат қиладилар, муаллифнинг йўлини тўсадилар. Ҳолбуки, у «тижоратчилар» бу китобнинг ёки ихтиронинг дунёга келишида ҳеч нарса сарфлаганлари йўқ, буни хаёлларига ҳам келтирмаганлар. Замон ўзгариши билан, вазиятлар ҳам ўзгарди, янги-янги нарсалар чиқарилди, эндиликда ҳар ким ўзининг қилган меҳнатининг самарасини кўриши керак. Муаллиф ёки ихтирочи ҳам ўзи таълиф қилган асари ёки ихтиро қилган нарсасининг ҳаққдори бўлиши вожибдир. Бу ҳаққ ана шу муаллифнинг шаръий мулки ҳисобланади, бирор киши унга тажовуз қилмаслиги керак, унинг изнисиз кўчирмасликга, чоп қилмаслиги, сотмаслиги керак. Ана шу нарсаларнинг ҳаммаси-китоб бўлсин, бошқа бўлсин, асосан, шариатга тўғри келадиган, залолатга бошламайдиган нарсалар бўлиши шарти билан, албатта. Шунингдек, ўша ёзилган нарсани нашр қилган ношир ҳам муаллифнинг шериги бўла олмайди, у фақат муаллиф нимага аҳдлашган бўлса, шу аҳдга ҳаққли холос, бошқа нарсага ҳаққи йўқ. Муаллифнинг изнисиз ношир китобнинг мазмунига ўзгартириш киритиши мумкин эмас ёки бирон ерини бошқача қилишга ҳаққи йўқ. Муаллифлик ҳаққи мерос бўлиб қолади, яъни муаллифнинг меросхўрларига ҳаққ ҳам мерос бўлиб қолади. Ана шу нарсаларнинг ҳаммаси халқаро шартномаларда ўз аксини топган, мана шу нарсаларнинг ҳаммасини мўмин-мусулмонлар амалга оширишлари керак, шариатга хилоф ишларни қилмаслик лозим, бу нарсаларнинг ҳаммасини жойига қўйиш вожиб ҳисобланади».
Мана, муаллифлик ҳаққи ҳақидаги Ислом Фиқҳи академияси уламолари чиқарган қарор. Бу қарор жуда муҳим бир ҳужжат ҳисобланади. Ҳар бир мўмин-мусулмон кимса муаллифнинг ҳаққини, ихтирочининг ҳаққини ҳурмат қилиши керак. Муаллифнинг ҳаққини поймол қилиш худди бир одамнинг бир жойга тўплаб қўйган мол-мулкини ўғирлаш билан баробар бўлади. Ана шуни ўғирлаб, олиб чиқиб сотиб, пул қилган одам қанчалик гуноҳкор бўлса, муаллифнинг изнисиз ундан беркитиб, китобини чоп қилиб ёки бошқа асарини бошқа услуб билан кўпайтириб сотаётганлар бировнинг молини ботил йўл билан еяётган ва Қиёмат кунида қоринларига оловни ейдиган шахслардан бўлади. Муаллиф изнисиз, ўғирликча унинг ҳаққини юлиб олиб, унинг ҳаққини тортиб олиб савдо қилаётганлардан нарса сотиб оладиганлар ҳам ўйлаб қўйишлари керак. Чунки бизнинг шариатимизда ўғирланган, ғасб қилиб тортиб олинган молларни сотиб олишга рухсат йўқ, улар ҳаром бўлади.
Шунинг учун, ана шундай ўғрилардан, муттаҳамлардан бировнинг ҳаққини тортиб олганларнинг маҳсулотини сотиб олишдан ҳам ҳазар қилиш керак. Балки асл нусхани, ҳалол, тер тўкиб, меҳнат қилиб, йиллар давомида бутун билимини, ақлини, заковатини, кучини, қудратини сарфлаб асар юзага келтирган инсоннинг китобини ва бошқа маҳсулотларни сотиб олиб, ўшалардан фойдаланилса, савоб йўлида тўғри иш қилиш бахтига муяссар бўлинади, ҳамма нарса ҳалол-пок, яхши бир суратда амалга ошган бўлади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзи барчаларимизга инсоф-тафвиқ берсин, жумладан, муаллифларнинг, ҳаққдорларнинг ҳаққини поймол қилиб, ўзларига осон мол, пул топиш йўлига кириб олганларга ҳам инсоф берсин, ҳаммамизни Аллоҳнинг шариатига амал қилиб, ҳалол, пок ризқ билан ризқланиб юришимизда Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлсин. Валлоҳу аълам

Муаллиф Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


  • 3002