Global Teacher Prize Varkey” хайрия жамғармасининг йиллик мукофоти, БААда тоширилади. Баъзан уни “Ўқитувчилар учун Нобел мукофоти” деб ҳам аташади. Бу йил бир миллион долларни дунёнинг энг яхши муаллими сифатида Кениядаги ўрта мактабда дарс берувчи роҳиб Петер Табичи қўлга киритди. Қуйида у ҳақида батафсилроқ ҳикоя қиламиз.

Ҳам муаллим, ҳам мураббий

Петер Табичи 36 ёшда. У Кениянинг Пвани қишлоғидаги Керико ўрта мактабида ишлайди. Мактабда ҳар бир ўқитувчига 60-70 тадан ўқувчи тўғри келади. Болаларнинг кўпчилиги мактабга бир неча километр масофадан пиёда қатнайди. Петер ҳар ой маошининг 80 фоизини камбағал ўқувчилар ва қишлоқдаги қашшоқ оилаларга бўлиб беради.

Петернинг отаси ҳам муаллим бўлган, бошланғич синфларда дарс берган. Бола ўн бир яшарлигида онаси вафот этган. Петернинг айтишича, унинг эътиқоди ва хулқи отасининг ўргатганларига асосланган. “Камтар, хушчақчақ, сахий ва тақводор бўлиш”, – дейди Петер оиласининг принциплари ҳақида.

Мактабда у нафақат табиий фанлардан дарс беради, балки илмий клубни ҳам бошқаради, мактаблараро илмий лойиҳалар танловларини ўтказишга ёрдамлашади, ўзи асос солган Истеъдодларни тарбиялаш клубини юритади.

Ўқувчилар мактабни битирганларидан сўнг олий таълим муассасаларига кира олишлари учун мураббийга ҳам айланишади. 12 йилдан бери дарс бериб келаётган Табичининг амин бўлишича, ўқувчиларнинг ижтимоий келиб чиқиши кўп ҳолларда уларнинг фикрлаш тарзи, интилишлари ва маслагига таъсир қилади. Унинг айтишича, бундай вазиятда ўқитувчилар шунчаки синфда сабоқ бериш доирасидан чиқиб, болаларнинг мураббийига айланиши шарт. Уларга маслаҳат беришлари, олға интилишига кўмаклашишлари, ўқувчиларга уларнинг имкониятлари ҳақида гапириб беришлари, айни вақтда ўзаро ҳурмат, тажриба алмашиш, дарддош бўлиш ҳиссини тарбиялашлари керак.

Мактабда 4 – 8-синф ўқувчилари учун биттагина компьютер ва биргина проектор борлигига қарамай Табичи дарсларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга ҳаракат қилади. Унинг фикрича, бу дарснинг самарадорлигини ҳам, таълимнинг умумий кўрсаткичларини ҳам яхшилайди.

“Global Teacher Prize”нинг шорт-листига киргани маълум бўлгач, Табичи агар миллион долларни ютиб олса уни ҳам ўз мактаби ва жамоасига ҳадя қилишини айтди: “Мен пулни мактаб компьютер лабораториясини ривожлантиришга ва интернетга яхшироқ уланишига тикаман. Пулнинг бир қисмини истеъдодли, лекин муҳтож ўқувчиларни қўллашга, қишлоқда полизчиликни ривожлантириш ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни етиштиришга сарфламоқчиман”.

Ғалабалар болаларни руҳлантиради

“Яхши муаллим бўлиш – ижодкор бўлиш, технологиялар ва замонавий методлардан фойдаланишдир. Сиз кўп иш қилиб, кам гапиришингиз лозим. Мен ҳар бир ўқувчи ноёб истеъдодга эга бўлади, уни ўқитувчи тарбиялаши керак деб ҳисоблайман. Педагоглар жамиятга жуда кучли таъсир кўрсата олади, айнан шу боис мен ва тўрт ҳамкасбим ўзлаштириши қийин бўлган ўқувчиларга бепул ёрдам берамиз. Дам олиш кунлари эса ўқувчиларнинг уйига бораман, ота-оналар билан бирга нима учун боласининг ўқишида муаммолар борлигини ва уларни қандай ҳал қилиш мумкинлигини тушунишга ҳаракат қиламан.

Бу фойда берадими? Ўтган йили мактабимизнинг бир нечта ўқувчиси Кения фан ва техника ярмаркасида мамлакат миқёсидаги давлат мактаблари мусобақасида биринчи ўринни олди. Мактабимизнинг математика жамоаси ҳам Аризонада ўтказиладиган INTEL-2019 халқаро илмий-техник ярмаркасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Биз ҳозир шунга тайёрланаяпмиз. Бизнинг ўқувчиларимизнинг электр энергияси ишлаб чиқариш учун маҳаллий ўсимликлардан фойдаланишга оид лойиҳаси 2017 йили Қироллик кимё жамиятининг мукофотига сазовор бўлди. Бу ютуқлар болаларни руҳлантиради, уларга куч ва илҳом беради”, – дейди Табичи.

Ўқитувчининг вазифаси – болани ўзига ишонишга мажбурлаш ва ҳар қандай вазиятда олға интилишига кўмаклашишдир. Петернинг сўзларини қуйидаги рақамлар ҳам тасдиқлайди: мактабда ўқувчилар сони уч йилда 400 тагача кўпайди. Интизомни қўпол равишда бузиш ҳолатлари ҳафтасига 30 тадан 3 тагача камайди.

2017 йили 59 та битирувчидан атиги 16 таси коллежга кирган бўлса, 2018 йили коллеж ёки университетда таҳсилни давом эттирган ўқувчилар сони 26 тага етди. Табичи қиз болаларнинг муваффақиятларини алоҳида таъкидлайди. Унинг айтишича, қизлар нафақат болалар билан теппа-тенг ўқишмоқда, тест натижаларига кўра ҳатто улардан ўзиб кета бошлашган. “Улар жамиятимизнинг илғор қисмига айланмоқда, мен бундан жуда мамнунман, чунки уларнинг тақдирига таъсир қила олганимни тушуниб турибман”, – дейди Питер.

“Global Teacher Prize” мукофоти 2015 йилдан бери топшириб келинади. Бу йил унга 179 та мамлакатдан 10 мингта ариза берилди. Ғолибга ўз соҳасидаги мислсиз ишлари учун бир миллион доллар топширилади. Пул унинг ҳисобига мукофотланганидан сўнг мактабда камида беш йил ишлаб бериш шарти билан бир нечта транш орқали ўтказилади.

Жуда қийин шароитда ишлаётган ўқитувчиларга устунлик берилади. Бултур мукофот Лондоннинг энг криминал туманларидан биридаги мактабда тасвирий санъатдан дарс берувчи Андриа Зафиракига топширилган. Унинг ўқувчиларининг аксарияти жуда қашшоқ оилаларнинг, шу жумладан муҳожирларнинг болаларидир.