8 майда бир гуруҳ таниқли зиёлилар тил масалалари бўйича жамоатчилик кенгашини тузди.

Тил кенгашининг асосий мақсади "Давлат тили ҳақидаги" қонунни замон талабига жавоб бера оладиган даражада янгилашдир.

Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, профессор Қозоқбой Йўлдош, адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддин ва шоир Карим Баҳриевлар ташаббуси билан тузилган бу кенгаш очиқ, жамоатчилик кўзи ўнгида ишламоқчи.

Янгиланаётган қонунда қандай моддалар албатта бўлсин дейсиз? Яна нима масалаларга эътибор берилишини истайсиз? Фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашинг", – деб кенг жамоатчиликка мурожаат қилган лойиҳа ташаббускорлари.

Нега тил кенгашини тузиш керак бўлиб қолди: бир гуруҳ фаоллар Ўзбекистон қонунчилигига ўзгартиш киритиб, рус тилига расмий тил мақомини бериш таклифи билан чиққандан сўнг жамиятда ўзбек тилининг аҳволи ва истиқболи ҳақида қизғин баҳслар бошланиб кетди. Вазирлар, сиёсий партиялар, зиёлилар бу таклифга ўз фикрини билдирди. “Юксалиш” ҳаракати ўзбек тилини ривожлантириш юзасидан бир қатор таклифларни жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этди.

Ўзбек тилининг бугунги Ўзбекистондаги аҳволини "BBC"нинг Тоҳир Малик билан кичик интервьюси ёрқин очиб берган.

Тоҳир Малик: Давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг мустақиллиги сари қўйилган дадил қадамлардан бири эди. Биз, албатта эслаймиз, бу қонуннинг қабул қилинишида Ислом Каримовнинг хизматлари катта бўлган. Чунки ўша пайтда ўзбек тилига давлат тили мақомини беришга қарши турган зиёлилар гуруҳлари ҳам бор эди. Қонун қабул қилингандан кейин табриклашга арзийдиган бир қатор ишлар амалга оширила бошланди. Жумладан, қонунни ҳаётга татбиқ этиш учун масъул ҳукумат комиссияси тузилди. Бундан ташқари, атамалар қўмитаси ташкил қилинди. Тилшунослик институти мустақил институтга айлантирилди, Ўзбек тили жамияти тузилди. Буларнинг ҳаммаси яхши эди, аммо йил ўтган сайин бу нарсаларнинг бари секин-секин яна ўз аслига қайта бошлади. Аввало қонун таҳрир қилинди. Бу таҳрирга кўра "раҳбарлар давлат тилини билиши шарт" деган модда ўзгартирилди ва раҳбар бўлиш учун давлат тилини билиши шарт бўлмай қолди. Мана шу нарса қонуннинг аҳамиятини анча тушириб қўйди ва ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш сусайиб қолди.

Би-би-си: Нима учун қонунга ўзгартиришлар киритилган деб ўйлайсиз? Бунга нима туртки берган бўлиши мумкин?

Тоҳир Малик: Энди ўша пайтда балки ўзгартиришлар керак бўлгандир. Чунки ўзбек тилини билмайдиган яхши мутахассислар бор эди. Улар турли соҳаларда ишлар ва бизнинг ёшларимиз ҳали уларнинг ўрнини эгаллаш учун етарли илм ва тажрибага эга эмас эди.

Бу мутахассислар мамлакатдан кетиб қолишининг олдини олиш учун эҳтимол шундай қилингандир. Бу ҳамма учун эмас эди. Лекин афсуски, ҳамма учунга айланиб қолди. Илк пайтларда давлат ишлари, идора ишлари аста-секинлик билан ўзбек тилида олиб борила бошланди, идораларда рус тилидан ўзбек тилига таржима қилувчи мутахассис ўринлари ташкил қилинди. Ҳозир эса бунинг акси. Ҳозир ўзбекчадан русчага таржима қилиб беришаяпти ва идора ишлари аста-секин рус тилида юритилаяпти.

Ўзбек тили жамияти ҳам тузилди-ю, фаолият олиб бормай, тугатиб қўя қолинди. Атамақўм ҳам тугатилди. Тилшунослик институти ҳам тугатилиб, адабиёт институтига қўшиб юборилди. Оқибатда ҳозир тил билан шуғулланадиган бирон идора ёки муассаса қолмади.

Хусусан, Атамақўмнинг тугатилиши оқибатида жуда кўп атамалар бугунги кунда кулгили ҳолга келиб қолди. Мана масалан, кўп ишлатаяпмиз, ҳужжатларга ҳам "Ўзбекистон фуқароси" деб ёзилаяпти. Билмадим, ким тавсия этган бу сўзни, лекин маъносини билмасдан қабул қилишган. Чунки "фуқаро" дегани ўзбекчада "фақир" сўзининг кўплигини англатади. "Фақир" – камбағал, бечора дегани. Демак, "Ўзбекистон фуқароси" деганда камбағал, бечоралар назарда тутилади. Бу жуда ҳам кишини уялтирадиган ҳолат. Бунга ўхшаган мисоллар кўп.

Масалан, бугун Тошкентга келган одам ҳайрон бўлиб қолади. "Ўзбекистон пойтахтида юрибманми ёки Россиядами?" деб ўйлаши табиий. Чунки тамоми рекламалар, дўконлар пештоқидаги ёзувлар, идораларнинг номлари ҳам рус тилида. Билмадим, Тошкентда ҳокимият борми-йўқми? Бу ҳокимият қаерга қарайди? Биз энди қандай қилиб ўзбек тилига давлат мақоми берилди деб юра оламиз ва бу кунни байрам деб қандай бир-биримизни табриклай оламиз?

Ўзбек тили ва унинг истиқболи, жамиятдаги ўрни ҳақидаги баҳсларга

  • "Facebook"да: #“ТИЛ_КЕНГАШИ” ҳештеги билан қўшилишингиз мумкин
  • ёки nurulloh.uzb@gmail.com электрон почтасига ўз мулоҳазаларингизни юборишингиз мумкин.