Украинанинг бўлажак президенти Владимир Зеленский РФ ҳукуматига Россия паспортлари билан Украина фуқароларига қармоқ ташлаб, бекорга вақт ўтказмасликни маслаҳат берган.

“РФ ҳукуматига Россия паспортлари билан Украина фуқароларига қармоқ ташлаб, бекорга вақт ўтказишни маслаҳат бермаган бўлардим”, – деб мурожаат қилган Зеленский Владимир Путинга Facebook саҳифаси орқали.

У бу сўзларини Россия президентининг барча украиналикларга РФ паспортини беришни соддалаштириш ҳақидаги гапига жавобан айтган.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия фуқаролиги “тинч намойишларда қамалиш” ва “эркин ва рақобатли сайловларда қатнашмаслик” ҳуқуқини қисман беради.

Зеленский Россия билан мулоқотга тайёрлиги, аммо бу мулоқот “таҳдид, ҳарбий ва иқтисодий босим тили”да бўлмаслиги кераклигини айтган. Шунингдек, у РФ ҳукуматига асирларни “ҳаммасини ҳаммасига” алмаштиришни таклиф қилган.

Зеленский Украина ва Россия ўртасидаги муносабатлар “фақат тўлиқ деоккупациядан кейин” нормаллашишини таъкидлаган.