Украина парламенти Олий рададан бешта сиёсий ҳаракат 5 фоиздан кўп овоз тўплаб жой олди.

Мамлакат тарихида энг кам одам қатнашган парламент сайловида ҳисоб-китобни қилган Украина марказий сайлов комиссиясининг хабар беришича, президент Владимир Зеленскийнинг «Халқ хизматкори» партияси 42,19 фоиз овоз билан олдинда бормоқда.

Россия президентининг яқин кишиларидан бири ҳисобланадиган бизнесмен Виктор Медведчук бошқараётган «Мухолиф платформа – ҳаёт учун» партияси 12,75 фоиз овоз тўплаб иккинчи ўринда бормоқда.

Учинчи ўринда «Европача бирдамлик» (собиқ «Пётр Порошенко блоки») партияси бораяпти – 8,71 фоиз.

Кейинги ўринлардаги «Баткившина» 8,15 фоиз, мусиқачи Станислав Вакарчукнинг «Овоз» партияси 6,39 фоиз овоз олган.

Олий радага сайлов 21 июл куни бўлиб ўтди, унда сайловчиларнинг 50 фоизи қатнашди. Сайлов аралаш тизимда ўтказилди: 450 депутатдан 225 таси партиявий рўйхат бўйича, 225 таси бир мандатли округлар бўйича сайланади. Лекин Қримнинг Россияга қўшиб олиниши ва ДНР, ЛНР сепаратистлари деб бир мандатли округлардан 199 киши сайланди, парламент энди тўлмайди.

Аслида Радага сайлов кузда бўлиб ўтиши керак эди, аммо парламентда коалицион кўпчилик йўқлиги учун президент Владимир Зеленский муддатидан олдин сайлов ўтказилишига эришди.

Зеленский аллақачон янги бош вазир лавозимига "иқтисодиётнинг пири" тайинланишини айтган. Президентнинг фикрича, ҳукумат раҳбари "сиёсатда ҳеч қачон қатнашмаган, мустақил ва кучли инсон" бўлиши керак.

Зеленский шунингдек янги ҳукумат шаклланиб, янги бош прокурор тайинлангандан сўнг (амалдаги парламент унга ҳозирги бош прокурор Луценкони бўшатиб юборишига йўл бермаган) коррупционерлар орасида "қама-қама" бошланишини айтган.