Мактабнинг жамият тараққиётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, қишлоқ ва шаҳар мактаблари орасидаги тафовутни йўқ қилишга қаратилган “Замонавий мактаб” давлат дастури қабул қилинади. Халқ таълим вазирлиги президент қарорининг лойиҳасини муҳокамага қўйди.

“Замонавий мактаб” нима ўзи: Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ҳозир сақланиб келаётган индустриал 20-аср таълим тизимидан информацион 21-аср таълим тизимига ўтиш кўзланган эди. Шу мақсадда мавжуд мактабларнинг ярмини 2030 йилгача “Замонавий мактаб”га айлантириш режалаштирилган.

Замонавий мактабнинг оддий мактабдан фарқи унда муайян намунавий лойиҳа ва жиҳозлаш меъёрлари бўлишида.

“Замонавий мактаб” давлат дастури орқали:

  • мактабнинг жамият тараққиётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, сифатли таълим хизматлари кўрсатиш шароитини республика миқёсида тенг жорий этиш;
  • жойлашган жойидан қатъи назар, қишлоқ ва шаҳар мактабларининг моддий базаси ҳамда таъминланиш даражасидаги тафовутларни босқичма-босқич камайтириб бориш асосида ўқувчиларнинг таълим олишлари учун тенг шарт-шароит яратиш каби мақсадларга етиш ният қилинган.

Ҳозирги аҳвол қандай: мактаблар инфратузилмаси бугунги кун талаблари даражасида шаклланмаган, улар фаолиятида қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд, хусусан:

  • тизимда бошқарув шаффофлиги таъминланмаган;
  • бошқарувнинг ортиқча бюрократлашуви ва унинг сарф-харажатлари ортган;
  • халқ таълими тизимида бошқарув вертикалини амалга ошириш механизми ривожланмай қолган ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари роли пасайиб кетган;
  • ўқув жараёнида турли шаклдаги коррупция элементларига барҳам бериш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқишга тўсқинликлар бор;
  • қишлоқ ва шаҳар мактабларининг моддий-техник базаси тафовути катталашган ва болаларнинг таълим олиши учун номутаносиб шарт-шароитлар яратилган;
  • мактабларнинг қурилиши ва таъмирланишида марказлашган ва маҳаллий бюджет маблағларидан самарали фойдаланилмайди;
  • 2500 дан ортиқ мактабда ўқувчилар иккинчи навбатда таълим олишга мажбур бўлмоқда;
  • 2200 дан ортиқ мактабда ичимлик суви ташиб келтирилади, 2000 дан ортиқ мактабда спорт зали, 3000 дан ортиқ мактабда ошхона мавжуд эмас, 3000 дан ортиқ мактаб атрофи тўлиқ ўралмаган, 1500 дан ортиқ мактаб ностандарт печлар билан иситилади, 6900 дан ортиқ мактаб биносида ички, 1500 дан ортиқ мактабда ташқи канализация тизими ва 8100 дан ортиқ мактабда ички ҳожатхона мавжуд эмас.
  • мактабларда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун шарт-шароит йўқ;
  • ҳозирги кунда умумтаълим муассасаларининг жиҳозланганлик ҳолати 72 фоизни, жиҳозларга бўлган эҳтиёж 28 фоизни ташкил этса, мавжуд жиҳозларнинг 50 фоизи бугунги кунга келиб маънавий жиҳатдан эскирган.