Қишлоқ хўжалиги ва солиқ қонунчилиги ижроси учун масъул бўлган Бош прокурорнинг иккита ўринбосари лавозими тугатилган. Айни пайтда битта биринчи ўринбосар ва 3 та ўринбосар қолди.

Бу ҳақда президент 15 мартда “Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган.

“Бош прокурор ўринбосарларининг ваколат доираси ва масъул бўлган йўналиш тақсимоти ички идоравий масаласи бўлгани сабабли ҳозир конкрет баёнот бериш мақсадга мувофиқ эмас”, дея изоҳ берди Бош прокутарура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова.

Шунингдек, прокуратура органлари тизимида қуйидагилар тугатилган:

  • Бош прокурор ўринбосари лавозимларининг иккита штат бирлиги;
  • Бош прокуратуранинг Тадбиркорлик ва инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси;
  • Бош прокуратуранинг Президент қарорлари ижроси устидан назорат бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари;
  • Бош прокуратуранинг Солиқ ва божхона ислоҳотларини амалга ошириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари;
  • солиқ ва божхона ислоҳотларини амалга ошириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат қилишга масъул Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосарлари, туманлар (шаҳарлар) прокурорларининг ўринбосарлари ва ёрдамчилари лавозимлари;
  • туманлар (шаҳарлар) прокурорларининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга масъул ўринбосарлари ҳамда катта ёрдамчилари лавозимлари;
  • Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг тадбиркорликни ҳимоя қилиш ва ташқи иқтисодий фаолиятдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими.