Юридик шахсларнинг бузилишга тушган 3800 та объектининг 70 фоизига товон тўланмаган. Бу ҳақда 1 августда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълумот берди. Қарздорликнинг асосий қисми Тошкент шаҳри, Хоразм ва Тошкент вилоятлари тўғри келади.

«Маълумот учун айтишим мумкинки, ҳозиргача юридик шахсларнинг бузилишга тушган 3800 та объектининг 70 фоиз товон пули тўланмаган. Бу қарздорликнинг асосий қисми Тошкент шаҳри, Хоразм ва Тошкент вилоятларига тўғри келади. Энди бундай бўлмайди», – деган Қонунчилик палатасида давлат дастури ижроси юзасидан ахборот бераётган Азиз Абдуҳакимов.

Турар ва нотураржойларни бузиш ҳамда уларга товон тўлаш масаласига тўхталиб ўтган бош вазир ўринбосарига кўра, бу йўналишда янги тизим жорий этилиши белгиланди. Бу бўйича қарор қабул қилинади.

Янги тизим бўйича вилоят ҳокимлари бузилиши режалаштирилган ҳудудга оид материалларни Вазирлар Маҳкамасига киритади. Вазирлар Маҳкамасида бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов томонидан шаҳарсозлик талаблари бўйича пухта ўрганилади. Пулни ўз вақтида тўлаб бериш масаласи бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга киритилиб, улардан тегишли ҳисоб-китоблар олингандан сўнг бош вазирга таклиф сифатида киритилади.

Фақат шундан сўнггина бузиш масаласи бўйича бир қарорга келинади.