“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ўзбек тилини ривожлантириш юзасидан бир қатор таклифларни жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этади.

"Бизнинг манзилимизга юртдошларимиз томонидан кўплаб фикрлар келиб тушди. Биз уларни умумлаштириб, аҳолининг барча қатламлари манфаатларини инобатга олган ҳолда, конструктив таклифлар ишлаб чиқишга қарор қилдик", дейилади ҳаракат тарқатган баёнотда.

Ҳаракатнинг фикрича, Ўзбекистонда айниқса давлат тилида саводли нутқ, мулоқот маданиятини оммалаштириш, фуқароларда, хусусан, ёшларда тил билиш даражасини ошириш жуда зарур. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг бу борадаги таклифлари қуйидагича:

  • Ўзбек тилини ривожлантириш ва тил билиш даражасини ошириш концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда яқин беш йил мобайнида уни амалга ошириш бўйича “йўл харитасини” тасдиқлаш.
  • Ўзбек тилини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи, тил нормаларига, шу жумладан, ахборот стендлари ва реклама материалларида талабларга риоя этилишини назорат қилувчи, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш билан шуғулланувчи масъул давлат органини белгилаш.
  • Тил кўникмаларини баҳолашнинг халқаро тизими асосида давлат тилини билиш даражасининг ягона стандартлари ва минимал талабларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш мақсадида хорижий тажрибани ўрганиш ва тадқиқотлар ўтказиш.
  • Давлат тилида саводли ёзиш маданиятини ривожлантириш ва унинг даражасини ошириш, шунингдек саводхонлик масаласига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадидаги ихтиёрий таълим акцияси — давлат тилида йиллик умуммиллий диктант ўтказиш.
  • Ўқув муассасалари ёки манфаатдор томонлар биноларида ўзбек тилини ўргатиш бўйича бепул курслар ташкил этиш.
  • Ўзбекистонда яшаётган фуқароларнинг давлат тилини билиш даражасини оширишга қаратилган электрон платформа ишлаб чиқиш ва уни ишга тушириш. Болалар ва ёшларни интерфаол усулда тил нормаларига ўргатишга қаратилган мобил иловалар яратиш.

90-йилларда Атамақўм тузилган бўлиб, тилшунослик ва ўзбекча атамалар билан алоҳида комиссия шуғулланган. Таниқли ёзувчи Одил Ёқубов пайтида Атамақўм ўзбек тили ривожига катта ҳисса қўшгани айтилади.

Ўзбек тилининг бугунги Ўзбекистондаги аҳволини BBC нинг Тоҳир Малик билан кичик интервьюси ёрқин очиб берган:

Тоҳир Малик: Давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг мустақиллиги сари қўйилган дадил қадамлардан бири эди. Биз, албатта эслаймиз, бу қонуннинг қабул қилинишида Ислом Каримовнинг хизматлари катта бўлган. Чунки ўша пайтда ўзбек тилига давлат тили мақомини беришга қарши турган зиёлилар гуруҳлари ҳам бор эди. Қонун қабул қилингандан кейин табриклашга арзийдиган бир қатор ишлар амалга оширила бошланди. Жумладан, қонунни ҳаётга татбиқ этиш учун масъул ҳукумат комиссияси тузилди. Бундан ташқари, махсус атамалар қўмитаси ташкил қилинди. Тилшунослик институти мустақил институтга айлантирилди, Ўзбек тили жамияти тузилди. Буларнинг ҳаммаси яхши эди, аммо йил ўтган сайин бу нарсаларнинг бари секин-секин яна ўз аслиги қайта бошлади. Аввало қонунга таҳрир киритилди. Бу таҳрирга кўра, "раҳбарлар давлат тилини билиши шарт" деган модда ўзгартирилди ва раҳбар бўлиш учун давлат тилини билиши шарт бўлмай қолди. Мана шу нарса қонуннинг аҳамиятини анча тушириб қўйди ва ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш сусайиб қолди.

Би-би-си: Нима учун қонунга ўзгартиришлар киритилган, деб ўйлайсиз? Бунга нима туртки берган бўлиши мумкин?

Тоҳир Малик: Энди ўша пайтда балки ўзгартиришлар керак бўлгандир. Чунки ўзбек тилини билмайдиган яхши мутахассислар бор эди. Улар турли соҳаларда ишлашарди ва бизнинг ёшларимиз ҳали уларнинг ўрнини эгаллаш учун етарли илм ва тажрибага эга эмасдилар.

Бу мутахассислар мамлакатдан кетиб қолишларининг олдини олиш учун эҳтимол шундай қилингандир. Бу ҳамма учун эмас эди. Лекин афсуски, ҳамма учунга айланиб қолди. Илк пайтларда давлат ишлари, идора ишларини аста-секинлик билан ўзбек тилида олиб борила бошланди, идораларда рус тилидан ўзбек тилига таржима қилувчи мутахассис ўринлари ташкил қилинди. Ҳозир эса бунинг акси. Ҳозир ўзбекчадан русчага таржима қилиб беришаяпти ва идора ишлари аста-секин рус тилига айлантирилаяпти.

Ўзбек тили жамияти ҳам тузилди-ю, фаолият олиб бормай, тугатиб қўя қолинди. Атамақўм ҳам тугатилди. Тилшунослик институти ҳам тугатилиб, адабиёт институтига қўшиб юборилди. Оқибатда ҳозир тил билан шуғулланадиган бирон идора ёки муассаса қолмади.

Хусусан, Атамақўмнинг тугатилиши оқибатида жуда кўп атамалар бугунги кунда кулгили ҳолга келиб қолди. Мана масалан, кўп ишлатаяпмиз, ҳужжатларга ҳам "Ўзбекистон фуқароси" деб ёзилаяпти. Билмадим, ким тавсия этган бу сўзни, лекин маъносини билмасдан қабул қилишган. Чунки "фуқаро" дегани ўзбекчада "фақир" сўзининг кўплигини англатади. "Фақир"- камбағал, бечора дегани. Демак, "Ўзбекистон фуқароси" деганда камбағал, бечоралар назарда тутилади. Бу жуда ҳам кишини уялтирадиган ҳолат. Бунга ўхшаган мисоллар кўп.

Масалан, бугун Тошкентга келган одам ҳайрон бўлиб қолади. "Ўзбекистон пойтахтида юрибманми ёки Россиядами?" деб ўйлаши табиий. Чунки тамоми рекламалар, дўконлар пештоқларидаги ёзувлар, идораларнинг номлари ҳам рус тилида. Билмадим, Тошкентда ҳокимият борми-йўқми? Бу ҳокимият қаерга қарайди? Биз энди қандай қилиб ўзбек тилига давлат мақоми берилди, деб юра оламиз ва бу кунни байрам деб қандай бир-биримизни табриклай оламиз?