“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага рухсат бериш тартибини тураржойи бўйича ҳисобга олиш тизими билан алмаштиришни таклиф қилди. Бу таклиф 10 июнда бўлиб ўтган брифингда Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари журналистларнинг прописка бўйича саволларига мазмунли жавоб беролмаганидан кейин берилди.

Брифингда нима бўлди: 2018 йилдан Тошкент шаҳри ва вилоятида фақатгина янги қурилган уйни сотиб олганларга доимий прописка бериладиган бўлди. Лекин брифингда қатнашган ИИВ мутасаддиларининг фикрича, баъзилар пул ташлашиб бу "лазейка" орқали "оптом" доимий пропискага ўтиб олаяпти. ИИВ бу лазейкани ёпишга ваъда берди.

Янги уйни сотиб олган доимий пропискасиз фуқаро доимий пропискага эга фуқарога қараганда 10 баробар кўпроқ бож тўлайди. ИИВ мутасаддиси нега бир республика фуқаролари туғилиб ўсган вилоятига қараб ҳар хил бож тўлаётгани ҳақидаги саволга мазмунли жавоб беролмади.

Прописка масаласининг ҳал этилиши ҳозир кузатилаётган жамоатчилик норозилигининг "градуси"ни тушириб, урбанизация жараёнларига, ижтимоий ривожланиш, хусусан, истиқболли кадрларнинг хорижга чиқиб кетишининг олдини олишга хизмат қилган бўлар эди.

"Юксалиш" нимани таклиф қилаяпти: ҳаракатнинг таклифига кўра ҳисобга олиш ички ишлар органлари эмас, Давлат хизматлари марказлари ва интернет орқали соддалаштирилган тартибда амалга оширилиши керак.

Шунингдек, ҳаракат фуқаролар нафақат бирламчи, балки иккиламчи уй-жой бозорида ҳам уй сотиб олганда прописка бериш тартибини жорий қилишни таклиф этган. Аслида иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга қўйилган чекловларни бекор қилиш тартиби 2018 йилги давлат дастурида назарда тутилган, лекин қоғозда қолиб кетган.

"Юксалиш"нинг фикрича, давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилганида фуқароларнинг норозилиги ва муҳокамаларига сабаб бўлмас эди. Аксинча, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига амал қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижи янада ошишига, урбанизация жараёнларига, ижтимоий ривожланиш, хусусан, истиқболли кадрларнинг хорижга чиқиб кетишининг олди олинишига хизмат қилган бўлар эди.

“Юксалиш” бу мавзуда ўтказган сўровда аксарият респондентлар бу тартиб фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига мутлақо зид эканини айтган.

Фото: "Юксалиш".

"Кўриниб турибдики, давлат раҳбари тасдиқлаган давлат дастурига (2018 йил – “Фаол тадбиркорлик ва инновацион технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури назарда тутилмоқда – таҳририят) киритилган ушбу банднинг амалга оширилиши бугунги кунда долзарб эканини жамоатчилик фикри натижалари ҳам тасдиқламоқда", – дейилади "Юксалиш" ҳаракати баёнотида.

2018 йилги давлат дастурининг 56-бандида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш белгиланган эди. Хусусан:

  • вақтинча прописка олти ойдан бир йилгача узайтирилди;
  • мавсумий иш билан шуғулланиш (қурилиш ва қишлоқ хўжалиги ишлари) учун келган фуқароларга ҳисобга қўйиш тартиби соддалаштирилган;
  • ишга қабул қилаётганда прописка сўралмайдиган бўлди.