Президент Шавкат Мирзиёев яқин тарихда илк маротаба Наврўз арафасида 44 нафар маҳбусни афв этди.

“Афв этилган шахсларнинг 7 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 11 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 12 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади, бир сўз билан айтганда, 30 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан ўз оилалари бағрига қайтарилади. Шунингдек, 13 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди ва 1 нафар шахс қўшимча жазодан озод қилинди”, – дейилади президентнинг 19 мартдаги фармонига берилган расмий шарҳда.

Афв этилганларнинг 2 нафари 60 ёшдан ошганлар, 5 нафари аёллар, шунингдек, 23 нафари тақиқланган ташкилотлар аъзоларидир.

Ислом Каримов даврида афв фақатгина Мустақиллик ёки Конституция куни муносабати билан чиқар эди.

Шавкат Мирзиёев бошқа муҳим саналарда ҳам афв эълон қилиш анъанасини киритди. Хусусан, 2018 йилнинг Рамазон ҳайити арафасида (бу ҳам илк бор!) 226 нафар маҳбусни афв этган эди.