15 март куни Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги икки масжидда террор ҳужуми амалга оширилган ва унда жума намозидан чиқаётган мусулмонлар ўлдирилгани хабар қилинган эди. Ушбу ҳужум ҳақида қўшимча тафсилотлар маълум бўлмоқда.

  • Ўлганлар сони 49 тага етди. 41 таси ан-Нур, 7 таси Линвуд масжидида, биттаси шифохонада ўлган.
  • Австралиянинг 28 ёшли фуқароси Брентон Таррант ҳужумни уюштирганликда айбланмоқда. Судьянинг айтишича, у яна бошқа жиноятларда ҳам айбланиши мумкин. Ҳужумда гумонланаётган яна уч шахс қўлга олинган.
  • Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерннинг айтишича, Таррант бошқа ҳужумларни ҳам режалаган бўлган. Унинг машинасидан яна иккита қурол топилган.
  • Янги Зеландия полиция комиссари Майк Бушнинг айтишича, “ҳозир полиция таҳдид солаётган бошқа шахсларни ахтараётгани йўқ, аммо бу улар йўқ дегани эмас”. Бушнинг тасдиқлашича, ҳужумни уюштиришда асосий рол ўйнаган шахс, ҳужум ҳақидаги хабар келгач, 36 дақиқада қўлга олинган.
  • 39 киши касалхонада. Улардан 11 нафари оғир аҳволда. Улар орасида болалар ва қариялар бор. 14 ёшли Сайёд Милн касалхонада жароҳатдан вафот этган.
  • Крайстчерч касалхонаси бош жарроҳи Грег Робертсоннинг маълум қилишича, туни билан 12 та жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Айрим жароҳатланганлар учун бир неча жарроҳлик амалиёти лозим бўлган.
  • Жасинда Ардерннинг айтишича, мамлакатнинг қурол сақлаш ҳақидаги қонунлари қайта кўриб чиқилади. Асосий айбланувчи Брентон Таррант қуролларни айнан рухсатнома асосида олган, 2017 йилдан буён бир нечтасини қонуний тўплашга муваффақ бўлган. У ҳужум маҳали унинг 5 та ўқотар қуроли бўлган, шулардан иккитаси ярим автомат ва иккитаси милтиқ.
  • Покистон, Туркия, Индонезия, Бангладеш, Малайзия ва Саудия Арабистони ҳужумда ўз фуқаролари жабрланганини маълум қилган.
  • АҚШдаги масжидларда ҳужумдан сўнг хавотирлар кучайган. Нью-Йорк, Чикаго, Сан-Франциско ва Лос-Анжелес расмийлари масжидларга қўриқчи қўйишни режалаётганини маълум қилишган.

Брентон Таррант ким?

У австралиялик. У ан-Нур масжидига ҳужум қилган ва ўз хунрезлигини видеога олиб, жонли эфирда узатиб турган.

Аммо у ўзини европалик ҳисоблайди. Брентон аввал эълон қилган 74 саҳифалик баёнотида ўзининг австралиялик эмаслигини айтган. “Менинг тилим европача, маданиятим европача, сиёсий қарашларим европача, ўзлигим европача ва энг муҳими қоним Европаники”, – деб айтган у.

Унинг баёноти “оқларнинг геноциди”, маданий турфахиллик аслида “босқинчилик” экани, ҳужумдан мақсад “дунёнинг ҳеч бир бурчаги хавфдан холи эмаслигини кўрсатиш” экани ҳақидаги даъволарга тўла.

Янги Зеландия унинг биринчи нишони бўлмаган. Брентон тез-тез саёҳат қилиб турган. Асосан криптовалюталардан даромад кўрган. Унинг баёнотида айтилишича, у ҳужумни икки йил режалаган, аммо Крайстчерч масжидлари биринчи нишон сифатида кўзланган. У Янги Зеландияга вақтинча келгану, масжидлар ҳужум учун боп жойлигини пайқаган. У 2011 йилда Норвегияда содир этилган ҳужумдан илҳом олган. Брентонга нисбат берилаётган ўша баёнотда Кандас Оуенс, Длянн Руф, Доналд Трамп эсланган. Трамп ҳақида “оқ танлилар ўзлигининг тирилган рамзи” деб ёзилган. У 2011 йилги Норвегия ҳужуми ижрочиси Андерс Брейвикдан илҳом олишини алоҳида ёзган. Брейвик 69 нафар одамни отиб, 8 нафар одамни портлатиб ўлдирган эди.

У Янги Жанубий Уэлснинг Графтон шаҳрида спорт тренери бўлиб ишлаган. “У ўз ишини севувчи тренер эди, – дейди Графтондаги “Big River Gym” менежери Тресий Грей. – У болаларга бепул тренинг ўтказиш бўйича дастурда иштирок этган. Ўз ишининг устаси эди”. Уни таниганларга Брентон ўқотар қуролларга қизиқадиган шахс сифатида таассурот қолдирмаган. “Эҳтимол кейинчалик саёҳатлари чоғида ўзгариб кетгандир”, – дейди Тресий Грей.