Қуролланган шахслар Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги иккита масжидда мусулмонларга ҳужум қилган.

Жума намозидан чиқаётган камида 40 киши ҳалок бўлган, 30 га яқин ярадор шифохонага ётқизилган.

  • Қуролланган кишилар ан-Нур ва Линвуд масжидига бостириб кирган.
  • Чиқиш эшикларини ёпган ва намозхонларни ўққа тута бошлаган. Отишма содир бўлган вақтда масжидда 300 га яқин одам бўлган.
  • Маҳаллий полиция босқинчилардан бири ушланганини маълум қилган.
  • Полиция комиссари Майк Бушнинг таъкидлашича, шаҳарда бошқа босқинчилар ҳам бўлиши мумкин. Крайстчерч аҳолисидан уйларини тарк этмаслик сўралган, мактабларда дарслар бекор қилинган.

Босқинчилардан бири ҳужум олдидан интернетда 37 саҳифалик манифест эълон қилиб, унда ўз режаларини баён этган. Кейин эса отишмани интернетда жонли эфирда намойиш қилган.

Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн бу кунни мамлакат тарихидаги "энг қайғули кун" деб айтган.

Австралия бош вазири Скотт Моррисон ҳужумни теракт деб баҳолади. Ушланган жиноятчилардан бири Австралия фуқароси экан.

Янги Зеландия аҳолисининг 1,1 фоизи мусулмонлардир.