Ҳукумат 9 апрелда йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш киритган эди, лекин аҳолига кутилмаган ҳолат бўлгани учун ҳозирча жарималар белгиланмайди.

Тошкент ИИББ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари Азизхон Умархонов 13 апрелдаги брифингда маълум қилишича, жарималарни қўллаш санаси расман алоҳида эълон қилинади.

"ИИВга бошқа вазирлик ва идоралар билан бир ой ичида ҳукуматнинг ушбу қарорини бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мослаштириш топширилган. Ҳозир ўзгаришлар кўриб чиқилаяпти, улар қабул қилинса, хабар берамиз. Бир ой давомида фақат тайёргарлик бўлади, жарималар қўлланмайди", – деган ИИББ вакили.

Унинг таъкидлашича, асосий вазифа жазолаш эмас, балки қоидабузарликлардан огоҳлантириш.

Ҳукуматнинг қарори билан йўл ҳаракати қоидаларига бир қатор ўзгаришлар киритилган эди. Хусусан, улардан энг муҳимлари:

  • аҳоли пунктларида иккита ҳаракат бўлаги бўлган ва ўртада трамвай изи бўлмаган бир томонлама ҳаракатли йўлларда тўхташга рухсат этилди;
  • айланма ҳаракат чорраҳасида ҳаракатланаётган транспорт айланага кириб келаётган транспортларга нисбатан устунликка эга;
  • куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспортлар яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги чироқларни ёқиб ҳаракатланиши шарт деб белгилангани бўлди.

Бундан ташқари 28 та янги йўл белгилари киритилди.

Кундуз куни автомобиллар чироқларини ёқиб ҳаракатланиши нега муҳим?

Умуман олганда, ушбу қоидани йўл ҳаракати соҳаси мутахассислари ижобий баҳолашади. Ўнлаб ривожланган мамлакатларда транспортлар учун шундай талаблар жорий этилган. Статистик маълумотларига қараганда яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб юриш йўл-транспорт ҳодисалари сонини 10-15 фоиз камайтиради.

Транспортларнинг чироғини ёқиб ҳаракатланиши айниқса пиёдалар иштирокидаги аварияларни камайтиради. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, улар кўз қири билан айнан чироқлари ёниқ ҳолда келаётган машинани олдинроқ пайқар экан.

Бунинг фойдасини илк бор бундан 20 йилча олдин Скандинавияда пайқаб қолишган. У ерларда тез-тез туман тушиши ҳайдовчиларни шунга мажбур қилган. Шундан сўнг йўлларда авариялар сони кескин камайган.

Бугунги кунда 20 дан зиёд мамлакатда автомобиллар учун йил бўйи кундузи чироқларни ёқиб юриш қоидаси жорий этилган. Масалан, Эстонияда ушбу қоидани бузган ҳайдовчиларга 200 еврогача жарима солинади, бу жазо Латвиядагидан деярли 30 баробар оғирдир (у ерда чироғини ёқмай юрганларга 7 евро жарима белгиланган).

Кундузи яқинни ёритувчи чироқни ёқиб юриш қоидаси Беларус ва Украинада ҳам жорий қилинган. Россияда чироқни ёқмай юрганлик учун 500 рубл жарима солинади.

Лекин чироқларни доимо ёқиб юриш машинага жиддий зарар келтирмайдими ёки кўп бензин емайдими?

Мутахассисларнинг фикрича, чироқларни ёқиб юриш машинага зарар етказса ҳам, бу асосан ёритиш жиҳозларининг истеъмол муддатига озгина таъсир қилиши ва аккумуляторга қўшимча талаб тушиши билан боғлиқ.

Ушбу қоида жорий этилишига қаршилар эса куйиб қолган чироқларни одатдагидан тезроқ алмаштиришга тўғри келишидан ҳам кўра ёнилғи кўпроқ сарф бўлишидан хавфсирайди. Аслида бензин истеъмолида фарқ бўлса ҳам, бу фарқ катта эмас – соатига 100 миллилитргина бензин ортиқча кетади.

Бу икки муаммо ҳам ЙТҲга тушиб, ортиқча харажат ва бировнинг умрига зомин бўлишнинг олдида ҳеч гап эмас.