Халқ таълими вазирлиги давлат умумий ўрта таълим мактабларида янги ўқув йилида ўқувчилар учун тавсия этилган мактаб формаси бўйича ота-оналарга мурожаат қилиб чиқди. Мурожаатда гарчи ягона мактаб формасининг мажбурийлиги кечиктирилган бўлсада, Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарори билан тасдиқланган давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом 2018–2019-ўқув йилидан бошлаб амал қилинмоқда. Шу сабабли вазирлик 2019–2020-ўқув йилида давлат мактабларида қуйидаги кийим-кечакларни мактаб формаси сифатида тавсия қилади:

1) ўғил ва қиз болалар учун – тепаси оқ (классик кўйлак), пасти қора (классик шим ва юбка) бўлган кийим;

2) мактаб томонидан аввалги йилларда жорий этилган ва бугунги кунга қадар кийишга яроқлиликни сақлаб қолган форма;

3) Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарори билан тасдиқланган ўқувчилар учун замонавий ягона мактаб формалари.

“Фарзандингизни вазирлик томонидан тавсия этилган вариантлардан ташқари бошқа кийим-кечакларда ҳамда турли бош кийимларда (таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно) мактаб ҳудудида юриши таълим муассасасининг ички тартиб ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишига олиб келади. Мазкур ҳолат таълим муассасаларида ўқувчи ёшлар ўртасида ижтимоий тенгликни таъминлашга қаратилган. Мактаб директорлари томонидан мактаб формасини марказлашган ҳолда олди-сотди ишларини ташкил қилиниши қатъиян тақиқланганлигини сизга яна бир бор эслатиб қўймоқчимиз”, дейилади ХТВ мурожаатида.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 15 августда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли қарори қабул қилинган ва қарор билан умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг мактаб формаси ва уни кийиб юриш тартиби тасдиқланган эди.

Ҳужжат лойиҳа бўлган даврдаёқ унинг тўққизинчи банди ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларни келтириб чиқарди. Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 июндаги қарорига биноан 666-сонли қарорга ўзгартириш киритилган ҳамда давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формаларини мажбурий қилиб белгилаш 2024–2025-ўқув йилигача кечиктирилганди. Мутассадилар кечиктириш сабабини мажбурий форма талаб қилинишига ҳали эрталиги билан изоҳлаган.