2019–2020-ўқув йилида Тошкент шаҳрида фаолият бошлайдиган ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабининг 5–8-синфларига 120 нафар ўқувчини қабул қилиш режалаштирилган. Шу йилнинг 21–25-август кунлари Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабида ўқиш истагида бўлган 488 нафар ўқувчидан ҳужжатлар қабул қилинди. Бир ўринга ўртача 4,1 нафар номзод тўғри келмоқда.

28 августда бошланган ижодий танловлар Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 224-сонли мактабда бўлиб ўтмоқда. ХТВ ахборот хизматининг хабар беришича, танловларни шаффоф ва адолатли ўтказиш мақсадида вазирлик Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан бирга зарур чораларни кўрган, танлов жараёнида ўқувчилар ва ота-оналарга барча шароитлар яратилган. Жумладан, ота-оналарга танлов жараёнларини онлайн кузатиб бориш имконияти яратилган.

Ижодий имтиҳонлардан мувафақиятли ўтган ўқувчилар 30 август куни ўтказиладиган тест синовларида иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги фармойиши ижросини таъминлаш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 21 августдаги қарори асосида ташкил этилмоқда. Янги ижод мактаби пойтахтимизнинг Олмазор тумани ҳудудида жойлашган Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудида барпо этилаётган янги ўқув биносида жойлашади.