Ўзбекистонда янги интеллектуал элитани шакллантиришга қаратилган Президент мактаблари ташкил этилди.

"Мамлакатнинг жадал тараққиёти ёш истеъдодларни аниқлаш, иқтидорли болаларни танлаб олиш ва ўқитиш тизимини ташкил қилиш, ўсиб келаётган авлоднинг интеллектуал имкониятларини намоён этишга ёрдам берувчи ишлар сифатини оширишни тақозо этмоқда", – дейилади ЎзА эълон қилган президент қарорида.

Бу нега муҳим: жамият жадал ўзгараётган дунёга мослашиб, яшаб қолиши учун шунга яраша интеллектуал элитага эга бўлиши керак. Ёш истеъдодлар ва иқтидорли болаларни танлаб олиш ва ўқитиш орқали янги ўзбек интеллектуал элитасини шакллантириш тизими Ўзбекистонда ҳозиргача мавжуд эмас эди. Ўзбекистон бу борада қўшни Қозоғистондан камида 10 йил ортда қолмоқда. Қозоғистонда 2008 йилдан бери "Назарбаев интеллектуал мактаблари" танлаб олинган болаларга юқори сифатли таълим бериб келмоқда. Ҳозирги Ўзбекистонда икки хил мактаб энг сара ҳисобланади: "олтин ёшлар" таълим оладиган қиммат мактаблар (British School каби) ва Тошкентнинг марказидаги рус тилида таълим берадиган битта-иккита ўрта мактаб (17-, 52-, 110-мактаблар).

Президент мактабларининг яна бир муҳим жиҳати шуки, улар мамлакат мактаб тизимининг локомотиви сифатида хизмат қилиши мумкин. Зотан, ташаббус муаллифларининг мақсади ҳам "кейинчалик ижобий тажрибани республика халқ таълими тизимига татбиқ этишдир".

Президент мактаблари олдида турган таҳдидлар: бу мактаблар ўз мақсадига етиша олмаслиги ҳам мумкин. Таҳдид, ҳар доимгидек, ташаббусни амалиётга татбиқ этиш жараёни билан боғлиқ. Хусусан, кенг тарқалган коррупция, таниш-билишчилик ва "қўнғироқ ҳуқуқи" шароитида президент мактабларига ҳақиқатан ҳам истеъдодли, иқтидорли болалар эмас, бой ва амалдорларнинг болалари қинғир йўллар билан қабул қилиниб қолиши мумкин.

Президент мактаблари қандай бўлади: бу мактаблар Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкентда биттадан ташкил этилади.

Мактабларга ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, 4-синф битирувчилари мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижасига кўра қабул қилинади.

Президент мактабига йилига 24 тагина ўқувчи қабул қилинади, улар иккита синфга бир хил – 12 нафардан тақсимланади.

Фақатгина биринчи 2019/2020-ўқув йилида Президент мактабларининг ҳар бирига 5 – 10-синфларга 144 нафардан ўқувчи қабул қилинади.

Президент мактабларида таълим "STEAM" (Science – табиий фанлар, Тechnology – технологиялар, Engineering – техник ижодкорлик, Аrt – санъат, Мathematics – математика) дастури асосида инглиз тилида берилади.

Битирувчиларга давлат томонидан тасдиқланган маълумот тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома, аттестат) билан бир қаторда, хорижий мамлакатларнинг олий таълим муассасаларига кириш имконини тақдим этувчи диплом (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels) берилади.

Таълим бепул, ўқувчилар бепул озиқ-овқат, мактаб формаси ва яшаш жойи билан таъминланади.

Илк Президент мактаблари Тошкент, Нукус ва Хивада 2019 йилда, республиканинг бошқа ҳудудларида эса 2020 ва 2021 йилда ишга туширилади.