Президент Шавкат Мирзиёев инвестиция ва саноат лойиҳалари борасида Андижонда қилинаётган ишларни танқид қилган.

7 июнда ҳудудларда саноатни ривожлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштиришни жадаллаштириш бўйича йиғилиш ўтказилган.

Бу нега муҳим: Андижон вилояти охирги пайтда тренддаги мавзулардан бири бўлиб турибди. Айниқса, президентнинг вилоятга ташрифи пайтида қилинган кўзбўямачилик катта шов-шувга сабаб бўлди. Орадан бир неча кун ўтиб эса вилоят ҳокими ўринбосари Абдужаббор Эгамбердиев Рамазон ойида “Вақф” жамғармасига ихтиёрий равишда пул ўтказишни тавсия қилгани маълум бўлганди.

Йиғилишда хусусан:

  • вилоятда саноат диверсификация қилинмагани, ишлаб чиқариш фақат икки тармоқ — автомобилсозлик ва тўқимачиликка боғланиб қолган;
  • ҳудудий саноатда банд бўлганларнинг қарийб 60 фоизи, ишлаб чиқариш ҳажмининг 83 фоизи шу икки тармоққа тўғри келади;
  • Бўз, Булоқбоши, Избоскан, Қўрғонтепа, Марҳамат, Пахтаобод, Жалақудуқ, Балиқчи, Улуғнор туманларида саноат яхши ривожланмаган.
  • аҳоли зич яшайдиган вилоятда 98 та давлат объектида зарур инфратузилмага эга 90 гектар майдон ва 163 минг квадрат метр бино бўш турибди.

Андижонда инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш ишлари қониқарсиз. Шунинг учун Инвестиция ва ташқи савдо вазири ўринбосарлари вилоятдаги саноат тармоқларига бириктирилган.

Президентнинг айтишича, Фарғона водийсида саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш учун инвестиция фонди тузилади. Бу фонд фоизли кредитлар ажратмайди, балки лойиҳада ўз маблағлари билан бизнес ҳамкор сифатида иштирок этади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу билан Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларининг ҳар бирида 10 мингта янги иш ўрни яратилади.