Халқ таълими вазирлиги ўқитувчилардан аттестацияга олинадиган йиғим вазирлик ходимларига мукофот қилиб берилишини рад этди.

Ўзи нима гап: ХТВ ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш тартибига ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди.

Таклифга кўра энди иккинчи тоифали ҳамда ушбу тоифага талабгор ўқитувчиларни аттестациядан ўтказганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Баъзилар оддий ўқитувчилардан олинаётган бу пуллар вазирлик, вилоят ва туман ХТБ амалдорларига устама, мукофот ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларга ишлатилишидан хавотирга тушди.

Аслида бу қарор ортида қандай мантиқ ётибди: Бу жараён билан таниш Minbar манбасининг айтишича, ўқитувчи мақомини ошириш бўйича ислоҳотлар айнан юқори тоифали ўқитувчиларга кўпроқ ойлик беришга қаратилган. Шунинг учун бу йил январда ойликлар табақаланиб оширилди.

Авваллари олий тоифали ва оддий мутахассис ўқитувчи ойлигидаги фарқ катта бўлмаган, шунинг учун ўқитувчилар малакасини оширишга ҳам катта стимул бўлмаган. Энди эса ойликдаги бу фарқ катталашди ва яна ошиб боради.

Шунинг учун ўқитувчилар ўз устида кўпроқ ишлаб, тоифаларини оширишга ҳаракат қилишлари керак.

Таълим инспекцияси ва ХТВ эса бу тоифаларни бериш бўйича имтиҳонларнинг ҳаққоний ва тўғри ўтказилишини йўлга қўйиши лозим. Ўқитувчилар аттестация учун тўлаётган пуллар мана шу жараённи самарали ташкил этишга кетади, деб айтди Minbar манбаси.

Қарор лойиҳасига кўра:

  • биринчи ва олий тоифали, етакчи ва бош ўқитувчи лавозимидаги ҳамда мазкур тоифалар ва лавозимларга талабгорларни аттестациядан ўтказганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида йиғим аввалгидек Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (ХТВга эмас!) ҳисобига йўналтирилади.
  • Иккинчи тоифали ҳамда ушбу тоифага талабгорларни аттестациядан ўтказганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилиши ҳақида қўшимча киритилмоқда.
  • Мана шу пул 2018 йил сентябрида ташкил этилган ХТВнинг Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармасига йўналтирилади.

Бу пул нимага ишлатилади: президентнинг 2018 йил сентябрдаги қарори билан белгиланганидек, Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағларининг камида ярми халқ таълими тизимини ва умумтаълим муассасаларида ўқув жараёнини рақамлаштириш бўйича харажатларни қоплашга йўналтирилади. Яъни, аттестацияни ташкил этишнинг ўзига.

  • ХТВнинг айтишича, бу пуллар аттестация учун зарур бўладиган назорат-синов материалларини шакллантириш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш ҳамда ушбу жараёнга замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва жалб этилган мутахассисларнинг иш ҳақи учун сарфланади.