Халқ таълими вазирлиги Самарқанд ва Наманган вилоятларида мактабларида ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги ҳақидаги хабарларни ўрганмоқда.

Жазирама иссиқда Самарқанднинг Окдарё туманидаги мактабда ўқитувчилар кўча тозалаётганини, Наманган вилоятидаги мактабларнинг ўқитувчилари уйма-уй юриб, аҳолини рўйхатга олиш ишига мажбурланаётганликлари ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Вазирликнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати ходимлари мазкур хабарларда келтириб ўтилган ҳолатларни ўрганиб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги доирасида ушбу ҳолатга йўл қўйганларга чора кўради.

  • Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 май куни қабул қилган қарорида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари ходимларини мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар қўлланилиши алоҳида қайд этилган.
  • 2018 йил августида халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш қатъиян алоҳида қонун билан тақиқланган.
  • Давлат мулозимлари¸ хусусан¸ ҳокимлар ҳам мажбурий меҳнат мавжудлигини бир овоздан рад этиб турган бир пайтда¸ ўқитувчи ва шифокорлар уларнинг касбий фаолиятига дахли бўлмаган ишларга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар тарқалишда давом этмоқда.

Халқ таълими вазирлиги бу каби ҳолатларни олдини олиш ва халқ таълими тизими ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида шикоятларни қабул қилишда қулай бўлган виртуал инспекторни ишга туширган.

Тизимдаги ходимлар мажбурий меҳнатга жалб этилганида, ҳуқуқлари бузилганда ёки турли тўловларга мажбурланган ҳолатларда:

  • ovoz.uzedu.uz сайти
  • (+99899) 988-10-06 телефони ва телеграм рақамига мурожаатларини юборишлари мумкин.