Халқ таълими вазирлиги ўзбек тилида таълим бериладиган мактабларнинг сифати ва нуфузини оширишга жиддий киришди.

Шерзод Шерматов бошчилигида 31 июлда ўтган йиғилишда Тошкент шаҳридаги яхшироқ натижаларга эришган, асосан ўзбек тилида дарс бериладиган мактаблар директорлари билан шу масала муҳокама қилинган.

Бу нега муҳим: Ўзбекистонда давлат тилида таълим берадиган мактабларнинг обрўси СССР давриданоқ рус тилида таълим берадиган мактабларникига қараганда анъанавий тарзда паст юради. Ота-оналар орасида рус мактабларида таълим сифатлироқ, русийзабон ўқитувчилар малакалироқ ва ҳалолроқ деган қараш бор. Шунинг учун ҳам аксар ота-оналар ўзи рус тилини билмаса ҳам, боласини рус мактабларига беришга интилади. Мустақиллик йилларида ўзбек ва рус мактабларидаги тафоввут қисқариш ўрнига аксинча катталашди. Ҳозирда Тошкент шаҳридаги 70 фоизгача ота-оналар боласини рус мактабига жойлаштиришга интилади. Ота-оналарнинг бу танлови Ўзбекистонда давлат тилидаги таълим аянчли аҳволга тушиб қолганидан, ҳозирги вазир Шерзод Шерматовдан олдин бу масала билан ҳеч қайси вазир астойдил шуғулланмаганидан далолат беради.

Учрашувда нима бўлди: вазир ва мактаб директорлари ўзбек мактабларида қандай қилиб таълим сифати оширилгани ва ота-оналар ўртасида талаб юқори бўлишига эришилгани ҳақида фикр алмашишди.

Мактаб директорлари ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, тажрибали ҳамда юқори малакали педагогларни рағбатлантириш тизимини қайта кўриб чиқиш керак деган таклифни берди.

Бундан ташқари, мактабда баъзи фанларни чуқурлаштириб ўқитиш ва 10-11-синфларда ўқувчи қизиқишига қараб фанларни танлаш имкониятини берадиган тизимни жорий этиш таклиф этилди.

Ўзбек мактабларида таълим сифатини ошириш бўйича ишчи гуруҳ мунтазам равишда таълимга оид муаммо ҳамда тизимни ривожлантиришга қаратилган таклифларни кўриб чиқадиган бўлди.

Халқ таълими вазирлиги давлат тилида дарс бериладиган мактабларни янада ривожлантириш бўйича жамоатчилик таклифларини ҳам кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Ўз таклифларингизни бу ерда билдиришингиз мумкин.