ХТВ ахборот хизмати маълумотига кўра, бозор механизмлари орқали ота-оналар ким сифатли ва арзон маҳсулот чиқарса, шуни сотиб олиши керак. Ҳеч қайси фирма ҳеч кимга мажбурлаб сотмайди.

Ҳозирги кунда янги ўқув йилига тайёргарлик бошлаб юборилган. Энг муҳим масала – мактаб формаси. Ҳукумат қарори билан Ўзбекистонда ягона мактаб формаси тасдиқланган ва янги ўқув йилидан у мажбурий ҳисобланади. Лекин формани сотиб олиш ота-онанинг ихтиёрида.

Ижтимоий тармоқларда, жамиятда мактаб формасини кимдан ва қанчага сотиб олиш кераклиги кўп муҳокама қилинмоқда. Шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати билан боғландик.

"Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-қарорига кўра 2019/2020-ўқув йилидан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасаларида ягона мактаб формаси жорий этилиши кўзда тутилган", – деди ХТВ ахборот хизмати.

Ҳар қанча уринмайлик, мактаб формаси масаласида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан боғлана олмадик. Расмий сайтидаги биттагина ишонч телефони орқали улар билан гаплашишнинг имкони бўлмади.

Ҳукумат қарорида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси:

  • мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар рўйхатини ҳудудлар бўйича шакллантириши;
  • ҳар бир туман (шаҳар) марказининг аҳолига қулай жойларида мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг савдо шохобчаларини ташкил этиши;
  • савдо шохобчаларининг манзилларини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиши белгиланган.

ХТВ ахборот хизматининг маълумот беришича, форма нархини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг ўзи эркин бозор муносабатларидан келиб чиққан ҳолда белгилайди.

Ота-оналардан ҳали тикилмаган мактаб формаси учун бўнак (аванс) йиғиш мумкин эмас.

Мактаб директорлари ёки синф раҳбарлари мактаб формасини сотиб олиш жараёнига аралашиши қатъий тақиқланган.

Ота-оналар янги формани ташкил этиладиган савдо шохобчаларидан сотиб олишлари лозим.