Халқ таълими вазирлиги Наманган вилояти Чуст шаҳридаги 9-мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақидаги ҳолатни ўрганмоқда ва қонун доирасида чора кўради.

Ўзи нима гап: Наманган вилояти Чуст шаҳридаги 9-мактаб "Обод марказ" дастури бўйича мукаммал қайта қурилган. Бош пудратчи «Обиджон Акмалхон ҳамкор» МЧЖга давлат мактабни 1 сентябргача "тайёр ҳолда" топширишига 3 миллиард сўм ажратган.

Kun.uz ёзишича, директор ўқитувчиларни меҳнат таътилидан олиб, қурилишдан кейин мактабни тозалашга жалб этган. Келмаганларга ўқув йилида дарс соати берилмаслиги айтилган. Ўқитувчилардан бири мессенжердаги ёзишмаларни, сурат ва видеоларни Kun.uz га юборган.

Энди ХТВ ва мутасадди органлар мактабни таъмирдан кейинги тозалаш ишларига ажратилган маблағлар кимнинг чўнтагига кетганини аниқлайди.

Бу сўнгги бир ойдаги иккинчи ҳолат.

  • Июн охирида шу вилоятнинг Косонсой туманидаги барча 54 та мактаб ўқитувчилари анҳор бўйида бетон қуйишга мажбурланган эди.
  • Халқ таълими вазирлиги Бош прокуратурага мурожаат қилиб, шу мактабларнинг 80 та ходимига бетон қуйдирган мансабдорларга нисбатан чора кўришни сўраган.
  • Шу билан бирга Косонсой тумани халқ таълими бўлими мудири ишдан олинган.

Президент қарорига кўра халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш қатъиян тақиқланган.


  • Мажбуран ишлатилаётган халқ таълими ходимлари ovoz.uzedu.uz ёки +998 99 988 10 06 рақами ва телеграмга мурожаатларини юборишлари мумкин.