Шавкат Мирзиёев янги очилаётган президент мактабларига танлов нуфузли хорижий ҳамкор назоратида ўтишини талаб қилган. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўзининг "Facebook"даги саҳифасида президент мактаблари учун танловни тўғри ва холис ташкил этиш мақсадида нуфузли хорижий ҳамкор ташкилот жалб этилишини маълум қилган.

Шерматовнинг айтишича, президент томонидан қўйилган энг асосий ва энг қийин вазифа ҳам айнан танлов жараёнини холис ва тўғри ташкил қилишдир.

“Албатта, замонавий бино ва ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, ўқув жараёнини юқори савияда ташкил этиш ҳам жуда муҳим вазифадир. Лекин танлов тўғри ташкил этилмас экан, катта маблағ сарф қилинадиган бундай ишларнинг ҳам самараси юқори бўлмаслиги аниқ”, – деб ёзган Шерзод Шерматов.

Ўқувчилар президент мактабларига, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, фақатгина иқтидори асосида, таниш-билишсиз танлаб олинишига ижтимоий тармоқларда одамлар шубҳа билдираётган эди.

2019 йилнинг сентябридан очилаётган ушбу мактабларга 4-синф битирувчилари мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижасига кўра қабул қилинади.

Мактабга йилига 24 ўқувчи қабул қилинади, улар иккита синфга бир хил – 12 нафардан тақсимланади. Таълим бепул, STEAM (science – табиий фанлар, technology – технологиялар, engineering – техник ижодкорлик, art – санъат, mathematics – математика) дастури асосида инглиз тилида берилади.

Ўқувчилар бепул озиқ-овқат, мактаб формаси ва яшаш жойи билан таъминланади.

Илк президент мактаблари Тошкент, Нукус ва Хивада 2019 йилда, республиканинг бошқа ҳудудларида эса 2020 ва 2021 йилда ишга туширилади.