Ўзбекистон 20 миллион тонна мева-сабзавотининг атиги 15 фоизи қайта ишланяпти ва унинг ҳам 7-8 фоизигина экспорт қилинмоқда.

Афсуски, ҳар йили 6-7 миллион тонна мева-сабзавот боғларда, далалар ёки бошқа жойларда чириб кетаяпти.

Кейинги йил Ўзбекистон мева-сабзавот етиштиришни 32 миллион тоннага етказишни мўлжал қилган.

Агар Ўзбекистон ўз халқи дастурхонидан ортган кўкат, карам, гилос ёки қовун-тарвузни халқаро талаб даражасида қадоқлаб экспорт қилса, йилига миллиардлаб доллар даромад кўриши мумкинлиги айтилади.

Аммо бугунги кунда ҳам эрта пиёз етиштирган деҳқоннинг пиёзи далада чириб кетаяпти, қоғозбозликлар туфайли турп омборда чиришни бошлагани боис ахлатга улоқтирилаяпти, авиация ёки темир йўлларида ташиш ҳақи ўзини оқламагани оқибатида экспорт ривожланмай қолмоқда.

Президент Мирзиёевнинг шу йил 29 июлда имзолаган "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" деб номланган қарори аҳволни яхшилашига умид қилиняпти.

СССР замонида Ўзбекистон бутун Шўролар Иттифоқини мева-сабзавот билан таъминлайдиган мамлакат эди, бироқ иттифоқ парчаланганидан кейин Ўзбекистон бу бозорларини йўқотди.

"Эртачи пиёз ва эрта пишган карам баҳорда Россияга етказилар, 1989–1990-йиллари Ўзбекистондан биргина пиёзнинг ўзидан 1 миллион етказилар эди", дейди ўша йиллари Россияда молия-ишлаб чиқариш корпорациясига асос солган ўзбекистонлик тадбиркор Анвар Ҳусаинов.

У Ўзбекистон ҳукуматига Россиядаги Ўзбекистон мева-сабзавоти бозорларини сақлаб қолиш ҳақида бир неча марта таклиф билан чиққанини айтади.

Бу таклифларда бозорларни сақлаб қолиш, Россияда янги бозорлар, савдо-логистика марказларини барпо этиш ғоялари илгари сурилган.

Бу таклифлар инобатга олинмаган, 70 йил давомида Ўзбекистон мевалари, қовун-тарвузининг бозорлари бўлиб келган Россия бозорларини бошқа мамлакатлар маҳсулотлари эгаллаган.

"Биз орқада қолдик. Энди етиб олиш учун ҳозир қилинаётган ишлар ҳам етарли эмас", дейди Анвар Ҳусаинов.

"Хориждан маблағ жалб қилиб жуда кўп иссиқхоналар қурдик. Лекин иссиқхоналарни табиий газ билан таъминлашни ҳам охиригача ўйлаб кўрмадик. Иссиқлик энергияси, электр энергияси йўқлигидан ва энергиянинг қимматлиги ва уларга қўйилган солиқларнинг баландлигидан иссиқхоналарнинг ярми ишламаяпти", дейди тадбиркор.

"Экспорт масаласи бу тизимли катта ечим. Ва ҳукумат ҳар куни савдо масаласи билан шуғулланиши керак. Чунки савдо - валюта тушуми. Мен "Хорижга мол чиқариш ёки ўлим" деган шиорни ўзимизга шиор қилиб олайлик, деб таклиф киритганман. Туркиянинг ривожланиши, қишлоқ хўжалиги ривожланишининг асосий сабаби Турғут Ўзолнинг иқтисодий кашфиёти бўлган. У "Хорижга мол чиқариш ёки ўлим" деган миллий ғояни яратган", деди ишбилармон Анвар Ҳусаинов.