Адлия вазирлиги хорижга чиқиш паспортини олиш учун тўлдириладиган анкетанинг анча соддалаштирилган шаклини 22 майда давлат рўйхатидан ўтказди.

Олдингиси билан фарқи қандай?

  • Аввалги ариза-анкетанинг шакли 16 та бандни ўз ичига олган 4 варақдан иборат эди. Унда кўрсатилиши лозим бўлган маълумотларнинг аксарияти тегишли идораларга югур-югур билан тўлдирилар эди.
  • Янги анкета шакли 1 варақда ва унда кўрсатилиши зарур бўлган маълумотлар 11 та банддан иборат бўлиб, тегишли катакларни тўлдириш орқали шакллантириладиган тарзда тайёрланган.

Олдинги ариза-анкета шаклидан қуйидаги СССР замонидан сақланиб қолган анахронизмлар чиқариб ташланган:

  • аризачининг яқин қариндошлари, жумладан, ота-онаси, болалари, агар ўзаро никоҳда болалари бўлган бўлса, собиқ турмуш ўртоғи ҳақидаги маълумотлар;
  • аризачига суд томонидан қўйилган, ижро этилмаган мажбуриятлари мавжудлиги, судда фуқаролик даъвоси кўзғатилгани тўғрисидаги маълумотлар;
  • аризачининг хорижга чиқишдан мақсади (қайси давлатга ва мақсади), унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақидаги маълумотлар;
  • ариза-анкета шаклининг корхона, муассаса, ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан имзоланиши ва муҳр билан тасдиқланиши ҳақидаги талаб;
  • аризачи сўнгги 2 йил мобайнида қачон ва қайси хорижий давлатларда бўлгани ҳақидаги маълумотлар;
  • аризачи хорижий давлатларнинг қонунларига риоя қилмагани учун шу давлатнинг хуқуқни муҳофаза қилиш хизматлари томонидан маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилгани тўғрисидаги маълумотлар;
  • аризачининг сўнгги 5 йилдаги меҳнат фаолияти ҳақида меҳнат дафтарчасидан кўчирма талаб қилиш.

Ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари (маълумотларни йиғиш пункти)нинг масъул ходими аризани шакллантириб, анкета берган шахсга таништиради, сўнг анкета имзоланади.

Масъул ходим анкетада кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиши тақиқланади.