Пекиннинг Тянанмен майдонида талабалар норозилиги куч билан бостирилганидан 30 йил ўтиб, Хитой мудофаа вазири Вэй Фэнхэ Хитой ҳукуматининг ўша пайтда кўрган чораси тўғри бўлганини таъкидлаган.

1989 йили Пекин шаҳрида коррупцияга барҳам бериш, демократик ўзгаришларни талаб қилиб етти ҳафта давом этган намойиш 4 июн куни куч билан бостирилган эди. Намойишни бостириш, шаҳарда комендантлик соати жорий қилиш учун 300 минг аскар, оғир зирҳли машиналар, танклар киритилган. Минглаб намойишчилар ўлгани айтилган.

“Воқеа сиёсий тартибсизлик эди, марказий ҳукумат бу тартибсизликни бостириш учун тўғри сиёсат қилган, – деган мудофаа вазири. – 30 йилда Хитой катта ўзгаришларни бошдан кечирди, барқарорлик ва ривожланишга эришди”.

Ёш хитойликларнинг аксарияти фожиа ҳақида деярли билмайди

Хитойда онлайн цензура машинаси ижтимоий медиа, вебсайтларни Тянанмен қирғинига доир материаллардан тозалайди.

1989 йилги демократия учун намойишлар ва унинг қаттиққўллик билан бостирилиши ҳақида гапириш ман қилинган. Ҳар йили июнга яқин журналистлар, фаоллар, ҳуқуқшунослар огоҳлантирилиб, уларга воқеа ҳақида гапирмаслик уқтирилади.

Тянанмен воқеалари ҳақида оилада, ўзаро суҳбатларда гапиришга тоқат қилинса ҳам, оммавий чиқиш қилиш муқаррар қамалишга сабаб бўлади.

Фожиа қандай бўлган?

1989 йилнинг баҳори. Миллиондан ортиқ хитойлик талаба ва ишчилар Пекиннинг Тянанмен майдонини эгаллаган, коммунистик Хитой тарихида мисли кўрилмаган намойишни бошлашган. Етти ҳафта давом этган намойиш 3-4 июн кунлари қирғин билан якунланди.

15 апрел. Ҳу Яобанг вафот этди: Коммунистик партиянинг собиқ раҳбарларидан Ҳу Яобанг юрак хуружидан вафот этди. Одамлар Тянанмен майдонига азага тўпланишди. Улар ўзларининг мавжуд аҳволдан норозилиги, ислоҳотлар бўлмаётганини гапира бошлашди.

18-21 апрел. Намойиш кенгайди: кейинги кунлари норозилар сони кўпая бошлади. Намойишчилар бутун мамлакатдаги шаҳарлар ва университетларга тарқалди.

Талабалар, ишчилар, давлат хизматчилари кенгроқ эркинлик, демократия хоҳлаб, диктатура интиҳосини талаб қилишди. Кимлардир инфляция, маошларнинг пастлиги, уй-жой танқислигидан шикоят қилди.

22 апрел. Ҳуни хотирлаш: ўн минглаб талабалар Ҳуни эслаш мақсадида Тянанмен майдонидаги Катта халқ саройи ташқарисига йиғилишди.

Шаҳар ҳокимиятининг норозилик жазоланиши ҳақидаги огоҳлантиришига қарамай ўша ерда петиция уюштирилади, Хитой бош вазири Ли Пенг билан учрашув талаб қилинади. Аммо бу талаблар рад қилинади.

26 апрел. Тўполонга сабаб бўлган мақола: давлатга қарашли “Халқ газетаси” таҳририят мақоласини эълон қилади. Унда намойишчилар Коммунистик партияга қарши чиқаётганликда айбланади. Мақола Хитойнинг ўша пайтдаги норасмий лидери Ден Сяопиннинг нуқтаи назарини акс эттирган эди. Бу мақола норозиликни янада кучайтиради.

4 май. Намойиш кенгайиши: ўн минглаб талабалар турли шаҳарларда демократия талаб қилиб намойишлар ўтказа бошлади. Аммо ўша пайтда Коммунистик партиянинг расмий лидери Дзао Зианг Осиё банкирлари билан учрашувда намойишлар ўзи босилиб кетишини айтади.

13 май. Очлик эълон қилиш: Михаил Горбачёв мамлакатга келиши керак эди. Ташрифдан аввал юзлаб талабалар Тянанмен майдонида очлик эълон қилишди. Улар бунга ҳукуматнинг мулоқотга чиқмаётганини сабаб қилиб кўрсатишди. Бу чорани кўпчилик маъқуллай бошлади.

15 май. Горбачёвнинг ташрифи: Михаил Горбачёв 30 йилда биринчи марта хитой-совет саммитини ўтказиш учун Пекинга келди. Намойишчилар ҳукуматнинг уни Тянанмен майдонида кутиб олиш режасини бекор қилишга мажбурлашди.

19 май. Дзао майдонга келди: Дзао Зианг майдонда талабалар билан учрашди. Муроса учун сўнгги, амма муваффақиятсиз уриниш бўлди. Дзао билан Ли Пенг ва кейинчалик Хитой бош вазири бўлган Вен Жиабао келди.

20 май. Аскарлар киритилди: Пекиннинг бир неча туманида комендантлик соати эълон қилинди. Шаҳар марказига аскарлар киритилди. Фуқаролар ҳарбийлар карвонига халақит қилишди, йўлларда баррикадалар пайдо бўлди. Аскарларга оддий одамларга ўқ узмаслик ҳақида буйруқ берилган эди.

24 май – 1 июн. Зиддиятнинг кучайиши: намойишлар кўпайиб, ёшларнинг қони гупурди. Хитой лидерлари намойишларни бостириш учун жиддий чора кўриш ҳақида ўйлай бошлади.

2 июн. Куч ишлатишга рухсат берилди: Коммунистик партия оқсоқоллари “аксилинқилобий” ҳаракатни куч билан бостириш қарорига келди.

3 июн. Қонли кеча: кечга томон Халқ озодлик армиясининг минглаб аскарлари Пекин марказига кела бошлади. Одамлар уларнинг йўлини тўсиш учун кўчаларни тўлдиришди. Ҳамма ёқни баррикадалар босиб кетди. Армия намойишчиларга қарата ўқ ота бошлади.

4 июн. Ғазаб: Тянанмен майдони хунрезлик билан тозаланди. Пойтахт карахт эди. Ғазабга минган минглаб аҳоли шаҳарнинг шимоли-шарқида аскарлар йўлини тўсишга уринди. Аскарлар яна ўқ уза бошлади. Кун бўйи гоҳ у, гоҳ бу жойда отишма давом этди.

Ҳукумат ҳарбий аралашувни “Ғалаба” деб атади. Ҳукумат нашрлари “исён қилган ва жамоат тартибини бузган қонунга бўйсунмас одамлар”ни армия аёвсиз жазолаши ҳақида ёзди.

Ўша куни қанча одам ўлгани ҳозиргача баҳсли.

5 июн. “Танк одам”: Пекинда армия назоратни қўлга олди. Бироқ дунё қаршилик кўрсатишнинг мисли кўрилмаган шаклини кўрди. Қуролсиз фуқаро Тянанмен майдонига йўл олган танклар карвони йўлига туриб олди. Шу пайтгача “Танк одам”га кейин нима бўлгани номаълум.