Дональд Трамп Хитой билан савдо урушида довни янада оширди ва бира тўла янги фронтда – 5G телекоммуникация тармоғи жаҳон бозорида ҳукмронлик учун жанг бошлади.

  • АҚШ президенти 16 май куни АҚШ компьютер тармоқларини “хорижий душманлар"дан ҳимоя қилиш учун фавқулодда вазият эълон қилди. Қарор АҚШ манфаатларига таҳдид сифатида кўрилган хорижий телеком компаниялари маҳсулотларини АҚШга импорт қилишни тақиқлайди. Буйруқда аниқ бир компания номи айтилмаган бўлса ҳам, таҳлилчилар Хитойнинг Huawei ва ZTE компаниялари назарда тутилган деб ишонишади.
  • Трамп қарорни имзолаши билан АҚШ савдо вазирлиги Huawei ва унинг 70 шўъбасини қора рўйхатга киритди. Энди Huawei АҚШ етказиб берувчиларидан нимадир харид қилиши учун махсус рухсатнома олиши керак, АҚШ бозорида Huawei маҳсулотлари эса исталган пайтда тақиқланиши мумкин.
  • Хитой Трампни давлат хавфсизлигини баҳона қилиб, Хитойнинг АҚШдаги савдо манфаатлари илдизига болта ураётганликда айблаб, бу қарорга қарши жавоб чораларини кўришини маълум маълум қилди.
  • Huawei 5G тармоқларига ўтиш бошланаётган бир пайтда бу тармоқлар учун зарурий қурилмаларни етказиб берувчи дунёда энг илғор компания ҳисобланади.

АҚШ ҳукумати аллақачон давлат органларида Huawei маҳсулотларидан фойдаланишни чеклаган, иттифоқчи давлатларни ҳам бу компания маҳсулотларидан фойдаланмасликка ундаб келади. Австралия ва Янги Зеландия Huawei 5G қурилмаларидан фойдаланишни тўхтатган.

АҚШ ҳукумати нега бундай босим ўтказмоқда?

АҚШ ҳукуматини ташвишга соладиган илк сабаб – Huawei асосчиси Рен Женгфейнинг Хитой армиясига алоқадор шахс бўлганидир. АҚШ уни Хитой жосуслик хизматларига алоқаси бор деб ҳисоблайди.

Мобил алоқа воситалари учун муҳим қисмларни етказиб берар экан, Huawei айни шу алоқа воситалари орқали маълумот алмашинувини кузатиш, яъни, жосуслик қилиш имкониятига эга бўлади. У исталган пайтда, дейлик, қандайдир зиддиятли вазиятларда бу имкониятдан қарши томонни шантаж қилиш учун фойдаланиши мумкин. Масалан, алоқани ишдан чиқариш орқали автоном автомобиллардан тортиб, уйдаги ҳар бир коммуникация тармоғи, яъни кўплаб қурилмаларни интернетдан узиб қўйиши мумкин.

АҚШни хавотирга солган яна бир сабаб – Хитойнинг 2017 йили қабул қилинган миллий жосуслик қонунидир. Бу қонунга кўра Хитой ташкилотлари миллий жосуслик ишларида ҳукуматни қўллаб-қувватлаши шарт.

Ана шу қонун чиқиши билан АҚШ, Австралия ва Янги Зеландия 5G тармоқлари учун Huawei ускуналаридан фойдаланадиган маҳаллий фирмаларни блоклаб қўйди.

Бу давлатлар жосуслик ишларида яқиндан ҳамкорлик қилувчи “Беш кўз” гуруҳининг учтасидир. Тўртинчи аъзо Канада ҳам Huawei билан муносабатини қайта кўриб чиқмоқда.

Шунингдек, Европанинг бир қатор давлатлари телеком операторлари ҳам Huawei қурилмаларини ўз тармоқларидан чиқариш масаласини кўриб чиқаяпти.

"Huawei"нинг муносабати қандай: компания ўзининг Хитой ҳукумати билан алоқаси борлигини рад қилиб келади. Huawei бу можароларнинг хавфсизликка алоқаси йўқлиги, ҳаммаси компанияни бизнес рақобатда синдириш учун қилинаётганини таъкидлайди.

Бошқа давлатларнинг муносабати қандай: Буюк Британия бош вазири Тереза Мей ўтган ойда Huawei маҳсулотларидан 5G телеком тармоқларида фойдаланишни маъқуллаган. Аммо сиздирилган айрим хабарларга кўра ҳукуматдаги беш вазир бош вазирнинг қароридан норози бўлган.

Франция, Германия ва Белгия Huawei маҳсулотларини коммуникация тармоқларига ўрнатишни тақиқлади.

Ўзбекистон Хитой шпионажи гумонига нима дейди: нима ҳам дерди, бошқа иложи йўқ. Хитой компаниялари ўзбек телекоммуникациясини аллақачон забт этган ва деярли монопол мавқега эга. Хусусан, Ўзбекистон 5G тармоғини Huawei ёрдамида ривожлантирмоқчи. АҚШ ёки бошқа ривожланган давлатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон Хитойсиз телекоммуникация тизимини ривожлантира олмайди, бунга на интеллектуал, на моддий, на техник имконияти мавжуд.