1918 йил, тахминан бугунимизга ўхшаган тарихий шароитда жадид Ҳожи Муин "ҳаёти ижтимоиямизда лозим бўлғон нарсаларнинг барчаси ҳозирда бизда борми? Бўлса қайси ҳолдадир?" деб миллатга мурожаат қилган эди.

"Бу саволларға қарши тўғри жавоб ёзилғонда ихтиёрсиз қалам уёлур, киши истиқболдан маъюс бўлур. Чунки мазкур нарсаларнинг баъзиси бизда йўқ ва баъзиси ҳануз ибтидоий ҳолдадирки, буларнинг мумкин суратда вужудка ижтиҳод чиқарилиши учун кўб умрлар ва кўблар сарф қилмоқ керакдир.

Шундай бўлса ҳам, ҳозирги мусоиди замин ва замонни ғанимат билиб ватан, ҳуқуқ ва ҳаётимизнинг муҳофазаси, истиқболимизнинг таъмини учун керак бўлатурғон тадбир ва чораларға киришмагимиз лозимдир.

Мана, ҳозир ушбу савол ворид бўладирки: бизга нима керак?", – деб сўрайди Ҳожи Муин замондошларидан.

Бугун ҳам "баъзиси бизда йўқ ва баъзиси ҳануз ибтидоий ҳолда" бўлган нарсалар мавжуд. Шулардан бири сифатли таълим тизимидир. Тўғри, бу соҳада ҳам охирги пайтларда, ЎзА таъбири билан айтганда, "муайян ишлар қилинмоқда". Лекин бу етарли эмас. Пули борлар бу муаммони боласини ё яхшироқ мактабга бериш билан, ёки репетитор ёллаш билан ҳал қилаяпти.

Лекин яхши мактаблар сони жуда оз, борларига ҳам ҳар кимнинг қурби етмайди. Яхши репетитор ҳам "кўк"ида ҳақ олади.

Демак, фақат бир йўл қолаяпти: боланинг мустақил таълим олиши. Аммо йўналтириб турмаса бола ўзи мустақил бир нарсани ўрганиб кетолмайди. Ота-оналарнинг ҳам барчаси бунинг уддасидан чиқади деб бўлмайди. Демак, боланинг мустақил таълим олишини назорат қиладиган, уни йўналтирадиган ва, айни вақтда, унга таълим берадиган тизим керак.

Бундай тизим бор: Хон академияси бепул онлайн платформаси. Бу платформа:

  • замонга мос сифатли таълим беради;
  • болани мустақил таълим олишга ўргатади ва унинг билимини баҳолайди;
  • ота-онага таълим жараёнини кузатиб боришга имкон беради;
  • мактабдаги деярли барча ўқув предметларини қамраб олади (деярли, чунки у ерда "Маънавият асослари" каби предметлар йўқ);
  • кўп нарса керакмас – компьютер, планшет ва интернет кифоя.
ва буларнинг бари текин.

Биргина муаммо – 30 дан ортиқ тилга таржима қилинган бу тизим ҳали ўзбек тилида йўқ.

Нега, бизга сифатли таълим керак эмасми?

Миллат жонкуярлари уни ўзбек тилига таржима қилиш учун бел боғлаган. Қийинчиликлар билан, 4 ой деганда, бош вазирнинг аралашувидан кейингина “Билим онлайн” нодавлат-нотижорат таълим ташкилоти тузилди. Бу ташкилот ўз номи билан нотижорий ташкилот саналади. Қўйилган мақсадга тўкис етишиш учун ҳомийлик, хайрия маблағларига муҳтож.

Бу лойиҳани ишга тушириш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки 50 минг АҚШ доллари миқдорида грант ажратган. Аммо шарти бор: ташкилот бу грантни олиши учун белгиланган муддатда яна шунча миқдорда, яъни $50 минг хайрия ёрдами тўплаши керак.

Муддат 4 май куни тугайди.

Мактаба йўқ бир тийинни тўйга минг сўмлаб берур,
Чораси мушкул касалга мубталодир бизни халқ.
Чўлпон

Ташкилотчиларнинг айтишича, 5 ой давомида атиги 9800 доллар йиғилибди, холос. 4 майга қадар белгиланган миқдорда хайрия маблағи тўпланмаса, банк грантни бермайди.

Ўзбек боласи эса келажакда Россияда ишлаш учун кетаётиб Қозоғистон чўлларида ёки Сурияда ўлиб кетаверади.

"Ҳозирги мусоиди замин ва замонни ғанимат билиб ватан, ҳуқуқ ва ҳаётимизнинг муҳофазаси, истиқболимизнинг таъмини учун керак бўлатурғон тадбир ва чораларға киришмагимиз лозимдир", – деб илтижо қилган Ҳожи Муин.

Бугун "истиқболимизнинг таъмини учун керак бўлатурғон тадбир ва чора" мана шу платформадир. Уни ишга тушира оламизми, йўқми – мана шу бизнинг уюшган миллат ёки тарқоқ оломон эканлигимизни кўрсатади.

Хон академиясининг ўзбек тилидаги версияси яратилиши сизга боғлиқ бўлиб турибди.

Банк орқали сўмда пул ўтказиш учун:

Ҳ/р: 20212000400980475001
СТИР: 207290667
Ташкилот номи: “Bilim Onlayn” ННТ
Манзили: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Абдулла Қодирий кўчаси, 11-б-уй.

Қабул қилувчи банк: “Aloqabank” АТБ
МФО: 00401
СТИР: 200829053
Манзил: Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Амир Темур шоҳкўчаси, 4-уй

АҚШ долларида пул ўтказиш учун:

Ҳ/р: 20212000400980475001
Ташкилот номи: “Bilim Onlayn” ННТ
Манзили: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Абдулла Қодирий кўчаси, 11-б-уй.
Қабул қилувчи банк: “Aloqabank” АТБ
Манзил: Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Амир Темур шоҳкўчаси, 4-уй
SWIFT: SCLUZ22

Телеграмдаги расмий канал:
https://t.me/xanakademiyasi (Алоқа учун: @xanakademiyasi_admin)
E-mail: team@bilimonlayn.uz
Боғланиш учун телефон:
+998971309050

Қўшимча маълумот олмоқчи бўлганлар бу ерга ёзишлари мумкин.