Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактаб битирувчиларини "ҳаётида янги саҳифа очилиб, катта ҳаётга қадам қўяётгани билан" табриклади.

"Бугун сизларнинг ҳаётингизда энг қувончли кун. 11 йил мобайнида бир партада ёнма-ён ўтирган, бир оила аъзоларидек бўлиб қолган синфдошларнинг ҳар бири эртадан бошлаб ўзининг шахсий ҳаётини қуришга киришади. Кимдир таҳсилни олий ўқув юртида давом эттирса, яна кимдир ҳалол меҳнати билан оиласига қанот бўлади", – деди Шерзод Шерматов.

Вазирнинг айтишича, 279 минг ўқувчи 11 йиллик таълим тизимига қайта ўтилганидан сўнг илк битирувчиларга айланди.

Шерматов мактабда олган билимлар битирувчиларга қўл келишига, улар Ўзбекистон ривожи учун ўз ҳиссасини қўшишига умид қилди.

Халқ таълими вазири шунингдек ўқитувчиларни ҳам табриклаб, ўқувчиларнинг келажакдаги ютуқларида устозларнинг ҳам катта ҳиссаси борлигини таъкидлаган.