WhatsApp иловасидаги жиддий заифлик боис хакерлар фойдаланувчиларнинг телефон ускуналарига кузатув дастурларини ўрнатишган.

Facebook эгалик қилувчи WhatsApp ёзишма тизимининг айрим “танланган фойдаланувчилари” юқори малакали хакерлар ҳужумига учраган.

Жума куни WhatsApp иловасидаги бу камчилик тузатилган. Душанба куни фойдаланувчилардан иловани янгилаб олиш сўралган. Ҳозир "WhatsApp"дан 1,5 млрд одам фойдаланади.

"WhatsApp"нинг маълум қилишича, ҳужум “NSO Group” хавфсизлик фирмаси томонидан май ойи бошида амалга оширилган.

Ҳужум қандай йўл билан қилинган?

Хакерлар "WhatsApp"нинг қўнғироқ қилиш функциясидан фойдаланишган. Бунинг учун нишондаги фойдаланувчига қўнғироқ қилинади. Қўнғироққа жавоб бўлиш ёки бўлмаслигидан қатъи назар, махсус дастур нишондаги фойдаланувчи телефони ёки WhatsApp иловаси ўрнатилган исталган қурилмасига ўрнашиб қолади. Қўнғироқнинг ўзи эса қўнғироқлар рўйхатидан ўчиб кетади. Яъни фойдаланувчи ўзига қўнғироқ бўлганини пайқамай қолиши мумкин.

Қўнғироқ орқали юборилган ва ўрнатилган яширин дастур фойдаланувчини кузата бошлайди.

"WhatsApp"нинг хавфсизлик гуруҳи камчиликни аниқлаган ва ҳужум ҳақида инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва АҚШ адлия вазирлигига маълум қилган.

“Ҳужумни ҳукумат билан ҳамкорлик қиладиган хусусий компания мобил теефонларнинг операцион тизимини қўлга олувчи махсус жосуслик программалари жўнатиб амалга оширган”, – дея маълум қилган WhatsApp.

“NSO Group” қандай фирма?

“NSO Group” Исроил компанияси бўлиб, “киберқуроллар дилери” сифатида номи чиққан, 500 дан ортиқ одам ишлайдиган киберразведка фирмасидир.

Бу фирма яратган Pegasus дастури нишондаги мобил ускуналардан маълумот йиғади. Бунда айниқса ускунанинг камераси ва микрофонидан фойдаланади. Қурилманинг жойлашган ўрнини аниқлайди.

Фирма ўзига ҳукумат томонидан рухсат берилгани, террор ва бошқа жиноятларга қарши курашишини айтади.