1 май куни АҚШ ва Россия бир-бирларидан Венесуэланинг ички ишларига аралашмасликни талаб қилди. Бир кун олдин АҚШ давлат котиби Майк Помпео Москвани Венесуэланинг қочиб кетаётган президенти Николас Мадурони мамлакатни ташлаб кетишдан қайтаргани учун танқид қилган эди.

"Унинг учоғи аэропортда тайёр турган эди, тушунишимизча, у бугун (сешанба куни) эрталаб кетишга тайёр бўлган, лекин руслар унинг қолиши лозимлигига ишора берган", – деган Помпео CNN телеканали билан суҳбатда.

Россия ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Мария Захарова Помпеонинг бу гапларини “фейк хабар” деб атаган.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров телефон орқали Помпеога Венесуэладаги “агрессив қадамлар” мудҳиш оқибатларга олиб бориши мумкинлигини айтган.

Майк Помпео ҳам, ўз навбатида, Россияни Мадурони қўлламасликка чақирган. “Россия ва Кубанинг аралашуви Венесуэла учун ҳам, АҚШ-Россия муносабатлари учун ҳам салбий оқибатларга олиб боради”, – деган у.

Россия томонига кўра, америкаликлар Венесуэладаги давлат тўнтаришини қўллаяпти.

Чоршанба куни Майк Помпео АҚШ керак бўлса ҳарбий ҳаракатларга ҳам тайёрлигини айтган. Аммо Пентагон рамийлари Конгрессга урушга тайёргарлик ҳақида ҳеч қандай буйруқ бўлмаганини билдиришган.

Россияга қарши санкциялар яна кучайтирилиши мумкинми?

Журналистлар АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтондан Венесуэла масаласида Россияга қарши санкциялар жорий қилиниши эҳтимоли ҳақида сўрашганда, Миллий хавфсизлик кенгаши Венесуэла масаласини муҳокама қилиш учун тўпланиши, жуда кўп чоралар кўриб чиқилиши ҳақида гапирган. Саволга батафсил жавоб бермаган.

“Бу ер бизнинг яримшар. Бу ерга Россия суқилмаслиги керак. Бу уларнинг хатоси. Бу муносабатларимиз яхшиланишига тўсиқ бўлади”, – деган Болтон.