Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ёшлар таълими учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган 5 та ташаббусни амалиётга жорий этишда мактаблардаги имкониятлардан самарали фойдаланишга чақирди.

Ҳозир урф бўлган "5 та ташаббус" ёшлар билан 5 та йўналишда ишлаш методидир: санъат, спорт, IT технологиялар, китобхонлик ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш.

“Биринчи ташаббус бўйича мактаблардаги тадбирлар хоналаридан имкон борича унумли фойдаланиб, турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш мумкин. Шу орқали фарзандларимизнинг ижодкорлиги янада ривожланади. Бу эса уларнинг келажакдаги муваффақияти учун жуда муҳим”, – деб ёзган вазир.

Иккинчи ташаббус бўйича мактаб спорт майдончаларидан дарсдан ташқари фойдаланишга ва қўшимча пулли тўгараклар очишга имконият борлигини инобатга олиб, нафақат ўқувчилар, балки ён-атрофдаги ёшлар ҳам спорт билан шуғулланишига шароит яратилишини таъкидлаган.

“Учинчи ташаббус бўйича мактабдаги компьютер хоналари дарсдан кейин бекор ётмай, улардан тўлиқ фойдаланиб, имконият даражасида қўшимча хизматлар кўрсатиш мумкин. Оддий қизиқарли ўйинлардан тортиб, дастурлаш, фото ва видеомонтаж каби фойдали кўникмаларни ўрганишгача бўлган ўқув курслари ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади”, – деб тушунтирган Шерзод Шерматов.

Вазир тўртинчи ташаббус бўйича мактаб кутубхоналари китоблар билан бойиб боргани сари ундан ҳам ўқувчилар, ҳам ўша маҳалладаги аҳоли фойдаланиш имкониятига эга бўлишини айтган.

Сўнгги ташаббус бўйича хотин-қизлар учун яратилаётган қўшимча иш ўринларида (бу асосан тикувчилик корхоналарига тўғри келаяпти) ўқувчи қизларнинг касбга тайёргарлигини йўлга қўйиш бўйича чоралар кўрилишини билдирган.

“Юқоридаги ташаббусларни мактабларда тўғри ташкил этиш мактабларга бюджетдан ташқари қўшимча даромад ҳам келтиради. Уни ушбу ташаббусларни жорий этувчи ходимларни қўшимча рағбатлантиришга ишлатса бўлади”, – деб ёзган Шерматов.