Одамлар ўзбек тили, миллати ва маданияти билан фахрланишга ўрганиши керак деб ҳисоблайди халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. Вазир ижтимоий тармоқларда катта баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган “Русский язык нам не чужой” мақоласининг орқасида муайян давлат органлари ёки амалдорлар туриши ҳақидаги шубҳаларни рад этди.

“Индамаслик – розилик аломати” деб қабул қиладиганлар ҳам топилиб, (рус тилига расмий тил мақоми бериш таклифи – таҳр.) бу қайсидир “зиёлилар” позицияси эмас, айнан давлат томонидан олдинга сурилган таклиф деб ҳам талқин қилаётганларни кўриб, ўз фикримни билдиришим зарурлигини тушуниб етдим", – деди вазир Facebook саҳифасида.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига бу йил 30 йил тўлади. Бу санани яхшилаб нишонлашга тайёргарлик қилиш ўрнига, қайсидир “зиёлилар”нинг рус тилини ҳам расмий тил этиб белгилаш керак деган таклифига индамай ўтирибмиз, деб ҳисоблайди вазир.

Шерзод Шерматов русийзабонлар ўзбекзабонларга қараганда маданиятлироқ ёки ўқимишлироқ экани ҳақидаги ҳозиргача сақланиб келаётган стереотиплар тўғрисида ҳам гапирди.

Мактабдаги кезларимда ўзбекча гапиришдан ор қиладиганлар орасида ўзига хос стереотип бўларди. Худдики фақат русчада ўқиганлар яхшироқ билимга эга, оддий ўзбек мактабида ўқиганлар эса яхши ўқимагандек қабул қилинар эди. Инглиз тилидаги факультетга ўтиб, барчага тенг шароит яратилганда бу стереотипнинг хато экани яққол кўриниб қолди.

Вазирнинг фикрича, ўқиш учун тенг шароит яратилганда, одам мактабда рус тилида ўқидими ёки ўзбек тилидами, фарқи қолмайди ва улар тенг рақобат қила олади.

Ўзбек тилидаги оддий мактабни битириб, ҳар ҳолда АҚШдаги энг нуфузли университетлардан (Yale University) бирида ўқиш ва кейинчалик катта лавозимларда ишлаш насиб қилди.

Бу, Шерматовнинг таъкидлашича, айнан мамлакат мустақилликка эришгандан кейингина яратилган имкониятлар туфайли мумкин бўлди.

"Мамлакатимиз ўз мустақиллиги йўлини танлаган ва бу йўлдан четлашишга ҳеч ким йўл қўймайди. Ҳозирги вақтда барчамиз ўз она тилимиз, миллатимиз ва маданиятимиз билан фахрланишга ўрганишимиз керак. Ўз тилимиздан ва миллатимиздан ғурурланиш ҳиссига эга бўлсаккина мамлакатимиз ривожланишига эриша оламиз", – деб хулоса қилди Шерзод Шерматов.

Халқ таълими вазирининг айтишича, янги тузилаётган президент мактабларининг мақсадларидан бири ўз она тили ва маданияти билан фахрланадиган миллий етакчиларни тарбия қилишдир. Шунинг учун ҳам бу мактабларга маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари "чертиб-чертиб" ишга олинмоқда.