Хоразм вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассислари 17 май куни Озодлик радиоси ва BUGUNUZ телеграм каналида “45 йилдан буён янги мактаб орзуси билан яшаётган қишлоқ” ҳақидаги хабар ўрганиб чиққан.

Ўрганиш жараёнида қуйидагилар аниқланган:

Фото: Minbar
  • Хива туманидаги 12-мактаб 1972 йил қурилган. 2013 йилда 432 млн. сўмга капитал реконструкция қилинган, 2017 йилда 50 млн., 2018 йилда 44 млн. сўмга мактаб том қисми шифер қилинган.
  • Мактаб 864 ўринли (видеотасвирдв 800 ўринли дейилган), бугунги кунда 1120 нафар ўқувчи таълим олади. Ўқувчилар сонига нисбатан ўқувчи қуввати 1.3 коэффициентни ташкил қилади ва бу СанПИН талабларига тўғри келади.
  • Мактаб Хива тумани Шомохулум қишлоғи “Варангзон” маҳалласида жойлашган ва шу маҳаллада яшовчи ўқувчиларга таълим-тарбия беради (видеотасвирда 2 та қишлоқдан 1120 нафар ўқувчи таълим олади дейилган). ХТБ изоҳига кўра, Сапча маҳалла эмас, халқ тилида айтиладиган кичик бир элат ёки ҳудуд.
  • “Сапча” элати мактабдан 200 метр масофадан кейин бошланади. Энг чеккадаги (Фаоллар кўчаси 79-уй) хонадонгача бўлган масофа 2.5 км.ни ташкил қилади.
  • “Сапча” элатидан 575 нафар ўқувчи мактабда ўқийди. “Сапча” элатидан қатнайдиган 575 нафар ўқувчининг 252 нафари 1-4-синфларда, 323 нафари 5-11-синфларда таҳсил олади.
  • “Сапча” элатидан қатнайдиган 252 нафар 1-4-синф ўқувчиларининг уйларидан мактабгача бўлган энг узоқ масофа 0.1 км.дан 2.5 км.гача ҳисобланади.
  • 2-2.5 км.дан 57 нафар ўқувчи, 1-2 км.дан 97 нафар ўқувчи, 0-1 км.дан 98 нафар ўқувчи мактабга қатнайди. “Сапча” элатидан 4 км. узоқдан мактабга қатнаб ўқиётган бирорта ҳaм ўқувчи йўқ.
  • “Варангзон” маҳалласи “Caпчa” элатидаги энг чеккада жойлашган, мактабга энг узоқ бўлган “Фаоллар” кўчаси 79-уйгача бўлган 2.5 км. масофанинг 2.1 км. масофаси шағал тош қопламали, 400 метр қисми тупроқ қатламли текис йўл ҳисобланади.

Видеотасвирда ўзини Жавлон деб таништирган ўқувчининг уйигача бўлган масофа ўлчанганда 900 метрни ташкил этган. Жавлоннинг уйидан мактабгача оралиқ масофадаги йўлга шағал тош ётқизилган (видеотасвирда Жавлон мактабга 4 км.дан қатнайди дейилган).

Фото: Minbar

Видеотасвирда кўрсатилган кўприкдан “Сапча” элатининг болалари қатнамайди. Бу кўприк маҳаллий халқ томонидан мактабнинг спорт майдонига ўтиш учун қурилган. Мактаб ўқувчиларининг бу кўприкдан фойдаланишга эҳтиёжи йўқ. Ушбу кўприк мактабнинг асосий биносидан 100 м. узоқликда жойлашган.

  • 2018-2019 ўқув йилида 96 нафар ўқувчи 11-синфни битиради.
  • 2019-2020 ўқув йилидан 95 нафар ўқувчи 1-синфга қабул қилиниши кутилмоқда.
  • 2019-2024 йилларда ўқувчилар сони мактаб ёшидаги болалар ҳисобидан 1100-1200 нафар оралиғида бўлиши кутилмоқда.

2000 йил 21 ноябрда Халқ таълими вазирлиги ва Республика СЭС томонидан тасдиқланган СанПИН талабларининг 2-боб 2.7-бандида 2- ва 3-тоифадаги қишлоқларда вояга етмаган ёшларнинг мактабга қатнашида уйидан мактабгача бўлган оралиқ масофа 4 км.дан ортиқ бўлмаслиги кўрсатилган.

Хива тумани “Варангзон” маҳалласи бугуни кунда 2-тоифага киради. “Сапча” элатининг энг чеккада жойлашган уйидан мактабгача оралиқ масофа 2.5 км. экани инобатга олинса, оралиқ масофа ва ўқувчи қуввати коэффициенти СанПИН талабларига жавоб беради, деб ҳисоблайди ХТБ.

Фото: Minbar

Мутахассислар томонидан 2020-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури режасига 2021 йилда “Сапча” қишлоғининг узоқ масофадан қатновчи (187 нафар) ўқувчилар ва истиқболдаги болалар сони инобатга олиниб, 216 ўқувчи ўринга мўлжалланган янги мактаб қуриш режалаштирилган.

"Юқоридагиларни инобатга олиб, ижтимоий тармоқларда ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларни беришда холисликка эътибор қаратишингиз мақсадга мувофиқ бўлар эди", дея ХТБ ўз раддиясини якунлаган.