Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Рамазон ҳайити арафасида Ўзбекистонда афв эълон қилиниши кутилаётганини айтди.

“Диний сабаб билан қамалганларнинг ишини ўрганиш жараёни тўхтамаган. “Қора рўйхат”дан чиқарилган одамлардан ҳол-аҳвол сўраб турилибди, камчиликлари ўрганилаяпти. Бу ҳолатни ҳам баъзида нотўғри тушунадиганлар бор. Президентимизнинг ўзи “Улардан хабар олаяпсизларми, нима камчилиги борлиги билан шуғулланаяпсизларми?” деб сўрайди. Уларни ташлаб қўйганимиз йўқ, уларни ишга қўйиш, ҳатто уйида иссиқхоналар қуриб бериш, жамият билан аралашиб кетишига кўмаклашиш ишлари мунтазам олиб борилаяпти. Яқинда президентимиз томонидан махсус ҳайъат тузилди. Бу ҳайъат жазони ўташ колонияларига бориб, маҳбуслар билан махсус шуғулланаяпти. Жараён жадаллашмоқда. Ҳайъат ички ишлар ходимлари, имомлар ва бошқа ташкилотлар вакилларидан тузилган. Мақсад Рамазонгача уларни озод қилиш. Рамазон арафасида умумий авф эълон қилиниши кутилаяпти”, – дейди Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси.

Муфтийнинг таъкидлашича, сўнгги 3 йил давомида диний идоранинг ташаббуси ва президентнинг саъй-ҳаракатлари билан 20 мингдан ортиқ киши “қора рўйхат”дан чиқарилган. Шунингдек, Ўзбекистонда диний ташкилотлар тўғрисида қонун қабул қилиниши кутилмоқда.