“UMS” компанияси “O‘qituvchi” имтиёзли тариф режаларини ишга туширди. Тариф режаси доирасида ўқитувчилар сифатли мобил алоқа ва интернет билан таъминланиши кўзда тутилган.

“O‘qituvchi” имтиёзли тариф режаси икки хил бўлиб, тақдим этиладиган дақиқалар ва мегабайтларга кўра фарқланади. “O‘qituvchi-1” тарифи (16000 сўм)да 2000 дақиқа ва 100 та смс тақдим этилади. “O‘qituvchi-2” тарифида эса абонентларга 2000 дақиқа, 3000 мб, 100 та смс берилади, тарифнинг ойлик тўлови – 30000 сўм.

Ушбу янгилик Халқ таълими вазирлиги ҳамда UMS мобил оператори ўртасида халқ таълими тизими ишчиларига мобил алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича 2019 йилнинг 3 июлида тузилган ҳамкорлик келишуви доирасида жорий этилмоқда. Келишув ҳужжати халқ таълими вазири ўринбосари Сарвар Бабаходжаев ва “UMS” МЧЖ тижорат директори Лола Филатова томонидан имзоланди.

Фото: Minbar

Келишувдан ёш авлодни тарбиялаётган муаллимларни имтиёзли шартлар ва нархларда мобил алоқа, сифатли интернет билан таъминлаш, замонавий илм-фан ютуқлари ва педагогик технологиялардан фаолиятларида унумли фойдаланишларига замин яратиш кўзланмоқда.

“O‘qituvchi” тариф режаларига уланиш ихтиёрий. Тез кунларда ўқитувчи ва муаллимлар ушбу тарифларга уланиши мумкин бўлади. Бунинг учун абонент паспорти асл нусхаси ҳамда у халқ таълими тизимида фаолият олиб боришини тасдиқловчи ҳужжат (гувоҳнома еки буйруқдан кўчирма)ни тақдим этиши керак.