Агар Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловлар эртага ўтказилса, унда "Миллий тикланиш" партияси кўпчилик овозини олар эди. Амалдаги "ҳукмрон партия" бўлмиш ЎзЛиДеП иккинчи ўринга тушиб қолар экан.

Бу ҳақда ижтимоий сўровларга иҳтисослашган "Сизнинг фикрингиз/Ваше мнение" Telegram-каналида ўтказилган сўровнинг натижалари далолат беради.

Сўровдан скриншот

"Агар эртага парламент сайловлари ўтказилса, қайси партияга овоз берган бўлардингиз" деган саволга жавоб берган 19 минг одамдан:

  • 32 фоиз сайловчилар "Миллий тикланиш" демократик партиясини ўзининг фаворити сифатида танлаган.
  • 29 фоиз овоз тўплаган ЎзЛиДеП иккинчи ўринда келаяпти.
  • Энг узоқ (агарда СССР даврини ҳам ҳисобга олсак, деярли бир аср) сиёсий тажрибага эга Халқ демократик партияси энг қониқарсиз натижани кўрсатибди. 5 фоизгина сайловчилар бу партияга ишонч билдирган бўлар эди. ХДП билан деярли битта мафкуравий платформага эга "Адолат" СДП ундан бир фоизга кўпроқ овоз олибди. Экологик партиянинг 3 фоиз одам қўллаб-қувватлаши табиий, бу партия йил бошидагина тузилган ва ҳали ўзини кўрсатишга улгурмади.
  • 17 фоиз сайловчилар ҳеч қайси партияга ишонмайди ва шунинг учун парламент сайловларида қатнашмайди, овоз бермайди.
  • 8 фоиз сайловчилар иккиланмоқда, лекин ҳозирги тенденциялар давом этса, булар ҳам "Миллий тикланиш" партиясига овоз бериши мумкинлигини тахмин этса бўлади.

"Сизнинг фикрингиз" каналида ўтказилган норасмий сўровнинг натижалари партиялар учун нимани англатади:

1990-йилларда Президент девонидаги стратеглар Ғарбда асрлар давомида тадрижий йўл билан шаклланган партиявий конфигурацияни олиб, Ўзбекистонда қуйидагича жорий этишган эди:

  • ўзини камбағаллар ҳимоячиси деб биладиган ХДП ("сўллар");
  • ўзини шаклланаётган бойлар қатламининг ҳимоячиси деб биладиган ЎзЛиДеП ("ўнглар") орасида асосий рақобат бўлиши керак эди.

Бешта партиядан фақатгина шу иккисида капитал ва уни тақсимлашда давлатнинг ўрни борасидаги яхлит қарашлар мавжуд. Қолган учта партия даврининг сиёсий вазифаларини бажариш учунгина тузилган эди. Лекин 2019 йилга келиб, жамиятнинг иқтисодий ва ижтимой структураси ўзгарган ва демак, вазият кескин ўзгаргани аён бўлмоқда.

Декабрда режалаштирилган Олий Мажлис ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловларга тайёргарлик қизғин кетаяпти. Январда Экологик партия тузилди. Июл бошида янги Сайлов кодекси қабул қилинди. Иккита партия етакчиси алмашди.

  • Энг муҳими, июн ойида Президент администрациясида Ўзбекистондаги бешта сиёсий партия раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтгани ҳақида хабар тарқади. Учрашувда партияларга энди ўз дастури ва сайловолди кампаниясини, номзодларни мустақил белгилашда муайян “ҳаракат эркинлиги” берилганига ишора қилинган.

Норасмий, лекин деярли 20 минг реал одам қатнашган (бундай "социологик выборкага" ҳатто "Ижтимоий фикр" тадқиқотлар маркази ҳам эга бўлмаса керак) сўров натижалари мана шу шаклланган сиёсий манзарадан унумли фойдаланиб қолаётган битта яққол ғолиб ва ўзгарган сиёсий воқеликка ҳамон мослаша олмаган иккита катта мағлуб борлигини намойиш этмоқда.

Аввал мағлублар ҳақида. ЎзЛиДеп 750 мингга яқин аъзоси бор, энг кучли маъмурий ресурсга (жойлардаги деярли барча ҳокимлар ЎзЛиДеп аъзси) эга "бойлар" партиясидир. Ислом Каримов (2007, 2015), Шавкат Мирзиёев (2016) шу партиядан президентликка номзод бўлган, 2003 йилда тузилганидан бери парламентда доимо кўпчилик ўринни олиб келади. Мана шундай улкан салоҳият ва имкониятларга эга бўлган партиянинг норасмий, лекин ҳаққоний сўровда иккинчи ўринга тушиб қолиши ажабланарли, лекин тушунса бўладиган ҳолат: партия одамлар билан ишлашга эҳтиёж сезмайди.

Халқ демократик партияси норасмий сўров натижаларига кўра энг катта талафот кўрган партиядир. Бир пайтлар энг оммавий (90-йилларда ХДП аъзолари миллиондан ошиқ эди, ҳозир 500 минг атрофида) ва мустаҳкам заминга эга (деярли барча корхоналарда бошланғич партия ташкилотлари бор эди) бу "отахон" партия ҳеч замонга мослаша олмади ва охирги йилларда ўз позицияларини шиддат билан йўқотиб келаяпти. Йўқотишнинг асосий сабаби ноқобил раҳбарият ва ўзини ислоҳ қилолмаганидир. ХДП ахборот маконида деярли фаолият юритмаслиги ҳам партия инқирозини чуқурлаштирмоқда.

"Миллий Тикланиш" мана шу озгина бўлса ҳам ўзгарган сиёсий воқеликдан унумли фойдаланиб қолишга интилаётган ягона партиядир. Партиялар ичида аъзолари энг кам (250 минг) МТ партияси ўзининг имиджини янгилашда энг яхши натижани кўрсатмоқда.

Норасмий сайлов натижаларига кўра, аввалги парламент сайловларида доимо ХДП билан иккинчи ўрин учунгина курашиб келаётган "Миллий тикланиш" нафақат анъанавий рақибидан анча ўтиб кетди, балким "ҳукмрон партия" бўлмиш ЎзЛиДеПнинг жиддий рақобатчисига айланмоқда.

Сўнгги пайтларда МТ ўз фаолиятини жонлантирганини, электорати билан ишлашда рақибларига қараганда сифат жиҳатидан бир поғона юқори ёндашувини кузатиш мумкин. Хусусан:

  • МТ ижтимоий тармоқларда катта баҳс-мунозарага сабаб бўлган рус тилига расмий мақом бериш ташаббусига биринчилардан, "тепадан" рухсат кутмасдан ўз муносабатини билдирган эди. Жамиятнинг қийнаётган масалаларга ўз вақтида муносабат билдириш орқали партия ўзининг асосий функциясини, «ижтимоий амортизатор» ролини эплашга ҳаракат қилмоқда.
  • Диндор қатлам каби янги ижтимоий гуруҳлар пайдо бўлаётганини, улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини тобора фаол талаб қилаётганини ҳисобга олсак, жамиятда дин ва секуляризм муносабатини жиддий муҳокама қилиш кераклигини тушунган ягона партиядир. Мубашшир Аҳмад каби диндор қатлам орасида муайян нуфузга эга арбобларнинг бўлажак партия дастурининг муҳокамасига таклиф этилиши ҳам дадил, ҳам зарурий қадам бўлган.
  • Ўзбек партиялари орасида МТ ахборот маконида энг фаол ҳаракат қилаётган партиядир.

Қобил, ўз дастурларини реал воқеликка мос ишлаб чиққан ва бир-бири билан баҳсга кириша оладиган сиёсий партиялар аслида ўзбек жамияти учун ёт амалиёт эмас. XX асрнинг бошида ва охирида жамият учун муҳим бўлган “ё ҳаёт, ё мамот” масалаларини қизғин муҳокама қилган “Шўрои ислом”, “Шўрои уламо” ва қолган бошқа партияларни эслашнинг ўзи кифоя.

"Миллий тикланиш" жамиятнинг иқтисодий ва ижтимой структураси ўзгарганини, партиялар бу ўзгаришлар кетидан етолмагани учун жамиятнинг талабларига жавоб беролмаётганини англаган ва шунга яраша ўзини ислоҳ қилишга интилаётган ягона партия деса ҳам бўлади.

Бу ҳаракатлар нақадар муваффақиятли бўлганини декабрдаги сайловлар кўрсатади.