37 минг нафар олий маълумотли ўқитувчи мактабларга қайтиб келди. Бунга халқ таълими тизимидаги ислоҳотлар сабаб бўлди деб ҳисоблайди халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

"Мактабларни билимли ва малакали ўқитувчилар билан таъминлаш, педагог кадрлар eтишмовчилигини бартараф этиш асосий вазифамиздир. Ҳозир тизимдаги ўқитувчиларнинг 62 минг нафари ўрта махсус маълумотли. Бироқ соҳадаги ислоҳотлар ва жамиятда ўқитувчи нуфузининг кўтарилиши натижасида 37 минг нафар олий маълумотли ўқитувчи мактабларга қайтиб келди”, – деди Шерзод Шерматов 26 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида таълим тизимининг муаммоларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида.

Нега бу муҳим: ўқитувчиларнинг маоши ва мавқеининг пастлиги – ўзбек таълим тизимининг энг асосий муаммоларидан бири. Хусусан, шу сабабга кўра аксарият эркак ўқитувчилар ва олий маълумотли ўқитувчилар мактабдан кетган. Охирги пайтларда бу соҳадаги ислоҳотлар 13 мингдан ортиқ эркак ўқитувчининг ва, вазир айтганидек, 37 минг олий маълумотли ўқитувчининг мактабга қайтишига сабаб бўлмоқда.

  • Республикадаги энг катта иш берувчи давлат ташкилоти Халқ таълими вазирлиги ҳисобланади. Халқ таълими тизимида фақатгина ўқитувчиларнинг ўзи 450 мингдан ошади.
  • Ҳозирги кунда ўқитувчилар базавий тариф ставкалар асосида 1 509 255 сўмдан 2 225 865 сўмгача (тахминан 200-250 доллар) ойлик маош олади.
  • Дафтар текшириш ва синф раҳбарлиги каби қўшимча юкламаларга ҳам қўшимча маблағ берилади. Бу қўшимча маблағлар базавий тариф ставкасининг 50 фоизигача етиши мумкин.

Вазир ҳудудлардаги мактабларнинг аҳволи ҳамон ачинарли эканини ҳам айтган.

“Ўзбекистондаги мактабларнинг тўртдан бирида сув йўқ, – деди Шерзод Шерматов. – Мингдан зиёд мактаб ҳамон “буржуйка” печи билан иситилади. Чегара ҳудудларда жойлашган мактабларда хавфсизлик ноль даражада.

Биз ҳали робототехника ёки космосга учиш ҳақида гапирмай қўя қолайлик, аввал мактаблардаги тоза сув ва иситиш муаммосини ҳал этиб олайлик”.