Ҳозир АҚШ қидираётган жиноятчилар орасида энг қиммат баҳоланган террорчилар икки террор гуруҳи – "Ал-Қоида" ва Ислом давлати гуруҳи (ИШИД) раҳнамоларидир. Айман аз-Завоҳирий ва Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ҳар бири учун 25 миллион АҚШ доллари мукофот белгиланган.

Улардан кейинги ўринларни 10 миллионга баҳоланганлар – Абдуллоҳ Аҳмад Абдуллоҳ ("Ал-Қоида"), Сайфул Адл ("Ал-Қоида"), Сирожиддин Ҳаққоний ("Ҳаққоний тармоғи" етакчиси), Муҳаммад Жалоний ("Ал-Қоида"нинг Суриядаги бўлими – "Ан-Нусра" етакчиси), Қосим ар-Римий ("Ал-Қоида"), Ҳофиз Муҳаммад Саид ("Жамаат уд-Даъва" асосчиси), Ёсин ас-Сурий ("Ал-Қоида"нинг Эрондаги етакчиси) эгаллаган.

  • Ўрта Осиёдан чиққан ва террор гуруҳларига қўшилганлар орасида тожикистонлик Гулмурод Ҳалимовни тутиб берганлар учун эса 3 миллион аталган.
  • Асосан исломий террорчи ташкилотларнинг аъзолари қидирилаётган бўлса-да, ҳаммаси ҳам исломий террорчи гуруҳлар аъзолари эмас, албатта. Курдистон ишчилар партияси раҳнамоларидан бири, партия ижроия қўмитаси аъзоси Жамил Байик учун 4 миллион ваъда қилинган.
  • Қидирилаётганлар фақат эркаклар эмас. Халқ озодлиги инқилобий жабҳаси партияси (Туркия) етакчиси Заррин Сари ва Сеҳер Демир Сен ҳам 3 миллионга баҳоланган.

“Адолат учун мукофот” дастури доирасида шу пайтгача 150 миллион доллар миқдоридаги мукофотлар берилган. Айни шу дастур асосида олинган маълумотларга таяниб йўқ қилинганлар орасида Саддам Ҳусайннинг икки ўғли Удай ва Қусай ва қўлга олинганлар орасида 1993 йили Жаҳон савдо ташкилоти биносини портлатишга уринган Рамзи Аҳмад Юсуф ҳам бор.

АҚШ давлат департаментининг “Адолат учун мукофот” дастури 1984 йили йўлга қўйилган террорга қарши мукофотлаш дастури бўлиб, унга мувофиқ халқаро террорчилар ёки амалга оширилиши мумкин бўлган террор амаллари ҳақида маълумот берганлар мукофотланади, уларнинг шахси сир сақланади ва керак бўлганда хавфсиз жойларга кўчирилади.