Ашхобод полицияси машина ҳайдаб кетаётган аёлларни тўхтатиб, ҳеч қандай сабабсиз уларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйиш учун турли баҳоналар ўйлаб топмоқда. Бундай кулгили қарорга ҳозирча расман изоҳ берилгани йўқ, берилмаса ҳам керак.

"Бугун эрталабдан ҳамма жойни полиция босган. Ҳамма машиналарни тўхтатишаяпти, айниқса, аёллар ҳайдаётганларини", – дейди гувоҳлардан бири. Уларнинг айтишича, янги буйруққа кўра президент юрадиган кўчаларда аёлларнинг машина ҳайдаши мумкин эмас. Жабрланувчиларнинг фикрича, полициянинг ушбу ҳаракати аёлларни машина бошқаришдан бош тортишга мажбурлашдек кўринган.

Ушбу янги қоида нафақат оддий фуқароларга, балки органда ишлайдиган аёлларга ҳам татбиқ қилинмоқда. Бунгача машиналар учун бир-биридан қизиқ тақиқлар жорий этилганди: масалан, ногирон шахслар ҳам ҳайдовчилик гувоҳномасидан айрилишган.

Энг кулгили тақиқлар сирасига қора рангли автомобилда юриш ва эскирган машиналарни ҳайдаш ман қилингани ҳам киради.

Аёлларнинг машина ҳайдашига қарши ҳаракат 2017 йил декабрь ойида бошланган. 2018 йил январида эса аёлларнинг гувоҳномалари олиниб, машинаси жарима майдончасига олиб борилган. Норасмий хабарларга кўра аёллар автомобиль бошқарган йўлларда автоҳалокатлар кўп бўлаётгани учун шундай чора кўрилмоқда. Табиийки, ушбу ҳолатга расмий изоҳ йўқ.

Қора рангли машина нега тақиқланганини англаш қийинмас, чунки президентга ёрқин ва яшил рангли автомобиллар ёқади.