Туркия хавфсизлик хизмати ходимлари Муғла вилоятининг жануби-ғарбида кийик терисига битилган минг йиллик Қуръон қўлёзмасини мусодара қилишди.

Қўлёзма Ятағон туманидаги контрабандачиларга қарши олиб борилган операция вақтида қўлга киритилган. Туркия матбуоти Қуръон қўлёзмаси мусодара қилинган контрабандачининг исмини ошкор қилмаган.

Рейд натижасида қўлёзмани сотишни режалаштирган икки киши қўлга олинган. Уларда рўйхатдан ўтказилмаган қурол-аслаҳалар ҳам бўлган. Қуръон қўлёзмасининг тарихи ҳақида тафсилотлар берилмаган.

Туркия кейинги пайтда нафақат контрабандачиларга қарши курашмоқда, балки мамлакатдан сўнгги 200 йил ичида Европа ва Шимолий Америкадаги музейларга олиб кетилган қадимий моддий ва маданий ёдгорликларни қайтаришга ҳам уринмоқда.

Туркияда археологик ва этнографик маданий бойликларни қайтариш бўйича парламент комиссияси мавжуд.

Артефактларнинг кўплиги туфайли 19-асрнинг бошларидан Франция, Англия ва Германия археологлари Туркияга кела бошлашган. Натижада 200 мингдан ортиқ тарихий буюм чет элга олиб кетилган. Ҳозир улар АҚШ, Буюк Британия, Португалия, Дания, Франция, Германия ва Грециядаги музейларда сақланмоқда.

Бундан бир неча ой аввал Туркиянинг Килис шаҳридаги тинтув вақтида Алишер Навоийнинг 100 минг долларга баҳоланган қўлёзмаси топилганди.