9 апрель куни АҚШ Сенатининг қўмитаси Туркия Россиядан С-400 ракетага қарши ҳимоя тизимини сотиб олса, оғир санкцияга тушиши билан огоҳлантирганди. Туркия С-400нинг биринчи партиясини сотиб олди ва санкциялар қўлланса, янада кўпроқ сотиб олишини билдирди.

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг айтишича, ракетага қарши комплекс июлда келтирилади:

“Бизнинг жавобимиз шу – келишув аллақачон тузилган, масала ҳал бўлган. С-400нинг келтирилиши июлга мўлжалланган”.

АҚШ республикачи сенаторлари Жим Риш ва Жим Инҳофе “йил охирига бориб Туркия ё F-35 қирувчи учоқларини олади, ё С-400ни. Иккаласини бир пайтда ололмайди” деган. Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли таҳдид амалга ошса, Туркия F-35га ҳам, АҚШнинг Patriot ракетага қарши тизимига ҳам муқобилларини сотиб олишини айтган.

С-400 "Триумф" – ўрта ва узоқ масофали зенит ракета тизими (ЗРК) бўлиб, у асосан аэродинамик ва баллистик нишонларни уриб туширишга мўлжалланган. Нишонни 600 километргача бўлган масофада аниқлайди, 400 километргача ҳудудни ҳимоя қила олади.

Бу нима учун муҳим?

Туркия кейинги ойларда Ғарб билан муносабатлари совуқлашгани, санкциялар босимида оғир аҳволда қолгани, лира қадрининг тушиши ва иқтисодий қийинчиликлар шароитида НАТОдаги иттифоқчиларига муқобил ҳамкорларни қидириб қолган.

Сурия ва Ироқда мухтор курд республикаларининг тузилишига АҚШнинг хайрихоҳлиги Туркияни хафа қилган. Россия билан яқинлашиш, ҳарбий алоқалар ўрнатишга уриниши орқали ўзининг НАТО олдидаги “нарх”ини оширишга ҳаракат қилмоқда.

НАТО ўз аъзоларининг аъзо бўлмаган давлатлар билан ҳамкорлигини қаттиқ назорат қилади. Туркиянинг С-400ни сотиб олиши ташкилот ва Туркия ўртасида ўйин қоидаси бузилганини англатади.

НАТО нима учун рус С-400 комлексига тиш-тирноғи билан қарши?

НАТО қуролли кучлари ва техникаси ягона ҳарбий экотизимни ҳосил қилган. Ҳужумкор ва мудофаа қуроллари бир-бирига мосланган. Бу худди "Apple"нинг барча қурилмалари бир-бирига яхши боғланиши, ягона муҳитни пайдо қилишига ўхшайди. Ташқаридан янги қуролларнинг қўшилиши номувофиқликларни пайдо қилиши мумкин.

С-400 Россиянинг ракета ва ҳаво ҳужумига қарши ер-ҳаво русумидаги энг қудратли тизимларидан бири ҳисобланади. НАТО қаттиқ ишонадиган ракеталар ва юксак ривожланган ҳужумкор учоқлар қаршисидаги жиддий тўсиқ ҳамдир. Ҳарбий аналитикларнинг фикрича, С-400 “Искандар” оператив-тактик ракета комплекси ва “Бастион” ҳарбий кемаларга қарши ҳимоя мажмуаси билан биргаликда кучли ҳимояланган ҳудудни ҳосил қилади.

С-400 400 км масофадаги аэродинамик объектни, 60 км масофадан эса сониясига 4,8 км тезликда ҳаракатланаётган қанотли ракета, тактик ва стратегик авиацияни йўқ қилиши мумкин. Ушбу тизимнинг НАТОни чўчитадиган яна бир жиҳати унинг бир пайтда ўнлаб объектларни нишонга ола олишидир.

Бу тизим ўрнатилган ҳудудда F-35 учоқларининг парвозида муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Яъни бир ҳудудда С-400 ва F-35 бир пайтда бўлолмайди. Шунинг учун Вашингтон Туркияни С-400ни эмас, Patriot мудофаа тизимини сотиб олишга ундаб келади.

Шу боис Туркия ушбу тизимни сотиб олса, АҚШ уни Lockheed Martin F-35 учоғи дастуридан четлатиши мумкин.