Minbar тилшунос олим, турколог Бахтиёр Исабек билан тил ислоҳоти, ўзбек тилининг камчиликлари ва тилнинг нуфузини кўтариш учун қилиниши керак бўлган ишлар, рус тилининг ўзбек жамиятидаги таъсири, туркий тилларнинг хусусиятлари ҳақида суҳбатлашди.

Minbar: Рус тилига расмий тил мақоми бериш таклифи билан чиққан зиёлилар ўзлари билмаган ҳолда ҳамон оқсаб келаётган тил ислоҳоти учун жамиятга туртки беришди. Зиёлилар рус тилини ўрганиш керак, лекин расмий мақом керак эмас мазмунидаги муносабат билан чиқишди. Сиз қандай фикрдасиз?

Бахтиёр Исабек: Рус тили қанчалик чиройли, бой, кенг тарқалган тил бўлса бўлсин, лекин бу тил эгалари тилини бизга дўстона, қардошларча тақдим қилмаган. Яъни ўрис тили бизга инглиз тили каби халқаро алоқа тили, илм-фан тили сифатида кириб келмаган. У зўрлик билан қабул қилдирилган. Россия империясининг ишини советлар сўзда бошқа, амалда бошқа йўл тутиб авж олдирган. Агар “Туркистанские ведомости”нинг 1869–1900-йиллардаги сонларига назар ташласангиз, ўша ҳукуматнинг ўрислаштириш сиёсатини тил ва алифбе ўзгартиришдан бошлаш ҳақидаги фикрларини кўрасиз.

Лекин Сталин бошчилигидаги совет ҳукумати буни амалга оширишда ошкора йўл тутди. Ленин ўрис тилини жаннат, жаннатга эса калтаклаб киритилмайди дейиш билан гўё тил сиёсати демократиясини жорий қилгандай бўлди-ю, аммо ўрислар қўл остидаги бошқа халқлар тилини “дўзах” деб қўйгандай ҳам бўлди. Бу “жаннат тил” Ўрта Осиё ва Қозоғистонда норасмий давлат тили бўлиб, шундай илдиз отдики, бу ерларда маҳаллий халқлардан росмана “совет халқи” шакллана бошлади. Булар Ўзбекистонда асли ота-онаси, боболари ва паспортида “ўзбек” бўлгани билан тили, руҳи, урфи ўрисча бўлди. Ана шундайлар то ўтган асрнинг охиригича Ўзбекистон деб аталган юртнинг ҳукмрон табақаси бўлди.

Ўрислашиш катта имкониятлар бергани уларнинг сафи кенгайиб боришига олиб келди. Ўз навбатида ўзбек тилидан бошқа тилни, яъни ўрис тилини билмайдиганларга “маданиятсиз” деб қараш ҳам шаклланиб улгурди.

1988 – 1990-йилларда ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш учун бўлган ҳаракатларнинг энг ашаддий душманлари асли ўрис тиллилар ёки Москва эмас, ўзимиздан чиққан ўша совет халқи, яъни маданият жиҳатидан ўрислашганлар бўлганди.

Ана шулар – ўзбек тилини менсимайдиган, ўрис тилини билишни имтиёз деб билгувчилар – вазиятга қараб сал юмшадилар ва икки давлат тили ғоясини илгари сурдилар. Ўзбек тилининг якка ўзи давлат тили бўлишини миллатчилик деб баҳоладилар.

Швейцарияни мисол келтирувчилар Исроилда иврит тили тирилтирилганини кўриб кўрмасликка олишди. Гапни узоқдан бошлаганимнинг сабаби Ўзбекистонда ўрис тили ҳам расмий тил бўлишини таклиф қилаётганлар осмондан пақ этиб тушмаганини эслатиш учун эди.

Minbar: Тил миллатнинг миллат эканини кўрсатувчи белги. Таклиф эълон қилинганда “рус тилига расмий мақом бериш таклифи” остида сиёсат борлигига ҳам ишора қилишди. Бу масалага сиёсий тус бериш қанчалик тўғри?

Бахтиёр Исабек: Бу таклифнинг амалга ошиши ўзбек тили учун энг катта зарба бўларди. Чунки асрлар давомида турли тиллар қисувида яшаб келаётган бечора тилимиз ҳали ҳам Ўзбекистонда амалда давлат тили бўлиб улгурмади. Конституцияда белгиланган мақомини амалга ошириш учун ҳукумат чора кўрмаяпти. Ёнимиздаги қўшни-қардошларимиз конституциясига президентликка номзод давлат тилини билиш даражасини аниқлаш учун имтиҳондан ўтиши лозимлиги қоидасининг киритилиши давлат тили мавқеини кўтаришга хизмат қилишини кўрсатиб турибди.

Кўп миллатли Россиянинг Татаристонига мардикорликка борганлар ҳам Россиянинг давлат тилидан имтиҳон топшириши русларнинг ўз мамлакатида давлат тилига бўлган эътиборини кўрсатади. Россиянинг ҳозирги ҳукмдорлари рус тилини қисиб қўйдинг деб Украинага тажовуз қилиши ўз тилига эътиборгина эмас, тилни империя ҳудудини кенгайтириш қуролига ҳам айлантириб олганини кўрсатади.

Бизга алам қилади: ҳанузгача биз сиёсий мустақил бўлдик деймизу, лекин олдин қайси халқнинг, қайси давлатнинг қули бўлганимизни очиқ айта олмаймиз. Нега? Тилимизни давлат тили қилдик деймизу ундан олдин қайси тил давлат тили бўлганини ҳам айтишга чўчиймиз. Нега?

Агар булар очиқ айтилиб келинганида, ҳозир ўрис тили расмий тил бўлсин деб таклиф қилганлар бунга эришса, кейин сиёсий жиҳатдан бизни қайси давлат бошқарса, дунёга чиқа олишимизни таклиф қила олишларига йўл очилишига ақлимиз етган бўларди.

Россия империяси, СССР бошқа-бошқа империялар эмас, фақат бир босқинчи империянинг турли номлари эканини, ҳар иккаласи – бири босиб келганида, иккинчиси қайта босиб олганида “босмачилар” тилига тажовуз қилганини ва уни ўзининг жиддий душмани ҳисоблаганини унутмаслик керак.

Minbar: Ўзбек тилининг ҳам ҳолати мақтагулик эмас. Унинг нуфузи кўтарилиши учун қандай таклифлар берасиз?

Бахтиёр Исабек: Бунинг учун ҳукуматимиз асосий қонунимизга таяниб, давлат тилини амалга ошириш учун лозим бўлган барча тадбирларни қўллаши, Ўзбекистонда ягона давлат тили бўлиб, у миллатимизни, давлатимизни мустаҳкамлаш учун хизмат қилишини таъминламоқ учун чоралар кўриши, лотин ёзувига тўлиқ ўтилиши керак. Ўзбек мактабларини, ўзбек тилини ўқитиш ишларини кучайтириш лозим.

Давлат идораларида барча ишлар ўзбек тилида олиб борилиши, давлат ва ҳукумат идораларида ўзбек тилини билмайдиганлар бўлмаслиги, айниқса, Тошкент шаҳрида ўзбекча лавҳалари бўлмаган ҳеч бир ташкилот бўлмаслиги (бундайлар бўлган тақдирда улар жаримага тортилиши), ресторанларда 100 фоиз ўзбеклар қатнашаётган тўй-томошаларда ўрисчани ўзбекчага, ўзбекчани ўрисчага таржима қилиб боришни ресторан режимига айлантирмаслик керак.

Давлат арбоблари Ўзбекистон – ўзбеклар номидан халқаро анжуман, давлатлараро муносабатларда бошқа тилда гапирмаслиги, давлат арбоблари бошқа тилда гапирганида унинг нутқини ўзбеклар ҳам тушуниш учун ўз халқига таржима қилиб беришдан уялмаслиги лозим (бизнинг халқ амални яхши кўради, катта амалдорлар ўрисча билгани учун катта-катта мансабларда ишлаётганини кўриб, ўз болаларини ҳам умид билан ўрис мактабларига бермоқда, баъзилар ўйлаганидай ўрис мактабларида ўқитиш яхшироқ бўлгани учун эмас).

Яна бир ҳолат борки, ўзбек тилининг қўлланиш ҳудудини кенгайтириш учун ҳукумат жаҳд қилмоғи керак. Сир эмаски, Ўзбекистон мустақил бўлган кунидан бошлаб ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида азалдан яшаб келаётган ўзбеклар ва уларнинг тилни сақлаб қолиши ҳақидаги бурчидан воз кечди. Шунинг учун Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ўзбеклари учун Ўзбекистоннинг барча олий ўқув юртлари тақа-тақ ёпилди. Шунинг учун бу мамлакатлардаги ўзбек мактаблари сони қисқариб бормоқда. Ўзбекча ўқиш керак бўлмай қолди. Қўшнимиз Қозоғистон эса дунёнинг қаеридан қозоқ ўқишга келса, уни ҳурмат билан қарши олди ва Қозоғистон фуқаролари каби ҳуқуқ бериб қўйди. Натижада Ўзбекистондаги қозоқ мактаблари камаймади (қозоқларнинг кўчиб кетиши бундан мустасно), аксинча, кўпайди. Демак, қозоқ тилининг қўлланиш ҳудуди тораймади.

Дарвоқе, агар ҳукуматимиз ўзбек тилининг амалда ягона давлат тили бўлишини истаса, ҳукуматга ёрдам берадиган (“Давлат тили амалда” дегандай) бир жамоатчилик асосидаги қўмита тузиб, унга соҳа бўйича айрим ваколатни берса, иш анча тезлашган ва савоб ишлар қилинган бўларди.

Minbar: Қардош туркий халқлар бугун бир-бирининг тили тугул ёзувига ҳам тушунмайди. Қардош халқларнинг ёзув ва тил бўлинуви ўтган тузумнинг натижаси, албатта. Бугун янги алифбо ислоҳоти бу бўлинувга ечим бўла оладими?

Бахтиёр Исабек: Туркий тилларнинг ҳаммасининг грамматикаси бир хил. Фақат сингармонизм фарқ қилади. Бугун туркий халқлар орасида ягона бир тил жуда зарур. Ўрта турк тили дейишди, ягона алифбо дейишди. Бу бирдан бўладиган жараён эмас. Лекин глобаллашув жараёни кетаётган замонда барибир ягона адабий тил зарур. Мана, масалан, Европа иттифоқи ёки араб давлатлари ҳам ягона бир тилга эга. Бу ягона туркий тил бошқа бир туркий тилга дахл қилмайди, фақат икки туркий халқ бир-бирини тушуниши учун хизмат қилади. Мен кафилман, бу тилни дунё ўргана бошлайди. Чунки секин-аста барча туркий давлатлар ўша тилни давлат тилига айлантириб боради, маҳаллий тиллар қолаверади. Шунда дунёнинг етакчи тиллари билан рақобат қила оладиган туркий тил пайдо бўлади. Мен буни ҳозир демаяпман, бу жараён учун албатта юз йиллар керак бўлади.

Minbar: Ягона тил қандай шакллантирилади?

Бахтиёр Исабек: Туркий тиллар орасидан битта тил танлаб олинади. Ушбу талабга жавоб бера оладиган ягона тил – турк тили. Сабаб Туркиянинг қудратли мамлакат экани ё кўпроқ одам гаплашганида ҳам эмас. Турклар бошқа туркий халқлар тилига қараганда тилнинг туркийлигини сақлаб қолган. Айниқса, Мустафо Камол Отатуркнинг ислоҳоти туфайли эски туркий тилдаги сўзлар тикланди. Шунингдек, турк тилида қадимги туркий тилнинг сўз ясалиш шакллари сақлаб қолинган. Ўзбек тилимиз ҳам яхши, лекин бу тил туркийлик илдизларидан узилиб қолган. Масалан, “наврўз” сўзи форсий сўз эмас, агар форсий бўлганда “рўзи нав” бўларди. Бу сўзда туркий тузилиш бор. Ўзбек тили кўп ҳолатларда ютқазиб қўйди. “-ча” қўшимчаси туриб “-она” деган қўшимчани қўллаш ҳам тилга бир хуруждир, ахир “ўзбекона” эмас, “ўзбекча” бўлади.

Minbar: Ўзбек тилида илмий услуб бутунлай рус тилига қарам. Бу ҳам ўзбек тилининг нуфузига таъсир этмайдими?

Бахтиёр Исабек: Тилнинг табиатига қарши бўлган сўзларни ишлатиш мутлақо нотўғри. Бу ҳолат ўша сўзларнинг ҳам ихчам, ҳам маъно жиҳатдан кенг бўлган маънодошларининг занглашига сабаб бўлади. Бизда жуда кўп сўзлар занглаб қолган. Сўз ясалиши ҳам занглаган, биз сўзларни рус тили қоидалари бўйича ясашга ўрганиб қолдик. Занглаган сўзларни мойлаб туриб ишлатиш керак-да, бўлмаса тилимизни қашшоқлаштириб қўямиз. Илмий тилда 90 фоиз сўзлар рус тилига оид. Илмий тил шаклланмас экан, ўзбек тили олдидаги хавф ошиб бораверади. Илмий тилни русча сўзлардан тозалаш керак, русча илмий услуб тилимизга сингиб кетган. Ўзбек тилининг булғангани бу тилда гапирувчиларнинг ўз тилига бефарқлигидан келиб чиққан. Биз ҳали ўз тилимизнинг қудратини ҳис қила олганимиз йўқ. Тил бизга ота-боболардан қолган омонат бир мерос. Бу меросни тўлиқ сарфлаб бўлмайди, уни омонат сақлаб, авлодларга шундайлигича етказиш керак, бу омонатга хиёнат қилиб бўлмайди. Боласини ўзбек мактаби турганда рус мактабига бериши ота-бобосининг тилига хиёнат эмасми? Инсонни инсон қилган белги тил-ку, миллатнинг ҳам белгиси тил.

Minbar: Рус тили совет замонида халқ онгига тўла сингдирилди. Албатта, рус тили орқали дунёни ҳам танидик. Аммо бугун рус тилидан кўра инглиз тилининг имкониятлари кенгроқ. Рус тилининг таъсиридан қандай чиқиб кетишимиз мумкин?

Бахтиёр Исабек: Совет замонида ким русча билмаса амалга қўйилмади, ҳатто қишлоқдаги бригадир ҳам русчани билиши керак эди. Бу рус мактабида ўқиган бола ўзбек мактабида ўқиган боладан интеллект жиҳатидан баланд дегани эмас. Совет замонида қишлоқдан пойтахтга русчани билмайдиган ўзбек келса шаҳарда қийналарди. Лекин Владивосток ёки Калининграддан келган одам қийналмас эди. Рус мактабида ўқитишга қизиқишга шу каби ҳолатлар катта замин ҳозирлаган.

Рус тили дунёнинг ҳамма ерида ҳам ўтмайди, мана, Украинада энди ўтмайди, Грузия, Болтиқбўйида ҳам шу ҳолат. Ўзи қисилиб ётибди, булар дунёни рус тили билан таниймиз дейди. Ҳеч ким қаршилик қилмайди, рус тилини ўргансин, бемалол, лекин бутун бир миллатга бу тилни тиқиштириш энди нотўғри. Яна қайтараман: рус тили қилич билан, қонимизни тўкиб кириб келди, инглиз тили илм-фан, технология билан кириб келди.

Лотин алифбосига тезроқ ўтишимиз керак, чунки лотиндан бизни босиб олган ҳарфларнинг ҳиди келмайди. Бугунги аҳволимизга ҳам мустамлакачиликнинг таъсири бор, албатта. Масалан, Афғонистон рус босқинини кўрмади, шунинг учун афғонистонлик ўзбеклар ҳам тилини, ҳам руҳини асраб қолди. Бизнинг халқ эса қатағонлар, таҳдидлардан кейин қўрқувни ўзига юқтириб олди.

Тил масаласи кўтарилгандан кейин жамиятдан жуда бир кутилмаган акс-садо қайтди, мен бундан жуда хурсанд бўлдим, ҳозир ҳам хурсандлигимдан йиғлаб юбораман. Рауф Парфи “Бизнинг тил ўзи классик тил” деб айтар эди. Классик тилнинг қадрига етмасак, уни хор қилсак миллат сифатида ривожланиб бўладими? Ўз тилингни севишинг учун унинг тарихини бир тарихчи олим каби билиш шарт эмас. Тилининг тарихини мукаммал биладиган одамлар бўлмайди. Тафаккурга йўл фақат тил орқали боради. Тил – номоддий тафаккур.

Minbar: Ўзбек тилининг бугунги муаммолари, камчиликлари ва уларнинг ечимлари масаласи ҳамон долзарб.

Бахтиёр Исабек: Ҳа, афсуски, жамиятдаги бузилишлар тилда ҳам ўз аксини топган. Санасак, камчилик жуда кўп. Имло қоидалари ишланиши керак, саводсизликнинг олдини олишимиз учун янги алифбо ҳам албатта ислоҳ қилиниши лозим. Алифбомиздаги энг катта камчиликлардан бири “нг” товуши. Бунга битта белги топиш керак. Тошкент шевасида “келинг” билан “келин” битта бўлиб кетмоқчи. “Ў” ҳарфини “о” деб олиш ҳам ғализ. Бошқалар бу тилни ўрганмоқчи бўлса, “ў” ҳарфини “о” деб ўқийди. Биз ҳануз имло билан талаффузда рус тили қоидаларига амал қиламиз. Грамматикамиз ҳам, талаффузимиз ҳам рус тилига бўйсунади. Мана шу жиҳат ҳам тилдан бездиради. Қозоқлардан тил борасида ҳам орқадамиз. Улар четдан сўз олса қозоқчага мослаб олади. Рус тилидан кирган сўзларни танага кирган ўққа ўхшатиб қўйишган. “Ц” ҳарфини бутунлай чиқариб ташлаш керак эди, бу товуш бизнинг тилимизда йўқ. Лекин зарур бўлган ўринда унинг бошқа бир муқобилини топишимиз керак. Қанча қийин бўлса ҳам унлиларни иккитадан қилишимиз лозим, шунда алифбода 6 та эмас, 9 та унли бўлади.